Комментарии
- Комментарий удалён.
- 2 сен 2022 12:14
Мана она хакикий чиккан киз чигирикдан ташкарида уз уйи оиласи билан булиши керак берганда яхши олганда емон экан тогасигаям шунча ишлатган цехдан улуш бериши керак эди етимнинг хакки етти дарени курутади дейишади хали тогасини кургулуклари олдинда деб уйлайман бу сафар иккита азаматни Оллохим кайтариб берди лекин яна шу етимларга тегишса ялмогиз Онасининг гапига кириб аник уз бошларига етади
- Комментарий удалён.
- Комментарий удалён.
- Комментарий удалён.
- Комментарий удалён.
- 6 сен 2022 16:13Давоми чиқадими ўзи хафтада бир марта ёзадигон бўлиб қолдилар сийқаси чиққан дордан қочган кўчирма хикоялар бир кунда уч марталаб қўйиляпти
- 7 сен 2022 23:11Узр, мактабда иш#кўпайиб кетти, бир хафта кеча кундуз кундалик.ком билан овора бўлдим
- 7 сен 2022 23:14Ўзи энг қизиқарлироқ Тилла бола бўляпти рахмат лекин вакт ажратиб ёзятганиз учун Аллох хайрли қилсин
Для того чтобы оставить комментарий, войдите или зарегистрируйтесь
📚 Ҳикоя ва Қиссалар.📚 🇺🇿 🇺🇿 🇺🇿
Тилла бола–54.
Аллох таъоло деди: «Одамлар орасида шундай кимсалар хам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари холда фақат ўзларинигина алдайдилар» (Бакара: 8, 9).
*****
Отабек рўпарадан келаётган Камазни ўтказиб юбориш учун мотоциклнинг юкхонаси томонидаги ғилдирагини йўл четига чиқариб олди. Шунда хам Нақ рўпарасига келганда юракни вахимага солувчи сигнилини чалиб ўтган хайдовчини ичида “йўл берсамам сигнал чаласанми қўрқитиб, ярамас” деб сўкиб қўйди. У яна йўлга чиқиб олган паллада орқа томонда қарсиллаган овозни эшитди. Иззатилло хам Отабек хам бир онга орқаларига қараб, тўқнашув юз берганини кўриб қолишди. Отабек Урални йўл четига олиб тўхтатаркан қариндошига:
–Кеч қоляпмизда, бўлмаса бориб нима бўлганини аниқлардик,–деди.
–Ака, нишабликка машина думалади шекилли, моторни ўчираверинг!–дедида ўша томонга қараб чопди. У етиб боргунча Камаз хайдовчиси хам пастга қараб чопиб туша бошлади. Икковлари деярли бир пайтда Ласетти тепасига етиб бордилар. Машинанинг олд томони Камазга урилгани оқибатида деярли текис бўлиб пачоқланган, думалаганда эса томи хам пучуқ бўлиб қолибди. Камаз хайдовчиси оёғи осмондан бўлиб турган машинанинг эшигини очмоқчи бўлди очилмади.
–Ука, ёрдамлашинг, ичида икки киши бор экан!–деди Иззатиллони кўриб.
–Ака эшик очилмаса ойнани синдирайлик, машина ёняпти!–Иззатилло орқа томондаги оловга ишора қилди. Бояги одам хайдовчи ёнида ўтирган одамни қутқари учун синган ойнадан ичкарига мўралади. Иззатилло эса хайдовчи ёнбошидаги бутун қолган ойнани бор кучи билан тепди. Тўкилмаган шишаларни қўли билан териб ташлади.
–Тузукмисиз ака?–сўради афт–ангори қора қонга ботган хайдовчидан. Хайдовчи нимадир деб ингради, гапи тушунарсиз эди. Йигит уни елкасидан ушлаб ташқарига тортмоқчи бўлди–ю, бироқ ўрнидан қимирлатолмади. Машина ичи тутунга тўлар, нариги томондан одамларнинг йўтала бошлагани эшитиларди.
–Мен биттасини чиқардим!–Камаз хайдовчисининг хурсанд бўлган овози эшитилди.
–Тилло, чиқмаяптими?–ортидан Отабекнинг овози келди.
–Ха, ака, қисилиб қолибди.
–Ременни тақволгандир балки? Мундоқ турчи! Ие, бу Собирку! Наргиси Тохир эканда унда?
Иззатилло Отабекка жой бериб ўзи орқа эшикни очишга уринди. Унга фарқи йўқ эди, халокатга учраган қариндошими, душманими, барибир кўнгил амри билан ёрдам қўлини узатаверарди.
Хартугул, бу эшик камроқ шикастланган экан, осонроқ очилди. У ердан кириб, Отабекка кўмаклашмоқчи бўлди. Бу орада Камаз хайдовчиси ўзи қутқарган йўловчини сал нарироққа олиб бориб, катта тошга ўтқазди–да, яна қайтиб келди. Машина ёнига келганда эса кучайиб бораётган оловни кўриб қўрқиб кетти.
–Қочинглар йигитлар, хозир газ балон портлайди!
У шундай деб огохлантирдию ура қочди. Тош устига ўтқазиб қўйган бояги одамни қўлтиғидан олиб имкон қадар узоқроққа олиб кетишга уринди.
–Ремен чиқмаяпти Тилло, пичоғинг борми?
–Пичоқ йўқ ака! Энди нима қиламиз!
–Ие, оловни қара!–Отабек гуриллаб ёнаётган оловни кўриб қўрқиб кетти.–Қоч, портлаяпти. Тилло, қоч!
Отабек унинг қўлидан ушлаб тортқилай бошлади. Иззатилло эса гавдаси билан ичкарига кириб олганча, хавфсизлик камарининг тугмасини босарди. Одатда осонгина босилиб, халқадан чиқиб кетадиган камар аксига олгандек махкам тишлаб турволганди.
–Ака, ременни сал бўшатиб орасидан суғуриб олсакчи!
–Э–э, қочсангчи ёнғинни қара! Қоч!!!
Отабек бу сафар уни тортиб хам ўтирмади, тепаликка қараб қоча бошлади. Вазият жуда қалтис. Машинага ўрнатилган газ баллони исталган сонияда портлаб кетиши мумкин эди.
Бироқ, Иззатилло бу хақда ўйламасди. У Собирни қандай қилиб чиқариб олишни ўйларди. Отабек қочиб кетгач, олд ойнага ўттида гавдаси билан ичкарига кирди. Камарни машина девори ичига ўрайдиган қисмидан аста тортиб кўрди, Чиқмади. Таранг бўлса чиқмаслигини тушуниб, аксинча ўрам ичига қайтаришга уринди. Шунда бир–икки сантиметрлик оралиқда камар букланди. Елкаси билан Собирни сал юқорига кўтариб, юмшоқлик билан камарни торта бошлади. Харакати иш бериб, ўрам ичидан яна ўн беш сантиметрча камар чиқиб келди. Камар чиқмай қолгандан кейин эса елкасини тортганди, Собир пастга силжигандек бўлди.
–Торт! То–о–орт...–Собир инграй бошлади. Йигит ўзига кела бошлаганди.
Етарлича бўшади деб хисоблаган йигит тоғаваччаси бошини соат стрелкасига қарши йўналишда айлантириб, пастга тортди. Белигача камардан холи бўлган жойида яна тиралиб қолдию, ортиқ силжитиб бўлмади. Пачоқланган том хайдовчининг шундоққина пешонасига келиб қолгани уни тортиб олишига тўсқинлик қилиб турарди.
Иззатиллони муздек тер босди, нахотки қутқариб қололмайди. Начора, қўлимдан келганини қилдим, энди қочишдан бошқа чора йўқ. У гавдасини ташқарига олганда машина гуриллаб ёнарди. Оловни кўриб ўз жонини ўйлаш ўрнига яна ачиниш хисси кучайиб кетти. Эхтимол, мана шу хиссияти туфайли Собирни қутқариб қолгандир.
–Ташлаб кетма!–бу сафар Собир илтижо қилди. У ўзи қандай фожеали вазиятга тушиб қолганини тушуниб қолганди.
Қочишга шайланган оёқлар тўхтади. Чунки, ўриндиқ суянчигини орқага ташласам нима бўларкан, деган ақлли савол хаёлига келиб қолганди. Шундай хам қилди. Суянчиқни бўшатувчи тортмани босиб, бор кучи билан суянчиқни итарди. Бунда Собир пастга қараб узала тушиб ётгандек холатда камарга осилиб қолди. Шундан сўнг орқа эшик томондан уни торта бошлади. Учинчи уринишда бутунлай машина ичидан суғуриб олди. Қўлида юк билан тепаликка чиқиш қийин бўлгани учун ўша қиялик бўйлаб машинадан узоқлаша бошлади. Ўн қадамча юрганди хамки қулоқни қоматга келтириб газ баллон портлаб кетти. Хаво тўлқини Иззатиллони хам улоқтириб юборди.
Шундан сўнггина тепадан кузатиб турган йўловчи одамлар пастга қараб югурдилар. Кўплашиб Собирни тепага олиб чиқишди. Иззатилло Собирни ёнига ўтириб олганча касалхонага йўл олдилар.
Бўлиб ўтган воқеани Машрабга айтишмади. Онаси ва опа–сингиллари жонлантириш бўлимига етиб келишди. Коридорда ўтирган Отабек ва устлари чанг, тимдаланган Иззатиллони кўриб баттар вахимага тушдилар.
–Ўғлимни нима қилдинг! Нима қилдинг ўғлимни хароми!–Нодира Иззатиллонинг сочидан чангаллаб юзига тарс–тарс ура кетти. Яхшики Отабек ва хамширалар уни ажратиб қўйди.
–Янгамулло, рахматингиз шуми хали? Сиз олдин нима бўлганини суриштирмайсизми?–Камаз хайдовчиси унга ўшқириб берди.–Ўғлингиз тамом бўлувди, ёниб кетарди машинаси ичида. Газ баллон портлашидан хам қўрқмасдан шу бола олиб чиқди ўғлингизни!
–Йўқ, шуни деб бўлган! Шу шумқадам келдию уйим алғов – далғов бўлиб кетти. Қараб тур, бошшингни янчаман сен болани!
Қизлари оналарини тичлантириш учун нари олиб кетишди. Иззатилло эса унинг холатини аламзадаликка йўйиб қўяверди.
Кичик ўғли жонлантириш бўлимида бўлгани учун Нодирани у ёққа киритишмади. Аммо, енгил жарохатланган Тохирни кўришига рухсат беришди. Она ўғли ўз оёғида турганини кўриб анча хотиржам тортди:
–Тузукмисан болажоним? Нима бўлди а? Нега бу ахволга тушдиларингиз?
Тохир эса хамон бўлиб ўтган воқеа таъсирида карахт холда эди. У бўлган воқеани бор холича гапириб берди. Камазни йўлига чиқиб беришганда уриб пастга думалатворганини айтаётганда онаси “вой шўрим” деб ох тортиб юборди.
–Нана, машина портлади. Агар аммамни ўғли бўлмаганда... ўша бола қочмасдан ёрдам кўрсатмаганда ... укам... укам хозир ёниб кетган бўларди. Хеч ким машинага яқинлашолмади. Хамма қўрқди...
Тохирнинг кўзларига ёш қуйилди, томоғига нимадир тиқилиб гапиролмай қолди. Уни тинглаган сари Нодиранинг шашти пасаяверди. Бироқ, энди Иззатиллога ташланар даражада тажовузкор бўлмаса–да, ўз хатосини англар даражада ақлли хам эмасди. Аслида бу автохалокатга мен ўзим сабабчиманку деган гап хаёли кўчасидан анча йироқ эди.
–Бу бола бизга Худо томонидан юборилган нажот фариштаси бўлди нана!
–Бўлди, мақтоврма! Ўша бола кемаганда шунча кўргуликлар йўқ эди. Бир чиройли яшаб юрувдик! Ошга тушган пашшадек табимизни хира қилди.
–Нана, нима ўзини ховлисигаям келмасинми?–Тохир онасига норози тикилди. Гапларига қараганда катта ўғилнинг виждони уйғониб кетибди.–Ўз хақини талаб қилмасинми? Сиз биздан яхшироқ биласку уй уники эканини? Цехниям язнам қурдирган экан. Менам анча нарсани сўраб билиб олдим. Сиз эса ўша пайтларда хаммасига гувох бўлгансиз.
–Язнанг қурдирган цехни номи қолган холос,–хечам хақиқатни тан олгиси келмасди Нодира.–даданг хитойдан янги технологияларни олиб келтирмаганда аллақачон бузилиб харобага айланарди.
–Ўша апаратлар хам цехдан келган даромадга олинган эканку.
–Сен бола менга дўстмисан ё айиққами? Ўша харомзодани деб менга қарши гапиряпсанми?
–Мен бор гапни айтяппанда нана...
–Бор гап бўлса ўзигаям бориб айт. Касалманд даданг билан талашиб яна жанжал қўзисин.
–Нега жанжал қўзиркан. У дадамни таклифига рози бўлиб кетаётгандию...
Фарзандлари бўла туриб биз дадамга қарши чиқдик, ўзимизча унга хеч нарса бермасликка тиришдик. Йўлда авария қилиб ўлиб кетишини истадик. Ўзимиз қазиган чохга ўзимиз тушдик. Энди Собирни ахволи нима бўлади?
–Хеч нима бўмийди. Оёғи синибди, эт–бети сал шилинибди. Уч–тўрт кунда яхши бўлиб кетади дейишди.
–Нана, ўлдирмоқчи бўлган одамингиз сизни ўлимдан қутқарса қанақа бўлади?–Тохир бу гапни шунчалар шикаста, овозлари титраб гапирдики, хатто Нодиранинг хам юраги қалқиб кетти.
–Сиз шундай қилган бўлармидингиз?–ўғлининг охирги саволи онани буткул ғазабдан туширди. Она бу саволга “мен қутқарган бўлармидим” деб эмас “ўғлим уни қутқарган бўлармиди” қабилида ёндашди. Табиийки, ички овози “хеч қачон” деб жавоб қилди. Демак, ўша бола саховатга лойиқ, деб хисоблай бошлади. Қандай саховатга? Қандай эканини қуйидаги воқани сўзлаб берсам тушуниб оласизлар.
Бир куни ота ва ўғил довон ошиб қўшни овулга кетишаётган экан. Йўл узоқлигидан боланинг чанқоғи ошибди. Аксига олиб, ўзлари билан сув олишмаган экан. Шу аснода ортларидан хачир минган бир одам етиб келибди. Бир қўлида нон иккинчи қўлида кичик мешда сув бўлиб, йўлма– йўл тановул қилиб бораётган экан. Ўғлига рахми келган ота ўша сувдан умидвор бўлибди.
–Ассалому алайкум! Сафарингиз бехатар бўлсин биродар!–деб гап бошлабди.
–Валекум ассалом!–беписандгина жавоб берибди йўловчи.
–Ўғлим қаттиқ чанқади, юргиси келмаяпти. Худони йўлида шу болага бир қултум сувингиздан берсангиз.
–Юргиси келмаса кўтарволмайсанми!–хачир минган одам жадаллаб ўтиб кетибди.
Ота–бола хам яна йўлида давом этибди. Бир жойга боришганда йўл қояни айланиб ўтаркан. Айни шу ер тик жарлик бўлиб, бояги хачир жар лабида оёғини махкам тираб турганмиш. Ота–бола яқинроқ бориб қарашса, бояги йўловчи хачир бўйнидаги арқонга осилганча пастда ёрдам сўраб чақираётган экан.
Буни кўриб ота–бола дарров ёрдамга ошиқишибди. Ўғли хачирни нари хайдаса, отаси арқонни тортиб, йўловчини тепага чиқариб олибди.
Бола бола эканда, боя сув сўрасак бермади, энди нонидан хам қўшиб берса керак деб умид қила бошлабди.
Йўловчи эса, уларга қуруққина қилиб “рахмат” дебдию, хачирга минибди. Эгарга осилган мешни олиб, хачирни ура кетибди. Иттифоқо, меш қўлидан чиқиб, жарликка тушиб кетибди.
Нодира хам ўша йўловчи сингари қуруққина “рахмат” дейдиганлар сирасига кираркан. Кичик ўғлини кўриш истагида ўрнидан қўзғоларкан, Тохирга тайинлади:
–Мен боя уни уришиб берибман. Ўзинг тушунтириб қўярсан, нанам билмай қолибди, узр сўради, деб.
Қахрамонимиз Иззатилло эса уларнинг рахматигаям саховатигаям умидвор эмасди. Собир соғайиб палатага чиққунча яна икки кун шу ерда қолди. Ана ундан кейингина юртига жўнаб кетти.
Азиз ўқувчи англаб тургандир, йигит нима мақсада боргандию, энди уйдагилара нима дейди? Онасику, ўғли уйни акасига бериб келганини эшитганда “яхши қилипсан” деб қўя қолди. Аммо, эртасига мехмонга келган опалари норози бўлишди.
–Ўша уй дадамни уйи, унда бизниям хақимиз бор эди. Нега ўзбошимчалик билан совға қиласан? Ўша пулларга қанча режаларимиз бор эди,–деб йигитни сиқувга олишди.
–Опалар, нега тушунмайсизлар у уйни дадам онамни махрига атаб олган. Онамдан бошқа хеч кимни хақи йўқ унда!
–Онанг тирик бўлганда шундай эди,–катта опасининг кўзлари олайиб кетти.–Энди уй меросхўрларга тақсимланиши керакми?
–Қўйинглар қизларим, уялмайсизларми?–Робия уларни тартибга чақирмоқчи бўлди.
–Ая, нимасига уялиш керак! Ўша уйни сотиб келганда сизга ёрдам бўлармиди. Кўриб турипсиз, невараларингизга хатна тўй қилишимиз керак. Новвос олишга пулингиз йўқ.
–Қизим, новос эмас, хамма қўчқор қиляптию хозир.
–Биззикилар новвосдан умидвор ая!–Марғубанинг лаблари чўччайди.–Қайнанам хар икки гапни бирида “тоғаси новвос опкелса, сотиб қўчқор оламиз, ортган пулга анча камимизни қиволамиз” деб ўтирипти. Манави бели оғримаган ўн беш минг долларни чўлоқ акасига совға қивормаганда хамма қизларингизни тўйларини ўтказиб олардингиз.
–Ўзини уйи, нима қилса қилибди, сенлар нимага таъмагир бўласан?–Робиянинг хам аччиғи чиқа бошлади.–Ўғлим ўз бармоғини тишласа сенларни кўзингдан ёш чиқадими?
–Хаммамизни уйимизку!–бу сафар Мафтуна хам онасига норози гапирди.
–Сенлар ақлингни еганмисан а? Уят, номус борми сенларда? Даданг уйни Дилфузани махрига берса, қанақасига сенларни хақинг бўларкан? Сен Дилфузани қизимисан ё меними? У уй Тилло билан акасини мероси? Акасини уйи йўқ экан бериб юборибди. Сахийлик бўлса шунчалик бўлар.
–Йўқ жойдан акасиям пайдо бўлақолди?–Мухаббат дўқонглаганча полни гурсиллатиб ховлига чиқиб кетти.
– Ўрганинглар ундан қондошларни қанчалик эъзозлашни. Сенлар бир–биринг учун нима қилдинг, тўрт опа–сингил? Бировингни иккита нон билан бориб хабар оляпсанми? Укангни қара умрида бир мартагина кўраётган акасини келажаги учун уйдан воз кечиб келди.
Кейин, ўғлим фақат акасигамас, сенларгаям жонини беришга тайёр. Уйда ишинг кўпайса мардикор ўрнига Тиллони чақирасанлар. Пулнику қўявер, онамга олиб бор деб битта нонни қўлига тутқазолмайсанлар! Яна меросхўрмиш булар.
Кенжа сингилларинг ўқишга топшираман деб репититорга қатнаяпти, қайси биринн бирон марта ёрдам қилдинг? Мана, ўғлим мардикор ишлаб бўлсаям тўлаяпти ўқишини пулини. Шу пулдан орттириб йўлкиро йигаман деяпти, Россияга кетаман деяпти. Хадемай уни турмушга берсак, кўпроқ пул қилишимиз керак деб жони халак. Сенлар бўлса, қўчқор ўрнига новвос ундириш харакатидасанлар? Қассобга ёғ, эчкига жон қайғуси эканда.
–Ая, қўйинг, давленангиз ошиб кетмасин!–бир ёнидан Иззатилло бир ёнидан Мубина уни тинчлантиришга урина бошладилар.–Опаларимга новвос керак бўлса новвос оламиз тўйларида. Мен озроқ ишлаб йўл кирога пул йиғволай, Россияга борсам хаммаси ўз ўрнига тушиб кетади.
–Россиядаям пул топиш осонма ўғлим. Кўчадан супириб олмайсан, униям ўзига яраша мехнати бор. Хўроз хамма жойда бир хил қичқиради.–Робия хамон қизишиб гапирарди.–Мени қизларим нега бунчалик худбин бўлиб кетишяпти тушунолмайман. Мени қизларимми шулар, таниёлмаяппан?
Қизлари тилларини ютгандек жим қолгандилар. Айниқса Марғуба лоладек қизариб кетганди. Хеч қанча бўлгани йўқ Иззатилло телефон оламан деб йиққан пулларига қизини даволатганди. Эри хам буни билгандан бери укасини мақтайди доим. Эри мақтаб юрсаю, ўзи келиб укасини сиқувга олгани чатоқ бўлди. Яхшиям шу укам бор, онамдан хотиржаммиз, ичидан тин олди у.
–Қани, учаланг хам, тур ўрнингдан. Мана, кўришдик, соғ–саломат экансизлар билдим. Ғиззиллаб уйларингга қайтингларчи.
–Ая, хайдаяпсизми?–эшик очилиб Мухаббатнинг овози эшитилди. Туришидан, эшик ортида туриб хамма гапни эшитаётган экан.
–Керак бўлса хайдайман! Яхшиликча келиб, яхшиликча кетинглар! Биззи уйдаги муаммоларга аралашманглар! Чиққан қиз чийриқдан ташқари!
Дониёр Аҳмаджонов.
#тиллаБолаХикоя