ОНAМГA

Она, ўз-ўзимдан қиларман нафрат,
Билмам, кўксимдаги юракми ё санг?
Мени деб сиқилсанг, қилолмам тоқат,
Хавотир оламан, хавотир олсанг...
Мўйсафид ўйларинг ўлмади қариб,
Қара, тушларингни бўямиш оққа.
Ўзим ҳам соғинчдан юрибман ғариб,
Ишон, ҳафсалам йўқ соғинтирмоққа...
Куласан, ғамингни шодликка ўраб,
Менга билдирмайсан, симиллар жонинг.
На-да сочда қоринг қўёлдим кураб,
На-да дардинг олдим, на-да кетмонинг.
Сендан олисдаман, бўлдим мусофир,
"Ўғлим ўқисин" деб бағринг тўлмади.
Ўқиб олим бўлди боланг ва лекин
Одам бўлмади...
Ўзинг айт, падарим не ғам ютмаган?!
Иним меҳр кутса, ёшин соғаман.
Отамга, укамга елка тутмаган,
Қандай "ота ўғил", қандай оғаман?!
Баъзи амалларим – шайтонга ҳам тан,
Қилмишим ўйласам, юрак бағрим – қон.
Ҳаётингни сўриб, ҳолинг сўрмаган
Болангдан хавотир олма, Онажон!
Қуддус Асад.

Комментарии