💥РИЗҚ.

(Ҳикоя)
Гр: 🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: Наргиза Усанбаева.
“Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир.
Ва сенга етган ёмонлик нафсингдандир...”
(Нисо сураси, 79-оят)
- Кўп борганман. “ТТЗ” томонда. Номи “Болалар суяк сили касалликлари сиҳатгоҳи”. Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин. Олиб кетинг, - зорланди аёл. Юпун кийингани учун субҳнинг салқин ҳавоси юзларидаги майда, сариқ тукларнинг ўрнини билдириб, чеҳрасини нонпар урилган патирдек ғадир-будир ҳолга келтирган, бурнининг учи қизарган, тинмай сув оқаётгани боис “ширқ” этказиб тортиб қўярди. - Уйим у қадар узоқда эмас, бир қишлоқ нарида.
Тонг ғира-шира ёриша бошлаган. Еттитом бекатида тўрт-бешта машина эгаси пойтахтга кетиш учун мижоз кутарди. Кўчада одам йўқ. Атрофдаги дўконлар очиқ бўлгани билан сотувчиларнинг айни пайтдаги асосий иши - ўтирган стулида мизғиш. Йўлни эринчоқлик билан кесиб ўтаётган эшакни айтмаса, шу аёлдан бошқа зоғ йўқ ўзи.
- Бекор ҳам одам келишини кутиб турибсиз-ку! – ялинчоқлик билан деди аёл. - Юринг ука, боламни олиб келайлик, йўқ деманг.
- Янга, “уйимга бориб боламни оламиз”, деяпсиз. Яна “Сиҳатгоҳгача олиб бориб қўясиз”, деяпсиз. Қайтишда ҳам сиз билан қайтаман, деяпсиз, - қизишиб гапира кетди Шокир. - Берадиган пулингиз юз эллик минг сўм экан. Уйингизгача ҳам салкам ўн километр юраманми? Тошкентга боргандан кейин, сиҳатгоҳингизгача ҳам ўлдим деганда йигирма километр бордир? Уларнинг пули-чи? Битта одамни “Еттитом”дан “Бек барака” бозорининг ёнигача олмиш минг сўм билан олиб кетяпман. Сиз бориш-келишингизга эллик минг сўмдан бермоқчи бўляпсиз, яна уйингиз ва сиҳатгоҳ ортиқча!
- Пулим кам эди-да. Шу болани тўрт ёшидан буён ўша ёққа ётқизиб даволатамиз. Етказолмаяпмизда...
- Янга! Нега тушунмайсиз? Мен нима қилай? Менда йўқми, бола-чақа? Боринг, бошқа такси билан гаплашинг, мен олиб кета олмайман, - бақириб берди Шокир.
- Ҳозир сизнинг навбатингиз экан-ку! Сиз кетаркансиз. Эртароқ кетсам, кечгача қайтишга ҳам улгураман-да! Илтимос, ука. Пулим бўлса берардим. Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин! – ялина бошлади аёл.
- Ҳеч бўлмаса, болангиз шу ерда бўлсаям бошқа гап эди, - тўнғиллади ҳайдовчи.
- Боламнинг оёғи гипсда-да. Суяк чириши дейишган. Тўртинчи синф боласи. Кап-катта бўлиб қолди, кўтара олмайман. Шунга таксини уйга олиб келаман, дегандим-да... – ҳайдовчининг қалби юмшаши учун янаям тушунтира бошлади аёл.
- Бошимни қотирманг, бошқа такси гаплашинг, - Шокир қовоғини осиб жувондан узоқлашди. Ўлжа қидирган бургут мисоли ўткир нигоҳини атрофга тикиб мижоз излади. Аксига олиб ҳеч ким йўқ. Аёл гириҳ кўзларини унинг ортидан тикканча қолаверди.
- Олиб кетсангиз бўлайди, - оғзидаги носини авайлаб гапирди сал нарида машинасига суяниб турган Ўктам.
- Юз эллик минг сўмга боласини уйдан олиб келиб, сиҳатгоҳга обориб қўйиб, яна ўзини қайтариб олиб келишим керак экан, - аёлга атай эшиттириб деди Шокир. – Ўғли билан сиҳатгоҳга боришининг ўзи шунча пул бўлади-ку!
- Йостдан пули йўқдий? – лабларини чуччайтириб олди Ўктам.
- Қайда? Боласини дўхтирга олиб борадиган одамда пул бўлмайдими? Дўхтирга борадиган одам, мол сотади, қўй сотади.
- Савоб ҳам керак-ку! – инсофли бўл, дегандек гапирди Ўктам.
- Сен олақол ўша савобни, - асабийлаша бошлади Шокир.
Шу пайт худди уни тинчлантирмоқчи бўлгандек йўл четига келиб тўхтаган машинадан иккита йигит тушди.
- Тошкентми? – улар томон шошиб одимлади Шокир.
- Ҳа,- деди йигитлар ҳам.
- Чиқинглар, оқ нексияга.
- Қанча бўлади?
- Олтмиш минг. Иккита одамим бор, жўнаймиз.
Йигитлар тушган машинаси юкхонасидан катта сумкаларини олиб, Шокирнинг машинасига жойлади. Шокир Ўктамга “кетдим”, дегандек қўл кўтарди-ю, машинасига ўтирди. Атрофда ҳалиги аёл кўринмасди.
- Анув хотин қайтиб кетдими, дейман, - машинасини жилдираркан, аёл келган томонга аланглади Шокир.
- Нима деди у? – деди ёнида ўтирган, Тошкентдаги ўғлиникига кетаётган қўшниси Ҳикмат бобо.
Озғин, узун бўйли бобонинг оқ-қора аралаш соқоли кўпроқ кулранг бўлиб кўринар, ўсиқ қошлари чуқур кўзларини ёпишга урингандек, булоқ бўйидаги қамишлар каби пастга қараб турарди. Шунданми жаҳли чиқиб турган одамдек таассурот уйғотарди.
- Нега олмадинг у аёлни?
- Ўғлининг оёғи гипс экан, - бобога қараб оларкан, деди Шокир. - Уйимдан олиб чиқиб, сиҳатгоҳгача олиб бориб қўйинг дейди. Арзимас пулга.
- Ўша ризқинг эди-да, - йўлдан кўз узмай деди бобо.
- Ризқим бўлса, минарди-да, айтган пулимни бериб. Мана, ўрнига бошқа йигитлар чиқди-ку! – орқада ўтирган йигитларга ишора қилди Шокир.
- Эрта тонгда Худойим бандаларига ризқ улашаркан. Ўша аёл биринчи бўлиб тўғри ёнингга келди. Яна боласи касал экан. У бераман, деган пул ризқинг бўлганми, дейман-да. Тағин билмадим... – ёнидаги ойнадан узоқ-узоқларда кўринаётган тоғларга боқиб деди Ҳикмат бобо.
- Қизиқсиз-да, бобо. Юз эллик минг сўмми, менинг ризқим? Сиз олтмиш, орқадаги ака ва икки йигит олтмиш минг сўмдан беради. Ҳаммаси икки юзи қирқ минг сўм бўлади-ку.
- “Ютганинг сеники, чайнаганинг гумон”, болам.
- Ўзи асабим бузилганди, сизам бир нималар деманг, - Шокир олд томонда секингина кетаётган машинага жаҳл билан сигнал чалди. Бу ҳам етмагандек, гож ҳисларини жиловлай олмай бақирди: – Тезроқ юрмайсанми, эшак?! Эшак арава миниб кетаётгандай имиллайсан!
Ҳикмат бобо нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, яна индамай ўнг томонидаги далага тикилганча кетаверди.
Орқа ўриндиқда ўтирган юзлари думалоқ, тўладан келган ака Тошкентда яшаркан. Газетчи. Икки йигит эса ўқишга ҳужжат топширгани чиқишибди.
- Тез юрдик. Худо хоҳласа, ўн бир бўлмай Тошкентда бўламиз, - мамнун бўлди ҳалиги газетчи ака.
- Ҳа, яхши бўлди. Бизам ҳужжат топшириб, қайтишга улгурамиз, - деди абитуриент йигитлардан бири.
- Мен Тошкентга боргач, машинада бироз мизғиб оламан. Соат учда тургандим. Уч яримдан буён бекатда эдик. Тўрт яримда юрибмиз мана. Бир соат Ҳикмат бовам билан одам кутибмиз. Шунга озроқ ухлаб олиб, тушдан сўнг қайтаман. Телефонимни ёзиб олинглар, ўзим олиб қайтаман, - Шокир қайтишга ҳам мижоз топилганидан хурсанд бўлди.
- Майли, айтинг рақамингизни, - деди абитуриент йигитлар ва Шокирнинг телефон рақамини ёзиб олишди.
Газетчи ака билан Ҳикмат бобонинг гапи гапига соз келди. Гурунг тўхтамасди. Икки ёш йигитнинг боши ҳали бўйни қотмаган гўдакники каби гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга оғиб ухлаб борарди.
- Ҳе-е-е, онангни... Тошбақага ўхшамай ўл! Тезроқ юрсанг ўласанми?! – туйқус Шокир бақириб суҳбатни бўлар, йигитларни ҳам уйғотиб юборарди.
- Рўпарада келаётган машина сенга чироғини ўчириб-ёқдими? Танишингми? – ҳайрон бўлиб Шокирга қаради бобо.
- Ие, шундай қилдими? Радар бор экан-да! Ишора бериб кетди. Манов тошбақа бекорга секин юрмаётган экан-да! – ёнидаги секин юриб кетаётган машинани кўзлари билан кўрсатиб деди Шокир. - Билган экан радар борлигини. Мана-а-а, айтмадимми? Туришини қаранг, радарнинг.
- Шу шўпирларга қойил қоламан. Бир-бирини зўр қўллайди, бова, - ўзи Шокирнинг ортида ўтирган бўлса-да, бўйнини Ҳикмат бобо томон чўзиб деди газетчи ака. – Қаранг, таниса-танимаса радар борлигини билдириб кетди.
- Менам қойил қолиб турибман, - деди бобо қалин, ўсиқ қошларини силаб. – Сенам ўзимизнинг халқни қўлла, газитчи болам. Қўлингдан кўп иш келади. Бизнинг қишлоқнинг одамлари сувни сотиб олиб ичишяпти. Еттитомдан чучуқ сувни бочкада олиб бориб, атрофдаги қишлоқларга литрини 60 сўмдан сотишяпти. Ноилож оляпмиз. Кун иссиқ, кир-чир, ювиниш-чайиниш, ичишнинг ўзига бир кунда икки юз литрлаб сув кетиб қолади. Ўзимизнинг қудуқларнинг суви шўрлаб кетди. Ҳеч нарсага ярамайди. Шуни ёзиб чиқ. Халқни амаллаб ичимлик суви билан таъминлашнинг йўли бордир? Одамлар гази бўлмаса ўлмайди,электри бўлмаса ўлмайди. Лекин сувсиз ўлиши мумкин. Савобгаям қоласан.


- Э-э-э, газитчилардан фойда йўқ, бова, - деди Шокир йўлдан кўзини узмай. – Буни блоггерларга айтиш керак. Улар бирдан етиб боради, камера билан. Газитчилар хонасидан чиқмай, янгиликларни ёзади фақат...
- Э-э-э, уларингни мен танимасам, - деди Ҳикмат бобо.
Улар гоҳ сукут, гоҳ гурунг билан, гоҳ Шокирнинг бақирган, сўкинган овозини эшитиб Тошкентга ҳам етиб келишди.
Шокир абитуриент йигитларга қўнғироқ қилишларини қайта-қайта тайинлади. У Қашқадарёнинг кирачилари турадиган автотураргоҳга келганида кун тикка келиб қолганди.
- Кимдан кейинман, - деди у дарҳол навбат олишга уриниб. – Қорнимни тўйғазай, навбатим келгунча ухлайман.
Лекин камуйқулик ва чарчоқ ўз ишини қилаётган, у машинадан тушиш истамасди. Ўриндиғини ётқизди. Қорни очлиги ҳам сезилмай, кўзларини уйқу элита бошлади.
— Ука, Қашқадарёми? — шу чоғ машина ойнасини кимдир урди. Икки юзи қип-қизил, катта сумка кўтариб олган қирқ-қирқ беш ёшлардаги семизгина аёл унга қараб турарди.
— Ҳа, — деди Шокир уйқусираганча эшикни очаркан.
— Дарров кетмайсизми? Менга бир соатлардан кейин юрадиган машина керак.
— Йўқ. Навбатим келмади ҳали.
— Биз икки кишимиз. Шеригим ҳали бозорда. Тўрт кишининг пулини берамиз. Машинангизнинг устига ҳам юк қўйиш мумкинлигини кўриб атай келдим. Жойлаган молимизнинг ҳам ҳақини тўлаймиз, олиб кетинг.
— Майли, - деди Шокир жонланиб.
— Фақат... яна бир бозорга кириб чиқаман-да. Кейин айтган пулингизни бериб жўнаймиз.
— Хўп, — хурсанд бўлганидан уйқуси ҳам қочиб кетди Шокирнинг. — Бемалол айланиб келаверинг. Мен озгина ухлаб оламан. Шу ерда бўламан.
— Ҳалиги... бу ерга келганим... шу сумкамни ташлаб кетсам... Оғир. Кўтариб юрмай...
— Майли,— деди Шокир машинасидан ирғиб тушаркан.
— Тағин бошқа одам олиб жўнавормайсизми? Сумкамда мол бор, — ишонқирамади аёл. Иккиланиб сумкасига қаради: — Олиб кетсаммикан? Э, буни бозорда кўтариб юришнинг ўзи бўладими?
— Опа, бировнинг ҳақи керакмас менга? Оғир юкни кўтариб юриб нима қиласиз? Ташлаб кетаверинг.
— Кетиб қолмайсизми, ишқилиб?
— Ҳозир йўлдан келдим, опа. Ухлайман деяпман-ку! Келиб уйғотсангиз, олиб кетаман.
— Бўлди ука. Молимиз кўп. Яхшиям, машинангизнинг тепасида ҳам юк қўядиган жойи боракан.
Аёл бозор сумкасини машинанинг орқа юкхонасига жойлади-ю, шошиб “Абу Сахий” бозори томон кетди.
Шокир бемалол ухлаб олиши мумкинлигини, мижоз ҳақида қайғуриш шартмаслигини ўйлаб қувонди. Кўзларини юмди. Энди кўз уйқуга кета бошлаган экан, ҳалиги аёлнинг овози келди:
— Ука, ука-ю!
Шокир шартта машинадан тушди.
— Қаранг, ярим йўлдан қайтдим. Телефон рақамингизни ёзиб олмабман. Бозордан чиқаётганда қўнғироқ қиламан, борасиз-да. Биз сумкалар билан қайтиб келиб юрамизми?
— Майли, майли, — деди Шокир ва дарҳол телефон рақамини айтди.

— Яна бир илтимос ука. Пулингиз бўлса, юз минг сўм бериб туринг. Бозорда бир нарса кўргандим. Шуниям бир йўла олиб кетай. Сизга уйдан олиб бераман. Барибир уйимизгача ташлаб қўясиз-ку. Айтган пулингизни берамиз.
Шокир савдогар аёлларни яхши билади. Мард бўлишади улар.
— Хўп, — Шокир дарҳол чўнтагини кавлаб сал аввал мижозларидан олган икки юз қирқ минг сўмдан юз минг сўмини ажратиб аёлга тутқазди.
- Раҳмат ука. Умрингиздан барака топинг. Телефон қиламан, бўлмаса. Чиқасиз, дарров. Сумкам сизда, мен кетдим...
Шокир энди буткул хотиржам бўлиб, машинасига ўрнашди ва ширин уйқуга кетди. Қанча ухлади, билмайди. Телефонининг овозидан уйғонди.
- Ало? – деди кўзларини ҳам очмай.
- Ака, биз эрталаб сиз билан келувдик. Кетмоқчи эдик. Қаердасиз? – абитуриент йигитлардан бири экан.
- Мен жўнаб кетдим. Бошқа таксига ўтираверинглар, - ёлғонлади Шокир ва ухлашда давом этди.
Тушида алланималарни кўриб ётган экан. Кимдир машинасининг ойнасини калтак билан ураётганмиш. Шокир “урма” деса қулоқ илмасмиш...
— Ака, мазангиз яхшими? Кетмайсизми? — машина ойнасини уриб уйғотди Носир исмли киракаш.

— Хайрият, тушим экан, - деб қўйди у кўзларини қисиб Носирга қараркан.
— Мен “тўлдим”. Кетяпман. Ҳали қарайман, ухлайсиз, ҳали қарайман ухлайсиз. Хавотирланиб сўрадим.
— Яхшиман! Одамим бор. Бозорга кириб кетди. Соат неччи бўлди, ўзи?
— Уч бўлди. Зўрға одам олдим, менам. Бўпти, ака!
— Уч бўлиб кетдими? — таажжубга тушди Шокир. — Шунча ухладимми?
— Айтдим-ку, ҳеч туравермадингиз, мазангиз яхшими, деб...
— Одамим бор эди. Бир соатларда телефон қиламан, деб кетганди. Сумкаси турибди.
— Бозорчими?
— Ҳа.
— Бозорчилар “Ипподром”нинг ёнидан кетишарди-ку! Ўзларининг таксилари бўлади. Бу эринмай шу ерга келибдими? – таажжубланди Носир.
— Ҳа. Ким билсин...
— Вилоятдан келган савдогарлар соат учгача юрмайди. Тонгда “оптом”дан савдо қилади-ю, кетади. Сумкасини очинг. Арзимас нарса бўлса, мана бу ошхонага ташлаб кетинг. Шу пайтгача Жиззахга етардингиз. Телефон қилса, сумкангни ошхонага қўйдим, дерсиз, - деди Носир Шокирнинг давкашлигини билгани учун тушунтиришга уриниб.
Унинг фикри Шокирга маъқулдек кўринди. Лекин бирдан қарз берган юз минг сўми ёдига тушди-ю, кутишдан бошқа иложи йўқлигини англади:
— Кутмасам бўлмайди. Юз минг сўм қарз ҳам бергандим.
— Унда кутинг, мен кетдим, - Носир хайрлашиб жўнади.

Шокир овқатланди, телефонини титкилади, интернетга кирди. Сўнг ўрнидан туриб, яна йўл қаради. Қўнғироқ қилай деса, ҳалиги аёлдан рақамини ҳам олиб қолмаган. Сиқила бошлади. Соат ҳам кечки бешга қараб борарди. Киракаш йигитларнинг ёнига бориб, дардини ёрди.
— Ака, ростдан ҳам сумкани очиб кўринг. Бозорчилар бунча қолиб кетмайди, - деди бу йигитлар ҳам воқеани эшитгач.
Кимдир ростмана қайғурганидан, кимдир қизиқиши устун келиб уни сумкани очишга ундади. Охири Шокир машина юкхонасини очиб, сумкани чиқарди. Ҳамманинг олдида унинг оғзини очди. Сумка ғижимланган қоғоз, эски латта-путта, елим халталар билан тўла экан...
Шокирнинг бирдан қўл-оёғи жонсизлангандек бўлди. “Қулт” этиб ютинди. Шу пайтгача Самарқандга етган, яна икки юз қирқ минг сўм ишлаган бўларди-я! Шу хаёлда чўнтагига қўлини суқиб, пулига қаради. Аёлга берган қарзи ва овқатланганидан ташқари, қўлида бир юз йигирма минг сўм қолганди...
ТАМОМ

#РизқХикоя

Комментарии

  • 26 мар 07:14
    РАХМАТ ЖУДА ЯХШИ
  • 26 мар 07:53
    Ютганинг узингники ,чайнаганинг эмас
  • 26 мар 17:54
  • 27 мар 05:14
    Худога шукур дейиш керакда , нима булса хам .
  • 27 мар 23:43
    d8fddd3500
  • 31 мар 17:36
    ассалому алекум бугун битта ҳикоя ўқидим ярмини ўқиб кейин ўқимоқчи эдим энди тополмаяпман илтимос ёрдам бериб айтиб юборинглар... қизни тўйи бўлади куёв автоҳалокатда ўлиб қолади никоҳ кечаси қизни ота онаси уйга олиб кетади.. давомини ўқишим керак тополмаяпман