Самарқандлик моҳир ҳаттот Шавкат Истамов беш йил давомида Қуръони Каримнинг дунёдаги энг катта қўлёзма нусхасини яратди.

“Гиннеснинг Рекордлар китоби”дан жой эгаллаши мумкин бўлган ушбу улкан китобнинг бўйи – 1,5 метр, эни – 86 см, қалинлиги – 10 см келади, деб ёзади Даракчи "ХХI аср" нашрига таянган ҳолда. 311 варақ, 622 саҳифадан иборат, оғирлиги 100 кг ни ташкил этувчи ушбу муқаддас китоб ҳаттотнинг биринчи иши эмас. У бундан ўн йил илгари бўйи 1 метрга яқин, оғирлиги эса 40 кг келадиган Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхасини яратган эди.
Шавкат Истамовнинг сўзларига кўра, у Самарқанд давлат қўриқхонасида бундан 300 йил олдин номаълум ҳаттот томонидан яратилган қўлёзмани кўриб қолиб, шу ишга бел боғлаган. Аммо бу китоб Истамов яратган Қуръон нусхасидан ўн марта кичикдир.
Асли касби инженер-механик бўлган Шавкат Истамов кўп йиллардан бери мумтоз адабиёт намоёндаларининг машҳур асаларини араб ёзуви асосида ўзбек ва форс тилларида китоб ихлосмандларига тортиқ этиб келмоқда.
У ҳаттотлик ишини 1995 йилда “Ҳафтияк”нинг араб имлосидаги нусхасини яратишдан бошлаган эди. Кейинроқ буюк мутафаккир Алишер Навоий, Абу Абдуллоҳ Рудакий, Ҳофиз Шерозий, Паҳлавон Маҳмуд, Умар Ҳайём асарларининг ўзбек ва форс тилларидаги қўлёзмаларини ҳам тайёрлади. Бу қўлёзмаларни ўқувчи ўнг томонга варақлаганда араб имлосида, чап томонга варақлаганда кирилл ёзувида ўқиши мумкин.
Шуни айтиш керакки, ҳаттот араб ёзувидан тортиб, безак ишларигача ўзи бажаради. Айни кунларда у Қуръоннинг ички ва ташқи безаклари устида ишламоқда.
#новости

Комментарии