💥Баҳор қайтгунча.

1-қисм.
Гр:🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
🥀Япроқсиз қолдим, деб танангни кестирма. Зеро, олдинда баҳор бор...
Мавлоно Румий
Осиё уйқусидан яна нафаси бўғилиб уйғониб кетди.
У ётган жойидан базўр қимирлаб шундоққина қўл етар ерда жойлашган дераза табақаларини очиб юборди. Қиш бўлишига қарамай ҳаво илиққина эди.
Қиз ташқаридан ёпирилиб кирган оромбахш ҳаводан тўйиб
симирди. Ҳозиргина кўрган туши таъсирида юраги ўйнаб , жисмини тер босган экан , зум ўтмай сал аввал илиқ туюлган ҳаводан танаси жунжикди...
Осиё еттинчи синфни битирадиган йили онасидан айрилган эди. Ўшанда унга осон бўлмаганди. Тўсатдан бошига тушган айрилиқдан қиз бир неча ой ўзига кела олмаганди. Унинг онаси Ақида шошилинч тиббий тез ёрдам марказида шифокор бўлиб ишлар эди. Баҳорнинг шаррос ёмғир қуйиб турган илк кунларида навбатдаги чақирув учун йўлга чиққан гуруҳ аъзолари кўзланган манзилга етиб бора олишмаган , автоҳалокатга учрашган эди. Машинани бошқарган шофёр ва яна бир шифокор жиддий жароҳат олишганига қарамай яшаб қолишган, Ақида эса воқеа жойининг ўзида оламдан ўтган эди. Уни эртаси куни ерга беришди. Онаси борса- келмас манзилга йўл олган куни Осиё ўн тўрт ёшни қаршилаган эди.
Шундан буён орадан беш йил ўтибди. Аёлининг ўлимидан икки йил ўтгач , қариндошлар қўярда қўймай ёлғиз қизи билан уйида сўппайиб қолган Икром акани уйлантиришга кўндиришди. Осиёнинг номи ўгай, бироқ ўзи жуда самимий ва кўнгли очиқ бўлган онаси Латофат қўшни мактабда дарс берар экан.
Осиё Латофатдан ортиқча ётсирамади. Унга онасини ўрнини эгаллаган аёл сифатида қарамади , ғашлик ҳам қилмади. Онасининг ҳалокати сабаб бир неча кун ичида улғайиб қолган қизалоқ бўлаётган воқеаларни борича қабул қилишни ўрганиб улгурган эди.
Латофат ўзи каби кўнгли ярим ўспирин қиз билан тезда тил топишиб кетди. Унинг биринчи турмушидаги эри ўтакетган ҳудбин ва жоҳил эркак бўлиб арзимаган сабаб туфайли эрта- индин кўзи ёрий деб турган аёли- Латофатни жаҳл устида зинадан итариб юборган , шу кўйи аёл шўрлик ҳам зурриётидан , ҳам иккинчи қайта она бўлиш бахтидан мосуво бўлган эди. Эридан ажрашган Латофат узоқ йиллар эркак зотидан безиб , қайта турмуш қуришга зада бўлиб яшаганди.
Дастлаб Латофатнинг кўнгил яралари битиши учун ўз ҳолига қўйиб берган ота- онаси , унга Икром акадан совчи келгач қизларини турмушга бериш пайига тушиб қолгандилар.
- Бошида ватани бор , бир бурда нонини ҳалол меҳнати ортидан топиб ейди , шундан қолсанг кейин пушаймон бўласан , - деб туриб олишди улар , - қолаверса бир эсли- ҳушли қизи бор экан , етимни бошини силаган инсон сира кам бўлмайди . Сен шу қизга меҳр берсанг , вақти келиб жавобига ўзинг ҳаётингда ҳис қилишинг мумкин бўлган энг ажиб туйғу оналик туйғусини тотишинг мумкин.
- Ойи , - деганди Латофат онаси билан ёлғиз қолганда , - сиз турмушга чиқишга ундаётган эркакнинг қизи уч , тўрт ёш бўлса эканки мен томонга эгилиб она деб қабул қилса. У қиз ўн олти ёшда экан. Бу ёшдаги қизларни биласиз- ку , энг қайсар вақти уларнинг. У қиз билан тил топишаман деб юрак- бағрим хун бўлиб кетмаса эди ҳали.
- Болам , - дея қизини бағрига босганди ўшанда Қумри опа ,- сен битта нарсани унутибсан. Бошқа аёлларда йўқ устунлик сенда бор. Ахир сен ўқитувчисан. Шу вақтгача юзлаб ўқувчиларни ҳаётга тайёрладинг. Дарсда таълим билан бирга тарбия берган бўлсанг. Ўзинг ҳам муштоқ дилда ниш ундиртирган умид куртаги вақти келиб мева беришини яхши биласан. Буни бошқаларга ҳам уқтириб келгансан. Қолаверса Икромжон учун сенга оғиз солиб ўртада турган Раҳимахоннинг сўзлари бўйича ўша қиз жияни-Осиё бирам ройиш қиз экан-ки ...
Осиё ...
Латофат бўлғуси қизининг исми Осиё эканлигини ўшанда илк бор эшитганди. "Осиё... - дея ичида такрорлаганди у ,-исмининг айтилиши ва эшитилиши бирам ёқимли экан" ...
Орадан бир ойга яқин вақт
ўтиб Латофат Осиёнинг ўзи ҳам исми сингари жуда чиройли қиз эканлигига гувоҳ бўлди.
Инсон пешонасига ёзилган тақдиридан қочиб қутила олмас экан.
Бунга ҳар доим " Қайтиб иккинчи бор турмуш қурмаганим бўлсин" дея ўзига ўзи таъкидлаб юрадиган Латофат Икромжонга турмушга чиққанида амин бўлганди.
Ўшанда Латофатни аср намозига яқин Икромжоннинг уйига ортиқча дабдаба-ю, ҳашаматларсиз тушириб келишди. Жувон билан бирга ҳамроҳ бўлиб келган ўн чоғли аёллар куёв томондаги мезбонлар томонидан қуюқ- суюқ зиёфат қилингач икки соатларда ортга қайтиб кетишди.
- Латофатхон , бери келинг! - Икромжоннинг катта опаси Раҳимахон бир чеккада ийманиб турган аёлни ёнига чорлади ,- ўзим сизни Осиё қизингиз билан таништириб қўяй.
Латофат бугундан бошлаб қайинэгачи мақомини олган бу аёлнинг оғзидан "Қизингиз" деган сўзни эшитгач , юраги бошқача уриб кетганди.
"Энди мен ҳам онаман-ми ? -юзлари лов- лов ёнди аёлнинг,-
ишқилиб у қиз мени худди ўзимдек қабул қилармикан?"
- Осиё-ююю? - Раҳимахон опа даҳлиз ўртасидаги хона эшигини очиб ичкарига овоз берди,- болам , кирсак мумкинми ?
- Ассалому алайкум...
Латофатга ичкаридаги қизнинг овози аранг эшитилди. У қизнинг овозини эшитгани ҳамоно оёғидан мадор қочгандек туюлди ўзига
Раҳимахон опа буларни пайқамагандек Латофатга боши билан "кирамиз" деган ишорани қилди.
Латофат ичкарига қадам босганда чоғроқ хонанинг бир бурчагида турган оппоқ юзли , бўйчан ўспирин қизга дуч келди. Қиз белигача ўсиб тушган сочларини орқадан битта қилиб ўриб ташлаб қўйган , қоп- қора қошлари , ўсиқ киприклари , шаҳло кўзлари хиёл чўзиқ юзига ўзгача кўрк бағишлаб турарди.
- Осиё , қизим , сенга айтган Латофат опанг шулар бўладилар ,- деди Раҳима опа ёшига ярашган ўктамлик билан ,- бугундан бошлаб сизлар билан яшайдилар. Қани танишиб олинглар-чи ?
Осиё ердан кўзини узмай Латофатга салом берди :
- Ассалому алайкум ...
- Валейкум ассалом ,- Латофат кўзлари йиғидан қизарган қизнинг саломига алик олар экан бўғзини қайноқ алланима куйдириб ўтгандек бўлди ,- менинг исмим Латофат .
- Сен Латофатни опа ёки ая десанг ҳам бўлади ,- деди Раҳимахон опа Осиёга "тушундинг-а ? " деган маънода ,- ана танишиб ҳам олдинглар. Бундан буёғига аҳил бир оила бўлиб яшайверасизлар. Қизим , хонангда қамалиб олмасдан ошхонага чиқиб қарашиб юбор. Хўпми ? Ҳаммаёқни ювилмаган идиш босиб кетибди .
- Хўп... - Осиё аммасига хўп деган бўлса-да турган жойидан қимирламади.
Раҳимахон амма Латофатни хонадан эргаштириб олиб чиқиб кетар экан , жувон бу ерни тарк этгиси келмаётганини ҳис қиларди...
Эртаси куни меҳмонлар тарқалиб , Икром ака ишга кетгач Латофат ва Осиё уйда ёлғиз қолишди.
Мактабда кузги таътил кунлари бўлганлиги учун дадасини ишга кузатган Осиё хонасига кириб кетганча шу бўйи ҳовлида қайтиб қорасини кўрсатмади.
Қурилишда прораб бўлиб ишлайдиган Икром ака тушликка уйга келмаслигидан хабардор бўлган Латофат кун ярмида Осиёнинг хонасини журъатсизгина тақиллатди:
- Осиё ... Осиё ...
Ичкаридан жавоб эшитилмагач Латофат аста эшикни итарди. Осиё ўз ўрнида ухлаб ётарди. Латофатни диққатини қизнинг қандайдир нарсани қучиб ухлаб ётгани тортди.
Латофат аста ортига қайтаётганида ичкарида ниманидир ерга тушиб синган овози эшитилди.
Жувон жонҳолатда изига бурилди.
Ичкарида Осиё уйқудан кўзларини очган , изтироб билан ҳозиргина қўлидан тушиб чил- чил синган ойнали рамка синиқларига боқиб турар эди. У Латофатга кўзи тушган заҳоти гиламга чўккалаганча бир қўли билан суратни олди-ю , иккинчиси билан шиша синиқларини тўплай бошлади.
- Иии , эҳтиёт бўлинг ! - Латофат ўзини унутиб қизнинг ёнига отилди,- қўлингизни кесиб оласиз-ку бунақада ?!
Осиё қилаётган ишидан тўхтаб қаршисида тиззалаганча куйиниб гапираётган аёлга тикилиб қолди. Қизнинг нигоҳларидаги мунг Латофатни кўнглидаги гапларни тўкиб солишга ундар эди :
- Мени кечиринг ... Бари мени деб бўлди. Тушлик вақти бўлди , қорнингиз очгандир деб ўйлабман. Сизни бунақа чўчитиб юбораман деб ўйламабман.
- Мен чўчимадим,- хўрсинди Осиё , - баъзан уйқуда шунақа нафасим бўғилиб уйғониб кетаман.
Ҳозир ҳам ҳаво етишмагандан силтаниб...
- Сув ичасизми ? Мен ҳозир сув олиб келаман...
Ўрнидан туришга тараддудланган Латофатни Осиё қўли билан тўхтатди :
- Керак эмас. Мен яхшиман. Бари ўтиб кетди. Ёмон ётиб қолганман шекилли.
- Бу аёл ... - беихтиёр Осиёнинг қўлидаги расмга ишора қилди Латофат ,- ойингизмилар ? Майлими , бир кўрсам ..
Осиё Латофат ҳудди ундан жонини сўраган каби қўлидаги суратни аранг ҳоҳламайгина узатди.
- Жуда чиройли аёл эканлар ,- суратга маҳлиё бўлганча деди Латофат,- айтишларича кўз инсон қалбининг ойнаси дейишади . Ойингизнинг қалблари жуда гўзал эканлиги кўзларидан маълум...- Латофат шундай деб Осиёга жилмайди,- айтганча сиз уларга жуда ўхшар экансиз.
Латофат шундай деб суратни Осиёга қайтариб берди ва ўзи "мен ҳозир" деганча ўрнидан туриб ташқарига чиқиб кетди. Зум ўтмай қўлида супурги ва елим куракча кўтариб келган Латофат шиша синиқларини супуриб олар экан Осиёга сўз қотди:
- Қорнингиз ҳам очиб кетгандир ? Йўқ демасангиз бирга тушлик қилардик ?
Осиё "розиман" деган каби бош ирғади...
- Осиё... - деди тушлик вақти Латофат ,- мен бу ерларни яхши билмайман. Хўп десангиз овқатланиб бўлгач , маҳаллангиз гузарини бир айланиб келардик.
Осиё узоқ ўйланмай "Майли" дея бош ирғади.
Латофат Осиёларнинг маҳалласи Чилонзор метро бекатига анчайин яқинлигини билгач қизни у томонга бошлади.
- Осиё ...
- Ҳаа ..
- Ҳалиги суратни рамкаси синиб қолганди- ку , янгисини сотиб олсак яхши бўларди. Барибир рамкада турса яхши-да , ҳам кўримли бўлади, ҳам янада қадрли...
Осиё Латофатга жавоб қайтармади, бироқ аёлни энг яқин суратхона томонга бошлади...
Суратга рамкани Латофат танлади . Тўқ шокалад рангидаги рамка Осиёга ҳам маъқул тушди.
Ортиқча гап- сўзларсиз уйга қайтган Латофат ва Осиё келишиб олишгандек бирга кечки овқатга тайёргарлик кўриша бошлашди .
- Суратни рамкага жойладингизми ?
- Ҳаа ,- деди қиз ортиқча ҳаяжонларсиз ,- жойладим.
- Жуда яхши ... Руҳсат берсангиз масаллиқларни қовуриб , сув солиб бўлгач , уни кўриб чиқсам ...
- Сизга битта савол берсам майлими ? - Латофатга жиддий тикилди Осиё ,- нима учун менга бунчалик ёпишиб олдингиз ? Ё мен орқали дадамни кўнгилларига йўл топаман деб ўйлаяпсизми ? Агар ундай бўлса мени ўртага қўшишингиз шарт эмас... Мен шундоқ ҳам сизларнинг муносабатингизга қаршилик қилмайман. Фақат мени бу муносабатингизга аралаштирмасангиз бўлди,- Осиёнинг охирги сўзлари титраб чиқди ,- ўз ҳолимга қўйинг, илтимос...
Осиёнинг сўзларидан қаттиқ таъсирланган Латофат ўзини орқага ташлади. У ошхонадаги ўриндиққа ўтирганча юзини кафтлари орасига олди.
Латофат бир муддат шундай ўтиргач ўзига ўзи гапирган каби сўзлай бошлади:
- Ким учундир турмушга чиқиш балки ҳавасдир. Ҳурсандчиликдир. Бироқ аксарият иккинчи қайта турмушга чиқадиган аёллар учун бундай демаган бўлардим. Бундан бу ёғига икки инсоннинг орасига тушиб яшаш кимга ҳавас дейсиз ? Бир вақтлар ҳаётда бир-бирларисиз яшашларини тасаввур қила олмайдиган, умриларининг охиригача бирга яшамоқчи , қўша қаримоқчи бўлган инсонлар , тақдир бўлиб ногоҳон ўлим сабаб ажралишга мажбур бўлсалар , вақт ўтиб яна қайта турмуш қуришга-да мажбур қилинсалар , уларга иккинчи жуфт бўлиб келган инсонга осон деб ўйлайсизми? Улар эндиги умр йўлдошларининг юрагидаги ҳотира дея аталмиш туйғу залворида кунда эзилишлари тайин ... Ҳар ҳолда менинг мисолимда шундай. Аслини олганда сиз ва менинг аҳволим , чорасизлигимиз деярли бир хил. Сиз отангиз , аммаларингизнинг юзидан ўтиб бир сўз дея олмаган бўлсангиз , мен ҳам кексайиб қолган ота- онамни ранжита олмадим. Ўзимга қолса бундай ҳаёт йўлини танламаган бўлардим,- Латофатнинг мижжаларидан ёш думалади,- менингдек ўттиз беш ёшда ҳаётни яна тоза варақдан бошлаш осон иш эмас.
Мен шу чоққача барига кўниккан , тақдиримга тан ҳам бериб бўлган эдим. Ҳаётда умид билан кутганим ягона дилбандимни ҳатто совуқ дийдорини кўришдан ҳам мосуво бўлган ва қайтиб ҳеч қачон она бўлолмайдиган аёл яна ниманиям орзу қилиши мумкин деб ўйлайсиз ?
Отам эса бу фикримга қарши чиқдилар . Бу сафар улар "Орзу қилишга , умид билан яшашга ҳар бир инсоннинг ҳаққи бор" деб ўз сўзларида қатъий туриб олдилар. "Яримта кўнглингни ўзинг каби ярим кўнгиллар билан бир бутун қиласан" дедилар улар. "Инсон "Тақдирим шу экан" деб борига кўнаверса , ҳаракат қилмаса ер юзи умидсизларга тўлиб кетмайдими ? Биринчи турмушингни бўлмагани сен учун бир синов эди. Сен бу синовни енгишга ўзингда куч топишинг керак" деган ҳам яна улар.
Мана сиз ... Ўзингизни бир менинг ўрнимга қўйиб кўринг. Дадангизни жуда яхши кўрганингиздан уларга қарши гапириб кўнгилларини оғритгингиз келмаган. Уларга "Илтимос , бу аёлга уйлангманг" деганингизда, дея олганингизда мен ҳам ҳозир қаршингизда бундай бечораҳол турмаган бўлар эдим.
Кўрдингизми ...
Мен ҳам сиз каби қизман. Мен ҳам сиз каби ўзи отамни яхши кўраман ...
Осиё Латофатнинг юрагидаги дардларни ҳис қилиб жойида тек қотган эди.
У ортиқ гапира олмай қолган Латофатдан кечирим сўрагиси келаётганлигини ҳис қилди .
- Опа ... Мени кечиринг,- оғир ютинди Осиё,- сизга тушунтиришни ҳожати йўқ , барини яхши ҳис қилар экансиз. Мен ҳам ойижонимдан айрилиб ...
Осиё ортиқ гапира олмай бўғилди, унинг нафаси тиқилиб келар эди. Қиз шошилинч ташқарига йўл олди. У ошхона эшигини очиб салқин ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас олди . Бироз шундай туриб енгил тортгач ортига ўгирилди :
- Рамка суратга жуда мос тушди. Сиз жудаям дидли аёл экансиз . Раҳмат...
-Осиё ...
- Ҳаа ...
- Мени она ўрнида қабул қилишингиз шарт деб ўйламайман. Она - ягона зот. Унинг ўрнини ўзидек тугал босувчи иккинчи бир инсон топилиши қийин масала.
Агар сиз эсини энди таниётган қизалоқ бўлганингизда балки ўзимни оналик деган туйғу учун ишонтирмоқчи бўлган бўлармидим.
Бироқ буларнинг барчасига қарамай иккимиз яхши дугона бўлишимиз мумкин. Дардкаш , кўнгилдош дугоналар. Нима дейсиз ?
Осиё ҳазин жилмайди:
- Унда орадаги тўсиқни олиб ташлаш керак .
- Қандай тўсиқни айтаяпсиз , Осиё ?
- Мени бегоналар каби сизламанг . Сенлаб гапиринг , майлими ? Бу биринчиси ...
- Розиман ,- юзларига табассум ёйилди Латофатнинг ҳам ,- иккинчиси нима ?
- Иккинчиси дадамлар ҳар қандай таомни , у қуюқ бўладими , суюқми , салат билан ейишни яхши кўрадилар. Улар ҳадемай ишдан қайтиб қоладилар .
- Унгача улгуришга ҳаракат қиламан ,- деди Латофат чаққонлик билан ишга киришар экан ,- раҳмат сизга.
- Сенга денг ! Сееннгааа! Ҳозир нимага келишгандик?
- Вой узр !
Осиё ортга қайтди :
- Сизга қарашиб юбораман ...
Ишдан қайтган Икром ака уйига ўзгача файз кирганини ҳис қилиб , елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди :
"Ҳайрият ... Латофат ва қизим тил топишиб олганга ўхшашяпти"
...
Осиё Латофатни бир йилга яқин опа деб чақириб юрди. Келаси йил кузнинг ҳудди шундай кунларида қорни тўсатдан оғриб қолган Осиёга тез ёрдам чақиртирдилар.
Қизни қорин соҳасини текшириб кўрган шифокор "афсус" дегандек бош чайқади . У дард исканжасида тўлғаниб турган қизга уч, тўрт хил савол берди- ю , Икром ака билан Латофатга юзланди :
- Ўйлашимча қизингизнинг бачадонида киста борга ўхшаяпти. Оғриқлар ва берилган саволларга олинган жавоблар шунга ишора қиляпти .
- Йўғ-ей ? - эр- хотин бараварига ажабланиб қолишди ,- ахир Осиё ҳали мактаб ўқувчиси , унда киста қаердан бўлсин ?
- Сизларни яхши тушундим ,- деди шифокор кафтдек қоғозга нималарнидир шошилиб ёзар экан,- биринчидан , мен кистага ўхшаяпти дедим, айнан ўзи деганим йўқ. Иккинчидан "мактаб ўқувчисида киста пайдо бўлмайди" деган хулоса ҳеч қаерда ёзилмаган. Киста исталган ёшдаги инсонда учраши мумкин. Вақтида даволанса бўлгани. Асорат қолмайди. Ҳозирча мана бу оғриқ қолдирувчи дориларни олиб ичириб турасиз . Эрталаб тонг отгач , клиникага олиб бориб аппаратга тушириб яхшилаб текширтирасиз. Аниқ ташхисни улар қўйиб беришади.
Шу кеч дорилар таъсирида оғриқ анча ортга чекинди. Осиёнинг кўзи уйқуга кетди. Эртаси куни у ўша дорилардан яна бирин- кетин ичди-ю "Анча яхшиман , уйқум келяпти, клиникага кечроқ борармиз " деганча кўзларини беҳол юмди. У қорни оғримаётганини , шунчаки беҳоллигини айтиб кун бўйи ётоқдан бош кўтармади.
Ярим тунга бориб Осиёнинг иситмаси кўтарилиб кетгач, Латофат Икром акани қўярда қўймай тиғизлаб қизини шифохонага олиб боришга кўндирди. Шифокорлар тез ёрдам врачининг ёзиб қолдирган аломатлари ва ўз ташҳисларига таяниб "Осиёнинг қорин бўшлиғидаги ўзгаришларга ҳамда иситмалашига ҳақиқатда ҳам ёрилишга келиб қолган киста сабаб бўлган" деган хулосага келдилар . Осиёни зудлик билан операция столига олдилар.
Операция тўрт соатдан ошиқ давом этди.
Бу вақтда Икром ака ва Латофатнинг бўлари бўлди .
Ниҳоят операция якунлангани ва уни ўтказган жарроҳ беморнинг ота-онани кўрмоқчи эканлигини хабарини беришди.
- Қизим яхшими ? - Икром аканинг шифокорга берган илк саволи шу бўлди .
- Биз қўлимиздан келганини қилдик,- деди шифокор жиддий оҳангда,- яширмайман , қизингизни аҳволи анча жиддий. Унинг қорин бўшлиғини очганимизда ҳеч қандай кистага дуч келмадик.
- Унда ?
- Келинг сизларга содда тилда тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Қизингизни кўричаги буралиб , мадда йиғиб, яъни йиринглаб ёрилиб кетган . Кейин ўша мадда аралашган масса қорин бўшлиғига тарқалган. Натижада у ердаги аъзолар , айниқса ичакларга кучли зарар етказган, уларнинг чиришига сабаб бўлган. Биз операция жараёнида ичакларни айрим жойларни кесиб ташлашга мажбур бўлдик.
Хуллас, бу ёғига нажот Аллоҳдан. Насиб қилса қизингизнинг аҳволи ижобий томонга ўзгарса , яна қайта операция қилишга тўғри келади . Бироқ ...
- Доктор , юракни тоширманг ! - Икром аканинг овози ҳавони қилич каби кескир кесди
- Сизлардан бор ҳақиқатни яширмайман. Аҳвол ўта жиддий. Қизнинг қонига инфекция тушган бўлиши мумкин. Энди унга кучли антибиотикларни қўллашимиз зарур. Бизнинг қўлимизда бори эса ...
- Энг яхши дорини қаердан топишни айтинг ? - Икром ака ўрнидан туриб кетди,- рўйҳатини ҳам ёзиб беринг ...
- Бу дориларнинг кичиккина флакони фалон сўм туради ,- шифокор "чорасизман" деган каби қўлларини ёзди.
- Топилса бўлгани , доктор , илтимос тезроқ сўраганимизни айтинг . Вақтни йўқотмайлик...


- Майли , - деди шифокор ва стол устидан шапалоқдек қоғоз олиб , унга тез- тез ёза кетди,- мана бўлди. Керакли манзил энг охирида,- деди у ёзувни битиргач.

- Бу дорилар қанча тураркин ? - сўради Латофат ташқарига чиқишгач , - дорихонага уларнинг нархини билиб борсак яхши иш бўларди . Вақтни йўқотмайлик дейман-да .

- Ҳа тўғри айтасан ,- деди Икром ака қўлидаги қоғозни айлантириб кўрар экан ,- дорихонанинг манзили ҳам бизга чап - шаҳарнинг нариги бурчагида экан. Бир йўла пул билан бориб ишни битирсак яхши бўларди .
- Яна бир қараб кўринг-чи , қоғозга дорихонанинг телефон рақами ёзилган эканми ?

- Ҳа мана боракан,- деди қоғозни айлантириб кўрган Икром ака ,- иккита рақам ёзилиб , бирига Сардор , бирига Хуршида деб белгилаб қўйилган.

Икром ака йўл четига ўтиб биринчи рақамга қўнғироқ қилди. Латофат унинг фикрини бўлмаслик учун сал берироқда сукут сақлаб жим турарди. Икром ака телефонда узоқ гаплашмади , тез орада бўшашганча аёлига яқин келди :

- Латофат , у дорилар шифокор айтгандек жуда қиммат тураркан. Уйимиздаги пуллар уларнинг бешдан бирини ҳам сотиб олишга етмайди. Ака- укаларимдан сўрай десам , биласан яқинда кетма- кет тўй қилишди. Ишхонадаги ойликни ҳам ана шу тўйлар учун икки ойлигини олдиндан ёздириб олгандим.
Майли ,- деди у ўртанганча ҳўрсиниб ,- уйга борайликчи , бир- икки ўзига тўқ дўстларимдан қарз сўраб кўрарман.

- Қарз сўрашга ҳожат йўқ ,- деди Латофат эрига ҳайриҳоҳ тикилиб ,-менинг банкдаги ҳисоб рақамимда унча- мунча пул бор. Сизга турмушга чиқмасдан аввал йиға бошлагандим бу пулларни. Турмушга чиққач ҳам "Ойлигингни ўзингга ишлат" деганингиздан сўнг яна бироз жамғаргандим. Очиғи бу пулларни аввал шунчаки бирор нарсага яратарман дея йиққанман. Кейинчалик эса Осиё ўқишга кирса керак бўлиб қолар деган мақсадни ўйлай бошладим. Мабодо контрактга кириб қолса деб-да. Худо ҳоҳласа у кунларга ҳам пул топилар. Ҳозир эса шошилишимиз керак .

Икром ака оғир ютинди .
- Насиб қилса пулларингни қайтараман. Барини ...

Латофат эрини қўлини маҳкам қисди:

- Албатта қайтарасиз. Ахир уларни ўз эгаси бор.

▪️▪️▪️

Шифокорнинг тахмини тўғри чиқди . Осиёнинг қонига инфекция тушиб кетган экан. Қизни ўзига келтиргунча , ички ва ташқи тикиш жойларидаги яллиғланишларни бартараф қилгунча тиббиёт ходимларининг ҳам бўлари бўлди.

- Наҳотки қиз шўрликнинг аҳволи шу даражага етгунча пайқамагансизлар? -бўлиб ўтган воқеаларни эшитган қариндошларнинг ҳуноби ошди ,- одам деган ҳам шунчалик бемалол, бепарво бўлиши мумкинми ?

Уларнинг дашномларига Икром ака изтироб ичида жавоб қайтарди :

- Кўричак деганлари ёрилгунча қаттиқ оғриқ бераркан . Ёрилиб кетса ундан у ёғига оғриқ инсонни у қадар безовта қилмасмиш . Камига қизим кучли оғриқ қолдирадиган дориларни қабул қилган. Осиёни дастлаб текширган шифокор ташхис қўйишда хатога йўл қўйган. Кейингилари эса "Корин бўшлиғи соҳасидаги безовталикка оғриқ қолдирадиган дори қабул қилмаслик кераклигини билмасмидингиз ?" дея бизга қанчалар дашном беришди. Ўзмизга қолса шундай бўлсин дебмизми ? Кўргилик-да , буям...

- Энди бундай кўргилик деб қўл қовуштириб ўтиришингиз тўғри эмас. Ўша нотўғри ташхис қўйиб қизнинг ҳаётини жар ёқасига етаклаб олиб бориб қўйганларни судга бериш керак, токи қилган қилмишларига яраша жавоб беришниям билиб олишсин...

- Осиёнинг бу аҳволга тушишига биз ҳам тенгдан айбдормиз. Ўша шифокорлар "Қизингизни тонг отиши билан клиникага олиб бориб ҳар томонлама текширувдан ўтказинг" деб кетишганди , биз бўлсак Осиёнинг "Бугун оғриқларим камайди , фақат уйқум келаяпти" деган сўзларига алданиб ғафлатда қолдик. Тағинам қизим соғая бошлади. Шунисига ҳам шукр деб ўтирибмиз.

-Икки ой ичида тўрт марта операция бўлди , қиз шўрлик . Тағинам бояқиш дардга оғир экан. Майли чивиндек жони омон бўлсин . Бу ёғи кўрганлари фақат ҳурсандчилик бўлсин.

Бу вақтда Осиё бир кишилик палатада беҳол ётарди. У тушга яқин охирги операциядан чиққанди . Наркоз таъсири кета бошлаганда қўлларини силаб - сийпаб йиғлаб ўтирган аёлни дастлаб ўз онаси деб ўйлади. Кўп ўтмай хаёллари тиниқлаша бошлади , бироқ кўзини очишга мажоли келмади . Яқинидаги аёл эса ўпкаси тўлиб шивирлаганча гапирар , гапира туриб тинимсиз йиғлар ҳам эди :

- Сен қийналгунча мен қийналсам бўлмасмиди , жоним қизим. Бу дунёда Аллоҳимни бергани мунчоғим - овунчоғим. Кўнгли тозам , беғуборим. Сен туфайли ҳаётда она деган шарафли номга сазовор бўлган аёлни куйдирмагин, ёлғизим. Сизникига илк келган кунимдан сени ўз қизим деб қабул қилгандим. Аллоҳим бир вақтлар нобуд бўлган қизим ўрнига , қилган сабрим , тўккан кўз ёшларим эвазига сени етказди деб ишонганман.
Сенинг ушоқдек жонинг қийналгани сайин ўзимни қўйишга жой топа олмаяпман. Биргина дард сени не куйларга солса-я? Танангга неча бор пичоқ тегди , ниналар зарбидан оппоқ қўлчаларинг моматалоқ бўлиб кетди. Сен бўлсанг , бир оғиз "их" демайсан. Шунчалар ҳам сабрлимисан , шунчалар ҳам бардошлимисан, Осиёгинам ?

Болам...

Қизим...

Ким нима деса десин , сен ўзимни қизимсан. Жонимни бир парчасисан.
Илойим Қодир Эгам дардларингга шифо берсин. Тўйларингни даданг билан бирга кўрайлик. Мен хатто тушларимда ҳам сени оппоқ келин кўйлакда жилмайиб турганларингни кўраман ... Аллақаерда ўқигандим :"Ёруғ кунларни кутиб яшаш ҳам ибодат" дея...Мен ҳам ўша кунларни орзиқиб кутиб яшаяпман ...

Осиёнинг кўнгли тўлиб кетди. У кўзларини очмоқчи , Латофатга "йиғламанг" демоқчи бўлди. Бироқ қуввати етмади. Бўғзидан сўз ўрнига инграган ҳирқироқ товуш сизиб чиқди.

- Осиё... Шакарим ...Томоғинг қуриб кетдими ? Мен ҳозир...

Латофат жонсарак бўлганча қизнинг қуруқшаган лабларини намланган пахта билан хўллади .
Лабларига босилган пахтадан сизиб кирган сув Осиёнинг юрагидаги оташга малҳам каби босилгандек бўлди.

Латофат эртаси куни тонггача Осиёнинг бошидан жилмади.

Эрта тонгда палатадаги тумбага омонат суянганча кўзи илинган Латофатга кўзи тушган Осиё уни оҳиста чақирди:

- Аяяя... Аяяяжооон ...

Латофатнинг кўзлари бир зумда очилди . У Осиё алаҳсираб марҳума онасини чақиряпти деб ҳавотирга тушганди. Латофат ўрнидан ирғиб туриб Осиёнинг пешонасига кафт босди :

- Осиё , иссиғинг чиқяптими ?

Осиё оғир қимирлаб Латофатни қўлини пешонасидан олиб юзига босди :

- Аяяя ... Мен яхшиман ... Сиз кечадан буён тик оёқда жуда ҳориб кетдингиз. Илтимос , уйга бориб дамингизни олинг ...

- Осиёёё...

- Аяжоооон ...

Айтдим- ку... Мен яхшиман ...

Латофатнинг оёқларидан мадор қочди. У Осиёнинг кровати қаршисига тиззалаб қолди :

- Қиз... Қизиииммм . Жоним қизим ...Ўзимни қизииим ...

Латофатнинг кўзларидан дувиллаб ёш қуйилар , бироқ унинг ўзи ҳозир буни англайдиган аҳволда эмасди ...

▪️▪️▪️

#орадан_икки_йил_ўтди

Осиё уйқусидан яна нафаси бўғилиб уйғониб кетди.
У ётган жойидан базўр қимирлаб шундоққина қўл етар ерда жойлашган дераза табақаларини очиб юборди. Қиш бўлишига қарамай ҳаво илиққина эди.
Қиз ташқаридан ёпирилиб кирган оромбахш ҳаводан тўйиб
симирди. Ҳозиргина кўрган туши таъсирида юраги ўйнаб , жисмини тер босган экан , зум ўтмай сал аввал илиқ туюлган ҳаводан танаси жунжикди...

Осиё даҳлиз чироғини ёқилганини кўриб , шошилганча дарезани ёпди:
"-Аямни ҳавотирга солмай..."

Осиё ўрнига ётиб устига енгил пар кўрпасини тортди :

"Қизиқ , - ўйлади у энтикиб,- яна ўша, илгари кўп бора кўрган тушга ўхшаш тушни кўрдим. Авваллари бир тўда оппоқ отлар уюрини қандайдир сувлар юзасида чопиб бораётганини кўрар эдим. Отларнинг туёқлари остидан отилиб тўрт тарафга тарқалаётган сувлар гўёки кўнгил ҳовурини босаётгандек , олдинда сени ёруғ кунлар кутаяпти деяётгандек бўларди.
Бугунги тушим эса ... Бугун мен ўзимни интиқиб кутаётган инсон қаршисига шошиб кетаётгандек ҳис қилдим ...
Юрагим шунчалар ёруғ ... Дилим шунчалар равшан- кии...

Осиё эртаси тонгда нонушта қилиб ўқишга отланди . Мана икки йил-ки, у педагогика университетининг талабаси. Осиё аяси Латофат каби мактабга илк бора қадам қўйган болажонларга дунёни танитишни истарди. Унинг орзуси ўтган йили амалга ошган , имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб грант асосида ўқишга қабул қилинган эди.
Осиё тушгача маърузаларни жон қулоғи билан тинглади. Дастлабки икки пара унинг севимли устози Табассум Комиловнанинг дарслари эди.
Вақт қандай ўтганини сезмай қолган Осиё қўнғироқ чалингач ўзига келди .
- Осиёжон , тез - тез қимирлай қол энди,- шаддодгина дугонаси Элнора уни тезлаштирди ,- бошни-ку ақл билан тўлдирдик , қоринни ҳам ўйлайлик бундоқ . Энди унинг навбати.

Осиё Элноранинг ўхшатишидан завқланганча унга эргашди.
Улар кўчанинг нариги бетидаги қаҳвахонага йўл олишди . Бу қаҳвахона ширин таомлари билан бир қаторда мазали ширинликлари билан машҳур эди.
- Элнора ,- деди Осиё узундан узун навбатга кўзи тушиб бўшашар экан ,- шу ерга бекор келдик-да. Кейинги пара домла Сайфиевани дарси . Кеч қолсак борми ?! Биласанку уни ...
- Кеч қолмаймиз. Таомни тез- тез еймиз- у , аудиторияга югурамиз.

- Ва буни номи овқатланиш, шундайми ? - Элнорага норозиланиб боқди Осиё ,- менга тушликни бу тарзда қилиш ёқмайди . Бу кетишда ошқозонни ишдан чиқариш ҳеч гапмас. Ундан кўра ҳозир енгилроқ у , бу нарса еб олиб , дарс тугагач бемалол шу ерда пирожний еб ,кофе ичсак бўлмасмиди ?

Шу пайт навбатни бошида турган икки йигит қизларга қараб қўл силкишди :

- Диля ?! Нози ?! Сизларга навбат олиб кутиб турибмиз . Тезроқ бу ёққа ўтинглар. Сизларни деб ҳалитдан бери қанча одамни ўтказиб юбордик.

Элнора билан Осиё "Диля билан Нозиси ким экан буларни ?!" дея ҳайрон бўлиб атрофга аланглашар экан йигитларни бири навбатни бошидан сирғалиб чиқиб Осиёнинг қаршисига тўхтади :

- Бўлақолинглар тезроқ. Ўзи шундоғам вақтимиз кам .

Элнора тезда бу йигитнинг мақсадини тушуниб Осиёни қўлидан тутди:
- Юрақол, Диля. Сенга айтгандим- ку , йигитлар навбат олиб қўйишади деб. Сен бўлсанг ишонмайсан.
Осиё Элнора ва йигитга истамайгина эргашди.
Улар таомларни харид қилишгач ёнма- ён қўшни столлардан жой эгаллашди.

- Раҳмат , йигитлар ,- деди Элнора хушнуд кайфиятда ,- айни вақтда жонимизга оро кирдинглар.
- Талабалар шу вақтда бир- бирини қўлламаса қачон қўллайди? -деди сал аввал уларни бошлаб кетган йигит ,- Асилбек. Буни исми эса Умид.
- Мени исмим Нози. Дугонам эса Диля ,- кулимсираб сўз қотди Элнора,- балки тескарисиям бўлиши мумкин. Мен Диля , бу Нози. Умуман олганда буни жуда унчалик фарқи йўқ деб ҳисоблайман. Қани овқатдан олинглар , совумасин.
- Жуда ажойиб қизлар экансиз ,- деди ҳалитдан буён уларни жим кузатаётган Умид жилмайганча,- биз миллийда ўқиймиз. Бу ерга бир дўстимизни офисига иш билан келгандик. Унинг бўлса "Ҳозир етиб бораман" деганига атиги икки соат бўлди. Шунга Асилбек билан қоринни "заправка" қилиб олишга киргандик. Сизлар пед.университетни талабасимисизлар дейман?
- Ҳаа шундай ,- Элнора чой хўплай туриб жавоб қайтарди
- Бир нарса сўрасам майлими ? - деди Умид Элнорага жиддий тикилиб
- Дугонангиз нима учун суҳбатга қўшилмаяптилар ? Ёки ...
- Ҳавотир олманг . Дугонамда ҳаммаси яхши. Бу ўзи менга ўхшаб гапдон эмас холос. Ўзини гапирадиган вақтида гапиради . Анави латифа бор-у ?

- Қайси латифа ? - икки йигит тенгдан савол ташлашди. Бунга сари Элнорани янада завқи келиб сўзлай кетди.
- Бир хонадонда ўғил чақалоқ дунёга келибди. Кўринишидан соппа- соғ , биб- бинойи бўлган бу гўдак бир ёшга тўлса ҳам , икки , уч ёшга кирса ҳам бир сўз демабди. Шифокорлар- у , табибларнинг қилмаган амаллари қолмабди , аммо бари ҳаракат бекормиш. Шу тариқа орадан йиллар ўтибди. Бола ўн беш ёшга кирибди. Энди унинг ота-онаси ҳам фарзандининг гапирмаслигига кўникиб қолишган экан.
Кунлардан бир куни ҳалиги йигитча олдига келтирилган шўрвадан татиб туриб:
@xazon_rezgi /8
- Вой- бўў! Бу овқат намуна шўўўр!? - дея ҳитоб қилибди.

Шунда эсанкираб қолган шўрлик ота- она :
- Вооой , болам ?! Гапирасанми ? - дея бараварига сўрашибди
- Ҳаа,- дермиш йигитча бамайлиҳотир.
- Унда шу вақтгача нима учун бир оғиз ҳам чурқ этмадинг ? - ҳуноби ошибди ота- онанинг
Элнора латифани якунлар экан , айёрона кулимсиради :

- Бизнинг Осиё ҳам шунақа эътирозга ўрин йўқ жойда ўзини уринтириб ортиқча сўз қотмайди .
Афтидан йигитларга латифа таниш эди , шу сабаб улар енгил кулимсираб олишди, Умид эса навбатдаги саволни ўртага ташлади :
- Демак , дугонангизни исми Осиё? Топдимми ? -у шундай дея жавоб кутмай сўзида давом этди,- танишганимдан ҳурсандман.
- Майли ҳурсандчилигингиз бутун бўлақолсин ,- деди Элнора шаддодлик билан ,- менинг исмим Элнора. Келаси сафар бизларни бугунгидек қўллаб юбормоқчи бўлсангиз Диля , Нози деб ўзингизни қийнаб юрманглар деяпмиз-да.
- Ўҳ- ҳўў ! Демак , сизларни яна бир бор учратишдан умидвор бўлсак бўларкан-да ?!- деди Асилбек маънодор томоғини тақиллатиб ,- балки бу сўзингизни таклиф ўрнида қабул қилармиз.

- Йўғей ? - дарҳол ўзини йиғиштириб олди Элнора ,- буни гап йўғида гап деб қабул қилақолинг. Умуман олганда бугунги ёрдамингиз учун раҳмат . Биз овқатланиб бўлдик. Сизларга эса яна бир бор ёқимли иштаҳа...
- Ҳали таомингизни охиригача еб бўлмадингиз- у ? Ё биздан ранжиб қолдингизми ?
- Йўқ , ундай эмас. Дарс бошланишига ўн беш минут қолди . Кеч қолсак бўлмайди. Бу сафарги Устозимиз темир интизомли аёл . Хуллас тушундингиз деб ўйлайман .
Қизлар енгил ҳаракатлар билан ўрниларидан турдилар.
Умид қизларнинг ортидан тикилиб қолди :
- Асил ... Осиёнинг овози жуда ёқимли экан- ааа ...
- Ҳей ?! - Асилбек Умиднинг юзи қаршисида қўл силкитар экан ,- ўзингга кел , ўртоқ. Бу дейман шу қиз жигар - бағрингдан уриб қолдими дейман ?!
- Йўқ ,- деди Умид қизларнинг ортидан ҳамон кўз узмай ,- у қиз юрагимдан урди , дўстим , нақд юрагимдан...
- Ажойибсан-а , Элнора ,- ташқарига чиққач дугонасидан ўпкалади Осиё ,- нима учун бу йигитларга исмимизни айтдинг ?

Элнора бепарво қўл силтади :

- Шунга асабинг бузиляптими , дугош ? Ҳа энди гапнинг орасида ўрни келиб қолди- да . Қайтиб бу йигитларни кўрамизми , йўқми ? Ташвиш чекма. Ундан кўра Сайфиевани маърузасига кеч қолмаслигимизни ўйлаб , кайфиятингни кўтар !

- Ҳа майли ,- деди Осиё жонланиб ,- ҳақиқатдан ҳам дарсга кеч қолмаслигимиз қойилмақом иш бўладиган бўлди.

- Осиё , - муғомбирона кулимсиради Элнора ,- аслида ҳалиги йигитлар заб келишган эканми ? Айниқса Умид деганлари сенга бошқача қаради.Кўзини узмаслигини-чи уни ?!

- Э ўша бошқача қарашидан ўргилдим,- лабларини асабий бурди Осиё ,- тўғрисини айтсам лўқ бўлиб тикилиб олганига овқат егандек ҳам бўлмадим. Ўтказиб берган навбатиниям ҳаққини тўлаб бўлдим десам хато қилмасам керак .

- Сенга қараганига жон де. Масалан менга озгина бўлса ҳам эътибор берганида шундоқ йигитни қўлдан чиқармасдим.

- Э қўйсанг-чи ? Битта кўришганда дарҳол бир қарорга келиш нотўғри иш. Қолаверса мен ҳозир фақат ўқишни ҳақида ўйлашини истайман. Турмушга эса ота- онамнинг оқ фотиҳасини олиб чиқсам дейман. Бироқ бунга ҳали бироз эртароқ . Кел яхшиси шу мавзуни ёпа қолайлик. Аудиторияга ҳам яқинлашиб қолдик.

- Яхши ...

▪️▪️▪️

Кейинги вақтларда юрса ҳам, турса ҳам Умиднинг кўз ўнгидан Осиё кетмай қолганди. Илгарилари сира бундай ҳисни бошидан кечирмаган йигит бирданига ўйчан ва хаёлпаришон бўлиб қолди. Ундаги бу ўзгаришни дастлаб яқин дўсти Асилбек , ундан сўнг эса онаси Сурайё опа пайқаб улгуришди. Асилбек ўз йўлига , кундалик ҳазил- ҳузилини қилиб йигитнинг юрагига кунда ўт қалаш билан андармон бўлса , Сурайё опанинг бу борадаги реакцияси бутунлай бошқача бўлди:

- Сен бола , тинч юрибсанми ? Юришларинг қандайдир бежороқми ? - ўсмоқчилаб сўради Сурайё опа нонушта вақти

- Йўғей , ойи ? Нималар деяпсиз ? Нега тинч юрмас эканман? Юришимга нима қилибди ?

- Ҳа энди айтдим - қўйдим-да . Буям бир огоҳлантириш. Мабодо битта - яримта қизни кўз остингга олиб ўтирмагин хўпми ? Сен ҳозирги замон қизларини билмайсан . Келинликка номзодни ўзим танлайман,- Сурайё опа дўмбоқ бармоқларидаги шода-шода тилла узукларни кўз кўзлагандек чой қўйилган бокални кўзлари билан тенг масофада баланд кўтарди.

Умид онасига қараб маъноли қош қоқди :

- Сиз биласизми , Ойи , ҳозирги замон қизларининг қанақалигини?

- Бўлмаса- чи ? - бошини кибр билан сарак- сарак қилди Сурайё опа ,- мен уларни қандайлигини бир кўришда биламан. Сенам онангга ўхшаб шаҳарма- шаҳар юрганингда тажрибанг шунақа ошиб кетарди. Аммо унгача вақт бор .Ҳозирча мени тажрибамга суяниб турамиз. Зарар қилмайди .

- Ойиии , сиз ҳам шу юришларингизни йиғиштирсангиз яхши бўларди,- жиддийлашди Умид , - айтинг , кимдан ва нимадан камимиз бор ?

- Ҳа баракалла ! Ҳеч кимдан кам эмаслигимизга ақлинг етибди, бироқ бари мени тинимсиз ҳаракатларим туфайли эканлигига етмабди ўша ҳар балога етган ақлинг,- бирдан ловуллаб кетди Сурайё опа,- сенга қолса дадангга ўхшаб бир умр китоб қўлтиқлаб ўтасан . Дадангни орзуси ҳам , ҳаваси ҳам шу китоблар. Аммо қани шу китоб дегани қорин тўйдирса ? Номлари профессор-у , чўнтаклари қуппа- қуруқ

- Ойи. Тўғриси мана шу ҳашамат нима қилиб беради ? Одам бу дунёда бир марта яшайди. Ана шу бир марталик умрида ўзи севган ишини қилиши керак-да ?

- Мен нима қиляпман сенингча ?- тутақди Сурайё опа,- агар билсанг мен аёл бошим билан сен ва даданг учун ҳаракат қиляпман. На иссиқни иссиқ , на совуқни совуқ деяётганим йўқ . Ҳали Дубай , ҳали Хитой , ҳали Туркиядан юк олиб келиб сотаман. Олган товаримни пули чиқмагунча томоғимдан бир қошиқ овқат ўтса қани ? Буларнинг бари ким учун ?
Сизлар учун !
Умид исмли ақл берадиган ёлғиз ўғлим ҳамда дарди фикри маърузалари ва талабаларида бўлган тарихчи профессор Адҳам Ибрагимов ҳазрати олийлари учун. Бошқа ҳеч ким учун эмас.

- Ойи ,илтимос сиз ҳам шу ишингизни йиғиштиринг. Дадам ҳам сизга неча бор айтяптилар- ку , қўй шу ишларни деб ? Қулоқ солмаган ўзингиз. Агар уйда ўтириб зерикаман десангиз биб- бинойи касбингиз бор. Бир вақтлар шу касбда мазза қилиб ишлагансиз- ку ? Ҳозир нима ҳалақит қиляпти. Ҳар ҳолда ёнимизда бўлардингиз-да , ойи ?!

Умиднинг овозида озорланиш оҳанглари яққол сезилди , бироқ онаси бунга аҳамият бермади.

- У ўзинг айтгандек бир вақтлар эди. Ҳозир касал болаларга қарашга менда тоқат бор дейсанми ? Қолаверса бугунги топиш тутишим билан солиштирса оддий ҳамширанинг маоши эҳ- ҳеей...

- Ойи ... Оилада атиги уч киши бўлсак. Мен , сиз , дадам. Шу учгина жонга манави саккиз хонали иморат нимага керак? Яна ҳаммасининг ичи тўла қақур- қуқур. Уйимизда керак - керакмас буюмлар кўплигидан хафтада икки марта уларни чангини тозалашга алоҳида одам келади . Асли кимга керак шунча даҳмаза ? Инсон буюмга эмас , буюм инсонга ҳизмат қилиши керак эмасми ?

- Сен ҳам дадангни ўғлисан-да, энсаси қотди Сурайё опанинг ,- "Бели оғримаганни нон ейишини қара" деган экан машойиҳлар .
Сен бу нарсаларни фаҳмига ҳали етмайсан. Вақти келиб тушунасан , албатта. Ана ўшанда сен билан "Ассалому алайкум" дея қайта саломлашаман.

Эй сен ,- кутилмаганда Сурайё опанинг қошлари чимирилди ,- суҳбат нимадан бошланганди- ю , сен нималарга "ўтлаб" кетдинг ўзи? Хуллас ,ўзингни билиб юр , бола. Қадамингни ўйлаб бос. Насиб қилса ёзга чиқиб бошингни икки қиламиз. Бир , икки кўзлаб қўйган қизларим бор. Тагли, тугли оила фарзандларидан. Ёқтирганингга уйлантирамиз.

- Ёқмаса-чи , ойи ? - "ҳм" дея бурнини тортди Умид ,- унда ўзим топсам бўладими ?

- Йўқ ! Фақат мен топган қизга уйланасан ! Сен ҳавотир олма, онангни дидимга ишон. Мен танлаган қизларнинг бири бўлмаса бири сенга албатта ёқади.

- Майли ойи , мен энди борай . Кечроқ кўришармиз.

- Яхши бор . Аммо кечроқ кўришолмаймиз. Бугун дугонам билан Туркияга учиб кетамиз. Бир хафталарда қайтсам керак.

Умид ойисига билинтирмай хўрсинди :

- Яхши бориб келинг , ойи...

▪️▪️▪️

- Осиё !

Дарсдан чиқиб автобус бекатига йўл олган Осиё ўз исмини эшитиб бир чўчиб тушди . У бошини илкис кўтариб ён тарафда ўзи тарафга шаҳдам қадамлар билан яқинлашаётган Умидни кўриб ажабланди .

- Сиз ?!

- Ҳаа , - жилмайди Умид, - бу яна мен ...

- Биз тарафларга қайси шамол учирди ? - Осиёнинг ёдига йигитнинг ўтган сафарги сўзлари келди ,- яна дўстингизни ёнига келганмидингиз ?

- Топдингиз ! - ҳозиржавоблик билан жавоб қайтарди Умид,- ишим ҳам бу сафар эртароқ битди. Шунга кайфиятим кўтарилиб кўчага чиққанимда сизни учратиб қолдим. Уйга қайтаяпсизми ?

Осиё ростини айтайми , йўқми деб бироз тараддудланди , бироқ тез орада бир қарорга келди:

- Йўқ , Элнораларникига кетяпман. Унинг томоғи оғриб бугун дарсга кела олмади. Хабар олиб келай . Унга жуда суяниб қолган эканман. Ўрни ярим кунда билинди.

- Дугонангиз қаерда туради ?

- Ўрикзордаги махаллада . Шундоққина кираверишда.

- Ия , биз тарафга яқин экан-ку ? Юринг сизни ола кетаман.

- Ола кетасиз ? Шарт эмас , ўзим кетавераман , ортиқча оворагарчиликка ҳожат йўқ, - Осиёнинг хаёлидан "Бу йигит ҳозир такси тўхтатса керак" деган фикр ўтди.

- Нега овора бўлар эканман ? - Умид сўзидан қайтадиган кўринмасди , - ана тайёр машина , ғиз этиб олиб бориб қўяман.

Шундагина Осиё Умиднинг пиёда эмаслигини фаҳмлади. У йигит ишора қилган тарафга қараб сутдек оппоқ нексия машинасига кўзи тушди.
У Умидга на ҳа , на йўқ дейишга қарор қила олмай бироз ўйланди. Сўнгра кўнглида "Нима бўлса бўлар, барибир йўли ўша тарафга экан- ку ?" деган ўй билан йигитга эргашди ҳамда нексиянинг орқа ўриндиғидан жой эгаллади.

-Ўқишлар қалай ? Чарчаб қолмаяпсизми ? - сўради Умид орқани кўрсатувчи ойна орқали Осиёга қисқа назар ташлар экан.

- Йўқ , чарчашлар йўқ ,- сокин оҳангда жавоб қайтарди Осиё машина ойнаси орқали кўчани кузатиб кетар экан ,- инсон ўзи яхши кўрган касбидан чарчамас , балки завқ туйиб яшар экан. Менда ҳам шундай . Болажонларни яхши кўраман. Сиз-чи ? Сиз қайси факультетда ўқийсиз ?

- Насиб қилса математик бўламан мен.

- Жуда соз . Кейин-чи ? Қаерда ишламоқчисиз ? - Осиё қизиққанидан беихтиёр савол беришда давом этди .

- Билмасам. Кўраман- да. Балки университетда , балки бирор ўқув марказида ишларман. Барчасини вақт ҳал қилади,- деди Умид йўлдан кўзини узмай,- бу йил бакалаврни битирсам , кейин магистратурага кираман. Демак , ҳали ўқишда давом этаман. Университетни битиргунча бир қарорга келарман.

- Мен эса мактабда ишлайман. Ўқишга киришдан мақсадим ҳам аввал бошдан шу бўлган. Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир" деган эди буюк тараққийпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий . Мен ҳам у кишининг фикрларига қўшиламан.

Умид қизни тинглаган сари унинг заковати ва зеҳнига тан бериб борар эди. "Бу қизни Аллоҳ ҳар томонлама сийлаган экан ,- дея ҳайратга тушиб ўйлар эди Умид ,- ақл десанг ақл бор, ҳусн десанг ҳусн , одоб ҳам , ахлоқ ҳам бари бир жуссада мужассам..."

- Сиз мендан икки ёш катта экансиз-да ? - Осиёнинг саволи Уииднинг хаёлини ўзига келтирди,- демак сизга Умид ака дея мурожаат қилишим керак .

- Ҳоҳишингиз ,- деди Умид гарчи бу таклиф ўзига мойдек ёқиб тушса ҳам

- Хуллас , Умид ака , биз Элноранинг уйига етиб қолдик. Навбатдаги келаётган кўчадан кирилади дугонамнинг уйига. Мени кўча бошида қолдирсангиз.

- У ерда қанча вақт бўласиз ? Қайтишда яна уйингизга олиб бориб қўйишим мумкин,- деди Умид машинанинг тезлигини аста пасайтирар экан ,- тағин сиз бу йигит роса шилқим экан деб ўйламанг , шунчаки ҳозир уйга бориб кийимларини алиштираман ва ортга қайтаман. Бугун бир курсдошимиз уйланаётган эди. Кечга ресторанда тўй.

- Ҳаа , шундай денг ,- деди Осиё нима учунлигини ўзи ҳам билмаган ҳолда севиниб , -агар ярим , бир соатларда қайтсангиз , мен ҳам йўл бошига чиқиб тураман.

- Келинг , яхшиси сизга қўнғироқ қиламан "Келаяпман" деб . Шунда яна қайта кўришиб оламиз. Менинг рақамимга гудок ташлаб қўйсангиз бўлди ? Ёзинг : тўқсон тўртли ...

Осиё Элноранинг ёнида бир соатча қолди. Ўз- ўзидан Осиё дугонасидан ҳол сўраш баробаринда бугун Умид билан бўлган учрашувни ҳам яшириб ўтирмади .

- Балосан , сен қиз , балосан ! Шундоқ йигитни юрагидан урибсан- а ?

- Э қўйсан-чи ?! - ўнғайсизланди Осиё ,- ана энди сенга гап топилди. Умид ака билан тасодифан учрашиб қолдик. Бор гап шу.

- Тасодифан ? - муғомбирона кулди Элнора, - билиб қўйки , азизам , тасодифлар тасодифан бўлмайди. Мени тушунмадинг- а ? Биринчи учрашувинглар тасодифан бўлган эди , бу рост. Аммо бунисига шубҳам бор. Ундан кейин у йигит озми кўпми сенга ёққан кўринади. "Қаердан билдинг" дейсанми ? "Умид ака" миш... Тоже мне ...

- Жуда яхши-да ! Сен бўш ўтирмагин деб астойдил ҳаракат қилдим, - Осиё Элнорага тақлидан жавоб қайтарди ,- тезроқ тузалиб ўқишга бормасанг , бундан ҳам кўпроқ сюрприз тайёрлаб қўймайин яна ...

Элнора Осиёни маҳкам қучди :

- Хафа бўлма , асалим, аммо ростини айтаман. Шу йигит жуда бошқача кўринди кўзимга. Нима десам экан ? Худди сен ва у ... Бир бирингиз учун яралгандек. Узукка кўз қуйгандек ?!

Менга қара ? - Элнора Осиёга кўз қисар экан ,- мабодо уни бугун қайта учратганда юрагинг "жиииз" этмадими ? Айтишларича юрак ҳаёт йўлларидаги бир умрлик ҳамроҳини таниса шунақа "жиииз" этаркан. Сендаям шунақа бўлса унда тамом! Қўлга тушибсан , қизи !

- Э бор- ей?! Ўзи шундан бошқа мавзу йўқми сенга ? Кел , бошқа яхши гаплардан гаплашайлик. Уни буни қўй, қачон ўқишга борасан ? Бир кун бормаганингга ўрнинг шунчалик ҳувиллади- ки ...

- Аммо бормаганимни фойдасиям бўлиб-ку ? Қара қанча янгилик ? Бўпти, бўпти хўмрайма. Ўзим ҳам бир кунда зерикиб кетдим. Ойижонимни биласан- ку "Йўталинг зўрайиб бир ишни бошлама тағин" деб ўқишга юбормадилар. Эртага боришга ҳаракат қиламан. Руҳсат олиб олай.
Шу пайт Осиёнинг телефони жиринглади . У телефон экранига қараб дув қизарди . Осиё Элнорага нима дейишни ўйлар экан , дугонасининг ўзи унинг мушкулини осон қилди :

- Сен гаплашиб тур , мен тезда қайтаман. Ошхонада зўр пирожний бор эди. Менга мумкинмас , сенга эса айни муддао ...

Элнора хонадан чиқиб кетгач , Осиё тармоққа уланди :

- Алло ...

- Осиё, қачон йўлга чиқсам бўлади ? Ярим соатларда ўша сизни қолдирган жойга борсам бўладими ?

- Ҳаа , бўлади . Айтган вақтингизда ўша ерда бўламан.

- Яхши ... Дугонангизга салом денг.

- Хўп...

Осиё эшикдан қўлидаги ликобчада пирожний олиб келаётган Элнорани кўриб телефондаги суҳбатни тезда тугатди...

* * *

Умид Осиёни кўчаси бошига элтиб қўйиб , тавоъзе билан хайрлашди.

▪️▪️▪️

Шу тунда Осиё яна ўша тушни кўрди. Қиз бу сафар ҳам от йўрттириб кетаётган эмиш. Олдиндаги манзилда ўзини кимдир кутаётганини ҳис қилиб қувончдан юраги ўйноқлар эмиш унинг.

Ана...
У манзилга етай деб қолди. Ҳозир уни кўради . Ўзи дийдорига ошиқаётган ўша сирли кимсани . Оз қолди. Бир неча қадам ... Саноқли қадам ...

- Осиё ! Қизим , уйғонақол. Ўқишга кеч қоласан ,- эшик ортидан Латофатнинг куюнчак овози эшитилди , - яна туни билан алламаҳалгача дарс қилдингми дейман ? Эрталаб кўзингни уйқудан очолмаяпсан ? Осиё , уйғон деяпман ?!

- Ҳозир , ая . Мана туряпман...

Осиё аясига шундай дерди-ю , аммо ўзи кўзини уйқудан очгиси келмасди.

У шу алфозда бироз ётди-да , бирдан ўрнидан сакраб турди :

"- Эсим қурсин! Бугун биринчи пара домла Сайфиевани дарси- ку ?"

Осиё Латофатни ҳай- ҳайлашига қарамай ярим чашка кофени нари - бери ичди-ю , бошқа ҳеч нарса емай ташқарига отилди.

У шошилиб бекат томон кетар экан шундоққина ёнгинасида тўхтаган машинага эътибор бермади .

Давоми бор.

#БаҳорҚайтгунчаХикоя

Комментарии