—Дилмурод онасининг бетоблигини эшитди-ю, истар-истамас йўлга тушди.

— Укангиз укол-дорига, деб пул сўраса берманг, пулим йўқ, денг, — деди хотини ортидан бидирлаб. Дилмуроднинг аслида шундан хавотири бўлсада, негадир буни хотини томонидан эслатилиши жаҳлини чиқариб юборди.
— Сенга нима? — деди ўшқириб. — Берсам сенинг чўнтагингдан санаб бераманми?
— Вой, бойвачча-ей, — бўш келмади хотини ҳам. — Бу ёқда болаларингиз ейман-ичаман, деб оғзини осмонга очиб турган бўлса-ю, сиз укангизга ҳотамтойлик қиласизми?!
— Сенинг ишинг бўлмасин.
— Нега ишим бўлмас экан а, нега?! Лой чангаллаб уй қурганимизда ўша бемеҳр укангиз сизга ёрдам берганмиди? Кун бўйи бекорчиликдан уйда узала тушиб ётса ҳам акамга қарашай демасди-ку. Унимиз тугаб, иккитагина нон сўраб борганимда нима дегани эсингиздан чиқдими, ё?
— Чиққани йўқ, — бақирди Дилмурод. — Сен борсан-ку, эсимдан чиққани қўясанми!
— Тўғри қиламан, ҳисобли дунё.
Хотини яна нималардир деб жавради. Аммо Дилмурод эшитмади ҳам. Дарвозани қарс этиб бир тепди-ю, кўчага отилди. Йўлма-йўл кетаркан укасидан ранжиб борди. Тавба, сал онасининг тоби қочди дегунча укаси Дилмуродга одам жўнатади. Укол-дорига пулим йўқ, дейди сўнг без бўлиб. Дилмурод аранг тишини-тишига босади. “Эй, нодон тайёргина уйга баковул бўлиб сен ўтирган бўлсанг, онамнинг пенсияси ҳам сенинг чўнтагингдан чиқмайди, нега энди онамни мен даволатишим керак экан”, дегиси келади-ю, тўшакда ранги бўздек оқариб бир аҳволда ётган онасига раҳми келади. Майли, кўнгли оғримасин, дейди. Аммо укаси… Йўқ, шу сафар гапиради, ёмон гапиради унга.
Дилмурод жиғибийрони чиқиб, болалиги ўтган қадрдон ҳовлига кирди-ю, бирдан хотиралари жонланди. Ана, анави катта ёнғоқ шохига отаси ип солиб арғумчоқ ясаб берарди. Шундай баланд учардики, Дилмурод энг юқоридаги шохларга ҳам оёғини теккиза оларди. Укаси ўшанда ҳам ғирромлик қиларди. Дилмурод арғумчоққа бир марта учса, укаси йиғлаб-сиқтаб икки мартадан миниб оларди. Эссиз, шундай ҳовлини отам менга бермадида, деди ич-ичидан ўртаниб. Ҳаммаёқни гулдек қилардим,онамга ҳам ўзим қарардим.
— Эй, ака келинг, — деди соч-соқоли ўсиб, қари чолдек бўлиб қолган укаси уйдан чиқаркан акасининг ҳовлида гарангсиб турганини кўриб.
— Ҳм, яхшимисан? — истар-истамас унга қўл чўзди Дилмурод. — Соч-соқолингни олиб юрсанг ўласанми?
— Шу ҳеч вақт йўқда, — хижолатомуз бош қашлади ука.
— Ҳа, тўғри бекорчиликдан қандай қилиб вақт топасан сен.
— Эй, ака, — бирдан жиззакилиги тутди уканинг. — Соч-соқолимни олдириш учун келмагандирсиз бу уйга?
— Эй, менга деса соқолинг кўксингни қопламайдими. Нега чақирдинг мени?
— Онам касал…
— Шунга пул керак, а?
— Албаттада, бўлмаса нега чақирардим сизни. Доктор бўлмасангиз?
Укасининг безбетлигидан Дилмурод баттар тутақди.
— Менга қара, сен қандай одамсан ўзи? — деди унинг кир ёқасига чанг солиб. Шу пайт ичкаридан онасининг инграган овози эшитилди:
— Дилшод, Дилшод…бу ёққа қара болам
Икки ўғил ҳам ҳовлиқишиб ичкарига ўзларини уришди.
— Ассалому-алайкум она, тузукмисиз? — деди Дилмурод онасининг тепасига бориб.
— Келдингми?
— Ҳа, яна тобингиз қочдими?
— Ҳа, болам сизларни ҳам овора қилдимда.
— Нега ундай дейсиз?
— Укол-дорига фақат сендан пул кетаяпти-да, шунга.. — онаси гўё ҳовлидаги тортишувни эшитгандек унга синчков нигоҳларини тикди. Дилмуроднинг ичидан нимадир узилгандек бўлди.
— Йўғ-э, пул сиздан азизми, она? — деди ўнғайсизланиб.
— Ўғлим, — онаси муҳим бир гапни айтмоқчидек титроқ қўлларини унинг қўлига қўйди.
— Лаббай, онажон..
Онаси уйда икковимиздан бошқа ҳеч ким йўқмикан, дегандек атрофга аланглади. Сал нарида, эшик ёнида ўшшайиб турган Дилшодга кўзи тушди-ю, гапи оғзида қолди.
— Болаларинг яхшими? — деди гапни бошқа ёққа буриб.
— Шукр, юришибди.
— Дилшод, акангга чой-пой олиб келинглар.
— Ҳожар, — деди Дилшод гўё онаси билан акасини ёлғиз қолдирса муҳим бир сирни эшитмай қоладигандек калласини деразадан чиқариб. — Дастурхон ёз.
Онасининг кўзларидаги бояги тараддудидан асар ҳам қолмади. Тақдирга тан берган одамдек кўзларини бир нуқтага тикканча индамай қолди.
— Яна қон босимингиз кўтарилдими, нима бўлди ўзи? — деди Дилмурод ташвишланиб.
— Билмадим, ўғлим, ажал чорлаётганга ўхшайди.
— Ундай деманг, ҳали кўп яшайсиз.
— Яшаганим билан нимани ўзгартиролардим болам.
Дилмурод онаси нега бундай деганлигини ўзича тушунди. Узоқ яшасам ҳам дангаса укангни ғайратли қилолмайман-ку, демоқчи бўлди чоғи…
Ўша куни онаси доктор чақиртиргани қўймади.
— Ҳозир яхшиман, боя бир оёқ-қўлим увишганди-да, — деди Дилмуродни тинчлантириб. Аммо Дилмуроднинг назарида онасининг аҳволи яхшига ўхшамасди. Ранги бир аҳволда, кўзларининг атрофи кўкимтир… Яна Дилмуродга ниманидир айтишга ҳовлиқаётгандек. Аксига олиб, ўша куни то кетиш учун қўзғалмагунча укаси ҳам ёнидан жилмади. Худди бир нарсани сезгандек онаси икковининг оғзини пойлагани-пойлаган.
— Майли, мен борай энди она, — деди Дилмурод оғир хўрсиниб.
— Кетасанми? Шошаяпсан чоғи?— кўзлари жовдиради онанинг.
— Йўқ, шошганим йўғу, кеч бўлди, келинингиз хавотир оладими, дейман-да.
— Ҳа, майли борақол. Эртага вақтинг бўлса бир айланиб келарсан.
— Хўп…
Дилмурод ота уйидан узоқлашаркан ортида гўё юраги узилиб қолаётгандек эди. Кета-кетгунча кўнгли хижил бўлиб борди. Онаси нимани айтмоқчийди ўзи?
Уйга келса болалари аллақачон ухлаб қолишган экан.
— Онангиз яхши эканларми? — деди хотини бироз тумтайиб.
— Ҳа.
— Доктор чақирдингизми?
Хотинининг бу гапи Дилмуродга пул бердингизми, дегандек туюлди.
— Сенинг хавотиринг аслида шундан-а? — деди кесатиб.
— Сўраб ҳам бўлмайдими?
Дилмуроднинг хаёли яна онасига кўчди. Тавба, худди шошилинч бир гапни айтмоқчидек бўлди-я.
— Онам менга нимадир демоқчи эди-ю, аммо айтолмади, — деди беихтиёр кўнглини хотинига ёриб. Эрининг томдан тараша тушгандек бу гапидан хотин бироз довдираб қолди. Хаёли бошқа томонларга учди.
— Сизга шундай туюлгандир, — деди яна эрини гапиртиргиси келиб.
— Йўқ, аниқ ниманидир айтмоқчи бўлди-ю, аммо укамга кўзи тушиб, гапни бошқа ёққа бурди.
— Тавба, қандай гап экан?
— Билсам сендан сўрармидим. Укам бизни ҳеч холи қолдиравермагач, эртага бир айланиб кел, дедиларми-ей.
— Унда эрталаб боринг, — бирдан хотинининг кўзлари яшнаб кетди.
— Сен нега бунча севинаяпсан?
— Сизга қандайдир мерос бермоқчи бўлган бўлса-чи?
Хотинининг гапидан Дилмуроднингг миясида нимадир ярқ этиб кетгандек бўлди. Дарвоқе, онаси ота-боболаридан қолган бирорта катта мерос ҳақида гапирмоқчи бўлгандир? Ҳа-я, онаси бир пайтлар “отамни қулоқ қилишганда тиллаларини ерга кўмгандик. Кейинчалик ингичка узилиб, йўғон чўзилган пайтлар битта-битта олиб ишлатганмиз”, деганди. Топди, онаси унга тиллалар кўмилган жойни айтмоқчи бўлган.
Шу дақиқадан бошлаб Дилмуроднинг тинчи йўқолди. Кўз ўнгидан ял-ял товланаётган тиллалар кетмай қолди. Мунча узоқ бўлмаса бу тун. Тезроқ тонг отса-ю, онасининг ёнига борса, тилла кўмилган жойни билса. Кейин, кейин… Дилмурод ўзини бойиб кетган ҳолда тасаввур қилиб, юраги ҳаприқиб кетди. Энг зўр машиналарда керилиб юрганларини хаёл қилиб, уйқуси қочди. Хаёл сура-сура кўзи қандай илинганини билмайди. Бир пайт дарвозанинг қаттиқ тақиллашидан уйғониб кетди. Ғира-шира тонг отиб келаётганди. Ким бўлдийкин, бу пайтда эшик қоққан, дея ҳовлиқиб ташқарига отилди.
— Ҳозир, — деди пойгакда турган калишини пойма-пой кияркан. — Кетаяпман.
У дарвоза зулфинини тушириб:
— Ким у? — деди.
— Биз, очинг.
Дарвозани ланг очган Дилмурод қора чопон кийиб, белбоғ боғлаб турган тоғасининг иккита ўғлини кўрди-ю, юраги шув этиб кетди.
— Тинчликми? — деди лаблари титраб.
— Аммамни бериб қўйдик.
Дилмурод дастлаб жиянининг аммаси унга ким бўлишини англолмай, довдираб турди. Сўнг ҳаммасин тушунди-ю, остонада қалқиб кетди.
— Она…Онам…, — деди пичирлаб. — Кеча яхши эдилар-ку.
— Ҳа, тонгга яқин тўсатдан шундай бўлиб қолдилар.
— Нега, нега ўлади онам? — телбаларча ҳайқирди Дилмурод. — Ахир кеча менга яна бир айланиб кел, деганди-ку?! Ёлғон, онам ўлмаган! Сизлар мени алдаяпсизлар, — Дилмуроднинг кўз ўнгида аввал жилмайиб турган онаси, сўнг ярқ-ярқ этган тиллалар жилвалангандек бўлди.
— Эссиз, — деди аранг. Аммо нимага бунча ичи куяётганлигини ўзи ҳам билмасди.
Гўё ҳали онаси ўлмагандек, уни кутиб, кўзлари музтар термулиб тургандек ҳовлиқиб йўлга тушди.
— Белбоғингиз қолди, — дея ортидан чопган хотинига ҳам қарамади.
Дарвоза олдида катта-кичик жиянлари чопон кийиб, таёқ тутиб туришибди. Дилмурод улар орасидан укаси Дилшодни қидирди. Аммо укаси кўринмасди. Ҳовлига кирди-ю, ўқдек отилиб онаси ётган уйга кирди. Уй тўрида, қат-қат тўшалган кўрпачалар устида кечагина уни кулиб кузатган онаси чуқур уйқуга кетгандек жимгина шифтга қараб ётарди. Юзи хотиржам, бир сўз айтмоқчидек лаблари қимтилган…
— Она, онажон, — деди Дилмурод овози титраб. — Бир айланиб кел, дегандингиз-ку, мана келдим. Айтинг энди гапингизни.
— Тоға.
Бу овоз Дилмуродга жуда узоқ-узоқлардан эшитилгандек бўлди. Гарангсиб ёнбошига қаради. Шундоқ онасинингг оёқ томонида жияни Гулсанам ўтирган экан.
— Манавини бувим сизга бериб қўйишимни қайта-қайта тайинладилар, — у шундай деб рўмолчага тугилган бир даста пулни узатди. — Тежаб-тергаб маросимларига ишлатаркансиз. Аслида кеча бермоқчи бўлган эканлар. Аммо кичик амаким жанжал қилади деб…
Қиз пиқиллаб йиғлаб юборди. Дилмурод эса карахт бир аҳволда пулни чангаллади. Аста бош кўтариб онасига қаради. Қимтилган лаблар гўё болалигида айб иш қилиб қўйса “уят, уят” дея таъна қилаётгандек эди.
Гулруҳ ЁРМАТОВА.
#Билол.

Комментарии

  • 3 мая 15:29
    Ха ота онага кийнг
  • 4 мая 21:58
    Юрагим дарз кетиб укидим...ота она ганимат,бундай фарзандларга хеч кимни куни колмасин.Хаммамизни ортимизда колганларга инсоф берсин!
  • 5 мая 05:46
    Эх она юрагим эзилди
  • 5 мая 07:50
    Оооох онажон дардини айтолмай ичига йутган онажон охирсти обод булсин коронгу гурлари нурга тулсин кузимда еош билан укидим
  • 17 мая 20:42
    Она бунчалар мехрибон зотсан
  • 20 мая 06:58
    Хай ВаАллох онажонни жойлари жаннатда булсин, жуда таъсирли хикоя,юраклар пора пора,окибат ёколмасинакана бу дунёдан хай ВаАллох....
  • 25 мая 23:19
    d5dbda2d47