💥ГУНОҲКОР.

(24-қисм)
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Муаллиф: Нуриддин Исмоилов.
Улар қучоқлашиб кўришишди. Бир муддат у ёқ-бу ёқдан гаплашган бўлишди. Кейин Тўхтасин ака тушини гапириб берди. Қори уни намоз ўқимасликда айблади. «Биласиз, ишим жуда нозик. Ҳар битта босган қадамим кузатилади», деб Тўхтасин ака ўзини оқламоқчи бўлди. «Нима, уйингизни ҳам кузатишадими?» сўради қори. «Ҳеч қурса бомдодни ўқинг, хуфтонни ўқинг. Аста-секин кундузги намозларга ҳам вақт топа оласиз. Биров сизга халақит бермайди», деди қори. Тўхтасин ака индамади. Ўзи ўйлаб қараса, ёши ҳам олтмишдан ошибди. Ҳалигача боши саждага теккани йўқ. Шу пайтгача у бу ҳақда умуман ўйламаганди. Аммо бугун ўйлади. Масжид томонга йўлга тушганида ўйлади: «Майли, ўзингиз йўл-йўриқ кўрсатиб юборарсиз».
Улар хайрлашишди. Тўхтасин ака ортига ўгирилиб энди икки қадам босган эди, қорининг сўзлари уни тўхтатди:
— Ўтган бир-икки кунда ҳеч нима бўлмагандими?..
Тўхтасин аканинг хаёлига бирдан қизининг цехи ёнгани келди.
— Бўлганди, — деди у қорига юзланиб, — қизимнинг цехи ёниб кетди. Уни унаштириб қўйгандим. Хабарингиз бор, эртага ош бераман...
— Кейин нима бўлди?..
— Болалар ким ёққанини топишди. У шу бинони биз билан талашган одамнинг укаси экан.
— Хўш?..
— Хуллас, мен унинг акасининг оиласига сарфланган пулларнинг ҳаммасини қайтариб бергандим. Иккаламиз ҳам мошенникка рўбарў келган эканмиз. У иккаламизга ҳам шу бинони сотган экан... Менинг тошим оғирроқ келиб қолганидан кейин у бечора сарфлаган пулларига ичи ачиб, чидолмай ўлиб қолди. Қўл силтаб кетишга кўнглим бўлмади. Оиласига харажатини бердим. Лекин бундан укасининг хабари йўқ, у чет элда юрган экан. Келиб гап-сўзларни эшитганидан кейин кечаси цехни ёқиб юборибди...
— Ҳозир у бола қаерда?..
— Қамоқда. Қилмишига яраша жавоб беради энди.
— Ака, битта илтимос айтсам, қиласизми?..
— Сиз айтсангиз йўқ, демайман...
— Даъвонгизни қайтиб олинг. Очиқликка чиқсин шу бола. Биламан, сиз икки томонлама «тушасиз». Лекин охиратда ютасиз...
Тўхтасин ака қотиб қолди. Бирор нима дейишга қийналди. Пешонасида эса тер пайдо бўлди.
— Мана кўрасиз, ака, енгил тортасиз. Бир нимадан қутулгандай бўласиз...
— Мол аччиғи — жон аччиғи. Ундан кейин шу ернинг сарф-харажати кичкина сумма эмас...
— Тушунаман...
Тўхтасин ака кўзини олиб қочди, бошини қашлади. Эндигина нурлари кўрина бошлаган қуёш томонга қараб:
— Кечдим. Кечдим. Кечдим, — дея уч маротаба такрорлади ва жилмайди.
— Эртага ҳаммадан олдин бораман, — деди унга қори.
Ҳақиқатан ҳам, Тўхтасин аканинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Уйига бориб сезди у буни. Дарров хотинини чақирди. Қаҳва дамлашни буюрди. Ортидан нонуштани ҳам тезлатди, қиладиган ишларим бор, деди. Сўнг Намунани уйғотишни ҳам айтди. Намуна аллақачон уйғониб бўлган эди. Ювиниб-таранган. Бироқ хафа бўлиб хонасида ўтирганди. Сабаби, у энди бахтга эришаман, деб турган бир пайтда олдида фалокатнинг пайдо бўлиши уни эсанкиратиб қўйганди.
Отасининг овозини эшитиб, у ташқарига чиқди.
— Буни қаранглар, худди сувга тушиб кетгандай. Қизим, ҳаммасини унут, сен дунёдаги энг бахтли қизсан. Мен сенга керак бўлса, ўшандақа цехдан ўнтасини, йигирматасини қуриб бераман. Энди уйда ётавермасдан, тўйга тайёргарлигингни кўр. Сен ҳам дугоналарингни айтишинг керакдир, яна бир нима, бир нима. Хуллас, сиқилиб уйда ўтирма. Тамом!..
Намунанинг кўнгли бирдан кўтарилди.
Соат тахминан тўққизга яқин Тўхтасин ака терговчига қўнғироқ қилди. «Анави болага нисбатан даъвом йўқ. Қўйиб юбор, илтимос, аризамни ҳуқуқшуносим Акбар олиб боради. Ҳамма нарсани тушунаман. Аммо сен шундай қил», деди. Кейинроқ эса унинг тилидан Акбар ёзган аризага имзо чекиб берди.
Ҳамманинг вақти тиқилинч эди. Аммо барига улгуриш керак. Сардор улгурди. Ёки қисман улгурди... Кейин нақ ўнта жўраси билан қайтиб келди. Жўралар эрталаб тўйхонага бориб ош еб келишди. Мақташди. Ошни «Синдириб ташлашаркан», дейишди. Сўнг келинникига келишди. Сардорни турткилашди. «Синглиси йўқмикин, жуда зўр куёв бўламан. Мендақа куёв тополмайди», деди йигитлардан икки-учтаси. Намунанинг биттагина қиз эканлигини билишганидан кейин афсус қилишди...
Тўй зўр ўтди. Сардорнинг қишлоғига Тошкентдан нақ олтита артист борди. Яна унча-мунчалари эмас, кўксига урган, менман, деганлари. Бориб тўйни қиздириш у ёқдан турсин, чангини чиқариб юборишди.
Сардор қишлоқда ўн кун турди... Ҳамсоялар Намунани роса мақташди. «Шаҳарликман, демади. Бойнинг қизиман, демади. Сигир соғди. Ҳовли супурди. Ҳатто таппи ҳам қилди. Муомаласини айтмайсизми», дейишди... Янги келинчак ўрилган бедани оғил томонга ташиётганини кўрганларида эса бу келин робот бўлса керак, дейишди... Аммо Намуна кечга бориб, оёғини кўтаролмай қоларди. Айниқса, биринчи-иккинчи куни. Бироқ тишини тишига босди. «Сардор менга уйланиб афсусланмаслиги керак», деди. Сардор (у амаллаб Намунани сен дейишга ўрганиб олганди) «Жуда ўзингни уринтираверма. Бир балони орттириб олишинг мумкин», деди. Намуна кулиб қўйди...
Ўнинчи куни Абдукарим ака «Боринглар, ишларинг қолиб кетди. Бу ердаги ишлар ҳеч қачон тугамаган, бундан кейин ҳам тугамайди. У ёқ муҳим. У ёқ қаровсиз қолиб кетмасин», деди. У Намунанинг цехи ёниб кетганидан бехабар эди.
Намуна уйига келганларидан сўнг онасига қўнғироқ қилди. Онаси борамиз деди. Кейин цехда таъмирлаш бошланганини айтиб ўтди.
«Сардор икки кун дам оламан, ҳеч қаёққа чиқмайман», деб режалаштирганди. Бироқ шу куниёқ Шомурод пайдо бўлди.
— Ошна, Ўткир акани пичоқлаб кетишибди! — деди.
* * *
— Гапимни эшит. Охирги йўлга ўт. Тормозни бос. Секин босиб бор! Тўхта. Тўппончани ол!..
— Нималар деяпсан?! Тўппонча ишлатишни билмайман-ку! — дея бақирди Ўтбосар.
— Фарқи йўқ. Сен уларга тўппончани тўғрилаб тепкини бос. Тегса тегар. Бўлмаса қочар!.. Ҳеч бўлмаганда вақтдан ютасан!..
Маҳкам шундай деб газни яна қаттиқроқ босди. Бироқ орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас, яна Ўтбосардан қўнғироқ бўлди.
— Мен тўхтадим... Лекин улар ўтиб кетишди. Жуда тез ўтишди! — деди у.
— Бўлди, бораман, ҳозир қимирламай тур!
«Бундан чиқди, автофалокат тўғрисида уларга хабар берилган. Ҳозир боришиб шерикларининг ҳолидан хабар олишади. Умуман, бунинг шарти ҳам қолмади. Биттасидан ташқари ҳаммаси ўлиб кетишди», дея кўнглидан ўтказди Маҳкам.
У Ўтбосарнинг машинаси турган жойнинг қарама-қарши тарафига тўхтади. Ва тушиб қўли билан имлаганча дўстини чақирди. Ўтбосар келди. Унинг ранги докадай оқариб кетганди.
— Қайтамиз, — деди Маҳкам, — тўғри ошхонага борамиз. Ҳеч қаерга чиқмайсан. Машинага ўтир...
— Уни нима қиламиз? — дея ўзи миниб келган уловни кўрсатди Ўтбосар.
— У бузилиб қолган. Шу ерда қолади. Телефон рақами борми, қўнғироқ қил. Ўзлари келиб олиб кетишади. Ўзларида ҳам калит бор.
— Ҳа, — деб Ўтбосар қўлидаги тўппонча билан пешонасини қашлади. Кўрсаткич бармоғи эса тепкининг устида эди.
— Тентакмисан?.. Нима бало қиляпсан? Қуролингни бу ёққа бер! — дея Маҳкам унинг тўппончасини тортиб олди.
Улар Дубайга ярим соат деганда етиб келишди. Ошхонага боришди. Ошпазлар хонасига киришди. Ўтбосарнинг ранги шундан кейингина бироз қизарди.
— Сен билан иш қилиб бўлмас экан. Мана шу ердаги амалингни қил, у ёғини ўзимга қўйиб бер. Тушундингми? Умуман ташқарига, ҳатто мижозларнинг ёнига ҳам чиқма!..
Маҳкам умумий залга чиқди. Мижоз камайиб қолибди. Узоғи билан тўртта столда хўрандалар ўтиришибди. Ҳеч бирининг юзида ташвиш кўринмайди. Улар мана шу ошхонанинг эгаси ва ошпазларига ҳавас қилишади. Овқати зўр, дейишади. Пул оқиб келяпти уларга, дейишади... Шундай дейишлари аниқ, чунки уларнинг ҳаммаси муҳожирлар, Покистон ва Бангладешдан келишган. Покистонликлар такси ҳайдашади. Айтганча, улар ҳам носвой чекишади. Нослари худди плиткали шоколадга ўхшайди. Айтишларига қараганда, аэропортдагилар шоколад деб ўтказиб юборар эмиш. Маҳкам синаб кўрган, ёқмаган. Уларнинг даромадлари кўп эмас. Шунинг учун мана шу ошхонанинг ўзбекларига ҳаваси келиб ўтиришибди. Аммо улар шу ўзбекларнинг бошида нималар борлигини билишмайди.
Маҳкам қараса, официант йигитлардан бири бўш. Уни ёнига чақириб қўлига пул берди. «Бориб битта телефон олиб кел. Сим карта ҳам ол», деди. У қанчадан бери хотинларига қўнғироқ қилолмай ҳалак эди... Бундан икки соатча муқаддам шу телефон сотиб олиш ҳам муаммо бўлиб турганди. Йўли осон экан, калласига келмабди.
Официант йигит (у андижонлик, исми Бобур, инглиз тилини билади. Билими бор-йўғи официантликка етди) келгунича Маҳкам тоқатсизланди. Қаҳва дамлаттириб ичди. Босмади ўрнини. Бир хаёл «Дубай мол»га чиқиб айланиб келмоқчи бўлди. Аммо ниятидан қайтди. Чунки ҳамма ёқ тузоқ бўлиб ётибди.
Охири стулга ўтирди-да, кириб келаётган мижозларни кузатди.
Ниҳоят, Бобур келиб, телефонни берди. Маҳкам шу заҳоти Гулчеҳрага қўнғироқ қилди.
— Қандай ўтирибсизлар?..
— Яхши, — жавоб берди хотини.
— Ҳеч ким келмадими?..
— Йўқ!..
— Кўчада шубҳали бирорта машина кўринмадими?
— Кўчага қарамадик. Ҳовлида Санобар иккаламиз бир-биримизга термилиб ўтирибмиз...
— Яхши. Менга қара, менинг уйга боришим хавфли бўлиб турибди. Ўзинг бирорта авикассага боргин-да, Кипрга чипта олиб кел. У ёқдаги уйимизнинг манзилини биласан. Шу ёққа боринглар-да, ҳеч қаерга чиқмай ўтиринглар. Ҳамма шароит бор. Ҳовли кенг. Денгизга қараган. Зерикмайсанлар. Мабодо зерикиб қолсанглар, Санобар иккаланг бирор нима ўйлаб топинглар. Ўйин-пўйинга ўхшаган.
— Сиз-чи? — сўради Гулчеҳра.
— Мен имкони бўлиши билан орқаларингдан етиб бораман.
— Биттамиз қолайлик...
— Йўқ. Мумкин эмас!.. Кетинглар, дедимми, тамом. Муҳокама қилманглар. Мен ҳар куни сизларга қўнғироқ қилиб тураман...
Маҳкам телефонни ўчиргач, енгил тортди. «Ана энди, — деди у ўзига-ўзи, — мен ҳам ошхонадан жилмайман. Камераларни кўпайтираман. Фақат камералар орқали иш қиламан».
У ошпазлар ёнига борди. Ўтбосарнинг қўли ишга текканидан кейин у анча ўзига келибди. Шунга маза-да. Қўлида ҳунари бор. Ўзини-ўзи чалғита олади.
Улар кечаси билан камералар сонини кўпайтиришди. Бунинг учун сира қийналишмади. Фирмага қўнғироқ қилишганди. Ўзлари келиб ўрнатиб бериб кетишди.
Ўн кун мобайнида уларни биров безовта қилмади. Маҳкамнинг тинкаси қуриб кетди. Уззукун мониторга тикилиб ўтиради. Хўрандаларнинг ҳар биттасини диққат билан кузатади. Бироқ уларнинг бирортаси ҳам шубҳали хатти-ҳаракат қилишмайди. Келишади. Официантлардан бирортасини чақиришади. Буюртма беришади. Овқатини олиб келишгунича ўзларининг тилида бир нималар деб суҳбатлашади. Сўнг ўринларидан туриб кетишади.
Хўроз сочлилар келишди. Тўртта. Бўй-басти келишган. Аммо кийимларининг ҳамма ёғи йиртиқ. Бошларининг икки тарафидаги сочини ялтиллатиб олдириб ташлашган. Аммо каллаларининг ўртасида худди хўрозникига ўхшаш «кокил»лари бор. Узунлиги бир қаричча. Биттасиники кўк, иккинчисиники қизил, учинчисиники яшил ва яна биттасиники сариқ... Маҳкам уларни кўриб қотиб қолди. «БАА мусулмончилиги жуда қаттиқ давлат. Қандай қилиб бунақаларни киритишди?! Очиғини айтганда, ҳеч вақога тушунмаяпман», деб ўйлади. Кейин ёдига пул келди. Араблар ҳам пул учун ҳамма нарсага рухсат бериб қўйишганга ўхшайди... Фоҳишахоналар истаганча. Ароқ топса бўлади. Меҳмонхоналарда бир хилда яширинча, бошқасида очиқчасига сотишади. Кўчада ярим-яланғочлар тиқилиб кетган. Фақат арабларнинг ўзлари ёпиниб юради...
Ўн биринчи кун. Маҳкам монитордан зерикди. Телефонига ўйин ёздириб олганди. Шуни ўйнаб ўтирганида, уни бир йигит сўроқлаётганининг хабарини беришди. Маҳкам дарров мониторга қаради.
— Қайси?.. — деди.
Официант қиз кўрсатди... У бир ўзи ўтирарди. Мўйловли. Оч сариқдан келган. Сочи жингалак. Яна қошлари қалин ва киприги узун. Пешонасида ажин бўлмаган жой қолмаган. «Ким экан бу?» дея бошини қашлади Маҳкам ва оғриниб ўрнидан турди. Сўровчининг ёнига борди.
— Мени сўраттирганмидингиз? — деди ўзбекчалаб.
Мижоз унга инглиз тилида жавоб қайтарди.
— Оббо, тушунмайман. Ҳозир. Бобур, — деди Маҳкам қаддини ростлаб орқа томонига қараркан.
— Нау, нау, ман озгина русча билади, — деди йигит.
— Тушунарли, — деди Маҳкам ҳам рус тилида ва унинг рўпарасидаги стулга ўтирди.
— Сиз ман танимади? — дея сўради хўранда.
— Йўқ, — жавоб берди ажабланган Маҳкам.
— Ман парик, — дея бошини кўрсатди мижоз.
— Ҳа-а, тушундим. Ўзим ҳам айтдим, бошидаги сочи сира ярашмабди, деб.
— Тисс, айтма, камера... Сан ман гаплаш...
— Мана, гаплашиб ўтирибмиз-ку...
— Нау, бошқа. У ёқда, гаплаш...
— Ҳмм, алоҳида демоқчисан-да.
— Окей...
— Яхши, юр.
Маҳкам уни омборхонанинг ёнгинасидан тўртта одам зўрға сиғадиган хоначага олиб борди. У ерда ҳам ўтириш мумкин. Чунки иккита стул бор. Хоначага кирганларидан сўнг мижоз бошидаги парикни олди. Юзига ёпиштирилган нарсаларни ҳам шилиб олди.
Давоми бор.

💥ГУНОҲКОР. - 923742957046
Ҳикояни калит сўзи 👇
#ГуноҳкорХикоя

Комментарии