АЙТИШГА УЯЛАМАН

Бомдодни ўқиганимиздан кейин имомимиз:
-- Собир ака битта оилани яраштиришга борайлик -- деди.
-- Хўп -- дедим.
Йўлда гаплашиб кетдик.
Мулло Умар:
-- Ака шу бугун куёвни уйига обориб қўйсак учинчи марта яраштирган бўламиз. Биз яраштирамиз, икки ҳафтадан кейин хотини келади, яраштиринглар, кетиб қолди дейди...
-- Э тўхтанг домложон, адаштирвордиз, келин кетиб қолаётган бўлса керак, куёв яраштиринглар дегандир?
-- Э адашмадим, келаверинг ўзиз кўрасиз.
-- Нега кетаркан куёв тўра?
-- Юз марта сўрадим, сабабини, айтишга уяламан дейди, бошқа гап йўқ...
Минг машаққат билан куёвтўрани уйидан чиқариб мошинга миндирдик. Келинни уйига (аслида икковлари яшайдиган ҳовлига) олиб келдик.
Ўтирибмиз, ҳамма жим. Сукунатни мулло Умар бузди.
-- Қаҳрамон ака нега кетиб қолдиз яна акажон?
-- Яшамайман...
-- Нега яшамайсиз, сабаб борми?
-- ...
-- Ўтган сафарам шунақа жиммгина ҳеч нарса демай ўтиравердиз, базўр яраштирдик. Сабаб айтинг ака, ёмон кўрасизми хотинизни?
-- Йўқ.
-- Нима йўқ, яхши кўрасизми, ёмон кўрасизми?
-- Яхши кўраман.
Шу жойига келганда келин салгина қаддини ростлаб қўйди. (Юзига қараганим йўқ.)
-- Хай нимага онангизникига кетиб қолаверасиз бўлмаса, иккита гулдай фарзандингиз бор акажон?
-- Яшамайман...
Яна жимлик.
Келин сиз айтинг нега бу кетаверади, сиз яраштиринглар деб келаверасиз, жанжални сабаби борми?
-- Бор -- деди келинча, кейин бурро тил билан гапира кетди -- соат учда тураман, қоронғида қўйлар ўт тугул, дамидан чиқса илонниям еворади, қўрадан олиб чиқаман, закач бўйлааб олтигача ўтлатаман. Қорнини қаппайтириб қамайман. Хамир памиримни қориб бўлгунимча чой вақти бўлади. Чой тахлаб, болаларни ювинтириб, тарантириб чойини ичириб, каттасига кичигини етаклатииб унисини мактабга, бунисини боғчага юбораман. Кейин бу кишим уйғоналла, бу кишиниям чойларини ичириб ишга жўнатаман. Унгача хамирим ошади, нонни ёпиб ёбон (далага демоқчи, фермерни қўлида ишлайди) кетаман.
-- Кейинчи, бу гапларни эшитганмиз -- деди мулло Умар -- у ёғини айтинг.
-- Ҳар куни нон ёпасизми? -- менам гапга аралашдим.
-- Э ким ҳар куни нон ёпади -- келинчани лаби лабига тегмайди -- ҳавлида иш йўқми, бир кун сабзини ўтайман, бошқа кун картишкани тагига тупроқ бераман, бедани ўраман...
-- Э ман саккиз марта келдим шу уйга. муаммони нимада эканлигини билмадим, сиз эриз нега уйдан кетишини сабабини айтинг.
-- Энди учинчи марта келишизку домло, ваҳима қиманг -- келинча жиғибийрон, -- намозшом ҳаммамиз уйда йиғиламиз бу киши қўйлага ўт, ем бералла кейин шу тилвизорни тагига янбошлаб олалла. Ман сигирни соғиб, авқотни сузаман, еймиз, идиш товоқни юваман, ётамиз.
-- Хўш?
-- Нима хўш?
Энди мулло Умарни саси гурлаб чиқа бошлади:
-- О жанжол нимадан чиқади, эриз нимага силани ташлаб ота онасиникига кетадии, сабаб борми?
-- Рўзғор бор жойда жанжол чиқадида. Бу кишим туралла, кеталла. Қайт деган билан қайтибам кемайдила. Боллар икки кунда соғинади дада-дадалаб қолади, яраштиринглар дейманда кейин.
-- Эй манга қаранг -- Мулло умар куёвга юзланди -- ўтган сафар айтган эдим, жанжал бўлса кетманг, одатда келин кетади онасиникига болларини олиб, сиз нега кетаверасиз? Ё ҳовли жой келинникими?
-- Йўқ, маники.
-- Хай сизники бўлса нега ташлаб кетасиз?
-- Яшамайман. Ҳавлиям шунга, жоям шунга...
Қарсам бу айтишмани охири йўқ. Секингина куёвни четга тортиб, бошқа хонага олиб чиқдим.
-- Исмиз Қаҳрамонмиди
-- Ҳа...
-- Хай ука яшамаслигизни сабабини айтинг.
-- Йўқ.
-- Нега айтмайсиз?
-- ...
-- Эй, жим ўтирманг.
-- Ака, сиз тушунмайсиз, -- ниҳоят куёв битта жумла сўзлади, -- ман шуни сабабини айтишга уяламан ака, айтиб бўлмайди...
-- Тушунаман ука, айтинг. Мен журналист одамман, бир гала китобу, газетаю журнал ўқиганман, ҳаётда ҳамма нарса бўлади, биламан, айтаверинг.
-- ...
Яна жимлик. Ўзимча ўсмоқчилаб тахминимни айтвордим:
-- Хотиниз ҳар куни учда туриб кетаркан, ярим кечаси, бир қинғир ишини кўрдизми, шуни айтишга уяляпсизми?
Куёвтўра ярқ этиб, қаҳр билан менга қаради, нигоҳининг тиғидан сесканиб орқароққа тисарилдим.
-- Ака оғғзизга қараб гапиринг. Нима деяпсиз ўзиздан ўзиз!!!
-- Э ўв манга қара Қаҳрамонмисан нимасан, -- энди маникиям тутиб қолди-куу -- одамни нимага овора қиласан, эр-хотин иккаланг. Катта мачитни имомини қиладиган иши йўқми санладан бошқа...
Яна сукут. Илло ярим соатлик шу тахлит сурондан кейин куёвтўра айтишдан бошқа илож йўқлигини билдими, аста эпга кела бошлади. Менам бир гапни тагига етмай қўйворадиган хилидан эмасман-да.
-- Айтасанми йўқми?
-- ... Хай айтаман, лекин ҳеч ким билмасин ака, илтимос.
-- Э айте!
-- Ака биз бир тўрт ой аввалгача тинч тотув яшаганмиз. Уруш жанжол бўларди, яна ярашиб кетардик. Ўша куни нима жин урдию хотинни бир шапалоқ қўйдим-даа...
Яна сукут. Манда сабр тугаёзди.
-- Хўўшш?
-- Нима хўш... уруш бошланди, ура ур қилдик. Мани таррааннг қилиб олиб урди ака. Бу хотин мандан зўр экан. Энди ҳар сафар жанжол қилиб қолсак мани бангиллатиб уряпти...
Тугади.
Турмуш ўртоғидан кучлироқ бўлган аёлларга насиҳатим -- эрингларни урмангла-е...
(Муҳаммад Собир)

Комментарии