​​💥Ишқ_ва_ишқсизлик.

67-қисм.
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu.
Ўн беш минутча машинада- ўша таниш дарвозадан кўз узолмай, не бир хаёлда ўтирдим.
Ҳалиям Софиянинг гаплари фикр-у зикримдан чиқиб кетмади: "У мен ўн йил олдин кўрган замонавий қизга сира ҳам ўхшамасди. Бошдан оёқ қора кийинган, худди кимгадир мотам тутаётган азадор хотиндай эди- у!"
...Бошдан оёқ қора кийинган...
Дарҳақиқат, мен билган Зайтуна ҳам жуда замонавий ва фавқулодда ташқи жозибаси сабаб- атрофдагиларнинг диққат марказига тез тушиб қоладиган гўзал бир қиз эди. Уни хотирамга ўчмас бўёқлар билан муҳрланган ўтмиш сувратини- қайта ва қайта кўз олдимга келтирарканман, ҳаммасида Зайтунани камалак рангларига чўмган-нурли бир сийратда тасаввур қилавердим. София таъриф берганидек: бошдан оёқ қорага бурканган, азадор аёл тимсолидаги Зайтунани минг уринмай тасаввурларимга сиғдиролмасдим.
Кейин ишхонамдан кетма-кет телефонимга қўнғироқ бўлиб қолди: соат бешдаги селекторга Садр аканинг ўрнига қўмита номидан қатнашишим керак экан.
Соатимга қарадим: ҳозир уч ярим бўляпти, то ишхонага бориб, бошлиққа учраб, кейин мажлисга чиқиб кетгунимча ўша айтилган вақт ҳам бўлиб қолади. Шу зайлда ортга қайтдим. Юрак ҳалиям бесаранжом уряпти!
🍃
Кечки саккиз яримда мажлис тугади. Уйга келсам, онам мени кўзлари тўрт бўлиб, кутиб ўтирган эканлар. Дарров нега келинойимга телефон қилмаганим ва учрашувга бормаганим тўғрисида кетма-кет саволларга тутилдим.
-Ойи, уни-буни қўйинг! Ҳозирги вазиятда келинойимни ҳам хафа қилмоқчи эмасман. Улар топган қиз билан учрашувга чиқишга шошилмаётганимнинг бошқа сабаби бор. Худо хоҳласа, эртага кечроқ сиз билан шу мавзуда бафуржа гаплашиб оламиз!
Ойимнинг кўзларида яна ҳавотир аломатлари пайдо бўлди. Авваллари совчилик ҳақида гап кетгудек бўлса, шунақа ўзимни олиб қочишларим билан уларни кўп диққат қилганман.
Секин чарчаганимни баҳона қилиб, ўз хонамга жўнадим.
Салдан кейин ташқарида акамнинг маъноли томоқ қиргани эшитилди: ойим келинойимга, келинойим эса ўз навбатида акамга яна ўзгариб қолганимнинг хабарини етказган бўлсалар керак.
-Киравер!
Акамнинг кетидан зум ўтмай, жияним Азизбек ҳам хонага эргашиб кирди. Уни тиззамга олиб, хайинчалак усулида ўйната бошладим. Сезишимча, акам яна мени эски ўйинни бошлади деган хаёлда.
-Ойимга ҳозирча совчиликка юрмай туринг деб айтибсан, сени нима жин урди?! Ҳамма нарса тайёр, бир марта келин бўлмишни ҳам орқа-варотдан кўриб бўлгансан. Сирдарёга боришга аммамнинг умрадан қайтиб келишини кутиб тургандик. Бирдан яна тескари иш тутишни бошладинг. Уйланишинг ҳам гапирар оғизга роса "тема" бўлиб кетди. Уял-ей, хотин дегани санга керак, ойимга ёки бошқаларгамас!
-Йўғ-ей, унақа нотўғри тушунма! Ўзим ҳам оила қуриш ҳақида анчадан бери ўйлаб юрибман, фақат...
Акамнинг қошлари чимирилди, узоқ ўйлаб ўтирмай, София воқеасини унга бир чеккадан айтиб бердим.
-Шунақа де... Ҳм... Ёшликда берган кўнгил-айрилмас бало бўлур деган экан эскилар...
Акам узоқ чеҳрамга тикилиб қолди, энди Азизбекнинг ширин овозда қиқирлашигина хонадаги сукунатимизни бузиб турибди.
-Ойимга ўзим ҳаммасини секин йўриғи билан тушунтираман. Қани менга ўша қизнинг уй манзилини бергин-чи!
Зайтунанинг манзилини тушунтирдим. Акам "у маҳаллада бир Ҳамдам деган ўртоғим бўларди, шундан бир ўзим ҳам суриштириб кўрсам бўларкан" деди-ю, ўғлини мен билан қолдириб хонадан чиқиб кетди. Ўйланганча қолдим: акам ойимга нима деб тушунтирарканлар?!
🍃
Баъзан биз муносабатларни бошланди, деб ўйлаганимизда у аслида тугаган бўлади. Тугатдик, деб ўйлаганимизда эса аслида бошланган...
Томас Элиот
🍃 Зайтуна 🍃
15 май 2011 йил.
Чоршанба куни ҳалиги Мурод ака деган одамдан уйимизга яна совчилар келишди. Яна ўша эски сиқиқ вазият: атрофимдаги ҳамма- бир хил гапни қайтараётган тўтиқушга ўхшаб қолган...
Гулгун опам деярли ярим соат "ўлганлар қайтмаслиги" тўғрисида ваъз ўқидилар. Кейин холам...
"Иззатбекнинг ҳам қанчалик қийналиб кетаётганини энди Яратганнинг ўзи билади, йиғлайверасан, сиқтайверасан!
-Бечорани руҳи безовта бўлади ҳам демайсан! Аза- мусулмон одам учун уч кун, сенга гап тушунтириб бўлмаса?! Бир этак бола билан қолиб, "энди шу болаларни бировнинг этагига солмайман" деганингда ҳам тушунсак бўларди, ойингни нима дардда эканлигини кўриб туриб ҳам тушунмаяпсанми?!
Ниҳоят ёнимга ойим кирдилар. Биламан, менга гапиравериб чарчаган битта ойим эмас...
Бир неча дақиқа улар ҳам, мен ҳам гапирмасдан жим ўтирдик. Кейин ҳув бир пайтлардагидек синиқ ва хайрихоҳ товушда "қизим" дея гап бошладилар.
-Зайтуна, қизим... Сенга душман одамлар эмасмиз, ичингни сал мундоқ очиб-сочсанг, нега шу одамга ичинг чопмаётганини айтсанг, биз ҳам гап тушунамиз қизим! Аммо дастак қиладиган баҳонанг ҳам йўқ-да! Ёши катталиги ёқмаяптими?! Ҳа, энди ўзинг бир ўйлаб кўр! Ёши-албатта ёшини дейди-да! Уч қайта уйланса ҳам "бокирасини оламан" дейдиганлар қанча?! Етмишга кирган чол ҳам "ўттиздан сал ўтган бўлсин" деяпти, қизим! Биринчи савдо-савдо, кейингиси...
Ойим орқага силжиб кетган рўмолим остидаги сочларимни бармоқлари билан силадилар:
-Куйдинг, ўтин бўлишни шундоқ гарданингга олдинг- қўйдинг, қизим! Кўз олдимда икки йилдан бери яшин тушган дарахтдек чирсиллаб ёняпсан! Сув билан ёнингда сепишни ҳам сепмасликни ҳам билмай, ҳайрон турибмиз...
Ўша одамнинг қизлари бўй етиб қолибди, агар сени оналари ўрнида кўришса...
Ойимга қарадим, нигоҳимдан кўзларини олиб қочиб, ер чизиб қолдилар.
-Ойи, мени ҳар гапирганингизда худди уйингиздан хайдаётгандек туюляпсиз!
Бошқа гапирмадим, ойим секин ёнимдан суғурилиб ташқарига чиқиб кетдилар. Салдан кейин келган аёлларнинг даҳлиздан овозсиз қўзғолишгани, ташқарига чиқиб эса ойимнинг "энди айбга буюрмайсизлар, ярамиз ҳали янги!" дея уларни кузатаётганлари эшитилди.
15 май 2011 йил.
Иззат акамнинг қабри тепасидаман. Бош томонига икки йил олдин ўзим эккан атиргуллар бир талай ғунча тугибди. Қирқоғайни эса ерга бағир бериб, қабр устининг ярмини энлабди. Ўзим билан олиб келган тасбеҳ уруғини ўтириб оёқ томонларига экдим. Насиб бўлса, у ҳам кўклаб чиқади ва тасбеҳ шодалари туккан пайтида уларни ипдан ўтказиб, ўзим қўлимдан қўймай, таҳлил ўқиб юраман...
-Иззат ака, яхши ётибсизми?! Мендан хафа эмасмисиз?! Сизни қийнаб қўяётганим йўқ-а?! Биламан, қачон-ки, сизни дуода йўқламай қўйсам, ана шундагина мендан хафа бўласиз... Йиғлоқилигим сизга сираям янгилик эмас-ку, тўғрими?! Агар тириклигингизда ёмон гаплар билан кўнглимни синдирганингизда, ўзингиздан нари қилганингизда, баъзи аёлларнинг эрига ўхшаб оғзи шалоқ бўлганингизда, уриб-хорлаганингизда, фаҳш ботқоғига ботиб, мени ер билан яксон қилганингизда- билмадим, балки ҳозиргидек куйиб-ёнмаган бўлармидим...
Ўзингиз ҳамиша кўнглимга қарадингиз, авайлаб асрадингиз, менга ўзингизга берилган Аллоҳнинг омонатидек муносабатда бўлдингиз ва дунёда нимаики яхшилик бор-барини раво кўрдингиз...
Кўплар- менинг сиз билан яшаб ўтган умримга назар ташлаб, "бу қиз-ҳаётда нима кўрди, ўзи? "-дейди, уларга ҳамиша жавобим битта: Мен яхши инсон билан яшалган бир кун- ҳамма нарсадан хайрли эканлигини кўрдим! Умримдан розиман ва...
Ўзим юрак очиш учун энг ҳилват жой деб билган шу қабристон ҳам бугун негадир шарпаларга тўла!
Ҳозиргина ўзимдан эллик қадам нарида кимнингдир қорасини илғагандек бўлдим ва саросимага тушиб қолдим. Кейинги гапларимни ичимда пичирлаб сўнгида ўқишим керак бўлган дуони ўқидим-у, апил-тапил юзимга фотиҳа тортдим.
-Иззат ака, яхши ётинг! Яна ёнингизга келаман...
Икки чети қия тортиб қолган сўқмоқ йўлдан тез-тез юриб, қабристондан чиқа бошладим. Муюлишда жўмраги бузилган водопровод суви оқиб ётган экан, шу ерда юз-қўлимни ювдим.
Негадир юрагим безовта уряпти, оёқ-қўлим ҳам мана титрашни бошлади: худди кимдир ортимдан таъқиб қилаётгандек...
Мен боя ёнидан ўтиб кетган масжидда мана энди жума намозига тайёргарлик бошланибди. Шу сабабли такси тўхтатишим ҳам осон бўлди.
Уйга келгач, хонамга кирибоқ ўзимни диванга отдим: тўлиқиб йиғлай оладиган ва ягона гувоҳинг бўлган ёстиқ-сенинг дардларингни ҳеч кимга сотмайдиган жой мен учун ҳозир шугина бўлса керак...
Ухлаб қолибман, шошиб ўрнимдан қўзғолганимда- соат тушдан кейинги уч ярим бўлганди. Пешинни ўқиш учун таҳоратхонага йўл олдим. Ичкари уйдан эса ойимнинг овози эшитилди: келинлари Исторахонга нимадир деяптилар...
Қайтишимда улар билан юзма-юз келдим, чеҳрамга бир қараб қўйдилар-у, ойим ошхона томонга ўтиб кетдилар: бу-уларнинг навбатдаги аразими, билмайман!
Кечга яқин Гулгунопам келдилар. Ўн ёшли жияним Ширин сал аввал хонамга кириб, уларни атай ойим чақиртирганини айтиб қолди. Қизиқ, ойим опамни нега чақиртирган эканлар-а?!
Кечки овқатни ҳаммамиз катта дастурхонда ўтириб тановвул қилдик, Исторахон тайёрлаган қулупнайли компот муздеккина экан, қақраб ётган чўлдек ичимга бирам хуш ёқдики, симириб-симириб ичдим...
Ҳамма жим, ҳаттоки укам Алишер ҳам аёлига фақат имо-ишоралар билан гапиряпти...
Ичим яна қандайдир хабар дарагини сезгандек, зиқ торта бошлади.
Ниҳоят, ойим ҳаммага бир қараб олиб, ўша мен таҳмин қилган мавзудан гап очдилар:
-Бугун яхши бир жойдан яна Зайтунани сўраб совчи келди! Куёв бўлмиш ўттиз тўрт ёшда, бир марта уйланиб, саккиз кунгина яшаган экан...
Яхши бир ташкилотда ўзига яраша мансаб-лавозим эгаси, оилада икки ўғилнинг кичиги, одобли-аҳлоқли...
Гулгун опам бу сафар шошилиб кетди:
-Саккиз кунми ёки саккиз йил? Нотўғри эшитмадимми?!
Ичимда ғалати ҳижиллик уйғонди: "шунчалик фаришта бўладиган бўлса-нега энди ёш қизга уйлана қолмай, менга совчи қўйяпти?!"
-Саккиз кун! Яъни бир ҳафта! Ойиси ажралиш сабабини ҳам айтди: нобоп, енгилтак бир қиз-ўғлининг ҳаётига алдов билан кириб келмоқчи бўлибди. "Шу сабабли, анча пайтгача ўғлимни яна қайта уйланишга кўндира олмай қийналдик, аёллардан анча кўнгли қолди! Шунга қизингизни ҳавас қилиб келдик!" дейишди. Зайтунани обдон маҳалла-кўйдан суриштиришибди. Худойимга шукрлар бўлсин, одамлар ҳам кимнинг қанақалигини билишади-да! Анча йиллар Иззатжоннинг касалини қарагани-ю, эрни бошига кўтариб яшаганигача айтиб беришган, чоғи...
Ўрнимдан туриб, ошхонадан ҳеч кимга-ҳеч нарса демай чиқиб кетдим. Ортимдан салдан кейин яна бир стакан компот кўтариб Исторахон кирди:
-Опа, сизга ёқди-а? "Яна ичгингиз келса, ичарсиз!" деб хонангизга олиб кира қолдим.
-Раҳмат...
Бўғзимга аччиқ нимадир тиқилди. Кўзларимга қараб, ҳеч нарсани тушунмай турган Исторахонга ўзимни тўхтатолмай айтиб юбордим:
-Ичим ёняпти! Ичим ўт бўлиб ёниб кетяпти, Исторахон!
Укамнинг аёли секин келиб ёнимга ўтирди:
-Опа, сизни жуда яхши тушуниб турибман. Аммо нима қилай, қўлимдан ҳеч қандай ёрдам бериш келмайди! Аслида, бу бировнинг қўлидан келадиган нарса ҳам эмас. Кўрмаган бўлсам ҳам, раҳматли турмуш ўртоғингизга қанчалик вафодор эканлигингизни билиб, тўғриси ўша инсонга ҳам ҳавасим келди: одамлар бирга яшаб туриб ҳам бир-бирини кўзини ўяди, алдайди, ҳиёнат қилади!
Менимча, сизнинг қандай вафоли аёл эканлигингизни билиб туриб, ана бу одамлар ҳам совчи қўйишди, шекилли! Чунки вафо-садоқатни- ҳиёнатдан оғзи куйганларгина асл қийматини билади. Боя, сизнинг вазиятингизда ҳеч ким ёрдам беролмайди деб айтдим. Аммо тақдирнинг қўлидан кўп нарсани ўзгартириб юбориш келади, опажон! Баъзи ҳолларда Тақдирга бу имкониятни бериш керакми деб ўйлайман! Яна мени нотўғри тушунманг...
Ўзимдан деярли ўн ёш кичик қизнинг гапларини эшитиб нима дейишни ҳам билмай қолдим. Шунча пайтдан бери-фақат угина мени сўзсиз кузатиб келаётган ва "турмуш қуришинг керак!" дея насиҳатлар қилаётганлар орасига суқилиб кирмаган- ягона инсон эди...
Гулгун опам атай ёнимга кирмадилар, ҳаттоки ойим ҳам... Шундагина келинимиз Исторахоннинг ташрифи ҳам шунчаки тасоддиф эмаслигини тушундим...
17 май 2011 йил.
Яна одатдагидек Зуҳра ҳолам келдилар...
(Давоми бор)
#ИшқВаИшқсизликХикоя

​​💥Ишқ_ва_ишқсизлик. - 916470684406

Комментарии