📝ЯКШАНБАДА ШЕЪРИЙ САҲИФА 📜

☆☆☆
​​​​Ориповга ҳавас қилардим,
Ўртар эди мунгли ноласи.
Ўтмас пичоқ бўғзим тилишин
Қайдан билай қишлоқ боласи.
Ҳайратларим учди ҳавога,
Саробмидинг, азим келажак?
Ҳаммасига етар-у фаҳминг
Бошқа гапни айтишинг керак.
Шоирларни отгали ўқим,
Кўрмоққа кўз йўқдир гоҳи – рост!
Йиғига зўр берган қизчадай
Шеър ёзишни билурлар холос.
Ким кўрибди бу тўнғиз дунё,
Куй тинглаган, рангларда ёнган?
Ҳеч ким билмас жодугар бу дев
Қачон гўдак ёшига қонган?
Навоийнинг саботин айтманг,
Ибрат эмас тақвонг, Саъди-ё!
Булбулларнинг юрак қонига
Пайтавасин ювгандир дунё!
Бахти кулган, беқайғу дея
Ориповга ҳавас қилардим.
Тунлар баднафс итлар галаси
Талар экан, қайдин билардим?!
Йўқ, мен шоир бўлмоқчимасман!
Ожиз қалам ва ғариб тилак...
Керак эмас ўзи тўймаслар
Таъна билан ташлаган суяк.
Йўқ-йўқ, шоир чиқмагай мендан,
Гўл боламас менинг юрагим.
Бойчечакни юлмоқчимасман,
Олислардан кўрмоқ – истагим!
Аё, зоҳид, йўқ, мен кибр этмам,
Чин тавбам бор Ўзига – бешак!
Аёлининг ўйнашига ҳам
Зар тўн ёпган тўйни этгум тарк!
Мардлар, алплар – зўр афсоналар,
Уларни ҳам шоирлар ёзган!
Гар яшаган бўлса ҳам улар,
Қиличида қабрини қазган.
Мардлар, эрлар – яшамаган, йўқ,
Чумолига таланиб ўтган.
Бу очкўзлар зиёфатидан
Туз ҳам тотмай ўтсанг бўларкан.
Эй, қўлимга қараган, дунё,
Қўлим тўла шамол ва ранглар.
Сен ҳимиллаб, терлаб ўлтиргин,
Чулғамайди сени оҳанглар.
Дод! Онани суйгани учун,
Ялтоқланиб айтгани-чун роз!
Милён йилки лабин ялайди,
Худо эса... берганди овоз!
Йўқ, мен шоир бўлмоқчимасман,
Кеч бўлса ҳам этакни ёпдим.
Сизнинг эсноқ ростингизданмас,
Ёлғонлардан бир ҳикмат топдим.
Англаб қолди юрагим менинг,
Ёлғонларни ўгирдим чиндай.
Бошин силаб бир етимчанинг,
Ҳамёнини ўғирлагандай.
Дод! Билурман, чин шоирлар бор!
Ҳа, шубҳасиз бор хабардир шеър!
Улуғ шоирларимни ютиб,
Қайтимига бизни бердинг, ер!
Сенга ўхшаб қолди шоирлар,
Менга ўхшаб қолди шоирлар.
Алиф каби келмиш эдилар,
Нунга ўхшаб қолди шоирлар.
Воҳ, бўғзимда бир булбул хордир,
Овқат тиқиб йўл бермас риё!
Ориповга ҳавас қилгандим,
Сенга тақлид қилмайман, дунё!
Саккиз миллиард ниқобли шарпа,
Қайси одам, қайси қул, дайди?
Телба бўлиб қолдимми десам,
Бирови отамга ўхшайди.
Бу ниқоблар савдолашмасдан
Юрагингни чўққа отарлар.
Бир овсарга “Нобель” тутқазиб
Сўнг юртига қўшин тортарлар.
Сабр, тавба, Ҳақни изламоқ...
Тушунсангчи, Худо – ердамас!
Ростин айтмоқ фарздир, эҳтимол,
Лек хўрланмоқ суннатдан эмас.
Қон кўксимга қўлимни босиб,
Деразага боқсам – тонг ёнар!
Юрагимда ўкирган шеърнинг
Нидосидан олам уйғонар.
Яшаб ўтиш керак – биламан,
Яшаб ўтиш одамларга хос.
Ичим йиғлар, ўзим куламан,
Ориповга ҳавасдан холос!
ШОДМОНҚУЛ САЛОМ

Комментарии