​​💥Шарпа_билан_битим.

16-қисм.
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
🍃Қайтиш 🍃
Мана шу учоқда бир пайтлар Фуад ўзини бургут мисол кўкда парвоз қилаётгандек сезарди. Ҳозир эса ҳеч қачон диққат қилиб қараб ҳам қўймаган йўл-йўл резина йўлакка кўз тикканча тикилиб ётибди. Замбилга қимирлаб кетмаслиги учун уни етти қайта тасмалар билан боғлашди, худди тобутга солгандек қилт этмайдиган бир ҳолатга келтиришди. Юзтубан ётган ҳолатда учиш олдидан кўксидаги жоннинг қандай патирлаганини у жимгина эшитиб ётди. Ердан узилишлари билан эса бунинг акси ўлароқ Фуад- ўз хотиралари тубига шўнғиди!
Аввал димоғига аллақандай нозик ифор урилганини сезди. Ундан туйганлари эса Фуаднинг ўзи учун ҳам топишмоқдек жумбоқли эди. Бу Яшманинг атиридан келадиган бўйга унчалик ҳам ўхшамас, унинг илк ноталарида- ёмғир исига лимон ўтининг ҳиди аралашиб кетгандек ва сезилар сезилмас барқут атиргул бўйи ҳам бордек эди.
Фуад ваниҳоят эслади: бу исни у илк бор худди шу самалётда- Алсуга булутларни кўрсатаётган маҳалда унинг сочларидан туйганди!
Бир лаҳза кўз олдида қизнинг ҳайрат тўла кўзлари гавдаланди, сўнгра зум ўтмай Яшманинг жилвали табассуми ҳам кўксига ниш каби қадалгандек бўлди.
"Нима учун бундай бўляпти, нега ҳамма нарса менга уни эслатаверади?"
Қани имкон бўлса-ю, ўрнидан туриб учувчилар хонасига яна йўл олса! Бу тарзда занжирбанд ётгандан кўра, бир лаҳзагина ҳар қандай хотиралардан, ўй ҳаёллардан, уни ўз измига бўйсундирмоқчи бўлган-ҳар қандай ҳоҳишдан эркин бўлолса...
Лекин биладики, буларнинг ҳеч бири бежиз эмас!
Шу биргина заифлик унга ҳаддини эслатди. Осмонга эмас, ерга боғлиқлигидан сабоқ берди!
Юзтубан ҳолатда нафас олиш нисбатан қулайроқ эди: шу сабабли Фуад- эҳтиёт юзасидан ўзига бириктириб қўйилган кислород балонини ҳам чиқариб ташлашларини ёрдамчисидан илтимос қилди.
Ҳалақит қилувчи ускуналардан бири олиб ташлангач эса унинг уйқуси кела бошлади: йўл узоқ, албатта унинг чорак қисмини бўлса-да ухлаб ўтказмаслик- соғ одамни ҳам анча толиқтириб қўйган бўларди.
Зум ўтмай, Фуаднинг рўёси яна бир хотирани тушга айлантириб, унга туҳфа этишни бошлади:
Мавжланиб оқаётган дарё, ўзан четларида эса сарғимтир қамиш поялари кўзга ташланади. Ундан беш қадам нари эса бийдек чўл! Қатқалонлашиб қолган қум аралаш тупроқ- Фуаднинг яланг оёқлари остида илондек сирғалмоқда. У мана шу бора-бора ўзи ёқтирадиган манзара-саҳрога айланиб бораётган қиялик бўйлаб юриб бормоқда. Олисдан оқ байроқдек нарсанинг ҳилпираши кўзга ташланди. Фуад у ергача ҳали узоқ юриши керак эди: юраверди, юраверди, қадами эса унмади!
Бирдан ўша оқ туғ- аслида байроқ эмас, аллақандай қизнинг қордек оппоқ либоси эканлигини кўрди: қадамини билиб туриб тезлаштирди...
Ички туйғулари ўша оқ либосдаги малакни ҳурлардан бири сифатида таништирар, Фуад эса негадир уни қалбан Алсу деб ўйлаётгандек эди.
Аммо, осмонда аввал ҳам қаердадир кўргани- қоп-қора қанотли, улкан калхат кўринди. Фуад сониялар ичра қандай унга чап берди, ўзи ҳам тўла англолмай қолди. Ёнбошидан унинг мувозантини йўқотиб, йиқитгудек бўлиб учиб ўтган ўша калхат ундан сал наридаги бархан устига бориб қўнди. Унинг қизғиш кўзларида яна хужум қилишга иштиёқ борлигини кўрган Фуад- қадамларини тезлаштирди. Калхат яна у томонга қарата қанот қоқишни бошлаганда эса чўчиб уйғониб кетди. Қимирлайдиган аҳволда эмасди. Ҳамод ғингшиб қўйган бошлиғининг бошига эгилди:
-Сув берайликми?
-Яна қанчадан кейин қўнамиз? Ҳамод, кўпми ҳали?
Ёрдамчи жавоб бериш учун соатига қаради:
-Яна етти соат бор! Иншааллоҳ тез орада соғ-омон ўз заминимизга қўнамиз! Бироз сабрли бўлинг, саидим!
Фуаднинг сабрдан бошқа чораси йўқ эди, хаттоки увишиб қолгандек вижирлаётган мана шу оёқларига қўл теккизолмаса ҳам сабрли бўлишга мажбур эди.
🍃 Видо 🍃
Лия ҳоланинг икки кундан сўнг ҳайрлашув маросими бўлди. Дафнни уюштириш учун масъул ташкилотни Диананинг отаси орқали гаплашишди. Алсу Ҳамод берган пулнинг барчасини мана шу маросимнинг икир-чикирларига ишлатди.
Икки кун ичида уйдаги барча нарсалар ён қўшни Нина холаникига чиқариб юборилди, худди Алсунинг қалбидек ҳувиллаб қолган бу уйга- Лия холанинг собиқ ҳамкасблари, оҳирги пайтлар борди-келди қилмай қўйган танишлари ва дугоналари эслов учун бир-бир бош суқиб кетди. Улар келган пайтда Зоя хола ва Зина чиқиб қизнинг ёнида бўлишди. Дима ўша кундан бери худди соқовга ўхшаб қолган, шу сабабли Диана уни асосий воқеалардан четга, яъни ўз уйига олиб кетишни маъқул кўрди.
Сеҳргарнинг қутисидек кундузи келиб-кетадиган одамлар учун кенгайиб, узун тунларда эса торайиб, юрак сиқадиган даражага келиб қоладиган бу уйда- Алсунинг бир ўзи энди батамом сирдошига айланиб қолган дафтарига нималарнидир қоралаб ўтирарди:
"Фуад, албатта пулингни қайтаришимни қатъий туриб сўрамадинг, мен ҳам худди фирибгарлардек иш тутдим..
Балки шу сабабданми ёки бошқа... берганларингни яхши кунларимга ҳам ишлатолмадим.
Онамни сўнгги дам- ўз ҳолига ташлаб қўйганимдан, ундан баъзи нарсаларда ҳафа бўлиб, қаттиқ араз сақлаганимдан мана энди ўзим афсусланмоқдаман.
Нега бунчалик ўзгариб кетдим...
Нега бунчалик раҳм шафқатсиз бўлиб қолдим...
Борган сари- хаддан зиёд кўп хатолар қилмоқдаман.
Диманинг руҳий холатидан ташвиш тортяпман-у, лекин уни қандай асраб авайлашни ҳам билмайман. Мен-ку отасиз улғайдим, Димани қандай қилиб ҳам отасиз, ҳам онасиз- уларнинг ўрнини бир ўзим босишга уриниб улғайтиришим мумкин? Кучим етармикан? Уддасидан чиқа оламанми?
Бу ёғига қандай яшарканмиз?"
Тўртинчи куни сипогина бўлиб, эшикдан қора шляпа ва кўзойнакда Ира кириб келди. Лия холанинг сурати остига қўлидаги бир даста чиннигулни битта-битталаб териб, сўнг бир нафас сурат қаршисида ҳиссиётларини сезиб бўлмайдиган бир ҳолатда туриб сукут сақлади.
Сўнг кўзлари билан ўзини бир четда кузатиб турган Алсуни қидириб топди-ю, қизнинг ёнига келиб унинг елкаларига юзаки ҳамдардлик билан юз босди:
- Sit tibi terra levis!(1) Лия яхши аёл эди, албатта шундай бўлганидан афсусдаман!
Четдан қараган одам- мотамда ҳам шу таҳлит олифтагарчиликдан воз кечолмайдиган бу аёлнинг қилиқларидан ажабланиши табиий эди, лекин Алсуга кўраётганлари сираям янгилик эмас! Ира бу ерга ҳамдардлик учун келмаса ҳам ундан аслида биров ҳафа бўлмасди.
-Энди бу ёғига қандай яшайсан, Алина? Ўлган ўлиб кетаверади, бу ёғи тириклик яшаш учун курашдан бошқа нарса эмас... Шу учун ҳам қаттиқ афсусдаман! Лия сен учун яшаса бўларди!
Қиз бу гапларга биронта гап-сўз қўшмади, агент хоним эса қизнинг елкаларидан оҳисталик билан тутиб, унинг диққатини ўзига қаратди:
-Камида бир ҳафтадан бери туз тотмагансан, шундайми?
Бу борада Ира қисман ҳақ эди. Бир ҳафта нима экан?! Ўша ойисини илк бора ёш жазмани билан кўрганидан бери- Алсу фақатгина кофе устига кофе ичади... Еган ичганида эса умуман ҳаловат йўқ! Азадан сўнг эса хаттоки қорни очлигини ҳам сезмайдиган бир ҳолатга келиб қолди.
-Бунақада ўзингга жабр қиласан, эртага агентликка боргин, хўпми! Янги ўлчамларингни топширишинг керак, "бўш ўтиргунча, бўш ишла!" дейишган. "Мария" брендининг ва "Рус мўйнаси" намойиши кейинги ойга режалаштириляпти. Сени бош юз сифатида подиумга чиқишинг яна биз учун кенг йўл очади! Бу ёғига фақат ишлаш керак, келишдикми?!
Ўзларига кўз тикиб ўтирганлар олдида Алсу бу аёл билан тортишишни истамади, ташрифига ва марҳумага бажо келтирган ҳурмати учун Ирага раҳмат айтди-ю, ҳайрлашди.
🍃 Ота 🍃
Жамил Гайбулин яна қизи ўқийдиган олийгоҳга Алсуни кўриш ва гаплашиш учун юраги оқиб, интизор ҳолатда келди. Ўша мисрлик устозга учрашди-ю, ундан ўзи учун кутилмаган ҳабарни эшитди: "Қизининг онаси- Лия оламдан ўтибди!"
Доимий кутадиган жойида у мушт тишлаганча, эшитганларидан карахт аҳволда ўтирар, кўз ўнгидан кечирганлари- яъни ўз ўтмиши тасма каби ўтиб борарди.
Бир пайтлар Лия унга жудаям қадрли бир инсон эди-яъни қизининг онаси!
(1) лотинча "жойи жаннатда бўлсин!"
Жамилнинг шундай вақтлари келдики, Лияни гўёки кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ ҳолатлари ҳам бўлди. Айниқса аввалига низони ислоҳчилардек йўриқлаб, суриштириб, ёрдам таклиф қилиб, сўнгра бунинг тамомила аксини қилувчилар, Лияни унга томон қайраб, қаршилантирувчилар, ақл ўргатувчи ёки ёнаётган оловга баттар қалов берадиганлардан ҳам Жамил керагидан ортиқ куйди ва оғринди.
Нимадир сабаб бўлдики, Лия Алсуни жон-жаҳди билан ундан узоқ тутишга ҳаракат қилди ва қилаверди. Жамил эса қизалоғини бошқа фамилияга ўтказмагани учун ҳам- Лияда гўёки инсоф кўрган одамдек севинаверди. Собиқ аёлнинг- Жамилга қилган ягона иззат-икроми фақатгина мана шу ишида кўринди. Жамил учун Алсу ўша икки ойлик миттигина қизалоқдек, Лия учун эса у милтиғида қолган ягона ўқдек эди. У хаттоки ана шу ўқни ҳам душманидан қизғонадиган даражада худбинлашиб борарди. Чунки билардики, собиқ эри фарзандсизликдан эзилмоқда!
Жамил Гайбулин шуларни ўйларкан, бир пайтлар "қанийди Лия ўртадан батамом кўтарилган кунларни ҳам яшасаму, қизим эмин-эркин бағримга бош қўйиб, отам дея эркалана олса!" деб орзулаган даврларини эслади. Бироқ бугун бу ҳабарни эшитган чоғида ҳам негадир ичи бирдан қувониб кетмади.
"Ёш эди, тақдирнинг ҳукми шундай экан!" дея рози-ризолик билан астагина юзларига фотиҳа тортди. Жамил Гайбулин жимгина яна ортига қайтиб кета олмасди: шу сабабли мисрлик устоздан қизига оид бошқа маълумотларни сўрашга аҳд қилди. У эса Жамилга бирданига қизнинг ош-қатиқ дугонаси Дианани рўпара қилиб қўя қолди.
🍃Таъзия 🍃
Бу сафар эшикдан кириб келган таъзиячи Алсуни бир деганда довдиратиб қўйди. Қизга отаси эканлигини даъво қилаётган бу одамнинг хаттоки остона босиб кела олишини тўғриси у кутмаганди. Балки у онасидан сўнг кўришмоқликка бошқа тўсиқлар қолмаган деб ҳисоблагандир, балки бундан ҳам кўзлаган бирон бир нияти бордир....
Бироқ у кириб келганда Алсунинг ичи бирдан ёришиб кетгандек бўлди.
Жамил Гайбулин аввало стол устида деворга тираб қўйилган Лиянинг суратига бир қараб олди.
Сўнгра тўғри келиб ўз қизининг ёнига ўтирди. Энди у Алсудан паст овозда ҳол-аҳвол сўрар, кўнгил олаётгандек муомала қиларди. Хонада улардан ташқари ўтирган Зоя хола эса бу учрашувни таҳминан бўлса ҳам идрок қилаётгандек синчков холатда ота ва қизни кузатарди:
"Бип-бинойидек одам экану, Лия бояқиш нуқул қарғагани қарғаган эди. Э йўқ, у кўпроқ Гошадан ранжиб гапирарди... Бунисининг эса қизини ўзидан тортиб олишидан қўрқарди. Мана орқангда қолиб кетди, ҳаммаси Лия! Умринг калта экан. Ота бола сендан сўнг дарров топишиб олишини тушингда ҳам кўрмаган бўлсанг керак!"
Бироздан сўнг эшик қайтадан очилди-ю хонага Диана Дима билан биргаликда кириб келди. Ҳаммаси кутилмаганда бўлгани туфайли ҳеч ким ҳеч нарсага деярли улгуролмай қолди. Кўзи жавдираганча турган болакай бошқалар каби биринчилардан бўлиб, онасининг суратини кўрди. Сўнгра эса бирдан иззиллаганча йиғлаб юборди.
Алсу огоҳлантириб қўймагани учун Дианага оғринганча бир қараб қўйиб, сўнгра укасининг ёнига келиб уни овутишга тушди. Оҳирги беш кун ичида Дима ҳам худди Алсу каби янаям озиб кетгандек, кўзлари эса киртайиб қолгандек кўринарди. Ёнидан қизи туриб кетгач, Жамил ҳам секингина уларнинг ёнига борди ва Димага қўл чўзди:
-Исминг нима? Қани берироқ кел-чи, сен агар адашмаётган бўлсам-Алсунинг укасисан шундайми?
Болакай ўзига нисбатан ҳайриҳоҳ назар солиб турган бу одамни гарчи танимаган бўлса-да унинг самимий оҳангдаги гапларидан яхши одам эканлигини уқиб олди. Жамил уни ҳозиргина Алсу билан ўтирган жойларига етаклаб келди.
-Қани мана бу ерга ўтирчи! Исмингни ҳали ҳам айтмадинг, майли кейинроқ бафуржа танишиб олармиз...
Худди Зоя хола каби Алсу ва Диана ҳам бу суҳбатдан ҳайрон, ора-орада бурнини тортиб қўяётган боланинг кафтларини эса Жамил икки қўллаб тутганча турарди:
-Баракалла, Алсу қизим! Уканг ҳақиқий ўғил бола экан, мана дарровда ўзини қўлга ола билди.
🍃Дийдор 🍃
Шейҳа хонимнинг қоракўзи бўлмиш- Фуад уйга қайтгач, онаизорнинг бағри лиммо-лим тўлгандек бўлди. У деярли бир соат арзандасининг бошидан кетмай, йиғлаб-сиқтаб олди. Фуад бот-бот онасига "яхшиман, она" дея такрорлаб қўяр, худди аввалгидек йиғи сиғига тоқати йўқдек тутарди ўзини. Пастки қаватдан хонимнинг уйига ёндош муҳташам меҳмонхонага у учун жой ҳозирлашибди. Фуаднинг оёқларида кундан кун сезги уйғониб бораётгани, бармоқларини мустақил қимирлата олиши ва юзида тушкун кайфиятдан асорат ҳам йўқлиги- ички ҳовлидаги барчани худди Шейҳа хоним каби беҳад севинтирди. Биргина истисно бор эди, бу ҳам бўлса- ҳамманинг назарида Фуад аввалгидан кўра янаям сокин бўлиб қолгандек кўринарди. Ҳамиша лочиндек парвозга шай турадиган саидларининг бу таҳлит уч ой қимирламай ётишга кўниши ҳаммага уни тоқатли одамдек кўрсатиб қўйганди.
Хоним у келгунча деярли тиним билмади: ўғлига тайёрланган хонани ортиқча даб-дабадан ҳоли ҳолатга келтирилишини шаҳсан ўзи назорат қилди. Деворга маҳсус кварц лампалари ўрнатилди. Ҳаво яхши айланиши учун винтеляция тизимига қўшимчалар бириктирилди. Намликни назорат қилувчи бошқа жиҳозларни эса Ҳамод аввалроқ тадбирини қилиб кетган, уй ичида Фуад бўлиб қайтган палатадагидан зиёд қулайлик яратилганди.
Шамма ўғли Шукранни Фужайрадан келтириб олди. Фуадни илк зиёрат қилувчилар ичида- бўйи янаям чўзилиб, туси тобора Лайсга ўхшаб қолган шу йигитча ҳам бор эди. Қадрдонлар дийдори Фуадни беҳад севинтирган бўлса-да, саккиз соатли парвоз чарчоғи ғолиб келиб, кўзлари аста-секин уйқуга майл билдира бошлади. Ҳамма оёқ учида тарк этган хонада ўша қулайлик яратувчи ускуналарнинг овозларигина тобида эшитилиб турар, уларнинг ритми- аллалаётгандек таъсир кўрсатарди.
Фуад маълум муддат тушунарсиз рўёларда кезгач, яна ўша таниш бўёқлардаги тушни кўра бошлади: кенг саҳро, бу сафар Фуад бақувват от устида чопиб бормоқда.
Узоқларда эса ҳалиям ўша оқ байроқ ҳилпираб, уни ўз ёнига чорламоқда. Йўл сароблар ичра давомланиб, ҳали теграсида яшил майсазори бор кўлни, ҳали қамиш икки четини қоплаган ўзанни унга авраб кўрсатмоқда. Бу сафар ҳам ўша олисдаги оқ байроқ аста секинлик билан аввал кўйлак этагига, сўнгра эса унга қоришиб кетган тилларанг сочларга ажралишни бошлади. Ҳа, узоқдаги аслида байроқ эмас, ўзини чорлаётган вужуд эканлигини Фуад ҳар рўёсида кўриб, тушуниб бўлган...
Фақат йўлида учровчи ўша қора калхату, тинимсиз ўзгараётган сароб уни чалғитишидан чўчирди ҳолос!
Парвоздан сўнг Ҳамодни ташқи ҳовлида Муаммар кутилмаган бир ҳабар билан қарши олди: унга кўра икки кун олдин Ясир маҳкамага чақирилган, Довуд бин Файсал талабига кўра кўрсатма бераётган экан. Ясирни бу ишга тортилиши Ҳамодни ажаблантирмай қўймади: неча йиллардики, Фуаднинг ёнида бўлган, ишончли одамлардан бири сифатида кўрилган бу одамнинг ишга жалб этилиши- эшитган қулоққа ғалати туюларди. Ҳамод ҳаммасини анави икки қўриқчининг изсиз йўқолиши ортидан юзага қалқиб чиққан иложсизликдан деб билди. Маҳкама мана неча ойдирки уларни топиш тугул, мамлакатдан чиқиб кетганлиги ҳақида ҳам маълумотни қўлга кирита олмади. Мана энди эса шаҳсий яқинлар муҳаққақлар эътиборига тушибди. Эртага хаттоки Ясирнинг ўрнида Ҳамод ёки бошқалар ҳам бўлиши мумкин!
Ҳамод ҳеч бирини Фуадга билдирмаса-да, Саид бин Тамимга ҳам ортиқча уч бермади. Ҳамма қатори у ҳам Ясирнинг маҳкамадан чиқишини кутарди, фақатгина вазият қандай эканлигини угина айтиши мумкин.
У азбарои бўш турмаслик важидан-Довуд бин Файсал ҳақида маълумотлар суриштирди. Ҳамма аҳбарот берувчилар уни-ишни кўзини биладиган, зийрак ва топқир тергов мулозими эканлигини Ҳамодга айтишди. Қайдам, балки унинг иш услуби шунақадир, лекин ҳеч кимни назардан четда қолдирмай терговга жалб қилиш билан икки асосий гумондорни топмаган ҳолда бошқаларга осилиш ўртасида- Ҳамод учун ер билан осмонча фарқ бордек эди.
(Давоми бор)
#ШарпаБиланБитимХикоя

​​💥Шарпа_билан_битим. - 906085836790

Комментарии