💥УЧИНЧИ ТАҚДИР.

13-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
Кейинги гал кўзини очганида эса қаерда ётганини тушунмади. Атрофга аланглади. Ёнида иккита кароват бўш. Ундан наридагисида эса бир аёл жим ётибди. Шу бир бор қараши ҳам дармонини қуритганини билиб, аёл кўзларини қайта юмди. Қанча вақт ўтди билмайди, таниш овоз эшитилди:
— Шаҳло келинойи, ўзингизга келдингизми? Зўрға рухсат сўраб кирдим.
Шаҳло қўшни қизни таниди. Кўзларини юмуқ ҳолда “ҳа” дегандек бош силкиди.
— Ҳозир сизни палатага кўчиришади.
Шаҳлони яна уйқу элтди. Кўп ухлолмади, араванинг ғилдирагани, уни қаёққадир олиб кетишаётганини элас-элас билди. Бироқ чақалоқ йиғисини эшитгач, бор ҳолсизликни енгиб, ўзини қўлга олишга уринди. Куч тўплаб кўзини очаркан, ёшгина она ва унинг ёнига қўйилган жажжи кароватчадаги чақалоқни кўрди.
— Менинг болам қани? Туғдимми? — деди у хавотир билан.
— Ҳа, қизчали бўлибсиз. Ҳозир олиб келишади чақалоғингизни, — жавоб берди ҳалиги ёш она.
— Нега ёнимда эмас?! — қўрқиб кетди Шаҳло.
— Қўрқманг, болангиз яхши. Ўзингиз энди жонлантириш бўлимидан чиқдингиз.
Бу гап Шаҳлони хотиржам қилмади. Мажоли етмаса-да, бақирди:
— Боламни беринглар!
Шукрки, зум ўтмай унинг ҳам ёнига жажжи каравотча ва пишиллаб ухлаб ётган чақалоқни келтириб қўйишди. Лекин Шаҳло хонадаги бошқа оналар каби ўрнидан туриб, уни қўлига ололмади. Умуман мадорсиз эди. Илк фарзандини кўриш истаги эса ҳамма нарсадан устун келаётганди.
— Боламни олиб беринг, илтимос. Нега бунча жоним йўқ? Чақалоғимни кўргим келяпти...
— Бирпас жим ётинг. Чақалоқ ухлаяпти. Ўзингиз ҳам сал куч тўпланг, — жеркиб берди ҳамшира.
— Ҳамма кўряпти-ку боласини...
— Сиз ҳамма эмас, кўп қон йўқотдингиз! Бир сутка “реанимация”да ётдингиз! Буларга тушунтирмасанг, ўзича ўйлаб кўрмайди, — ҳамшира ўзгага гапираётгандек бидирлай-бидирлай чиқиб кетди.
Ўша куни Шаҳло боласини қўлига ололмади, аммо кўрди. Ҳамширанинг кўмаги билан гўдагига кўкрак ҳам тутди. Сўнг онасининг қистови билан зўрға товуқ шўрванинг сувини, асал чойни ичгач, пича жон киргандек бўлди. Эртасига тонгда эса чақалоқнинг “инга”си уни уйғотди. Хонадаги икки она ҳали уйқуда, ҳамшира ҳам кўринмасди. Фақат унинг жигаргўшаси ҳали яхши эммагани учунми, чинқирмоқда эди. Унинг овози Шаҳлога куч бердими ё кечки овқат ва тиниқиб ухлаш қувват бердими, ишқилиб, минг азобда чўзилиб, боласини олдига олди.
— Қизим, — деди у ҳам уялиш, ҳам ҳаяжон билан. Сўнг унинг қорнини тўқлашга киришди.
Бир соат ўтар-ўтмас эшикдан онаси кўринди. Унга нонушта келтирган экан. Тушликни эса синглиси олиб келди. Кечки пайт яна онаси пайдо бўлди.
— Ойи, қайнонам ҳам, куёвингиз ҳам кўринмайди, — икки кундан буён ўзини ажаблантираётган саволни берди у.
— Иши кўпдир-да! — кўзларини олиб қочди она. — Иккаласи ҳам ишли одам. Мен “Ўзим қараб тураман”, дегандим.
Шаҳло бу сўзларга ишонгандек эди. Аммо эртасига ҳам на қайнонаси, на эридан дарак бўлди. Туғруқхонадан чиқиш вақти келганида ҳам улар қорасини кўрсатмади. Бу муносабат ва мавҳумликдан Шаҳло ўзини йўқотиб қўяр даражага келди.
— Улар соғ-омонми, ойи? Бирор нима бўлдими ё? Ҳалокат-палокатга учрашмаганми? — чидолмади охири.
— Уйга борайлик, — деди ғамгин кўзларини тикиб онаси.
— Уйга борсак, ўзим ҳам билиб оламан, телефон қилиб. Аммо уйга боргунча сабрим чидамайди, ойи. Хавотирдан ўлай деяпман. Наҳот эрим боласини бир бор кўргани келмаса? Олиб кетмаса ҳам... Аниқ, уларга нимадир бўлган!
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ! Ўша совуқ эрингга сен ҳам, қизинг ҳам керак эмас экан! — она жаҳл устида тилидан учган сўзларни ўзи ҳам англамай қолди.
— Нима? — қулоқларига ишонмади Шаҳло. — Нега?
Она бошқа жавоб бермади. Шаҳлонинг кўз олдига негадир эрни илк учратган, ҳали талаба бўлмаган ўша кун келди. Дилшод исмига номувофиқ тарзда ўта бепарво ва қўпол эди шу куни ҳам. Сўнг бирга ўқишди. Шаҳло йигитнинг қўрс ва худбинлигини билди. Аммо келишган жуссаси, кўркам қиёфаси уни ром этиб қўйганди. Феъли ёз тунидаги ойдек равшан кўриниб турса-да, унинг кўнглига йўл топишга уринди. Чуқур ўйлаб кўрмай, турмуш қурди...
— Бошидаёқ ёқмаган ўша “терминатор” эринг, — минғирлади онаси унинг уйга толиб қолганини кўриб. — Қайнонангга-ку фақат обрўси, пули керак. Куйинма! Жонинг омон қолди-ку, шунисига беадад шукр!
Онасининг сўнгги гапи Шаҳлога нималарнидир ойдинлаштиргандек бўлди.
20
2005 йил, июн. Ғаллаорол
— Мен келдим! Менинг жиблажибоним қани-и-и? — Мадинанинг шўх овозини эшитиб, ҳовли этагидаги тут дарахтидан ерга тўкилган меваларни тераётган она-бола бирдан ўгирилди.
— Мана, мана! — ўрнидан туриб чопқиллади Диёра холаси томон. У эндигина тўртга қадам қўйган, қишлоққа, холасию тоғаларига жуда ўрганганди.
Мадина елкасига осилган сумкасини тандирхона устунига қоқилган катта михга осди-ю, ўтириб жиянчасига қучоқ очди.
— Лолам, келди лолам! — кела солиб ўзини отди Диёра ҳам.
Мадина унинг лўппи, оппоқ юзларидан чўлпиллатиб ўпаркан сўради:
— Мени соғиндингми?
Қизалоқ бош ирғади.
— Мени хола демайсанми энди, эсинг кирди-ку!
— Йўқ, каттаонам “Холанг — тоғдаги лоланг” дейди-ку! — бижирлади Диёра.
Мадина қиқирлаб куларкан, яна қизалоқнинг юзидан ўпди:
— Майли, лоланг бўла қолай...
Чинни косага балхи тутнинг оппоқ, қанддек меваларини тўлдириб терган Малак авайлаб кўтарганча етиб келди. Синглисини бағрига босиб, юзидан ўпаркан, сўради:
— Яхшимисан? Тугадими ўқишинг?
— Озгина қолди опам! Яна икки ҳафтача қатнасам, кейин сиз ва қизингизни безор қиламан.
Малак устундан синглисининг сумкасини олиб, елкасига осди. Энди уй томон одимлашган ҳам эдики, ҳамон Мадинанинг бўйнидан қучиб, орқага қараб келаётган Диёра қичқира бошлади:
— Бузоқча, бузоқча... Чопиб кетяпти-и...
— Вой, бузоқ арқонини узибди, шекилли. Сакрашини қара. Ма, тутни катта онамга олиб кир. Мен ушлаб келиб боғлай, — деди Малак шошиб.
Сўнг қўлидагиларини Мадинага тутқазди-ю, бузоқнинг ортидан югурди. Янги туғилган бузоқча ирғишлаб тутқич бермасди. Бир сакраб ҳовли этагидаги шох-шаббадан қилинган тўсиқ оралиғидаги очиқ жойдан ўтди-ю, кенг адир этагидаги ариқ бўйлаб югура кетди. Малак унинг ортидан чопгани билан етолмаслигига кўзи етди. Яхшиси, уни чўчитмай, бирор жойда тўхташини кутган маъқул.
Бузоқча ариқнинг адир этаги билан туташиб, баланд тераклар орасига кириб кетган жойига бориб тўхтади. У ер салқин ва бошқа жойга нисбатан кўкаламзор эди. Адирларда эса аллақачон ўтлар сарғая бошлаган. Бузоқчадан сал нарида эса Аниснинг укаси қўлида чўп ўйнатганча, хуштак чалиб келяпти.
— Бузоқчани ушла! — бақирди Малак.
Йигит аввалига аланглади, кейин бузоқчага қарагач, чаққонлик билан жониворнинг узилиб, калта бўлиб қолган ипидан тутди. Аммо етакламади:
— Секин келаверинг, сув ичяпти.
Малак борганида бузоқ тумшуғини гоҳ сувга тиқиб, гоҳ чиқариб сакрамоққа шайдек турарди.
— Келмасангиз ҳам бўларкан, ўзим олиб бориб, боғлаб бераман, — дея Аниснинг укаси бузоқчани ипидан тортқилади.
Малак эса беихтиёр атрофга кўз югуртирди. Бу ерларга яқин орада сира келмаган, кўрмаган эди. Гўзал манзара, салқин ҳаво баҳри дилини очгандек бўлди. Ногоҳ кўзлари теракнинг оппоқ танасидан кулранг тусда бўртиб чиқиб, яққол кўриниб турган “АНИС” ва “МАЛАК” ёзувларига тушди. Ҳайрат ва ҳаяжондан юраги қинидан чиққудек ура бошлади. Фақат “АНИС” ёзуви устида яна аллақандай рақамлар пайдо бўлганди...
Бирдан унинг юзидаги таажжуб аломати жиддийлик билан алмашинди. Узун, қора қошлари чимирилди. Катта, чарос кўзлари қисилиб, рақамларни ўқишга киришди. Табиийки, дарахт пича узоқдалиги, ёзувлар эса майда ва баланддалиги боис рақамлар тепасидаги “қўшимча”ларни илғай олмади. Рақамлиги аниқ. Нималар ёзилган экан? Анис ёзгани кундек равшан. Бу рақамли “сир”ни очишини, ўқий олишини ўйлаб, Малакнинг қизил дудоқлари табассумдан икки ёнга ёйилди. Кўзлари ихтиёрсиз ерга уялиш билан боқди. Сўнг бир-икки қадам юриб, дарахтларга яқинлашган бўлди. Бироқ Аниснинг укаси ёдига тушиб, бирдан ортга тисарилиб, у томонга қаради. Малик бепарво бузоқчани судраб борарди.
— Уйга боғлаб ўтарсан! — бақирди Малак.
Йигит эса ортига бурилиб ҳам ўтирмай, бош ирғади. Хотиржам тортган Малак дарахтга янада яқин келди:
“Вой-ву, бунча кўп бу рақамлар? Уларни эслаб қола олмайман. Нима ёзилган экан-а? Қоғоз, қалам билан келиб, ёзиб кетишим керак экан. Балки шарт эмасдир? Аммо Анис ака “Бу ёзувни фақат иккимиз тушунамиз”, деганди-ку! Менга ёзгандир? Жинниман, менга нимани ҳам ёзарди? Балки яна бошқа бировга ҳам ўргатгандир? Эҳтимол бу ёзувни Анис ака эмас, умуман бошқа одам ёзгандир?”

У ёзувга анча тикилиб турди. Бундан фойда йўқлигини англагачгина, уйи томон йўл олди. Ўзича парво қилмасликка уринди. Мадинанинг келиши муносабати билан ҳамма дастурхон атрофига йиғилган, суҳбат, кулги авжида эди. Доим шундай. Мадина ҳамманинг кайфиятини кўтаради, кулдиради, пичинг ва кутилмаган ҳазиллари билан оғзига қаратиб ўтиради. Шунданми, Малакнинг кириб келганига ҳеч ким эътибор ҳам қилмади.
— Ўша адабиёт домламиз мени умуман ёқтирмайди, — Мадина завқ билан гапирарди. — Чунки доим хатоларини тўғирлаб ўтираман. Айб ўзида, адибларнинг асарларини доим адаштириб қўяди. Шунинг аламини имтиҳон куни олмоқчи бўлди. “Анвар Обиджон ҳақида гапиринг” деди. Менам “сайрадим”: “Анвар Обиджон 1947 йил Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири. 1998 йилда олган. Қисса ва ҳикоялари бор. Бундан ташқари достон, қиссалар, шеърлар, пьесалар ва ҳажвий асарлардан иборат тўпламлар муаллифи. “Шуҳрат” медали ҳам олган...”
Домла жим эшитиб турди. Бир пайт нима дейди, денг? “Нечта шеъри бор?” дейди. Тавба, Анвар Обиджон Худога шукр ҳаёт! Шеърларини ҳисоблаб бўларканми? Бугун ҳисоблаб бўлган жойингизда, илҳоми келиб кечаси билан беш-олтита шеър ёзган бўлса-чи? Тўғрими? Менам кўзимни лўқ қилиб: “Бир неча бор уриндим, аммо ҳисоблай олмадим”, дедим. Домла ҳайрон бўлиб, “Нега?” деб сўради. Менам, “Энди ҳисобини чиқарган жойимда Анвар Обиджондан хат келади: “Тағин ўнта шеър ёздим”, деган. Қайта ҳисоблайман, яна: “Тўртта қўшворинг, янгиси бор”, дейдилар. Нима қилай?” дедим. Домла бақадек қотиб қолди. Сўнг зўрға “Анвар Обиджон кимингиз бўлади?” дея сўради. “Севимли шоирим, халқ шоири, катта тоғамнинг тенгдоши”, дедим. Шартта, баҳомни қўйиб бериб, “Анвар Обиджонга салом айтинг”, деса бўладими?
Қаҳ-қаҳадан уй деворлари зириллаб кетгандек бўлди. Кулгидан зўрға тўхтаган Малакнинг онаси сўради:
— Нега катта тоғангни қўшдинг?
— Катта тоғам ҳам 1947 йилда туғилган-ку! Мен алдамадим, — яна кула бошлади Мадина.
— Домлаларингни бошқа масхара қилма! — бирдан койишга тушиб кетди Ойсулув момо. — Ҳам сенга илм берсин, ҳам ахмоқона қилиқларингга чидасинми?
Малак улар ўтирган уйдан ўзлари ухлайдиган ва китоб, дафтар, қаламлар турадиган хонага кирди. Қўлига қоғоз ва ручка оларкан, ўйга толди. Қилаётган иши нотўғридек туюлди. Лекин қизиқиш барибир устун келди. Худди унинг ниятини биров сезиб қолаётгандек, юраги гупиллаб, қоғоз ва ручкани яшириб чиқди.
“Қаёққа боряпсан, дейишса нима дейман? Ишқилиб, Мадинанинг ҳангомалари тугаб қолмасин-да!”
У уйдан чиққач, шитоб билан ҳовли этагига йўл олди. Тўсиқнинг очиқ жойидан ўтгач, тераклар томон чопқиллади. Энди тез-тез рақамларини кўчириши лозим эди. Шошганда хато ёзиб қўймаса бас.
У терак танасига қоғозни қўйиб, ёзишга уринди. Аксига олиб ручка ёзмади.
— Оббо, ёзмайдиганини олиб чиқибман, шекилли... — ичини ит тирнади Малакнинг.
У яна уйга югурмоқчи бўлди. “Уф” тортиб, ёзувларга боқди. Кўрганлар нега бунча теракзорга зир қатнаб қолдинг, дейишмайдими? Ёдлаб олармикан? Малак диққат билан рақамларга қараб ёдда сақлашга уринди. Бўлмади. Ўзи хотираси доим панд берадиган нарса бу — рақамлар. Икки кун тикилиб турса ҳам эслаб қололмайди. Зиқ бўлди. Ариқ ёнига ўтириб, муздек сувга юзини чайди. Сўнг қоғозни тиззасига қўйиб, яна бир уриниб кўрди.
— Ёзди! Ёзиб кетди, — қувониб кетди Малак. — Бу ручка дегани ҳам пастга қараб турмаса ёзмасакан-да!
У шоша-пиша кўчира бошлади:
“60471102  817110221 8161ғ211022111 101628260482102 112113 8331102...”
* * *
Малак рақамларни кечки пайт, ҳамма ухлагандан кейин “ечиш”га қарор қилганди. Бўлмаса Мадинанинг назаридан ҳеч нарсани қочириб бўлмайди. Орқасида ҳам кўзи бордек, қарамасдан туриб ҳаммасини сезади. Малак рақамлар ёзилган қоғозни яширишга урингани сари ажабланиб қараб қўяди. Мадинанинг китоб ўқиётганига ишонган Малак секин қоғозни қўлига олди. Шуни кутиб тургандек, сингил ҳам китобни “тап” этказиб, бехос ёпди. Сўнг Малак томон қаради-да, унинг қўлидаги ғижимланган қоғоздан кўз узолмай сўради:
— Хатми?
Малак уят ва қўрқувдан титраб кетди. Синглисининг олдида нима деган одам бўлади энди? Бир қизчанинг онаси бўла туриб қаердаги рақамларга асир бўлиб юрибди. Мадина эса бунинг тагига етмагунча қўймайди. Шунда... ҳамма сири фош бўлади. Бир пайтлар Анис акага кўнгил қўйгани ҳам ошкор бўлса-я...
Туйқус Мадинанинг ҳам ранги оқарди. Ҳадик билан Малакнинг юзига тикилди. Опа ўзини янада ноқулай сезиб, қоғозни янада муштлари билан сиқди.
— Топиб олдингизми? Ўқидингизми? — Мадинанинг овози титраб кетди. — Опа...
Малак синглисига анграйиб қолди. У кутган ҳолатнинг буткул акси рўй бераётганди. Мадина одатига кўра, югуриб келиши, қўлидаги қоғозни тортиб олиши, сўнг очиб қарагач, қиқирлашга тушиши лозим эди. Лекин Мадина ерга қаради. Унинг хавотир ва ҳаяжон ичида эканлиги яққол сезилди.
— Тинчликми? — ҳайратини яшира олмади Малак.
— Ҳеч кимга айтманг...
Малакнинг миясига бирдан даҳшатли фикр келди. Наҳот Анис ака Мадинага ҳам Малакка қилган муомаласини қилган, рақамли ёзувни ўргатган? Кейин ўзи Умидага уйланиб кетган...
— Анис ака сенга ёзганмиди? — жиловсиз сўзлар оғзидан учди.
Энди Мадинанинг кўзлари дум-думалоқ шакл олиб, опасига анқайиб қаради. Кун ботиб, атрофни қоронғилик қоплагандек Малакнинг очиқ чеҳрасини ҳам ғазаб қоплади. Аммо синглисига ҳеч нарса демади.
— Анис ака ёзмаган... — қўрқа-писа деди Мадина. — Алишер...
— Вой, Алишер қаердан биларкан, бу ёзувни? — бирдан опага жон кирди.
— Ўқишни битирди, ишлаяпти. Ўлибди, ёзишни билмаса... — кулгидан ўзини базўр тийди Мадина.
— Лекин бу ёзувни... Мен ҳеч ким билмайди, деб ўйларканман, — Малак ўз-ўзидан қўлидаги қоғозни очиб қаради.
— Қанақа ёзув? — ҳайрон бўлган Мадина опасининг ёнига келди. Кейин қоғозга бир қараб, юзини кафтлари билан ёпди.
Опа синглисининг бу қилиғидан лол. Сингил эса чуқур олган нафаси билан ичидаги бор надоматни чиқариб юборишга урингандек қичқирди:
— О-о-о, опа! Мени чув туширдингиз. Мени тилимдан ушладингиз. Жўртага қилдингиз, а? Кимдандир эшитгансиз? Ким айтди сизга?
— Нимани? — Малак ҳамон ҳеч нимага тушунмади.
Опа-сингил ўзлари билмаган ҳолда сирларини бир-бирига очиб қўйганини сезишди. Ўзларига нисбатан бўлган ҳадик уларни фош қилганди. Энди ҳаммасини ойдинлаштиришдан бошқа чоралари йўқ. Аввал “бир қоп ёнғоқ”  Мадина пинҳон муҳаббати, дарахт ковагидан оладиган мактублари ҳақида ширин энтикиш билан айтиб берди. Албатта, кўнгилчан ва меҳрибон опа бунинг учун синглисини койимади, аксинча ҳавас билан қўллаб-қувватлади.
— Опажон, ҳеч кимга айтманг! Чин сўзим, бирор марта у билан учрашмадим, гаплашмадим. Фақат хатларини ўқийман, холос, — ялинди Мадина.
Бу гаплардан кейин уни хафа қилиб бўларканми? Ахир унинг ўзи ҳам бир пайтлар шу туйғуга асир, шу ҳисларга ошно эмасмиди? Қандай қилиб уни муҳаббат учун койисин? Муҳаббат иллат эмаски, ранжиса...
— Ўзи нега бу хатни яширдингиз? Мен хатларимни топиб олибсиз деб... — гина қилди сингил.
Энди навбат опага етганди. Аммо у қалби тубидагиларини ошкор этмади. Ўзига эп билмади. Фақат Аниснинг бир пайтлар унга рақамли ёзув ўргатгани ва бугун дарахтда ана шундай ёзмаларга дуч келиб, кўчириб олганини айтди.
— Сизлар ўйнаб катта бўлгансизлар-да! Шунинг учун бир-бирингизга ўргатиб-ўрганиб юргансиз. Мен Анис аканинг укаси билан ҳатто гаплашмайман ҳам, — ўзининг туйғулари билан андармон сингил, яхшики, опага шубҳа қилмади. Қоғоздаги ёзув билан қизиқмади ҳам. Бундан Малак енгил тортди.
— Опа, Алишер совчи юборса нима қиламан? — орзулар оғушидаги Мадина энди эркин суҳбатлашаётганди.
— Нима қиласан, тегасан-да!
— Уйдагилар бермаса-чи?
— Берса Алишердай йигитга беришади-да! Беришмаса, мен айтаман.
— Вой, дадам ўлдиради-ку унда мени.
— Сени қўшмай Алишерни мақтаб-мақтаб уларни кўндираман!
Мадина опасини қучиб олди. Бу унинг опасидан бугунги воқеадан хурсандлигини билдирарди. Тонг уларнинг ширин суҳбатларига, гизли ҳисларига гувоҳ бўлиб оқарди. Энди яширадиган нарсаси қолмаганидан Мадина бекитган хатларини олиб, ўқий-ўқий ухлаб қолди. Малак эса ўтириб, дарахтга битилган “бошқотирма”ни ечишга киришди. Ниҳоят рақамлар тагида қуйидаги ёзувлар пайдо бўлди:
“Мен сени соғиниб, ўламан бир кун...”
Малакнинг юраги ҳаяжондан чиқиб кетгудек урарди. Кимга аталган бу сўзлар? Нега дарахтга, исмлари ёнига ёзилган? Наҳот... Йўқ, Анис буни унга атаб ёзмаган. У Умидани севарди. Умидага аталганмикан, ё?
Малак қоғоздан кўз узмас, қайта-қайта ўқирди...

* * *

— Иккинг пичир-пичирдан бўшамайсан! Ўрик пишиб ўтиб кетяпти. Уйда иккита қиз ўтириб, энди мен мураббо ёпиб юрсам бўлмас, — Диёрани ўртага олиб, қиқир-қиқир кулаётган қизларига норози қаради Дилором. — Даданг шакар олиб келганига икки кун бўлди. Туринглар...
— Гапларимизни сиздан яшираётганимиз алам қиляпти-ёв! — онасига ҳазил қилди Мадина.
— Ҳа, аламдан ёрилиб кетмай, деб иш буюряпман. Сенинг нима яширган гапинг борки, билмасам. Сўрамай жим турсам ҳам борингни тўкиб-сочасан-ку! Бидирламай тур, банкаларни олиб чиқ!
Мадина тандирхона ёнидаги кичик хона томон йўл олди. Бу хона пахсадан қилинган, пастқам ва ҳеч қандай деразаси бўлмагани боис ёзда жуда салқин бўларди. Бувиси лаш-лушхона деб номлагувчи бу омборда егуликлар сақланади. Отаси атай қишлик маҳсулотлар туриши учун қурган бу хонани. Мева ва ёпилган банкаларни қўйиш учун деворларига тахтадан токчалар ясаттирган. Ҳозир бу токчалар тизилиб турган бўш банкалар билан тўла. Мадина уларни эринибгина тандирхонага чиқара бошлади. Малак эса қизчаси билан уларни ювишга киришди.
— Ўзим олиб чиқаман, сен ўрик терсанг бўлармиди? Укаларинг ҳам далада, — деди Дилором Мадинага.
— Опам иккимизни кўролмадингиз, кўролмадингиз-да! — яна онасига тегишаркан, Мадина қўлига елим челакни олганча ҳовли четидаги ўрик дарахти томон юрди.
— Эҳтиёт бўл! — орқасидан деди онаси.
Мадина эса чаққонлик билан дарахтга тирмашди. Ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас онасини чақирди:
— Онам, буюртмангиз тайёр! Келасизми ё манзилгача элтиб берайликми? — жўртага “Бозор кўрмаган йигит” фильмидаги йигитнинг сўзларини ўзгартириб, аммо ўша оҳангда деди Мадина.
— Борамиз, борамиз! — деди кулиб она ҳам. Кейин Малакка юзланди: — Сира шунинг жиддий гапини эшитмадим-а!
— Онам, бу ўзингизнинг ишингиз! Худога буюртма қилганмисиз, нима бало?! Битта қизингиз доим жиддий гапиради, биттаси эса ўйноқи... — тағин бидирлади Мадина.
— Бунингизнинг қулоғи ҳам зўр ишлайди! — кулди Малак.
Дилором катта қизига кулиб қараганча, дарахт томон юрди. Мадинадан ўрик тўла идишни авайлабгина олди. Қўлидаги бўш челакни узатаркан, тайинлади:
— Оёғингнинг остига қараб тер. Нозик шохга оёқ қўйма яна. Эҳтиёт бўл!
— Онам, жон — меники, эҳтиёт қилишни ҳам билсам керак! — деди Мадина.
Онаси икки одим ҳам узоқлашиб улгурмай, у ҳайрат ва қўрқув қоришган овозда “И-и-й”, деди-ю, жон ҳолатда қичқирди:
— Она-а-а!
Дилором ортига қарашга улгурмай қолди. Малак эса ўтирган жойида синглисининг дарахт тепасидан қулаётганини ва ерга тушганида чиққан “ҳинқ” этган товушни аниқ-тиниқ эшитди...

21
2006 йил. Қиш. Тошкент шаҳри

Дастурхон устида ҳамма нарса бетартиб қалашиб ётарди. Узунчоқ ликопга солинган колбаса ва пишлоқ кўкатга аралашган, ярим синдирилган ноннинг устига чойнак чиқиб қолган, четидаги ёғи қота бошлаган шўрва солинган косалар тарвузу қовун пўчоғи билан тўлган, мандарин пўстлоқлари эса кола солинган стакан ичида сузар, ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетганди. Ҳатто хонтахта остига оёқ чўзган кишининг ҳам кўнгли бузилар, бўш шишалар, баклашкалар, кулдон ва пиёлалар тепадан қувғин бўлгандек думалаб ётарди.
Ҳозиргина хушкайфиятда чиқиб кетган Аниснинг қайтиб киргач, авзойи ўзгарди. Ошхона томонга қулоқ тутаркан, деди:
— Умида, нима қиляпсан?
Умида овоз бермади.
—Уми-и? — Анис ошхона томон юрди.
Кенг йўлак, катта хоналар яна бир қур кўз ўнгидан ўтиб, ғурурланди. У бир ой аввал мана шу икки хонали уйни сотиб олди. Энди ўз уйи бор. Буни эшитган ҳамкасблари “Қачон ювасан?” дея тинчлик бермай қўйишганди. Ниҳоят бугун ниятларига етиб, меҳмон бўлиб кетишди. Уй ҳаммага маъқул келди. Аниснинг ўзига ҳам жуда ёққанди. Қувонч унинг бутун танасини яйратгандек бўлди. Кўксини тўлдириб, нафас оларкан, эркалагандек деди:
— Кенг уйнинг келинчаги қаерга кетибди, а?
— Нима дейсиз? — Умиданинг овози “балкон” томондан келди.
— Совуқда у ерда нима қиляпсан? — ажабланди Анис.
— Уйга бош суқиб бўлмайди. Сигарет, ароқ, овқат ҳиди аралашиб... Кўнглим айниди. Ҳид ёқмаяпти сира.
— Кўнглинг айниди? — Аниснинг ҳаёлига келган гап юрагига ёқимли, ширин нимадир олиб киргандек бўлди.
Умида қия очилган “балкон” деразасига бошини тираб турарди. Эшикдан Анис кўрингач, деразани ёпди. Худди бўғзида ёқимсиз нарсани ушлаб тургандек, юзини тириштириб, оғир ютинди. Бундан Аниснинг ҳам кўнгли алланечук бўлиб кетди. Бироқ хаёлидаги фикрдан таралган ёруғлик ва илиқлик бир зумда кўксини яйратди гўё. Хотинига яқин келаркан, пешанасини уникига тираб, ором олаётгандек кўзларини юмаркан, шивирлади:
— Кир, ёт. Дастурхонни ўзим йиғиштираман...
Умида ҳам худди шу гапни кутиб тургандек, “балкон”дан ошхонага, ошхонадан ётоқхонага ўтди-ю, кўздан ғойиб бўлди. Анис эса ярим тунгача куймаланиб, “тарақ-туруқ” қилиб идишларни тозалади, ювди. Ўрнига чўзилганида эса соат тунги бирга яқинлашиб қолганди. У худди Умиданинг юзидан унинг “безовта”лиги сабабини уқиб оладигандек, пича тикилиб ётди ва кўзлари уйқуга кетганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Тонг Умиданинг “тиқир-тиқир”и билан отди. Кўзларини зўрға очган Анис хотинининг шкаф ғаладонини тортиб, нималардир излаётганини кўрди. Шунинг овозидан уйғонганини билса-да, норози бўлмади:
— Яхшимисан?
Умида бир зум юмушидан тин олиб, эрига боқди. Не сабабдан ҳол сўрашини билишга урингандек, кўзларини қисинқираб қараркан, паст овозда “яхши” деб қўйди. Яна қидираётганини топишга кирганди, бирдан ёдига тушдими, шоша-пиша Анисга қаради-ю, деди:
— Кеча аралаш-қуралаш еганим ёқмаган эканми, “отравления” бўлибман. Дори ичиб ухлагандим, кечаси билан тинч ётдим.
— Кўнглинг айнимай қўйдими? — афсуслангандек деди Анис.
— Дори ичдим, дедим-ку! — излаганини топдими, шкафни ёпиб чиқиб кетди Умида.
Анис эса мушт бўлиб тугилган қўлини ёстиққа ураркан, яна кўзларини юмди.
* * *
Унинг умидвор кўнгли ёз келганида ҳам таскин топмади. Ҳавонинг иссиқ ва димлиги дунёни баттар кўзига тор, қалбини ҳам сиқиқ ҳолга келтиргандек эди. Ҳамма кўзига ёмон, барча нарса файзсиз кўринади. Умида ҳам ундан қолишмайди. Шунданми, эр ҳам, хотин ҳам доим “чарсиллаб” турарди. Худди тегиб кетган одамни уриб юборгудек. Анис ҳалиям ўзини босади, лекин Умида тобора заҳри йиғилган илондек “чақиш”га шайланади. Улар бир уйда бўлса-да, бир-биридан узоқлашиб бораётгандек. Бу мактабда ёзги таътил бошланиши билан Умиданинг қишлоққа ошиққанидан ҳам аён. Икки кундирки тинчи йўқ.
— Бу ерда ўтирганимдан нима фойда?
— Уйинг шу ер, — деди Анис.
— Шуям уйми? Гўристон! Болали уй — бозор, боласиз... — Анисга алам билан қаради у.
— Қишлоққа югуравер, “бозор” ўз-ўзидан бўлади... — кесатди Анис.
— Мен соппа-соғман! Дўхтирлар ҳозир... “яшасанг”, ҳозир бола бўлади, деган!
— Бу билан нима демоқчисан? Мени айблаяпсанми?
Умида атай индамади. Анис ҳам ўзини оқлаб ўтирмади. Лекин алам юрагига олов каби ўрмалаб кираётганди. Ғазаб вужудини титрата бошлади.
— Шунчалар худбинсанки... — ўзига ўзи гапиргандек деди у. — Бошқаларнинг кўнгли, кайфияти, дунёси сенга бир пул.
— Нима қилдим? — кўзларини лўқ қилди Умида. — Уйимга кетаман, деяпман.
— Биламан, сен ўз уйингга борасан, бизникига ўтмайсан ҳам. Кейин буни меникилар эшитиб, хафа бўлади. Шундоқ ҳам кўнгилларини қолдириб бўлдинг.
— Нима ёмонлик қилдим уйдагиларингизга?
— Битта укамни сиғдирмадинг шу ерга. Кийимларини ювиш, овқатини бериш малол келди.

Давоми бор

#учунчитақдирхикоя

Комментарии