🪶ЎША ЁМОНМАН...

Мени шундай яратган Тангри,
Ғурури тоғ, қадри осмонман
Аммо сизнинг хаёлингизда
Мен ёмонман, ўша ёмонман.
Кетишлар бор, кутилишлар бор
Ишққа асир тутилишлар бор,
Сўнг, истакда қутилишлар бор
Мен ёмонман, ўша ёмонман.
Меҳрингиздан қарз олдим билмай,
Жабрингизда қон ютдим тинмай
Сизни бирор яхшига бермай,
Мен ёмонман, ўша ёмонман.
Маломатлар ёғдирдингиз кўп,
Ақл-у хушдан оғдирдингиз кўп,
Узр, мени маъзур тутинг хўп
Мен ёмонман, ўша ёмонман.
Кўзни юмиб гуноҳин қучган,
Хаёлларнинг осмонин қучган,
Ишқда вафо қасамин ичган
Мен ёмонман, ўша ёмонман.
Сиз деб кечган ҳатто ўзидан,
Жолалари томган кўзидан,
Сизни севиб қолган кунидан,
Мен ёмонман, ўша ёмонман.
Энди фиғон ютмоқлик бизга,
Ҳижронга бош эгмоқлик бизга,
Омад ва бахт ёр бўлсин сизга
Мен ёмонман, ўша ёмонман.
Кўнглим учун алдаманг етар,
Дил яраси битар-да битар,
Ожиз қалбим не этсин, нетар
Мен ёмонман,ўша ёмонман.
Эътиборингиз учун ташаккур
(Муаллифдан Аллох рози булсин)

Комментарии