💥УЧИНЧИ ТАҚДИР.

6-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
Зумрад нафасини ичига тортди. Алам билан шивирлади:
— Ҳали ўша болали аёлни неварангизга тенг биляпсизми?
— “Тенг тенги билан, тезак қопи билан!” Мен қўшиб қўйганим йўқ уларни. Ўғлинг ўзини ўшанга лойиқ билди.
— Бўпти, ойи, гапирмадим! Битта-ю битта неварангизга катта тўй қиламиз-у, ўша болали хотинни олиб берамиз! Эртагаёқ совчиликка бораман. Қишлоғингизни ҳам айтинг тўйга! Усмон бобонинг синглиси ёлғизгина қизининг биттагина зурриётига болали аёл олиб берганини кўриб қўйсин! — Зумрад шаҳд билан ўрнидан турди-ю, эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.
Бувсара кампир икки ўт орасида қолди. Зумрадга гапни “узиб” бергани билан ичи эзилмоқда эди. Малакни келин қилиш ўзининг ҳам орзуси. Аммо айни дамда Шариф унга муносиб иш қилмаяпти. Бунда ўзининг ҳам айби бор. Ахир ўзи ҳам неварасининг тарбиясига бефарқ бўлмадими? Зумраддан кўра у Шарифга яқинроқ эди-ку! Эркаланиб унинг ёнида кўп вақтини ўтказмасмиди? Зумрадга нисбатан асл нарсаларни неварасига кўпроқ у илинмасмиди?! Ўша пайтлар фақат неварасининг томоғи, эгнини ўйлайвермай, ҳаёт ҳақида ҳам пича гапирганидами? Энди қандоқ қилиб турмуши бузилган жувонни ҳали йигирма бешга ҳам кирмаган неварасига олиб беради? “Ҳечдан кўра кеч”, дейишади. У кечки пайт Шариф билан гаплашишни дилига тугди. Кеча келмаган бўлса, бугун албатта келади уйга.
— Зумра-а-ад. Чой ичамизми бугун? Шариф келса ўзим гаплашаман. Бўлди, қовоқ-тумшуқ қилма! — юмшаганини билдирди она.
Зумрад худди шуни пойлаб тургандек чойнак кўтариб кириб келди:
— Сизнинг гапингизни икки қилмайди у. Гап орасида Малакни эслатинг. Қанақа ширин қиз эди у. Кўзлари чарос узумдек тим қора, чақноқ. Қошлари-чи?..
Бувсара кампир “бўлди қил”, дегандек қизига норози қаради. Ён бергиси келмай деди:
— Балки Шариф бошқа бир қизни айтар. Ҳар ҳолда ўқиди, ишлаяпти. Атрофида бордир-да қиз зоти.
* * *
— Буви, у мени деб оиласи билан ажрашди, — Шариф ҳам очиқ гапира бошлади.
Ҳар доим гапни буриб, ўрнидан туриб кетадиган қилиғи бу сафар ўтмади. Бувиси “ё дилингдагини айт, ё бизнинг гапимизга кўн”, дегач ўтиришга мажбур бўлди.
Етмишдан ошган буви мийиғида куларкан, неварасидан сўради:
— Сени деб ажрашибдими? Балки эри ҳайдаб солгандир?
Шарифнинг оппоқ юзи пушти рангга кирди. Лабларини қимтиб, янаям эгилди.
— Мен ҳам, ойинг ҳам доим айтганингни муҳайё қилдик. Майли, бу истагингни ҳам бажо қиламиз. Орзу-ҳавасимизни қилиб тўй бошлаймиз. Ўша жувон оқ кўйлак кийиб, қизчаси билан ёнингда турадими?
— Ҳислар жунбушга кетганда, ақлинг хира тортади. Сен унинг ёнида ҳиссиётга берилиб, ваъда бергандирсан. Лекин тўйинг, у билан бир умр яшашинг ҳақида ўйлаб кўрмагансан, тўғрими? Ёки тўйни жувонга мослаб, тантана қилмай, ўраб-чирмаб уйга олиб келамизми? Сен қай бирини режа қилиб, уни танладинг?
Шариф бир сўз дея олмади. Ростдан ҳам шу пайтгача булар ҳақида ўйлаб кўрмаган экан. Хаёлида ҳар доим Василанинг ҳузурига бориб, ширин висолдан баҳраманд бўлиб юраверадигандек эди. Шунинг учун бўлса керак, ажралгиси келмасди. Онасига ҳам “Нега унинг ёнига бордингиз? Бизни тинч қўйинг”, дегани шундан.
Бир йилча онаси ҳам, бувиси ҳам ҳеч нарсани сезмади. Аммо охирги пайтларда Васила уни уйига кетгани қўймади. Нияти Шарифнинг ҳаётида борлигини унинг онасига билдириш эди. Мана билдириб қўйганига, очиқча “ўғлингиздан воз кечмайман”, деганига ҳам бир ойдан ошиб қолди. Унинг бу сўзлари бошида Шарифга ҳақиқий муҳаббатдек, жасоратдек кўринганди. Бувисининг сўзларидан кейин эса, ўйга толди.
— Нега индамайсан? — ундан кўз узмай турарди бувиси.
— Ҳаммага масхара бўлмоқчимисан? — боядан буён жим ўтирган онаси ҳам суҳбатга аралашди. — Ундан кўра бувингдан сўра, сени кимга уйлантирмоқчи? Малакка! Уч йил олдин кўргандинг-ку қанақа қизлигини...
Бувсара кампир қизига ўқрайиб қаради. Зумрад дарров гапни бурди:
— Агар Малак ёқмаса, ўзинг билган бошқа қизлар бордир ишхонангда... Айтганча, ўша хотин ҳам ишхонангдан-ку. Бирга ўқиганларинг ичида бордир?
Шариф ҳамон тилини ютиб юборгандек ўтирарди.
— Ўғлинг ўша жувондан кўнгил узолмаяпти. Наилож, совчиликка борамиз. Қизчаси ота-онасиникида қолармикан ё келармикан? Ё унга ҳам оқ кўйлакча кийдириб, ёнларингга ўтқазиб қўярмиз! — ўзини аччиғи чиққандек кўрсатди Бувсара кампир.
— Мени таниганларнинг ҳаммаси Василани билади, — ҳамон бош кўтармай деди Шариф. — Шунинг учун ҳеч бир қиз менга тегмаса керак. Малакка бораверинг!
— Ана-а-а! — қувончдан ўзини тута олмади Зумрад. — Мен нима дедим, ойи? Малак унга ёқади. Ҳали ўша хотинни ҳам унутиб юборади. Энди қишлоққа борамиз, ойи! Малак барибир уйимизга келадиган бўлди!
Бувсара кампирни ўртага олиб турган оловлардан бири сўнгандек бўлса-да, елкасига оғир юк тушгандек, чуқур хўрсинди. Бебош неварасига қай юз билан Малакни сўраб боради?
* * *
Яшил рангдаги баланд сим тўсиқ билан ўралган футбол майдони Анисга қўтир эчкининг танасини эслатди. Майдоннинг бир жойи тақир, бир жойида ўсган ажириқ ҳам босилиб, тупроққа беланиб кўримсиз ҳолга келган. Шундай бўлса-да, йигитлар учун бу майдон жуда қадрли. Уч-тўртта йигит майдонда, яна бир нечтаси кийимларини алмаштириш билан овора. Анис ҳам коптокни кўргач, янада шоша-пиша кийинди. Сўнг тўғри коптокни оёқларида ўйнатаётган курсдоши томон чопди.
— Ани-и-с! — эндигина интиққанига етганида йигитнинг ортидан курсдоши чақирди.
— Нима-а-а? — ўзи томон юмалаб келаётган тўпни тепиш учун хезланаркан, бақирди Анис ҳам.
— Қишлоқдошинг келган. Ётоқхона олдида. Бораркансан!
— Уф-ф! — йигитнинг юзи буришди. — Ишга кетган демадингми? Ҳозир ўйин бошланади-ку!
— Оббо. Бошламай туринглар, — ётоқхона томон югурди Анис.
Уни ётоқхона ҳовлисидаги ўриндиқда Умида кутиб ўтирарди. Умида узун бўйли бўлгани учунми озғин кўринади. Қошлари қалин бўлмаса-да, туташиб кетган, бироз қисилган кўзларини беркитишга чоғлангандек киприклари тикка-тикка ва узун. Шу боисданми, ерга қараганида кўзлари умуман кўринмай қоларди.
— Қалайсан, Умида? Тинчликми? — шошиб турганини билдириш учун Анис узоқдан бақириб борди.
— Салом, — ундан кўз узмади қиз.
— Яхшимисан? — кела солиб қўл чўзди йигит.
— Ўзингиз-чи?
— Кўриб турибсан, футболда эдим.
— Мабодо, қишлоққа бормайсизми, деб келгандим. Ҳадемай имтиҳонлар бошланади. Борсангиз, бизнинг уйдагилардан пул олиб келармидингиз?
— Ўзи икки ой қолди-ку! Кетмайман! Қанча пул керак? Бериб турайми? “Гонорар” олгандим телевидениедан.
— Сизни ҳар чоршанба куни кўряпман. Зўр чиқяпсиз. Қишлоққа борганимда ҳам энди ҳар чоршанба телевизордан чиқишингизни айтиб келгандим. Кўришаётгандир, — жилмайди қиз.
— Айтгандинг буни. Қанча пул керак эди?
— Майли, амаллаб етказарман. Бора қолай...
— Айт, бераман...
— Йўқ, раҳмат! Тежарман... Бўпти... — ортига бурилди қиз.
— Зарур бўлса кел, бераман, — Анис ҳам бепарво ҳолда яна стадион томон югурди.
Умида ўгирилиб йигитга қараркан, томоғига тиқилган аламни зўрға ютди.
“Негаям келдим? Ҳар доим шу. Озгина вақт ажрата олмайди, эътибор қилмайди. Ҳалиям Малакни ўйлаб юрармикан? Йў-ўқ, бирорта курсдоши кўнглига йўл топган! Ўшанинг кўзи олдида мен билан гаплашишни истамаса керак...”
Қизнинг кўнгли чўкди. Икки йилдан буён турли баҳоналар билан Аниснинг ёнига келади. У бўлса бирор марта борган ёки келганида илиқ муносабат қилган эмас.
— Кетдими муҳаббатинг? — кулди бояги курсдоши Анисга пешвоз чиқиб. — Магнитинг бор сенинг — тортасан, ўзи келади қиз доим. Сенам биздан бекитиқча бориб келсанг керак-а, ёнига?
— Қанақа муҳаббат? Қишлоқдош қиз, — деди Анис оёқларини силтаб, баданини қиздираркан.
Ичида эса энтикди: “Магнитим Малакка таъсир қилсайди. Сира уни ўзимга торта олмайман. Балки бошини эгиб, ўзини олиб қочгани учун ҳам ёқар менга! Умидага ўхшаб ўзи эргашадиган қизларни эса жиним суймайди...”
9
2000 йил, май. Ғаллаорол
Малак кечки соат саккизгача барча юмушини тугатиш учун елиб-югурарди. Уйдаги бошқалар ҳам худди шу учун шошаётгандек.
— Дилором-у-в, телевизорни ёқиб қўйинг! Ҳозир Анис чиқади. Бугун чоршанба... — қўшни ҳовлидан Аниснинг онаси бақирди.
— Ёқдик! — овоз берди Малакнинг онаси ҳам.
Қизнинг баттар юраги ҳапқирди. У ҳар ҳафта ёшларга мўлжалланган кўрсатувда бошловчилик қилаётган Аниснинг чиқишини интиқлик билан кутар, меҳр билан томоша қиларди. Кўрсатув бошланишига ўн дақиқа қолди. Бутун оила телевизор қаршисига жам бўлди.
— Кимдир дарвозани уряптими? — қулоғини динг қилиб деди укаси Бобур.
— Сўрагунча бориб қара, — сергакланди отаси ҳам.
Югуриб чиқиб кетган Бобур деразадан деди:
— Тошкентлик аммамлар келишди!
Меҳмонларнинг дараги ҳаммани ўрнидан қўзғатди. Айниқса Малакнинг онаси — Дилором шошиб қолди:
— Малак, югур, меҳмонхонага яхши кўрпачалардан сол. Мадина, сен чой қўй-да, сабзи тўғраб тур. Палов қиламиз.
Малак малолланиб меҳмонхонага кирди. Кўрсатувни кўролмайди энди. Шунинг учунми меҳмонларни пича ёқтирмагандек ҳам бўлди. Улар билан кўришаётганда ҳам икки кўзи телевизорда, хаёли кўрсатувда эди.
— Малак, кап-катта қиз бўлиб қолибсан-ку! — Зумрад унинг юзини кафтлари орасига олиб ўпаркан, ҳавас билан пича тикилиб турди.

Қиз табассум қилди-да, ўзини тортиб дастурхонни тузатишга киришди. Зумрад эса ундан кўз узмасди. Бувсара кампир ҳам зимдан қараб-қараб қўярди.
Қизнинг фикру зикри ҳалиям телевизорда эди. Кўрсатувни кўра олмаслигига кўзи етгач, эртага такроран намойиш этилганда ўтказиб юбормасликни дилига тугди. Ҳар куни эфирга узатиладиган, айнан ёшларга аталган бу кўрсатувни илгари у кўрмасди. Икки ойдан буён чоршанба кунги дастурни кутади.
Эшитишича, бошида Анис шу кўрсатувга лавҳалар тайёрлабди. Уни қишлоқдагилар кўришмаган. Умида келиб, энди ҳар чоршанба куни бошловчи бўлиб чиқишини айтгач, бир у эмас, бутун қишлоқ кўра бошлади. Малак кўзларига ишонмасди. Ҳали ўқишни ҳам тугатмаган, оддийгина қишлоқ йигитининг шундай машҳур, ҳамма севиб томоша қиладиган телеканалдан чиқишини тасаввур ҳам қилолмасди-да. Кейин билдики, Анис амалиёт ўташ учун шу кўрсатувга борган ва у ерда ўз қобилиятини кўрсата олган экан.
Қиз уни телевизордан кўриб қувонади, ҳавас қилади. Бироқ юрагининг бир чети ғашланади ҳам. Ахир бу хабарларнинг ҳаммасини Наврўз байрамида қишлоққа келган Умида айтди. Демак, улар учрашиб, гаплашиб туришса керак. Шуни ўйлаб Малак озорланади.
Бу оғринишни қиз эртасигаёқ унутди. Чунки бувисининг онасига айтаётган гапи унинг ўйларини остин-устун қилиб ташлади. Аввалига меҳмонлар учун сузилган сутга сариёғ солаётган Малак бувисининг юзига ажабланиб қаради. Бувиси унга парво ҳам қилмас, келинига шивирлаган киши бўлиб гапирар, аммо овози Малак ва Мадинага аниқ эшитилиб турарди:
— Амманг билан қизи Малакка совчиликка келишибди. Кечаси айтди. Ўктам билан маслаҳатлашиш керак. Менимча Зумрад рози бўлмаганимизга қўймайди. “Болалигида бермадингиз, кейин ҳам сўрадик, унамадингиз. Энди қарши чиқа олмайсиз. Тоғам тирик бўлганида рози бўларди. Шаҳарда яшайди, хоҳласа ўқитамиз ҳам...” деди.
— Малак ҳали мактабни ҳам битирмади-ку!
— Ҳадемай тугайди мактаби. Улар тўйни икки ой ичида қилишмоқчи...
— Сизнинг берадиган чўтингиз бор-ов... — тўнғиллади Дилором қизига бир қараб оларкан.
— Қизли уй — карвонсарой. Энди сўраб келаверади совчилар. Тайёр тур, демоқчиман. Ўктамга айт. Келишиб олиб, кейин меҳмонхонага киринглар... — Ойсулув кампир шундай дея ошхонани тарк этди. Бироқ жим кетмади. — Амманг оёқ тираса, қўлимиздан нима келарди? Қолаверса, биринчи совчиларга фаришталар эшик очармиш...
— Ана-а, опа, сизга совчи келибди. Ҳали Тошкентга тўй бўлиб кетсангиз эди, — қувнаб деди Мадина.
Малак ерга қаради. Юраги орқага тортгандек бўлди.
— Бермаймиз! Тошкент жуда узоқ, — чиқиб кета туриб деди онаси.
Малак бу сўзлардан енгил нафас олган бўлса-да, бувисидаги хайрихоҳлик дилида хавотир уйғотди. Унинг кўз олдида Анис жонланди: келишган қадди-қомати, қора қошлари, бироз қисиқ, аммо кулиб турувчи кўзлари...
Кейин Шарифни эслади. Икки ё уч йил аввал келганди. Ўшанда у талабалигини айтганди. Оқ-сариқдан келган бу йигитга Малак ўшанда унчалик эътибор қилмаган экан. Унинг ташқи кўриниши на бувисига, на онасига ўхшарди. Узун бурунли, қўй кўз бу йигит тўладан келган бўлса-да, сояда ўсган янтоқдек тасаввур уйғотганди Малакда. Уни ўйларкан, қиз кўнглида ҳеч қандай ҳисни туймади. Қизиқиш ҳам, меҳр ҳам, нафрат ҳам йўқ.
— Тошкентга тўй бўлсангиз, борардик, чиройли жойларни кўрардик. Ҳамманинг оғзи очилиб қолади, “Малак Тошкентга тегаётган экан”, деб, — Мадина бундан хурсандлигини яшириб ўтирмади.
— Ўч! Ҳали ким тегяпти? Ўқийман мен... — жаҳл қилди Малак.
— Ўқитамиз дейишибди-ку! Тегсангиз, Тошкентда ўқийсиз. Дадамга қолса ҳужжатларингизни Жиззахга топширтиради.
— Овозингни ўчирасанми, йўқми? — синглисига ғазаб билан қаради Малак. — Сайрагунча ма, сутни олиб кир!
— Ўзингиз-чи?
Малак жавоб ўрнига бурнини жийирди.
“Наҳот катта онам совчиларга розилик бериб юборади. Йўқ. Унақа қилмайди. Ахир кечалари неча-неча бор орзуларим ҳақида айтиб берганман. Ўшанда катта онам ҳам ўқишимни, илм олишимни истаган...”
— Келин, қариндошлигимизни рўкач қилманг, — Дилоромнинг “оғзига урди” Зумрад. — Икки томондан ҳам бир авлод алмашган. Қони бир саналмайди энди. Биласиз, Шарифдан бошқа болам йўқ. Тақдир экан-да. Малакни ўз қизимиздек кўрамиз.
— Ҳали мактабни битирмаган. Ўқийман, деб юрибди, — ерга қараб деди Диролом.
Зумрад унинг жонини суғуриб олаётган эди, гўё. Кун келиб қизларига совчи келишини, уларни палахмон тоши каби улоқтиришини биларди. Аммо бу қадар оғир ва оғриқли бўлади деб ўйламаган экан. Балки, бу илк совчиларни кутиб олаётганидан ёки эҳтимол масофанинг узоқлигидандир?
— Мактаб ҳам мана тугаяпти-ку! Бизам бугун совчи бўлиб келиб, эртага олиб кетамиз деётганимиз йўқ. Икки ойларда бошлаймиз. Тўйнинг ҳам ўзига яраша ташвишлари бор. Сарпо қилиш, бичиш-тикиш дегандек... — Зумрад нигоҳини Ойсулув кампирга қаратди. — Янга, ўзингиздан қолар гап йўқ. Сиз нима десангиз, Ўктам ҳам, Дилором ҳам кўнади. Агар тоғам бўлганидами, бу ишимиздан роса хурсанд бўларди. Биринчи келганимдаёқ Малакка меҳрим тушган, биласиз. Агар рад этсангиз, қаттиқ хафа бўламан.
— Шу узоқни яқин қилай деб куйиб-пишяпман-да, янга, — гина билан гап бошлади Бувсара кампир ҳам. — Сизлар бўлса... Ўша узоқ деган жойларингизда мен яшаб юрибман-ку! Мен тирик эканман, уни тез-тез олиб келиб тураман. Шу баҳона ўзим ҳам келаман. Сизлар борасизлар. Шундай қилмасак, мана борди-келди ҳам бўлмаяпти. Йиллаб кўрмаяпман, сизларни. Акам раҳматли йўқлаб турарди. Сизларнинг эсингизга ҳам келмадим...
Унинг титраб айтган гаплари Ўктамнинг раҳмини келтирди. Ростдан ҳам отаси ҳаёт бўлганида ё ўзи борар, ё Ўктамни юборган, ёлғиз синглисини ташлаб қўймасди. Бугун аммаси боғламоқчи бўлаётган риштага ҳам қаршилик қилмасди.
— Хафа бўлманг, амма, — ўзи билмаган ҳолда тасалли берди у. — Бу бирдан ҳал қиладиган масала эмас. Умр савдоси ҳақида гап кетяпти. Маслаҳатлашайлик, ўйлашайлик, кенгашайлик...
— Нимани маслаҳатлашасан? — ҳайрон бўлиб деди Зумрад. — Қизинг пойтахтдек жаннат жойда яшайди. Жиянинг ўқиган, ишлаяпти ҳам. Ҳеч кимдан кам эмас. Уй-жой тайёр. Биз бегона эдикмики, суриштирсанг, синасанг...
— Маслаҳатлашадиган, ўйлашадиган одамларнинг ҳаммаси шу ерда-ку! — жим турмади Бувсара кампир ҳам. — Биз бегона эмасмиз, нима қилсак, бирга қиламиз. Янга нима дедингиз?
— Билмадим, аммаси, бошим қотиб қолди.
— Нега қотади? Ўқийман, деган бўлса, ўқитамиз. Ўқишларнинг ҳаммаси бир қадам. Ҳар куни мактабга боргандек бориб келаверади-да. Худо хоҳласа, чақалоқлаб қолса ҳам, мен бор, Зумрад бор. Ўқишдан келгунча битта болани эплаб туриш қўлимиздан келар...
— Ҳайронман, Малакнинг ўзи нима дейди?
— Малак ҳеч қачон “розиман” демайди. Катталар нима деса, фарзандлар кўниб келган-ку!
Анча тортишувлардан кейин Бувсара кампир оёқ тираб туриб олди:
— Ҳозироқ Малакнинг розилигини олиб беринг. Бизни йўл сарсони қилманг. Келаси гал бирдан фотиҳа тўйини олиб келайлик. Агар удум бўйича, яна келинг десангиз, ундан ҳам қочмайман. Фақат қарилик қуриб кетсин, чарчайман-да...
Имтиҳонларини тугатган Аниснинг қишлоққа беқанот учгиси келарди. Тезроқ борса-ю, Малакни ҳайратга солиб, телевидение, съёмка, монтаж, эфир ҳақида гапириб берса.
“Ўзи қишлоқдагилар кўрсатувни кўришяптимикан? Умида айтиб келдим, деганди. Кўришаётгандир? Энди ҳамма мени саволга тутади. Айниқса, Малак. Бунақа пайтларда уялиш ҳам эсидан чиқиб кетади унинг. Катта-катта кўзларини ҳайрат билан пирпиратиб, савол бераверади-бераверади. Агар жиғига тегиб, жим турсам, бурнини жийириб “Айтмасанг, айтма!” дейди. Айтганча, Малак сизлаб гапиради-ку!”
Йигитнинг кўз олди-да, Малакнинг ерга қараб уялиб гапириши келди-ю, жилмайиб қўйди. Йўл бўйи фақат шуларни ўйлади. Ҳатто, қишлоқ ва туман маркази ўртасида қатнайдиган Мансур таксининг гапларига ҳам парво қилмади. Кўзларига қараб сўрашган, саволларига жавоб берган бўлса-да, хаёли Малакда эди. Дарвозалари рўпарасида машинадан тушаркан, одамларни кўриб ҳайрон бўлди.
— Айтдим-ку, Ўктам қизини чиқаряпти.
Йигитнинг назарида киракаш адашаётгандек, кўзлари ҳам алдаётгандек эди. Тўлқиннинг кучи билан ногоҳ қирғоққа чиқиб қолган балиқ каби Аниснинг нафас олиши қийинлашди. Гўё бу манзара, бу сўзлар ундан барча тириклик манбаини тўсиб қўйгандек, буткул жонсизланди ҳам.
“Йўқ! Қанақасига? Ўктам ака — Малакнинг дадаси. Мадина ҳали мактабни битирмади. Малак... Йў-ўқ! Бу нимаси? Уни турмушга беришлари мумкин эмас. Ахир мен уни... Нима учун саҳардан шошиб йўлга чиқдим? Малакни кўриш учун эмасми? Унинг тўйига ошиқиб келдимми? Йў-ўқ!”
— Йўл пулини бермайсанми? Тезлаш, менам уйга бориб кийимларимни алиштириб, тўйга келишим керак, — уни туртди Мансур такси.
Аниснинг икки кўзи Малакларнинг ҳовлисида. Чўнтагидан бор пулини ғижимлаб чиқарди-да, киракашнинг қўлига тутқазди.
— Йўл пули — икки юз сўм, — Мансур такси битта икки юз сўмликни олди-да, қолганини Аниснинг қўлига бериб, машинасига ўтирди. У жўнаб кетганида ҳам йигит йўл ёқасида қоққан қозиқдек турарди.
— Анис келибди, — деди кимдир.
Бошқалар ҳам бир нима дегандек бўлди. Кимлардир у билан келиб кўришди. Аёллар юзларидан ўпишди ҳам. Сўнг уни ўз уйлари томон эргаштиришди.
Анис бу дунёдан узилиб қолгандек эди. Кўзлари кўриб қулоқлари эшитмаяптими ё қулоқлари эшитиб, кўзлари кўрмаяптими, буни ҳам фарқлай олмаётганди. Ё мияси ишламай қолдимикан? Ўзига нима бўлаётганини тушуна олмасди.
Мана, уни ўз уйлари дарвозасидан олиб киришди. Энди ўнгга, ҳовли томонга бурилган эдики, ўн-ўн беш чоғли қизнинг ўзи томон келаётганини кўрди. Уларнинг тўрттаси бошлари узра чамандек яшнаб турган сўзанани кўтарганча, ўртада оҳиста ва жуда секинлик билан қадам ташлаётган, устига нафис мато ёпинган, либослари қуёшда ял-ял товланаётган келинчакка ҳавас билан қараб келишарди.
— Баландроқ айтинглар, овқат емаганмисизлар?! — бақирди кимдир.
Қизларнинг баралла, шўх айтган ўланини Анис ҳам эшита бошлади:
— Тоғда тойчоқ кишнайди, от бўлдим деб, ёр-ёр.
Уйда келин йиғлайдин, ёт бўлдим, деб ёр-ёр,
Йиғлама, қиз йиғлама, тўй сеники ёр-ёр.
Остонаси тиллодан уй сеники ёр-ёр...
Аниснинг қулоқлари яна чиппа битди. Энди у фақат Малакнинг майин овозда маъюс ва ғамнок йиғисини эшитаётгандек эди. Қизларнинг ўртасида, бошига дўппи, эгнига атлас кўйлак, унинг устидан тилла ипларда зеб бериб тикилган енгсиз, узун “қубба”ли халат кийган, дўпписи устидан ташланган юпқа ёпинчиқ ҳам ҳуснини тўса олмаётган Малакнинг юзини у яққол кўрди. Келинчак ўта гўзал ва латофатли кўринди унга. Қизарган кўзлари, ним пушти ранг олган юзлари, нам киприклари ҳам йигитнинг наздида жуда чиройли эди.
Малакнинг кўзларидан оқаётган ёш йиғилиб, йигитнинг томоғига муштдек, аччиқ ва иссиқ тош бўлиб тиқилди гўё. Бўғзини куйдираётган бу “тош” — алам энди бутун вужуди бўйлаб ўз алангасини ёяётгандек дод солгиси келди. Олов энди юрагини исканжага олди. Шу пайтгача ишқдан ёниб юрган юраги худдики ловиллай бошлагандек, уни сўнгсиз азоб ўз исканжасига олди.
Одатга кўра, келин бўлмиш қиз, тўйи куни уйида ўтирмайди. Қўшни ҳовлига ўтказиб қўйишади. Дугоналари, янгалари ясантиради. Сўнг келинни ўз уйига, яъни, уни кутиб турган куёв ёнига ёр-ёр садолари остида қизлар — дугоналари элтади. Тақдир ўйинини қарангки, Малак Анис катта бўлган ҳовлидан куёв томон одимлаб бормоқда эди.
“Нега? Нима учун бундай бўляпти? Ахир мен уни ўз ҳовлимга худди шу тарзда олиб кириб, жуфти ҳалолимга, жондан яқин маҳрамимга айлантирмоқчи эдим-ку! У эса айнан бизнинг уйдан чиқиб, менга бегона бўляпти. Йўқ! Ахир ҳали унга севги изҳор қилишга ҳам улгурмадим-ку! Жонимдан ортиқ яхши кўришимни билдира олмадим-ку! Нега? Нега уни мендан айиришяпти? Олиб кетманг, уни... Олиб кетманглар!”
Аниснинг бор овози билан бақиргиси, дунёни остин-устун қилгиси келди. Малакнинг йўлини тўсиб, қўлларидан тутганча, узоқ-узоқларга кетишни истади.
Аммо...
Оловни музлатиб, шамолни ушлаб бўлмагани каби Малакнинг тўйига энди ғов бўла олмаслигини у ич-ичидан англади. Чексиз уммон ўртасидаги ёлғиз, умидсиз, нажотсиз чўкаётган кимсадек қалби зулматга ғарқ бўлаётганди. Ҳозиргина гуриллаётган юраги энди ёниб битгандек, куйиб кетгандек сиё эди.
Кейин нима бўлди билмайди. Келинчак ва дугоналарини кузатдими ё ортиқ қарамай уйга кирдими, эсида йўқ.
Кўзларини очса, ўз хонасида кўксини ерга босиб ётган экан. Кимдир бошини силаяпти.
— Анис, келдингми, болам...
Онасини кўриб cапчиб турди.
— Яхшимисан? — юз-кўзларидан ўпиб, бағрига босди онаси.
Волидасининг бағрида ёқимли ва қадрдон исни туйиб, Аниснинг кўнгли бўшаб кетди. Бола бўлиб қолгиси, онасини қучиб ухлагиси, сира уйғонмай ухлагиси келди.
“Туш бўлсайди. Буларнинг ҳаммаси қўрқинчли туш бўлсайди. Майли, қўрқувдан юрагим ёрилиб кетсам ҳам... Уйғонардим-у, бу азоблардан қутулардим...”
Онасини қўйиб юбормай, кўзларини юмди Анис.
— Чарчадингми? Кўрпача ҳам солмай, ухлаб қолибсан. Қорнинг ҳам очдир? Малакни узатаяпмиз. Тўйга ўт, ош еб келасан... — деди онаси қучоғидан қўяркан, кўзларига термулиб. — Мазанг йўқми?
Анис “йўқ” дегандек бош чайқади.
“Ундан кўра Азроилга рўбарў қилинг, ая... Яхшиси, заҳар едиринг, ая... Бу тўйга боргандан ажалга тик борган, заққум ютган осонроқ, ая...”
Аниснинг тағин кўнгли бузилди.
— Чарчадим, — деди зўрға. Овози бўғилиб чиқди.
— Бўлмаса, ёт, ухла. Ҳозир жой солиб бераман.
— Керакмас, ая, ўзим...
Онаси унга қулоқ осмади. Учта кўрпачани устма-уст тўшаб, иккита болиш ҳам қўйди.
— Ётиб тур. Мен синглингданми, укангданми, ош бериб юбораман, — кета туриб тайинлади онаси.
— Қорним тўқ...
Анис онаси ҳозирлаб кетган тўшак устига чўзилди. Бўлмади. Ўзини қўярга жой тополмаётганди. Чуқур “уҳ” тортди. Кўксининг ҳовури босилгандек, дарди бироз аригандек бўлди. Ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қилди. Бироқ кўз ўнгида Малакнинг мафтункор чеҳраси жонланиб, қулоқларида мунгли йиғиси янгради. Ўша оғир, оташ “тош” яна бўғзида пайдо бўлди. Ўпкасини тўлдириб нафас оларкан, бор овози ҳамда ўкинч билан “уҳ” деди.
Шу пайт қўшни ҳовлидан куёвжўраларнинг шодон овозлари кела бошлади. Бу — келиннинг дугоналари ёнидан куёв томонга ўтганини, барча ирим-сиримлар якунланиб, узатиб кетишаётганини билдирувчи йигитларнинг “ёр-ёр”и эди:
— Томда товуқ ётади, ёр-ёр, ёрон-ей,
Оёғи совқотади, ёр-ёр, ёрон-ей...
Анис икки кафти билан қулоқларини маҳкам ёпиб, букчайиб олди.

10

Тоғ ён бағридаги Бекмуроднинг ҳовлиси одамлар билан гавжум. Дарахтлар тагига ўрнатилган катта қозонлардан бирида палов дамланяпти, бошқасига эса селлигина қилиб димлама осиб қўйишди.
— Дималамани паловнинг орқасидан оз-оздан сузиб юборамиз, ака. Одамлар битта овқат билан ҳам ўтказяпти тўйни. Энди сизнинг бригадир деган номингиз бор, — деди Турсун ошпаз.
Бекмурод рози бўлди.
— Келин-куёвнинг орқасига илинадиган гиламни кўрдингизми? Самад боплаб “ёзди”. “Абдусалим” ва “Сарвара” ёзувларининг ўртасига айқашиб турган узук, ёнларига гуллар ҳам туширди. Шунақа чиройли чиқди. Пахта зўр экан-да! Елимдек ёпишди-қолди, — ҳовлиқиб келди Илҳом ўртакаш.
Бекмурод у билан ёшлар берилиб ишлаётган тўй даврасига яқинлашди. Ростдан ҳам пахта ёрдамида гиламга туширилган ёзувлар аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Тағин бир текис.
Абдусалимнинг ўртоқлари эса ҳовлидан пастга қаратиб, келин-куёв учун жой ҳозиряпти. Қишлоқнинг ёш-яланг йигитлари ҳам қараб тургани йўқ. Келин-куёв учун қўйилган темир столнинг икки ёнидан яна бир нечасини улашди. Кейин давомидан пастга қаратиб териб, “п” шаклини ҳосил қилишди.
— Келин-куёв тескари бўлсаям, ҳовлидан пастга қараб ўтиргани яхши. Чунки бу томон баланд, ҳовли этагидан томошага келган қишлоқдошларга ҳам яққол кўринади. Ундан кейин қишлоқчилик, ака, тўй охирида жанжал бўлиб кетсаям, келинни олиб кириб кетиш осон, дейман-да, — ўз маслаҳатига қулоқ тутиб иш қилаёган ёшлардан мамнун бўлган ўртакаш Илҳом яна уй эгасига тушунтирган бўлди.
Ҳаммаси кўнгилдагидек кечаётганидан мамнун турган Бекмуроднинг кўзи Ўлмасга тушди-ю, таажжубланди. Ўлмас жуда хомуш ва тушкун. Узун, ясси тахталарни айри темир устига қўйиш орқали ҳосил қилинган ўриндиқларга эринибгина кўрпача солиб чиқмоқда. Ора-сира ўзи тўшаган кўрпача ўтириб, бошини чангаллайди.
— Ўлмас! — отасининг ўктам овози йигитни хушёр торттирди. Ўрнидан тура солиб, ёнига борди.
— Бирор жойинг оғрияптими? Бу нима юриш? Йигитларга бош-қош бўлиш ўрнига судралиб юрибсан...
— Бошим оғрияпти... — ердан кўз узмади Ўлмас.
Шу пайт ҳовлидан Абдусалимнинг қувноқ овози эшитилди:
— Барчин она! Барчин она-а-а!
— Ҳу-у-в, — ошхона томондан югуриб чиқди онаси.
Абдусалим эса бир сўз демай, ғоз юриш қилиб, ўзини кўз-кўз қила бошлади. Куёвлик костюм-шим унга жуда ярашганди.
— Вой, ўзимнинг куёв боламдан. Кийимларининг ярашганини... — Барчинойнинг қип-қизил, лўппи юзлари янада қизаргандек, яшнагандек бўлди.
Уларни кузатиб туриб, Ўлмаснинг хўрлиги келди.
Бу нимаси? Ўз онаси уни муҳаббатидан айирди. Шу уйга келиши билан унга эътибор қилмай қўйди. Кейин меҳридан мосуво қилди. Тўғри, бошида шу хонадондан ўрин олиш, сингиб кетиш учун онаси оила аъзоларига парвона бўлгандир? Лекин кейин-чи? Вақт ўтиб, ҳамма бир-бирига кўникканида ҳам Ўлмас ёлғизланиб қолавермадими? Охир-оқибат нима бўлди? Она ўз жигарпорасининг дилидагини ўқий олмади. Ўлмас кўнгил қўйиб, ваъда бериб, аҳду паймон қилиб юрган Сарварани ўгай ўғли Абдусалимга олиб берадиган бўлди.

Давоми бор

#УчунчиТақдирХикоя

Комментарии