💥Баҳор қайтгунча.

4-қисм.
Гр:🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
Осиё йигитга яқинлашганда салом берди шекилли, унинг чеҳраси ёришиб бош ирғади. Йигит Осиёга нималарнидир гапира бошлади. Осиё эса бошини эгганча уни жим тинглар экан, орада бошини силкитиб унинг сўзларига муносабат билдириб турар эди.
Умид ортиқ чидаб тура олмади. У Осиё ва йигитга шаҳд билан яқинлашиб борди.
- Ойим айтганларида ишонмаган эдим,- деди у Осиёга алам билан тикилиб,- "Сиз адашгансиз!" дегандим уларга. Энди билсам...
Умид сўзга лаб жуфтлаётган Осиёга "жим" деган каби қўл силкиди:
-Ҳаммасини кеч бўлмасдан билганим яхши бўлди,- у шундай деб йигитга ўгирилди,- омад, брат! Аммо эҳтиёт бўлинг! Яна бизлар каби куйиб қолманг. Ўйлашимча биздакалар кўп.
Умид қандай келган бўлса шундай тез ортига қайтди. Энди унга ортидан милт-милт йиғлаб қолган Осиёнинг ҳам, бўлиб ўтган воқеага тушуниб тушунмай бўзрайиб қолган йигитнинг ҳам қизиғи қолмаган эди.
Умид машинасини қолдирган жойга бориб тезда ўт олдирди-ю, шитоб билан ҳайдаб кетди. У навбатдаги чорраҳадан ўтгач машинасини йўл четига олиб тўҳтатди. Қўлига телефонини олиб тезда керакли рақамни излаб топди:
-Алло?! Ҳа Шаҳзода? Мен Умидман. Ваалейкум ассалом. Шаҳзода, бир кўришсак дегандим. Вақтингиз қалай? Бўлди, ярим соатда ўша ерда бўламан.
Умид тармоқдан узилиб машинадаги орқа томонни кўрсатиб турадиган ойнага қаради.
У ойнадан ўзига боқиб турган ҳиссиз ва совуқ чеҳрали аксини кўриб юраги янада тош қотди.
🔳 🔳🔳
Биринчи бўлиб Осиё ўзига келди.
У ўзига "Ким бу?" дея савол назари билан тикилган Зиёвуддин исмли йигитга юлқинганча титраб-қақшаб гапира бошлади:
- Сизга неча марта айтдим? Мени тинч қўйинг, йўлимни тўсманг деб! Менинг иҳтиёрим ота-онамнинг қўлида деб бекорга айтмагандим. Илтимос мени тинч қўйинг... Юз
марта келсангиз ҳам оладиган жавобингиз шу!
Осиё Зиёвуддиннинг жавобини эшитмай шарт бурилди-ю, тез-тез юриб кетди. Унинг юраги тўлиб кетганидан нафас ололмай энтикиб борар эди.
Зиёвуддин исмли бу йигит Осиёнинг курсдоши Зилолани тўйида қизга кўзи тушиши билан унга кўнгил қўйган, мана бир неча ойдир-ки совчиларини юбориб мақсадига эриша олмай ҳуноб эди.
"Ҳозирги замон қизлари аммамнинг бузоғи бўлган йигитларни эмас, ҳар қадамидан ўт чақнайдиган оловларни ёқтиришади,-деди ахири тоқати тоқ бўлган опаси Зиёвуддинга,-сен ҳам" Олма пиш, оғзимга туш" деб лаллайиб ўтирмасдан ҳаракатингни қил-да бундоқ. Сенга ўргатвуриб ўзимда қолмади. Қизнинг ўқишига бориб гапга сол, кўнглига йўл топ, ҳа деса ойим билан мени одина чоршанба қизнинг уйига совчиликка югуртиравермасдан" . Зиёвуддин опасининг маслаҳатига амал қилиб Осиёнинг ўқишига иккинчи бор келиши эди. Бироқ шу келишда ҳам айбсиз айбдор бўлиб қовун тушириб ўтирибди. У Осиёни қаттиқ хафа қилиб қўйганини фаҳмлаб ҳафсаласи пир бўлди. Яна шуни фаҳмладики, қизнинг атрофида худди ўзи каби ошиқлари бисъёр экан. Табиатан мўмин-қобил бўлган Зиёвуддин ўзининг бу ҳаракатидан бир иш чиқмаслигини англаб музтар тортганча йўлга тушди.
"Одам деган ҳам шундай бўлар эканми? - Осиё уйига етиб борганда ҳам юраги ўртанишдан тўхтамаганди,- кимдир, нимадир деган бўлса лаққа тушиб ишониб кетаверар экан-да?! Яна кўрганига ишониб дарҳол хулоса ясаб қўя қолавериши тўғрими? " Нима гап?" деб ўзимдан сўрамай-нетмай...
Тўхта-чи? "Ойим айтганларида ишонмаган эдим" дедими? Ойиси нима деган экан? Нима бўлсаям яхши гап айтмагани аниқ. Демак, Умид ака менга берган ваъдасининг устидан чиқиб совчи қўймоқчи бўлган. Ойилари эса орқаворотдан мени суриштириб келган ва...
Кимдир мени ёмонлаб юборгани аниқ. Йўқса Умид ака бугун ўзини бундай тутмаган бўлар эди...
Бироқ менинг нима гуноҳим бор экан? Одамлар мен ҳақимда нималар дейишди экан? Наҳотки шунчалик худодан қўрқмайдиганлар бўлса орамизда?
Осиё хонасига кириб беҳолгина ўрнига чўкди. Унинг юрагига қил сиғмас, айни дамда Умид ўзи учун кўнглининг тўридан жой эгаллаган жуда қадрли инсонга айланиб улгурганини ҳис қилиб турар эди.
"Мени шу топгача таниб улгурмаган, ишонмаган инсон учун мен ҳам қадримни оёқости қилмайман. Вақти келиб оқ-оққа, қора-қорага ажралганда Умид ака ҳам бугунги муомаласидан афсусланади, бироқ у вақтда буларнинг менга фарқи қолмаган бўлади. Ҳа!"
Қизнинг хаёлларидан шу фикрлар ўтди-ю, бироқ уларнинг ҳеч бири соҳибига тасалли бера олмади. Осиё ўзини ёстиққа ташлаб, елкалари силкинганча йиғлаб юборди.
Кейинги кунларда Сурайё опанинг димоғи чоғ. Чоғ бўлмасинми? Ахир барча орзу-истаклари бирма -бир амалга ошиб келмоқда. Бошланишига ўғли ўзини йиғиштириб олди. Анави Осиё деганлари билан муносабатини бутунлай узди. Бу қандай содир бўлгани Сурайё опага қоронғи бўлса-да, аммо ушбу масалада ўзининг сўзлари асосий роль ўйнаганини қалби билан ҳис қилиб турарди.
Умиднинг тез орада бўлажак келин Шаҳзода билан тил топишиб олгани Сурайё опани янаям қувонтирарди. Ёшларнинг тўйлари бўлишига икки хафтача муддат қолганда Лобархон қўнғироқ қилиб "Мол ёяр" маросимига қайси куни борайлик?" дея сўраб Сурайё опанинг дилини янада равшан қилиб юборди.
- Воой ҳеч нарса керакмас,- деди Сурайё опа ичида "жон" деб турсада соҳта мулозамат қилганча,- ўғлим ва Шаҳзода қизим учун барча шарт-шароитларни ўзим муҳайё қилиб бераман. Қизимнинг ўзи уйимизга паспротини олиб ташриф буюрса бўлгани. Қолган нарсалар тахт, ўртоқжон.
- Ундай деманг, менинг ҳам ўзимга яраша орзу-ҳавасим бор. Битта-ю битта қизимни уйини чўғдек ясатиб қўйиб, мазза қилиб ҳовурдан тушсам дейман мен ҳам. Хуллас, бугун руҳсат берсангиз уйингизга бориб келин-куёвга ажратган хоналарни ўлчамини олиб, келаси хафта охирида уйингизни ясатсак, шунга нима дейсиз?
- Қўймадинг, қўймадинг-да, Лобархон. Майли кўнглинг шунга суст кетаётган бўлса, мен нимаям дейман?
Кечга яқин қайин опаси ва унинг чевар пардачи келини билан бўлажак қудасиникига келган Лобархон ёшлар учун ажратилган ҳайҳотдек тўртта бўм-бўш хонани кўриб ичидан қиринди ўтди. "Яхшиям орзу-ҳавасим бор деб сўзимда туриб олганим,- ўйлади у, буларни гапига кирсам тўй куни нақд шарманда-и шармисор бўларканман-да?".
Лобархон хоналарнинг ўлчамини олар экан, Сурайё опа ҳар бир хонага қайси рангли мебел мос тушиши ҳақида берилиб фикр алиша бошлади.
" Одамни бир қўшни бўлиб танийсан, бир қуда бўлиб деганлари рост экан,- энсаси қотганча ўйланди Лобархон,- бойлар ҳам икки хил бўлади-да. Бир тоифаси қўли очиқ, саҳоватли бойлар бўлса, иккинчи тоифаси назари паст, таги кўрмаган бойлар. Дугонамнинг қилиқлари ҳам иккинчи тоифага тортиб кетяпти. Майли, ҳар нима бўлганда ҳам айб ўзимда. Ўзим ҳам бойлигига учиб қизимни шу хонадонга келин бўлишини истагандим. Энди бўлса ҳалитдан бу нағмалар чиқиб келяпти. Начора сарпо-суруқ қилсам ўзимнинг қизим учун қиламан-да. Яхшиям давлатимиз ўзига етарли. Бўлмаса "Бой бойга боқар, сув сойга оқар" қабилидаги ишлар ўртага тушиши аниқ эди..."
Лобархон ичидан зил кетиб бўлажак қудаси билан хайрлашди.
Хафта ўртасида қуда томон мебел ва гиламларни келтиришди. Парда ва бошқа қақур-қуқурлар якшанбада келармиш. Сурайё опа оёқ босганда деярли тўпиғигача ботиб кетаётган момиқ гиламлардан кўнгли тўлди . Гарчи қадоқдаги мебеллардан ҳотиржам бўлса-да, қизиқувчанлиги устун келиб қалин қоғозларни бир четини тирноқлаб очиб улардан ҳам димоғи чоғ бўлди. Шанба куни кечгача мебеллар тахт қилиниб, гиламлар ёзиб қўйилгач, Сурайё опа бўлажак қудаси Лобархонга қўнғироқ қилди. У эртанги "Мол ёяр" га неча киши, қай вақтларга келишларини сўраб билиб олмоқчи эди. Бироқ шу вақтгача бир бор қўнғироқ қилиши билан узоқ куттирмай жавоб қайтарадиган Лобархон бу сафар одатига ҳилоф иш қилди. Сурайё опа аввалига ҳайрон бўлди, кетма-кет тўрт-беш бора қўнғироқ қилганида жавоб бўлмагач кўнглига ҳавотир оралади. Орадан ярим соат ўтиб қўнғироқ қилганида бўлажак қудасининг рақами ўчиқ эканлигини хабарини олган Сурайё опа тезда Умидни йўқлади:
- Умид, буларни жин-пин чалиб кетмаганми, қўнғироғимга жавоб бермаяпти. Шаҳзода билан боғлан-чи, тинчликмикан?
Умид онасининг ёнида бўлажак келинга қўнғироқ қилди, бироқ тармоқдан "Телефон аппарати ўчирилган" деган жавоб келди.
- Антенна йўқ жойдами булар нима бало? - тутақди Сурайё опа,- яна бир марта қўнғироқ қилиб кўргин-чи?
Умид онасининг раъйини қайтармай Шаҳзоданинг рақамига иккинчи қайта қўнғироқ қилди. Бироқ она-бола бу сафар ҳам юқоридаги жавобни олишди.
- Ҳай майли,- ўзини овутгандек қўл силтади Сурайё опа, -бозор-ўчар қилиб чарчашган бўлса, барвақтроқ ухлаб қолишгандир. Сен ҳам бориб дамингни ол.
Сурайё опа ўғлини шундай деб юпатиб жўнатган бўлса-да, ўзининг кўнгли аллақандай нотинч эди. У туни билан тиканзорда юмалаб ётгандек, ҳали у томонига, ҳали бу томонига ағдарилиб тонг оттирди. Эрталаб уйғонганида туни билан калтак еган одамдек беҳол ва ланж кайфиятда эди у.
Сурайё опа оёқларини аранг судраб ювиниш хонасига борди. У ердан ошхонага ўтганда стол устига мук тушиб ўтирган ўғлини кўриб ҳайрон бўлди.
- Ҳа Умид, тинчликми? Бунақа эрта сахарлаб уйғониб оладиган одатинг йўқ эди-ю?
- Ассалому алейкум,- Умид онасига қўлидаги телефонини узатди,- буни кўринг, ойи?
- Нимани кўраман? - жони ховлиқди Сурайё опанинг,- кўзим ҳам кўрса майли экан? Бирор хабар бўлса ўзинг ўқиб бер.
- Ойи, Шаҳзоданинг севган йигити бор экан, ўша билан қочиб кетибди. Кеча ярим тунда менга "Мен ҳаётда бир марта яшайман, шундай экан ўз севганим билан кетдим, сиз ҳам бахтли бўлинг" деб хабар юборибди.
- Нима? - Сурайё опанинг кўз ўнги бирдан қоронғилашди,- шунчалик осон экан-да кетвориш? Биз-чи биз? Қўни-қўшни, қариндош-уруғ, маҳалла- кўй олдида ким деган одам бўл...
Умид онасининг кўзлари олайиб кетаётганини кўрди-ю, бироқ гурсиллаб йиқилишини олдини ола билмади.
🔳 🔳 🔳
Сурайё опани касалхонага ётқизишга мажбур бўлдилар. Унинг қон босими жуда юқорилаб кетган эди. Сурайё опа касалхонадалик вақтида унинг икки опа синглиси Лобархонларникига бориб кўтара савдо қилиб келишди. Улар Лобархонни юмма талаб "Қиз туққунча туз туқсангиз яхши эди, сизларни касофатингизга гулдек опам номусига чидай олмай касалхонага тушиб қолди. Шу вақтгача қилинган ҳаражатига куйиб ўтирмасидан, қизингизга берилган совғаларни чўзиб қўйинг" деб тилло тақинчоқлар-у, уюм-уюм матоларни қайтариб олишган, камига "моральный ущербь" ни қоплаш учун Сурайё опанинг уйига келтирилган гилам ва мебелларни қайтариб бермасликларни баланд овозда эълон қилиб келишган эди.
-Шу ишни бекор қилибсанлар,- деди ҳали тўлиқ ўзига келмаган Сурайё опа, - шундай қилиб энди дугонам билан бутунлай юзкўрмас бўлдимми?
-Вой, вой, вой! - лаби лабига тегмай, бараварига дарҳол эътирозга шошилди опа-сингиллар,- бу нима деганинг? Ундай қизига тарбия беролмаган дугонани ергина ютсин! Бўлди буёғи "немисча расчёт"! Ҳамма ўз йўлига кетади.
-Ундан кейин Умиджон қайсарликка олмасдан уни тезроқ уйлантириб қўйиш керак! Ҳув бирда ўзини" Яхши кўрган қизи бор экан" дегандинг-у, иссиғида шу қизни келин қилиб тушуриб олгин,-деди опаси ҳозиржавоблик билан.
- Энди буни сира иложи йўқ,- бошини ёстиққа беҳол ташлади Сурайё опа,- биринчидан мен у қизнинг обрўсини ўғлимни кўз ўнгида қайтиб ўнгланмайдиган қилиб обдон тупроққа қориштириб ташлагандим. Энди тупурган тупугимни қандай қилиб яна ўз оғзимга оламан? Иккинчидан қиз минг яхши бўлгани билан барибир бизни тенгимиз эмас.
- Опажоним-ей,- деди лаблари бурилиб синглиси Сайёра,- отдан тушсангиз ҳам эгардан тушмас экансизда? Ана кўрдик, битта тенгингизни? Қилган ишини кўринг? Ўшаларни касрига бу ерда ётибсиз-ку, ҳозир?!
- Ҳм, айтма,- синглисини сўзларини қувватлади,- катта опаси Санобар,- менга қара мавқеи ўзингдан пастроқ хонадон билан қуда бўлсанг қайтага зўр иш-ку? Хонзодалардек қайнона бўлиб битта дамингни тафтига ош пиширтириб юрганинг яхшимасми? Бундоқ танангга ўйлаб қара! Бошингда шу Умиджондан бошқа боланг бўлмаса. Демакким келининг ҳам бир дона бўлади. Вақти келиб қариганингда, бошинг ёстиққа текканда истайсанми, истамайсанми кунингга ёлғиз ўша келининг ярайди. Ўша келин камсуқум, ҳокисор бўлгани яхшими ёки анави қочиб кетган ...дака миннатчи, сатанг бўлганими?
Сурайё опа хўрсинди:
- Гапингизда жон бор. Бироқ...
- "Умидга нима дейман?" деб истиҳола қиляпсанми? Нима дердинг?! "Маҳалласидагиларни сўзларига кириб адашибман, ҳали ҳам кечмас, энди шу қизни олиб бериб хатоимни тўғрилайман" дейсан, олам-гулистон. Шундан осон иш борми?



    -Бир ўйлаб кўрай,  -деди Сурайё опа  бўшашганча.

  -Ўйлаб кўришга нима бор тағин?  -деди опаси Санобар  ҳозиржавоблик билан , - темирни қизиғида босиш керак.  Эртага сенга бу ердан жавоб беришса,  тезда ўша қизникига бориб масалани бир ёқли қилиб келардик.  Ҳали Умиджон келса уни ҳам шу ишларга созлаб қўярсан.  "Англашилмовчилик бўлибди,  билмасдан қизни ёмонотлиқ қилиб қўйишимга бир баҳя қолибди"  деб вазиятни юмшатгин, ҳўпми? 

  - Ҳа майли,- деди Сурайё опа опаси ва синглисининг дашномларидан безиллаганча,- барини сиз айтгандек қиламан,- деди у  опа-синглисига жавобан,  бироқ кўнглидан "Кошки бу иш сиз айтганчалик осон бўлса?"  деган ўй ўтди. 

    Кечга яқин онасини кўргани келган Умид уни хаёли паришон  аҳволда ўтирганини кўриб юраги эзилди: 

    -Ойи, нима  бўлди, туззукмисиз? 

    Сурайё опа "йўқ" деган каби бошини сарак-сарак қилиб чайқади: 

   -Умид...  Мен ўзим билмай туриб катта гуноҳ иш қилиб қўйдим.  Бу шундай гуноҳ-кии,  уни айтишга ҳам тил ожиз...

   -Сизни бу даражада хафа қиладиган қандай гуноҳ экан,  ойи? 

   -Мен бир қизнинг уволига қолдим.  Ўша қиз- Осиёнинг.  Айнан Осиё учун Аллоҳ мени Шаҳзода тимсолида жазолади. 

    - Осиёнинг уволига қолдим?  -овозида титроқ сезилди Умиднинг,- тушунмадим,  ойи?  Тушунтириброқ айтинг? 

   Сурайё опа маҳзун ҳўрсинди:
    - Бунинг тушунмайдиган ери йўқ,  ўғлим. Мен битта аёлнинг гапига кириб қизни ёмонотлиқ қилдим,  атрофлича суриштирмадим.  Негаки,  унинг гаплари мен учун айни муддао бўлган эди-да. 
    Кейинроқ Сайёра холанг ўзи бориб Осиё ҳақидаги гапларнинг барчаси уйдирма эканлигини билиб келганда ҳам,  ундан буни сир сақлашни сўрадим. Агар Шаҳзода мана бунақа нағма чиқармаганида сен унга уйланган ва  бир умр ҳақиқатни тагига етмай яшаб ўтган бўлар эдинг. 
  Сурайё опа хомуш нигоҳини ўғлига тикди: 
   -Энди нима қиламиз,  ўғлим? 

   Умиднинг лаблари аянчли бурилди: 

  - Нима қилардик,  ойи?  Ҳеч нима қилмаймиз.  Яшашда давом этамиз,  холос.  Ҳамма ўз йўлидан кетади.  Тамом...-Умид охирги  сўзларини нафасини ютганча,  димоғида минғирлаб гапирди,- мен уни қайтиб кечирмайдиган қилиб жавобини бериб бўлганман.

    Сурайё опа  қаддини ростлади: 

  - Йўқ,  бунақаси кетмайди!  Ҳамма ишни бузган мен ўзимман-ми, уни қайта тўғрилайдиган ҳам ўзим бўламан.
     Сен ҳозирча қизга ҳеч нима демай тур.  Вақти келганда нима дейишни ўзим айтаман.

   🔳 🔳 🔳

    Осиё бугун ўша тушни қайта кўрди: 

     Яна бир гала отлар уюри эмиш. Бари кўркам,  расо... Туёқларидан ўт чақнар мисол маҳобатли...
     Кўп ўтмай ўзини оппоқ от устида кўрган Осиё юзи бўйлаб иссиқ нафасни ҳис қилибди.  Юраги потирлаб ура бошлаган қиз бошини кўтариб ўзини маҳкам қучганча от устида олиб кетаётган йигитга боқишга ийманармиш. 
    Аммо орадан бироз вақт ўтиб унинг ёдига аввал бўлиб ўтган воқеалар тушибди: 

   -Мен сиз билан кетмайман,- йигитга қарамасдан қайсарлиги тутибди Осиёнинг,- ўз ҳолимга қўйинг мени! 

   -Ҳеч қачон!  - жавоб эшитилибди унинг қулоқлари остида.

    - Мен истасангиз ташлаб кетадиган, истасангиз яна ҳамроҳ қилиб олинадиган буюм-қўғирчоқ эмасман. 
    Мен инсонман... Ҳар лаҳза юраги умид билан уриб турувчи,  кўнгли нелардандир осмон бўладиган оддий бир қиз... 

      Осиё уйқудан лохас бўлиб уйғонди.  Қўлини узатиб тумба устида турган телефонини олиб ёқди.  Вақтни чамаламоқчи эди у.  Энди тун ярмидан ошганини кўриб юраги ғаш бўлди:  "Тонг отишига ҳали анча бор экан..." 

     Осиёнинг хаёли яна Умидга кетди.  "Қаерданам учратдим
шу йигитни?  -ўртаниб ўйлади Осиё,- ҳаётим-ку майли,  ҳатто хаёлларимни ўз измидан чиқариб юборди бу Умид ака.  Мана ўша воқеадан салкам бир ой муддат ўтди.  Унинг ўша кунги кўз қарашлари,  қилган совуқ муомалаларини шунчалик унутай дедим-у... Аммо бари юрагимга қадалган учли тош сингари оғриқли.  На ўзи қилган юрак ярасини битишига йўл қўяди,  на борига кўниб яшашга. Азоб бергани берган.   Мен кўп бора уриндим.  Кўп бора Умид акадан нафратлангим келди,  бироқ бу бебош кўнгил қачон қараса уни оқлашга важ қидиради.  Билмадим бу ҳол қачонгача давом этаркин?  Ростини айтсам мени жуда толдирди бу хаёллар.  Камига... Камига бу бир-бирини такрорлайдиган тушлар.  Жонимнинг жазоси бўлмоқда.  Умид акани ҳар одимда ёдимга солгани солган.  Ёки кун бўйи хаёлимда бўлганларнинг инъикосимикан бу тушлар?  Менимча ундай эмас. Ахир Умид акани ҳаётда учратмай тутиб ҳам уларни тушимга кўра бошлаганимга бир неча йил бўлди-ю... Буни нима билан,  нималар билан изоҳлаш мумкин экан?   Ҳеч ақлим етмаяпти... Бировга айтсам кулгига қолишим ҳам ҳеч гапмас.  Мен эса барига жавоб топишни истайман...
     Ие...Ёмғир бошладими? Деразам ойнасига так-так урила бошлади унинг томчилари. Бу ушбу баҳорги илк ёмғир. Мен ёмғирни жуда яхши кўраман...  У гўёки оташ юрагимга ҳаловат бағишлаётгандек... "
     Осиё хонасининг деразасини кенг очди.  Хонага ёпирилиб ёмғир ҳавоси кириб келди.  У ҳудди Осиё таърифлагандек ўзи билан ҳаловат туйғусини олиб келган эди...
    
🔳 🔳 🔳

     -Бугун сенга совчилар келди,- ўқишдан қайтган Осиёни янгилик билан қарши олди Латофат.
    Осиё чуқур ҳўрсинди,  бироқ онасига жавоб қайтармади.
   -Сомса пиширгандим ,- дастурхонга ликобчада қатлари кирсиллама бўлиб пишган сомсаларни қўяр экан Латофат,- ол қизим,  яқинда оташхонадан чиқди,-у шундай деб чойнакдаги чойдан ҳам қизига қуйиб узатаркан деди,-чойимиз ҳам қайноққина, айни тобида бўлибди.  Қизим,  шу десанг,  бояги совчиларни кута туриб негадир юрагим "жиз"  этиб кетса дегин.  Нима учун дейсанми? 

    Осиё онасига беҳафсала тикилди.  Бироқ Латофат буни сезмагандек сўзида давом этди: 
   - Келган аёллар билан суҳбатлаша туриб муҳим бир янгиликдан хабардор бўлиб қолдим.  Келган совчилар сени машҳур тарихчи олим Адҳам Ибрагимовнинг ўғлига сўраб келишибди.  У киши ҳақида айтган эдим-а сенга?  Ибрагимов жуда таниқли олим,  номи бир қанча дарсликларга кирган,  шу билан бирга жуда камтарин,  ҳокисор инсон ҳамдир.  У киши билан яқинда малака ошириш институтида бўлган тадбирда учрашгандик.  Шунақа чиройли маъруза қилиб бергандилар ўшанда,  ҳар бир иштирокчи "Қанийди устознинг маърузалари тугамаса эди?!"  деб жон-қулоғимиз билан тинглаган эдик ўша кунги маърузани. 
    Латофат энди Осиё ўзини диққат билан тинглаётганини ҳис қилиб янада завқ-шавқ билан сўзлай кетди:
    -Совчи аёлларнинг айтишларича устознинг якка-ю ёлғиз ўғли бўлиб у ҳам отасига ўхшаб илмнинг изидан кетган экан. 
     Ҳа айтганча сени у аёлларга устозинг Асолат опа дараклабди.  Уларнинг айтишича Асолат опа Ибрагимовнинг аёли билан синфдош бўлишган экан.  Адҳам аканинг аёли унчалик кўп гапирмади.  Асосан гапни унинг Санобар исмли опаси гапирди. Санобар опанинг айтишларича яқинда сингиллари қаттиқ оғриб қолибди,  юқори қон босими бор экан шўрликнинг.  Аёл бечоранинг анча дард чеккани юз-кўзидан билиниб турарди.  Опасининг айтишича уйда ёлғиз синглисига битта ҳамроҳ керак экан,  яъни келин.  "Аммо қизингизнинг  ўқишидан сира ҳавотир олманглар,  синглим ўзи ўқимаганига яраша келинини албатта ўқитади.  У эрини олим қилиш учун бир вақтлар севимли ўқишидан воз кечганди"  деди опаси. Айтишича ўша вақтда устознинг рафиқаси шунга мажбур бўлган экан .


Менимча у аёлни ҳаёт шунга мажбур қилган бўлса керак,- хўрсинди Латофат,- сўнг айланиб ўтиб Осиёнинг сочларини силади,- қизим, отаси кимсан профессор Адҳам Ибрагимов бўлган йигит ёмон йигит бўлмаса керак.

- Аяяя,-чўзилиб эътироз билдирди Осиё,- аввал ўқишни битирай, эрга тегиш бўлса қочмас. Ҳали ёшман-ку?

- Тўғри айтасан,- чуқур тин олди Латофат,- бироқ шуни ҳам билиб қўйки, қиз боланинг бозори умрида бир бор қайнар эмиш. Вақтида муносиб номзодни танлаб ололмаган инсон, кейинчалик танлаб-танлаб тозисига учраши ҳеч гапмас экан.

- Қўйсангиз-чи, ая?! Ундай бўлса "пешона, тақдир" деган гаплар қаерда қолади?

- Билмасам,- елкасини қисди Латофат,- балки тақдиримиздаги инсонни вақтида таниб олмай хато қилган ўзимиз бўлсак-чи?

Осиё хомуш қиёфада кулимсиради:

- Билмасам дейсизми, ая? Сиз билмаган нарсани мен ҳам билмасам керак.

- Бир гап айтайми, қизим,- жилмайди Латофат,-шу аёллар келиб ўзларини таништирганда юрагим бошқача уриб кетгандек бўлди. Айтдим-ку, "жииз" этиб кетди деб. Хуллас, у аёллар якшанба куни яна келадиган бўлиб кетишди. Унгача даданг билан маслаҳатлашиб қўярканман.

-Яна нима, ая? - лаблари бурилди Осиёнинг

- Янами? - соддадиллик билан сўзида давом этди Латофат,- Адҳам аканинг аёлини қон босими безовта қилар экан. Шунинг учун ўғлини ёшини жуда улғайтириб ўтирмай бошини икки қилишни ният қилишганмиш. Ўғили оилада якка-ю ёлғиз фарзанд экан. Шу сабаб онага кўнглини ёриб диллашиб ўтириш учун яхши бир қизни келин қилишмоқчи экан. "Аммо қизингизнинг ўқишидан ҳавотир олманг, тўйдан кейин ҳам худди ўз уйидек бемалол ўқишга қатнайверади, бу томонидан мутлоқ ҳотиржам бўлишингиз мумкин" деди холаси.

Осиё Латофат аясига жавоб қайтармади. Қизнинг хаёли кеча тунда кўрган тушига кетганди. "Кўп бора бир хил мазмундаги тушларни кўришимга сабаб нима экан-а?- ўйлади у ва шу аснода қулоқлари остида Умиднинг бўғиқ овозда "Сиздан ҳеч қачон воз кечмайман" деган шивири эшитилгандек бўлди ва юраги безовта ура бошлади...

🔳 🔳 🔳

- Эртага қизнинг ўқишига бориб, ундан ўзингга турмушга чиқишини сўрагин,- деди совчиликдан қайтган Сурайё опа Умидга "иш пишди" деган маънода,- фақат бўшашма. Қизларга гапини билиб-билиб гапирадиган шаҳдам йигитлар ёқади.

- Ойи... Осиёнинг уйидагилари нима дейишди? Қизларини узатишарканми? - "қулт" этиб ютинди Умид.

- Ҳа узатмай нима қилишади? Саволинг бир ажойиб-а, болам? Қизини узатмай бошига ёстиқ қилишадими? -ҳорғин жавоб қайтарди Сурайё опа,-вақти-соати етганда узатишади-да, бошқа йўли бормиди?

- Уларга тўйим бузилгани ҳақида айтингизми?

- Йўқ!- қатъий овозда кесиб жавоб қайтарди Сурайё опа,- нега бу нарсалар ҳақида уларга ҳисоб берар эканмиз?! Нима сен қиз боламидинг-ки, ҳар нарсани мулоҳазасини қилсак? Йигит кишиникининг айби йўқ. Айниқса бўлиб ўтган воқеаларда ҳақиқатдан ҳам сенинг заррача айбинг бўлмаганидан кейин нима учун масалани чуқурлаштиришимиз керак?
Сурайё опа қаршисида гуноҳи бор кишидек сўппайиб турган ўғлига қараб асаби бузилди: "Ҳудди отасининг ўзи буям... Биров келиб юзига бир шапати урса, " Қўлингиз оғриб қолмадими? " деб сўрайдиган даражада кўнгли бўш. Отасининг-ку бахтига ҳаётида мен учраганман. Бунинг топгани эса ўзидан ҳам бўш баёв қизга ўхшаяпти. Шу аҳволда бу бола ҳали кўп қийналади-ёв...
Сурайё опа кийимларини алиштиргани ичкарига йўл олди.
"Опам билан синглимнинг гапига кириб яна бир хато қилдим-ов,- деб ўйлади у ётоғига кайфиятсиз чўзилар экан,- билмадим, нега бунчалик шошдим? Энди иккинчи сафар ҳам " Бу хонадон эгалари менга ёқмади" десам Умиднинг олдида ким деган одам бўламан?
Масаланинг иккинчи томони... Келиб-келиб шу одамлар билан қуда бўламанми? Қариндош-уруғ, эл-юртга, дўст-душманга "Шу одамлар бизнинг қудаларимиз" деб қандоқ таништираман?
Эээҳҳ... Одам деганда дид бўлсин экан... "Ҳозиргина пиширдим, иссиққина, олинглар" деб киргизган сомсасини қаранг уни?


Ичи тўла картошка-я? Муштдек думба-гўшт кимни ўлдирибди ҳозирги замонда? Тағинам буларнинг ўнта боласи йўқ. Етказолмайди десанг. Яна озроқ бўлсаям ҳижолат бўлмаганини-чи? Ҳей инсон, шунча йил бағрингда қиз боққанингни билардинг, жиллақурса совчи кутадиган дастурхонингни у ёқ, бу ёғини тузатиб қўйсанг кам бўлармидинг? Уюб ташламайсанми, бодом- писта деганларининг туззукларидан. Қилсанг ёлғиз қизингни юз-ҳотири-ку? Ҳозир ер-у кўкни антиқа шоколадлар босиб ётибди. Бу аёл эса кафтдек вазачаларга юзалатиб тўртта-тўртта шокалад солиб қўйибди. Бир донасини олсанг идишни ярми бўшайди.
Эрта шу инсонлар билан қуда бўлсанг, ана кўринг томошани, ана кўринг меҳмоннавозликни?!

-Ойии,- эшик ортидан Умиднинг овози эшитилди,- уйғоқмисиз?

- Ҳаа,- ёстиқдан малолланиб бошини кўтарди Сурайё опа,- тинчликми, нима гап?

- Сайёра холам ҳалитдан буён қўнғироқ қилаётган эканлар, жавоб бермабсиз. Шунга ҳавотир олиб менга боғландилар...
Сурайё опа ўрнидан туриб эшикни очди, сўнг ортига бурилиб сумкачасидан телефонини олди.

- Овозсиз режимга тушиб қолган экан,- деди у ўзига ўзи сўзлаган каби ва Умидга юзланди,- сен боравер. Холангга ўзим қўнғироқ қиламан. Униям юраги пишиб ўтиргандир-да...

🔳 🔳 🔳

- Осиё, бирам олча солинган творогли ширинликдан егим келяпти, илтимос ўзимизни кафега борайлик.

Элноранинг таклифи Осиёга унча ёқинқирамагандек бўлди:

- Бошқа сафар борайлик, Элноор,-деди у дугонасига илтижоли боқиб,- бугун негадир иштаҳам йўқ.

- Эээ, сенда қачон иштаҳа бўлганди ўзи? - астойдил ўпкалади Элнора,- ширинлик емасанг ҳам ҳеч бўлмаса менга ҳамроҳлик қил. Юрақол, сенга битта аччиққина қаҳва буюрамиз, шу билан кўнглинг ёзилади-қўяди. Қани кетдик.

Кўзланган манзилга етгач, Элнора керакли буюртмаларни буюрди-ю, ўзи "Сен ўтира тур. Мен эса ҳозир зумда сенга ажойиб бир нарса келтираман" деб сумкачасини қўлтиғига қистирганча шошилиб ташқарига чиқиб кетди.
Осиё Элнорани кутар экан, ўзини чалғитиш мақсадида телефонидаги саҳифаларини кўздан кечира бошлади.

- Очиғини айтсам дугонангиз сизни бу ерга келишингизга кўндира олармикан деб жоним ҳалак бўлаёзганди.

Осиё шундоққина боши тепасида эшитилган овоздан чўчиб тушди. Жон ҳолатда бошини кўтарди ва ўзи кўришни истамаган чеҳрага кўзи тушди.
- Умид ака?!- Осиё беихтиёр ўрнидан туриб кетди. У Умидга сониялар ичида тикилиб қолди, бироқ тез орада хаёлларини йиғиштириб олиб кетишга шайланди.

- Осиё! - Умид ўтинчли нигоҳларини қадаганча қизнинг йўлини тўсди.

- Сиз билан гаплашадиган гапим йўқ! - Осиё ҳар қанча уринмасин ўзини тутиб туролмади, овози титраб шаҳло кўзларига ёш тўлди.
-Осиё... Илтимос, мени бир бора эшитинг, шундан сўнг қандай қарор қабул қилиш ўзингизга ҳавола. Биламан, кўнглингизни қаттиқ ранжитганим рост, бироқ ўша вақтда хаёлларим ўзида эмасди.

- Энди-чи, энди айни дамда ўзингиздами ўша хаёлларингиз?

- Илтимос, жойингизга ўтиринг. Мен сўзларимни йўқотиб қўймасдан айтиб олишим керак. Бир бор имкон беринг, майлими?

Осиё жавоб ўрнига эшик тарафга қаради.

- Элнорани кутманг, у кетди,- деди Умид,- яхшиям шу дугонангиз бор экан. Барака топсин бор гапни айтгандим, барини тўғри тушунди ва менга ёрдам беришга рози бўлди.

Осиё Умидга жавоб қайтармади, бироқ эътирозсиз қайтиб жойига ўтирди.

Умид официант олиб келган ширинлик ва қаҳвани қиз томонга сурар экан, аста сўзлашга тушди.

- Ўша сизни охирги марта кўрганимда сал аввал айтганимдек ақл-ҳушим ўзида эмасди. Сабаби... Сабаби ўша кезлари ойимга сизни ёқтиришимни , турмуш қурсам жуфти-ҳалолим сифатида фақат сизни кўришни исташимни айтгандим. Ойим эса мени тинглаб танловимга қаршилик қилмадилар. Эртаси куниёқ сизга совчи бўлиб маҳаллангизга борганлар. Бу ёғини биласиз-ўзбекчилик. Ойим урф-одатга биноан сизларникига киришдан олдин маҳалла- кўйдан сиз ва оила аъзоларингизни сўрабдилар. Ва... - Умид гуноҳкор қиёфада ерга қаради,- у ерда ойим ва ҳоламга учраган аёллар сизлар ҳақингизда турли ножўя гапларни гапиришибди-да...
Очиғи у гаплар мени асабларимни гўёки ўтмас пичоқда эговлаб ташлади, эртаси куни ўқишингизга борганимизда ҳам ойимлар топиб келган гаплар таъсирида эдим. Шу сабаб сизнинг ёнингизда бегона йигитни кўриб...

- Мен у йигит билан таниш ҳам эмасдим...- ҳўрсинди Осиё,- у йигит менга совчи қўйиб...

- Бунинг энди менга аҳамияти йўқ. Мен ҳамма гапдан хабардорман. Холам иккинчи қайта маҳаллангизга бориб бор ҳақиқатни аниқлаштирибдилар.

- Жуда соз! - маъюсгина жилмайди Осиё,- мана масала ҳал бўлди. Ҳақиқат ойдинлашди ва ғалаба қозонди десак ҳам бўлади. Бу ёғига ўртамизда тушунмовчилик қолмади. Барчаси ўз ўрнига тушганидан ҳурсандман. Энди хайрлашсак ҳам бўлар. Хайр! -Осиё ўрнидан турар экан Умид эпчиллик билан унинг қўлидан ушлаб қолди.
- Бу нима қилганингиз? - сесканиб кетди қиз ва овозида ғазаб оҳанглари янграб қолди ,- ўзингизни йиғиштириб олинг. Сизни эшитдим дегани, қўлингизга эрк беришингиз мумкин дегани эмас.

- Узр! - деди Умид, бироқ афтидан у жаҳдидан қайтадиган эмасди,- Осиё, кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Энди менга турмушга чиқишга ваъда бермагунингизга қадар сизни қўйиб юбормайман.

- Умид ака, илтимос...- Осиё Умидга шундай қаради-ки, у бир қадам ортга чекинди, Осиё эса сўзида давом этди,- мени ортиқ қийнаманг. Юрагимни эзманг. Ўзи шундоқ ҳам кейинги бир ой ичида "Айбим нима эди?" деган саволлар юрак-бағримни ўймалаб ташлади.

-Бари мен сабаб...- чуқур тин олди Умид,-биламан кечирим сўрашга нолойиқман, аммо шу билан бирга умидворман ҳам.
Осиё... Илтимос... Менга турмушга чиқинг.
Мен...
Мен сизни...
Биласизми? Мен сизни жуда аввалдан буён танийдигандекман. Мен сизни узоқ йиллардан буён тушларимда севганман... Ҳоҳланг ишонинг, ҳоҳланг йўқ. Буни илм тилида нима деб аташади билмадим, бироқ мен... Сиз ва ўзимни кўп бора тушларимда бирга кўрганман. Тўғри, унда сизнинг юзингизни кўрмаганман, бироқ ҳар сафар уйқудан уйғонганимда шу ҳаётда кўнгли кўнглимга яқин бир қиз яшашини қалбан сезардим. Сизни қачон танидим биласизми? Ўшанда тоғда от олиб қочган маҳал сизни қутқариш учун отнинг жиловини тутганимда узоқ йиллардан буён мен севган, мен излаган қиз сиз эканлигингизни билиб қолдим.

Умид куйиб- пишиб гапирар, унинг сўзлари Осиёнинг қулоғига ортиқ кирмай қўйганди.

"Тавба,-дея ўйларди айни дамда Осиё,- наҳотки икки инсон бир-бирини танимай туриб тушларида кўрса. Бировга айтсанг ишонмайди. Ақл тарозисига сиғмайдиган гап-да ўзиям.
Мен ҳам шу сўзларни Умид акага айтсам, устимдан куляпти деб ўйлашлари аниқ.

Уларнинг айтишларига қараганда, Умид ака билан ҳаётда бир-биримизни танишдан аввал, кўнгилларимиз топишиб бўлган экан-да...
Бундан чиқадики, бизнинг тақдиримиз бир... Шундайми?"- Осиё ялт этиб Умидга қаради. Умид эса ҳамон тўлиб-тошиб гапирарди.
- Шундай қилиб ойим якшанба куни сизларникига аниқ жавобни олишга борадилар.

- Тушунмадим,- талмовсиради Осиё,- якшанба куни борадилар? Нима учун?

- Ҳалитдан бери нима деяпман? - қизнинг саволига ҳайрон бўлганча бўшашиб жавоб қайтарди Умид,- ахир ҳозиргина айтдим-ку, кеча ойим билан холам сизларникига совчи бўлиб боришибди, якшанба куни қайтадан, барини узил-кесил ҳал қилиш учун, аниқ жавобни олишга боришади деб?!

Осиёнинг хаёлидан кеча аясининг совчилар ҳақида тўлқинланиб гапиргани ўтди. Демак, Умид ўша машҳур профессорнинг ўғли экан-да? Йўғ-ей?

- Умид ака, сиз мабодо профессор Адҳам Ибрагимовнинг ўғиллари эмасмисиз?

Энди ҳайратланиш навбати Умидга келганди:

- Сиз буни қаердан биласиз?

Давоми бор.

#Баҳорқайтгунчахикоя

Комментарии