​​Соябонсиз Қиз (ҳикоя)

Куз. Дарахтдан узилган сон-саноқсиз ўлимтик япроқлар йўл бўйлаб сочилиб ётади. Атроф гавжум. Одамларнинг қўлида соябон. Ёмғир дарахтлардан бирин-кетин узилиб тушаётган япроқларга жаноза ўқиётгандек шивирлайди. Сочлари тим қора, пушти ранг лаблари маюсликка маҳкум, оҳу мисол кўзлари мунгли қиз эса, ёмғирда жиққа хўл бўлган куйи ўз хаёллари асирига айланиб, секин юриб борарди. Одамлар сочлари ивиб кетган бу қизни кўриб «тентек қиз» деб кулишади-ю, аммо ҳеч бири ўз соябони билан қизни пана қилмайди. Қиз эса ўз ўйлари билан, тақдирга қасд қилаётгандек ёмғир остида шаҳар кезади. Қиз йўл бўйлаб сочилиб кетган ёмғир томчиларини эзиб, топтаб ўтаётган одамлар оқимини кузатар экан, улар орасида бирдан ўша йигитни кўрди-ю, юраги бир зум тўхтаб қолгандек бўлди. Ахир қиз тўрт йил шу йигитни учратиш орзусида тентираб шаҳар кезарди. Йигит эса уни кўрмади чоғи ёки кўриб кўрмасликга олдими, шунчаки ўтиб кетди. "Ҳаёт баъзан энг катта орзуингни қўлинг етар даража сенга яқин олиб келади. Аммо қўл узата олмайсан. Чунки бунга ҳаққинг йўқ!
- У сени ҳатто танимади ҳам! Қизнинг ақли тилга кирди. - Уни шунча изладинг, у сендан нафратланади. Ахир уни қийин ҳолида ташлаб кетгансан!...
- Йўқ, йўқ у чиндан севган. Ҳозир ҳам севади. Шунчаки у кўрмади ҳолос. Агар кўрганида тўхтарди, бағрига босарди, деди қизнинг юраги. Қизнинг кўзлари ёшланди. Ёмғир аро унинг кўзёшлари сезилмас эди. Сезилса нима? Бунинг қасмат учун зарра аҳамияти йўқ!
Ўша вақтларда қиз ота-онаси иродаси билан бир бой йигитга турмушга чиқишга мажбур бўлгану, севган йигитига сўнгги учрашувда жаҳл қилиб, «Сизни севгингиздан бошқа нимангиз бор?!» деганди. Ахир бахтли бўлиш учун йигитда энг керакли нарса - муҳаббат бор эди-ку!
Йигит эса ўша воқеадан кейин қизнинг ҳаётидан бутунлай кетди. Қиз ўша бой йигитга турмушга чиқди. Лекин, турмуши узоққа бормади. Қиз ўшадан буён ёлғиз. Ягона севгиси, ўзи бир вақтлар сизни севгингиздан бўлак нимагиз бор деб айтган йигитнинг муҳаббатига шунчалик зорки, уни учратиш орзусида тантираб шаҳар кезади. Уни бугун кўрди ҳам... Балки бутун коинот уларни учраштириш учун бор кучини сарф этиб, бир лахзага бунга эришгану, шу онда ўтмиш хатолари ўртага тушиб иккисини яна узоқлаштириб юборган. Қиз бир аҳволда уйга қайтди. Дераза раҳига суянганча дод солиб узоқ йиғлади. Ташқарида ёмғир!... Қизнинг кўзи ташқарида ёмғирда ивиб кетган йигитга тушди. Бу ўша, қиз тўрт йил учратиш орзусида шаҳар кезган йигит эди. Йигит кўзларида соғинч, изтироб! Қиз ҳеч нарсага қарамай кўча томон югурди. У ҳозироқ муҳкам қучиб олмаса яна бир умрга йўқотиб қўйиши мумкиндек шошилганча йигитнинг бағрига ўзини отди. Қизнинг қайноқ сийналари йигитнинг кўксига қадалди. Икки ярим юрак бирлашди!...
Баҳор. Баргидан айрилган дарахт шохларига яна багрлар қайтди. Ёмғир эса майда-майдалаб ёғар, ёмғир остида эса соябонсиз қиз оҳиста юриб борарди. Аммо, энди унинг оҳу мисол кўзлари мунгли эмас, аксинча қувончдан порлаб турар, юпқа қирмизи лаблари таббасумга мойил. Қиз ортидан шошиб келган йигит қўлидаги соябони билан қизни ёмғирдан паналар экан: - Фариштам шу ёмғир остида соябонсиз юриш одатингни ҳеч ташламадингда! Бундай қилиш ярамайди. Ахир шамоллаб қоласанку, деди. Севишганлар биттагина соябон остида жуфтлашганча аста-секин юриб борарди. Бир соябон остида икки жисм ва икки жисм ора бир юрак!... Ёмғир эса улар учун бахт қўшиғини куйламоқчидек шивирлаб ёғарди.
© Оқил Тўрақул

Комментарии