Биласизми?

Каъбаи муаззамага ўрнатилган Ҳажарул асвад (қора тош) аслида қора бўлмаган. У Жаннатдан туширилган, сутдан ҳам оқ бўлган. Бу ҳақида ҳадис бор. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳажарул Асвад жаннатдан сутдан ҳам оқ бўлган ҳолида нозил бўлган. Уни бани одамнинг гуноҳлари қорайтирган», дедилар».
Қай бир гуноҳкор чин ихлос ила тавба қилиб Ҳажарул Асвадни ўпса ёки истилом қилса унинг гуноҳлари ўша тошга ўтавергани сабабли оппоқ тош қоп-қорага айланиб кетган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажар ҳақида: «Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ уни қиёмат куни икки кўрар кўзи бор, нутқ қилар тили бор ҳолда чиқаради. У ўзини ким ҳақ ила истилом қилган бўлса, ўшанга гувоҳлик беради», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло қиёмат куни Ҳажарул асвадга ўзига хос мақом беради ва у ўзини ихлос билан истилом қилган мўминларнинг фойдасига гувоҳлик беради. Шунинг учун ҳам Ҳаж, Умра қилувчилар ва зиёратчилар Ҳажарул асвадни ўпиб, силашга ошиқадилар.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг Байтини Ҳаж, Умра қилиб, Ҳажарул асвадни ихлос билан истилом қилишимизни (ўпиб, силашимизни) насиб этсин!

Комментарии