💥УЧИНЧИ ТАҚДИР.

20-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
“Аммо суриштириб қўйсам яхши бўларди, — яна ичида қандайдир илинж пайдо бўлди Аниснинг. — Шифокор айтган бирор тавсияга балки Шаҳло бепарво қараётгандир? Эҳтимол, бирорта хасталиги бўлса, менга айтолмай қийналиб юргандир? Сал нарса сабаб бўлиб фарзанд кўриб кетишим мумкин-ку!”
— Анис, эртага шошилинч, аммо жидий тадбир бор. Ўзинг чиқмасанг бўлмайди. Ҳозиргина хат олдик. Эсингдан чиқмасин, — унга кўзи тушиши билан бошлиғи топшириқ бериб хонасига кириб кетди.
— Унда тиббий кўрикни бугун тамомлаб қўйишим лозим экан. Бобур? — ўртоғига қаради у.
— Бошқа юргим ҳам, ўша эшиклар олдида кутиб ўтиришга тоқатим ҳам йўқ. Эртага бораман.
— Юр, бугун қутилиб қўяйлик. Юраётганинг йўқ-ку, машинада олиб бориб келаётган бўлсам...
— Қўй ўртоқ, энди келдик, яна қайтиб борамизми?
Анис унга қовоқ осиб қаради.
— Ола қарама! — дарров эътироз билдирди Бобур. — Ўзинг бориб келавер эринмасанг. Мен эртага бораман...
Ноилож Анис яна ортига, поликлиникага қайтди. Барча мутахассислар кўригидан ўтиб бўлгач, тағин аёллар шифокори эшиги ёнидан ўтаётиб қадамини секинлатди. Эшик ёнида ҳеч ким йўқ. Чамаси доим уйи томон ошиқадиган аёл зотининг аср вақтидан кейинга қолгани сабри етмаган. Қия эшикдан мўъралаган шарпани сездими, ичкаридан шифокор аёлнинг “киринг” дегани эшитилди.
Анис бошини суқиб салом берди. Шифокорнинг кўзойнак устидан тикилган, ажабланиш ва савол акс этган нигоҳидан қизарди ҳам.
— Эшикдаги ёзувни ўқидингизми, Анис Мажидов? — кинояли жилмайиб деди шифокор.
Шифокорнинг таниганидан ва ўзининг ҳолатидан Анис баттар қизарди. Лекин энди ортга йўл йўқ. Шунинг учун дарров ўзини қўлга олиб, деди:
— Албатта ўқидим. Сизга саволим бор эди. Шунга мўъралаётгандим.
— Савол? — яна қошларини керди шифокор аёл.
— Турмуш ўртоғимдан хавотир олдим. Сиздан олдин ҳам бошқа шифокорга борганди. Ўйчан бўлиб қолди. Сўрасам айтмади. Соғлиги яхшими, деб...
— Аёлингиз ким?
Анис хотинининг исм-шарифини айтди. Аёл қўлидаги дафтарни варақларкан, сўради:
— Менинг қабулимга келдими, ўзи? Икки кундан буён қанча аёл билан суҳбатлашдим, эслаб қолиш қийин.
— Кеча келган...
Шифокор энди дафтарга бармоғини юргизиб, исм-шарифларни ўқий бошлади ва Анисга юзланди:
— Нега хавотирдасиз, десам хотинингиз операция бўлган экан-да! Битта фарзандларингиз бор экан-а? Ҳа-а-а, аёл зоти учун бачадондан ажралиш оғир зарба. Аммо хавотир олманг, жиддий ўзгаришлар йўқ. Ўйчанлиги табиий ҳол. Чунки яна бола кўришни истайди, бунинг имкони йўқлигини билиб сиқилади.
— Нима? — қулоқларига ишонмади Анис.
Унинг ҳолати шифокорни таажжубга солди. Буни сезган Анис ўзини қўлга олишга тиришди, аммо беихтиёр оғзидан савол учганини ўзи ҳам билмай қолди:
— Ўзи айтдими, шунақа деб...
— Нима деб?
— Ҳалиги... — Анис очиқ айтишга ийманди. Ерга қараганча деди: — Бола кўра олмаслигини...
— Ҳа, биларкан-ку! Яшириб юрганмидингизлар? УЗИ қилдим, ундан олдин ўзи биринчи боласи туғилгандан сўнг шундай бўлганини айтди. Кўрдим, операция муваффақиятли бўлган. Менимча, мендан олдин кўрган шифокор айтган. Барибир биларди. Ҳар бир одам ўз танасидаги ўзгаришларни сезади-ку! — шифокор айб иш қилиб қўйгандек изоҳлашдан тўхтамасди. Аниснинг қулоқлари эса том битгандек. На эшитарди, на кўрарди. Турган жойида қотиб қолган, бутун борлиқдан узилиб қолгандек эди гўё.
Шифокор яна нималардир деди. Унинг ёнига келиб, елкасини силаб, ўтиришга таклиф қилдими-ей. Анча гапирди шекилли. Лекин Анис унинг ёнидан қандай чиқди, хайрлашдими, йўқми, буни билмайди. Хаёли жойига келганида машинасида ўтирарди. Ҳайкал каби рулга тикилганча, жим, сокин ўтирарди. Бироқ кутилмаганда миясининг қайсидир бурчагида чақмоқ чаққандек, унинг тиғи юрагини тилгандек қалқиб кетди. Шу баробарда бақириб юборди:
— Нега-а-а? Нима учун, Шаҳло?
Бутун вужуди тилка-тилка бўлиб, бўлакларга бўлинди гўё. Ғазаб ва алам тану жонини келисопда туяётгандек, унинг зарбидан умаланиб кетаётгандек қалт-қалт титрарди.
“Билардинг-ку! Нега ҳаммасини била туриб мени алдадинг? Нима учун? Нега айнан оғриқли томонимдан зарба бердинг?”
У уйга келгунча шу каби саволлар исканжасидан чиқа олмади. Эшикни очган Шаҳлога еб қўйгудек тикилди.
— Сабинани олиб келмадингизми, боғчадан? — сўради эрининг важоҳатидан довдираб Шаҳло.
— Қачонгача лақиллатмоқчи эдинг? — ғазаб билан сўради Анис.
Шаҳлонинг аввалига ранги оқарди, сўнг кўзларини олиб қочди.
— Ниятинг нима эди? Гапи-и-р! — Анис ортиқ ўзини тутиб туролмай, бақириб юборди.
— Нимани айтяпсиз? — юраги товонига тушган аёл эридан узоқлашишга ҳаракат қилиб, ортига бурилганча ичкарилади.
— Операция бўлганингни!
Шаҳло тош қотди. Қўрқув ва шармандаликдан кўзлари қинидан чиққудек катталашди. Кейин шарт бурилди-ю, Аниснинг ёнида чўк тушди:
— Анис ака кечиринг... Айтмоқчи эдим... Аммо...
— Йўқол! Чиқ уйдан! — тишлари орасидан деди Анис. — Била туриб, аҳволимни билиб, лақиллатиб юрдингми? Қандай виждонинг чидади? Кўзларимга қараб алдашга қаердан куч топдинг?
Охирги сўзларни айтаётиб Аниснинг овози титраб кетди.
— Кечиринг, илтимос, ҳайдаманг! — йиғлаганча эрининг пойига ўтириб олди Шаҳло.
— Кет, кўргани кўзим йўқ сени... — уни айланиб ўтаркан, негадир хотиржам гапирди эр.
— Кечиринг, қизим учун кечиринг. Уни ўйлаб шундай қилдим. У отасини бир марта ҳам кўрмаган. Сизни отасидек кўргани учун айта олмадим. Боламнинг бахтини ўйлаганимдан кўзимга ҳеч нарса кўринмади...
— Анис ака, Сабинани ўйланг, сизсиз қандай яшайди?
— Нега мен ўйлашим керак? Нима учун буни илгарироқ ўйламадинг? Бир куни шундай бўлишини билардинг-ку! Била туриб нега мени ҳам, қизингни ҳам алдадинг? — жаҳлдан бор овози билан бақирди Анис.
— Кечиринг, алдамоқчи эмасдим...
— Қонимни қайнатма! Сен билан яшаётганимга олти ойдан ошди. Шунча вақтдан буён кўзларимга қараб, умид билан яшаётганимни била туриб миқ этмадинг-ку! Виждон, юрак борми сенда?
— Қўрқдим, ажрашиб кетишингиздан қўрқдим!
— Бошида айтишинг керак эди буни. Б-о-о-ошида! — ғазабдан ёрилиб кетишдан қўрққандек секин гапирди Анис. — Энди бўғиб қўймасимдан йўқол!
— Сабинага нима дейман, Анис ака? — ҳўнграб юборди Шаҳло.
— Ёлғончилигингни, алдаганингни айтасан! Сенга алдаш қийин эмас-ку!
— Шаҳло, сен билан бошқа гаплашадиган гапим қолмади. Яхшиликча кет!
— Кечирмайман! — ортиқ тоқати қолмади Аниснинг. — Ёлғонни кечирмайман! Турмуш қурмасимиздан олдин мендан ҳақиқатни яширдинг, кейин кўзларимга қараб алдадинг! Сендан яна нималарни кутиш мумкин? Даҳшат! Ҳазм қила олмаяпман! Шунчалар ҳам ишонувчан, шунчалар ҳам кўнгилчан бўламанми? Бўлди Шаҳло, ортиқ бошимни оғритма. Илтимос сендан, чиқ-у, кет!
У шундай дея эшикни катта очиб қўйди...
29
2010 йил. Ёз ўрталари. Жомбой
Ўлмас ўзидаги ўзгаришларни охирги пайтлар яққол сеза бошлади. Бошидаги оғриққа ортиқ бардоши қолмаган. Тез-тез кўнгли айниб, беҳузур бўлишини-ку айтмаса ҳам бўлади. Кўзининг жуда тез хиралашиб бораётганидан ажабланади баъзан. Бундан бошқа яна ўзи билмайдиган, сезмайдиган ғалати қилиқларидан онаси ҳам, Малак ҳам хавотирга тушиб бормоқда. Ўлмас учун эса улар ёлғончидек. Ахир баъзан Малак ишониб бўлмайдиган гапларни айтади-да: “Ҳозиргина еган овқатингизни тан олмайсиз”, “Молларга ўзингиз ем берасиз-да, беш дақиқа ўтмай, “Ким берди?” дейсиз”, “Одам боласини ҳам олиб борган жойида унутиб қолдирадими?”
Бу гаплар унга лофдек туюлади. Ахир шундай бўлиши мумкинми? Наҳот одам беш дақиқа олдин ўзи қилган юмушни унутса?
— Ўзингни ўйламасанг ҳам бизни ўйлаб бир дўхтирхонада ётиб даволаниб чиқ! — дейди жавраб онаси.
Ўзининг ҳам жонидан ўтгани учун Ўлмас охири хотини ва онасига ён босди:
— Битта текширувининг ўзи фалон сўм эди. Даволашига ҳам анча кетса керак. Мен фақат бошимни эмас, кўзимни, ошқозонимни ҳам текширтиришим керак. Ҳар куни қусгим келишига қараганда ошқозонимда ҳам бир гап бор. Шунга йўқ демасангиз, битта молни сотиб келай...
— Биз нега йўқ деймиз, — куйинди Барчин. — Шуни аллақачон қилишинг керак эди. Молни кўзинг қиймайди-ю, жонинг қўлдан кетаётганини билмай қоласан. Одамзот шу-да! Мол жонингдан азизмиди?
— Бўлмаса мени эрта тонгда уйғотинг. Молни бозорга олиб чиқай, — онасига тайинлади Ўлмас.
Малак эрига хавотир билан, қайнонасига эса маъноли қараб қўйди. Буни дарҳол тушунган Барчин Ўлмасга деди:
— Менга қара, ўзи мазанг йўқ. Сен ётиб дамингни ол. Мен ҳозир зипиллаб бориб, Абдусалимга учрашаман. Ўша молни сотиб бера қолади. Сен шу аҳволингда бозорда юрма...
— Акамни овора қиласизми? — норози бўлди Ўлмас.
Шу пайт боши айлангандек бўлди-ю, кўзини бир юмиб-очди. Атроф айқаш-ушқаш хира кўринди. Ҳаммага бир-бир тикилиб қараркан, яна бир бор кўзларини юмди. Очганида яхшироқ кўраётгандек туюлди. Бундан бироз тетиклашгандек бўлиб онасига қаради:
— Ая, менинг мазам йўқ. Даволанишим керакми? Шу-у, битта молни сотиб, кўриниб келсамми? Битта бошимни эмас, кўзимни, ошқозонимни ҳам кўрсатаман...
Барчин ўғлига бақрайиб қолди. Болалари ҳам унга анграйиб қараб турарди. Охирги пайтда тез-тез такрорланаётган бу ҳолат кишининг юрагига ваҳм соларди. Биргина Малак барчани чалғитадиган, таскин бўладиган гап айтди:
— Ўйлаб-ўйламай ҳазил қилаверасиз-а? Ойим хавотирга тушади ҳам демайсиз. Сиз ётиб дамингизни олинг, ойим акамникига боради ҳозир. Молни акам сотиб беради. Кейин дўхтирга бораверасиз. Менам ёнингизда бирга бораман.

— Сенга нима қилди? Бирор жойинг оғрияптими? — хотинига ҳайрон бўлиб қаради Ўлмас.

Малак “Сизни бу ҳолда ёлғиз жўнатиб бўлмайди”, дея олмади. Қайнонасининг баттар ваҳимага тушиб қолишидан чўчиди. Тилига келган гапдан ўзи ҳам ҳайратга тушди:

— Ўзингизга қўйса, пулни кўзингиз қиймай, ўтган сафаргидек қайтиб келасиз. Ёнингизда бирга бориб, мажбурлаб текширувлардан ўтказмасам бўлмайди.

— Тўғри, — бироз жонланиб деди Барчин. — Малак сен билан бирга боради. Олдинги гал қуруқ қайтиб келиб, мана тағин уч ойча вақтни ўтказдинг. Сен ўзингни ўйламайсан, мажбурламасак...

Барчин ўзи айтганидек, Абдусалимга илтимос қилиб молни соттирди. Орадан икки кун ўтиб эса эр-хотин туман марказига йўл олишди.

— Мен уч ойча олдин олдингизга келгандим. Бир қоғозча ёзиб бериб, қиммат текширувга юборгандингиз. Ўшанда пулим етмаганди. Ўша қоғозчадан яна ёзиб берсангиз, бугун ўша аппаратингизга тушаман, — деди Ўлмас ўша аввал учрашган шифокорининг ёнига кириб.

Табиийки, шифокор уни аллақачон унутиб юборганди. Шунинг учун Ўлмасдан шикоятларини сўради:

— Ўзи сизни нима безовта қиляпти?

— Бошим кучли оғрийди, кўнглим ҳам айнийди. Кейин кўзим хиралашиб боряпти. Э-э, аввалги келганимда ғалати қилиқлар қилдириб текширгандингиз. Эсингиздами, кўзимни юмиб тургандим, сиз бармоқларимни ҳар хил ҳолатга солгандингиз...

— Ҳа-а, эсладим, — шифокор ростдан ҳам Ўлмасни эслаганди. — Шундан буён қайтиб келмадингизми? Уч ойча вақт ўтди дедингизми? Мен дарров компьютер томографиясига бошингизни туширинг, дегандим-ку!

— Пулим етмаганди-да!

— Касаллик билан ўйнашиб бўларканми? Ўтказиб юборган бўлсангиз нима бўлади? — бош чайқаркан, қоғоз қоралашга тушди шифокор. — Тушинг-да, менга олиб келинг.

— Майли... — ўрнидан тураётиб яна маст одамдек чайқалиб кетдиЎлмас.

Шифокор яна бошини сарак-сарак қилди:

— Айтган вақтда қулоқ солсангиз нима бўларди? Шу пайтгача анча даволанган бўлардингиз. Текширтиринг-у, келинг!

Ўлмас ва Малак шифокор тушунтирган хона томон кетди. Анча навбат кутиб ўтиришди. Кейин бу текширувнинг жавоби чиқиши учун ҳам пича вақт керак экан. Хуллас, кун тушдан оққанида икковлашиб, шифокорнинг ҳузурига кириб келишди. Майда-майда бош суяги акс этган қора рентген қоғозига узоқ тикилган шифокор ниҳоят эр-хотиннинг ёнига ўтирди:

— Ука, бу гал келин билан келиб яхши қилибсиз. Ўзингиз келганингизда ким билсин яна неча ойдан кейин даволанишга қарор қилардингиз. Келин, гап бундай. Мен ҳозир бир шифохонанинг манзилини ёзиб бераман. Ўша ерга бориб бугуноқ эрингизни ётқизасиз. Ука, бошингизда жиддий ўзгариш бор. Бепарво бўлманг, агар даволанмасангиз кўзларингиз буткул кўрмай қолиши ҳам мумкин. Буни истамасангиз керак, а?

Ўлмас кўзлари умуман кўрмаслигини тасаввур қилиб, қўрқиб кетди. Айрим чоғларда кўзи хиралашса сиқилиб кетади-ку, агар кўрмай қолса борми? Зулмат ичида қолиш...

— Худо сақласин, дўхтир, даволанадилар, — эридан олдин жавоб берди Малак. — Ўзим кўз-қулоқ бўламан. Қаерда экан ўша шифохона?

— Шаҳарга борасизлар. Мана манзилини ёзиб қўйдим. Айтиб қўяй, улар эрингизни олиб қолиши ҳам мумкин. Бирдан ётқизишга тайёр бўлиб борган маъқул.

— Барибир бугун бора олмаймиз, кеч бўлиб кетди.. Уйга бориб, ҳамма керакли нарсалар билан эртага эрталаб йўлга чиқамиз-да.

— Фақат яна ортга суришлар бўлмасин. Кўриб турибсиз, эрингизнинг аҳволи яхши эмас. Уч ой олдин борганида шу пайтгача тетиклашиб қоларди. Вақт — ғанимат. Ҳар бир дақиқадан фойдаланиш керак. Ўзбек шу-да, қизиқчимиз айтганидек, касали ўтиб, йиқиладиган ҳолга келганидан кейин шифокорнинг ёнига боради.

— Ака, ёнингизга бир келгандим. Қоғозча ёзиб бергандингиз. Ўша қоғозча қаерда қолган, тополмадим. Яна битта ёзиб бера оласизми? Текширувдан ўтмоқчиман... — кутилмаганда Ўлмаснинг яна касали хуруж қилиб, текширувдан ўтиб келганини унутганди.

Малак эрига ачиниш билан қаради. Шифокор эса аҳволни дарҳол тушунди:

— Текширувдан ўтиб келдингиз? Миянгиздаги ўзгариш сабаб сал олдинги воқеани ҳам унутиб қўйяпсиз. Бу биринчиси эмас, тўғрими? Ўлмас, бирор нарсани унутган-унутмаганингизни билиш учун энди эътиборли бўлишингизга тўғри келади. Бирор гап ёдингизга тушиб, айтмоқчи бўлсангиз, аввал атрофга, вазиятга эътибор қилинг. Мана, масалан, ҳозирги гапингизни икки соатча аввал айтганингизнинг исботи бўлиб рентген қоғози турибди. Демак, сизга хасталик панд беряпти. Бундан кейин бу тез-тез такрорланиши мумкин. Шунинг учун эътиборли бўлсангиз, яхши бўлади. Албатта бу қийин. Лекин уддалаш мумкин. Тушундингизми?

— Мен бу гапни айтганмидим? Қоғоз сўраб бўлганмидим? — тушунмагандек шифокор ва хотинига аланглади Ўлмас.

— Мана, компьютер томографиясига тушиб ҳам келдик-ку! Дўхтир шунга диққат қилинг деяпти.

— Менинг хаёлимда ҳозир эшикдан кириб келиб, ўтиргандекмиз... — ерга қараб хижолат бўлди Ўлмас. Сўнг умид билан шифокорга қаради. — Даволансам, шулар ҳам кетадими? Дўхтир, кейин... кўнглим ҳам айнийди. Ошқозонимда ҳам бир гап борми, деб...

— Сиздаги оғриқлар ва безовтагарчиликларнинг ҳаммаси бошингиздан. Шуни унутманг, мия танамиздаги барча аъзоларни бошқаради. Мияда бирор ўзгариш бўлдими, бошқа аъзолар ҳам оқсайди. Мен айтган шифохонага борсангиз, ҳаммаси яхши бўлади.

Малак шифокор манзил ёзиб берган қоғозчани сумкасига жойлаб ўрнидан қўзғалди. Ўлмаснинг қўлидан тутиб, эшик сари етакларкан, шифокорга деди:

— Раҳмат дўхтир, катта...

— Раҳмат, — деди Ўлмас ҳам ортига ўгирилиб.

— Яхши боринглар, — шифокорнинг сўзларида ҳам, кўзларида ҳам ачиниш, раҳм мужассам эди. Буни англаган Ўлмаснинг юраги ортга тортгандек бўлди.

— Яхши бўлармиканман? — гапириниб қўйди ўзича.

— Нега яхши бўлмайсиз? Албатта, яхши бўласиз. Эртагаёқ борамиз шаҳарга.

Эр-хотин ўз хаёллари билан банд бўлиб, уйга етиб келганларини ҳам сезмай қолишди. Уларга кўзи тушиши билан болалар пешвоз югуришди.

— Менга нима олиб келдингиз? — Дилбек етиб келмасдан бақирди.

— Менгаям, — тили энди чиққан Ёдгор ҳам улар томон чопқилларди.

— Бирор нарса олганмидик болаларга? — Малакка қаради Ўлмас.

— Эътиборли бўлинг! Дўхтир тайинлади-ку!

— Бунинг нимасига эътибор қиламан? — аразлагандек деди Ўлмас.

Малак эса унинг кайфиятини кўтариш учун кулди:

— Вазиятни ўрганинг. Сумкага қаранг. Дўмпайиб турибдими ё пуччайиб?

— Пуаро бўламанми дейман бу ёғига? — Ўлмас ҳам жилмайди ва сумкага жўрттага жиддий боқиб қўшимча қилди: — Сумкага қарайдиган бўлсак, кўп нарса олган кўринасиз. Албатта кийим-кечак эмас. Чунки оғиргина. Менимча, шакар, конфет яна нималардир бор. Камида беш кило нарса...

— Топдингиз, изқувар. Икки кило шакар, икки кило конфет, бир кило туз бор! — қиқирлади Малак.

— Ў-ў-ў, Пуаро ҳам йўлда қолибди-ку унда. Болаларим, сизларга конфет олиб келдилар Пуаро отангиз! — сумкани очиб, болаларига конфет улаша бошлади Ўлмас. — Бундан кейин мени Пуаро ота денглар!

Уларнинг шовқинидан Барчин ҳам уйдан чиқиб келди. Онаизорни фақат боласининг соғлиғи қизиқтирарди:

— Яхши дедими, болам? Кўп қолиб кетдинглар... Хавотирдан ўлдим...

Малак қайнонасига салом берди-да, “Ўзингиз жавоб берасизми?” дегандек эрига боқди.

— Отдек эканман, ая. Бундан буён изқуварлик билан шуғулланишим шарт экан. Шифокорнинг ўзи айтди. Бир нарсалар эсимдан чиқса, изқуварлик қилиб, атрофни ўрганиб, хулоса чиқариб, шунга қараб гапиришим керак экан. Хуллас, шифохонага бориб Эркул Пуаро бўлиб келдим.

— Яхши дейишдими, ишқилиб? Нимадан бўларкан? — ўғлининг ҳазили ҳам юрагига сиғмади Барчиннинг.

— Мияда сал ўзгариш бўлиши мумкин, деб шаҳарга буюрди. “Ётқизиши ҳам мумкин”, деди, — тушунтирди Малак.

— Шаҳарга буюрдими? — Барчиннинг юзида ташвишланиш аксланди. — Бекорга буюрмайди у ерларга?

— Хавотирга тушманг, ойи, — Малак юпатишга тушди. — Мия билан шаҳарда шуғулланишади. Ўғлингизнинг миясида ўзгариш бўлиши мумкин экан. Менимча, тумандагилар мияни яхши тушунмайди. Шунинг учун шаҳарга буюрди.

— Ҳа, ая. Мия мураккаб бўлса. Тумандагилардан кўра шаҳарда даволашгани яхши-да.

— Энди орқага сурмай, даволангани бор, болам...

— Бораман, бораман, — деди Ўлмас Ёдгорни ердан кўтараркан. Аммо ўғлини кўп олиб юролмади. Унинг чайқалиб кетганини кўриб, Малак дарҳол болани қўлидан олди.
Эртасига тонгда яна улар йўлга тушишди. Шифохонани амаллаб топиб боришганида унинг дарвозаси ёнидаги ёзувни ўқиб, Малакнинг нафаси ичига тушди. Яхшики Ўлмас назар ҳам ташламади.
— Қайси томонга юрарканмиз? Кимга учрарканмиз? Қанақа шифохона экан ўзи? — кутилмаганда суриштириб қолди у.
Малакнинг эса ҳадикдан юраги бўғзига келди. Нақ томоғининг тагида ураётгандек эди.
— Шу ерда ўтириб туринг, сўраб келаман, — Малак Ўлмасни шифохона ҳовлисидаги ўриндиққа ўтирғизди-ю, эшикдан кириб-чиқиб юрган ҳамширалар томон юрди. Сал ўтмай Ўлмасни етаклаб, кўрсатилган шифокор ёнига кирди. Малакнинг ҳамон юраги тез урар, дўхтирнинг нохуш хабар айтмаслигига умид қиларди. Бахтига шифокор камгап эканми ё тезроқ қутилгиси келдими, қоғозларга бир-бир назар ташлади-ю, ҳамширани чақириб, Ўлмасни жой бўшаган хоналардан бирига жойлаштиришни тайинлади. Ўлмас яна мазаси қочаётгани учунми жим эди. Малак бўлса шифокорга савол бергани ботина олмади. Хайрият, чиқиб кетишаётганда шифокор уларнинг ортидан гапирди:
— Келин, эрингизни ётқизиб, қайтиб келсангиз, мен дориларни ёзиб бераман...
— Майли, — деди Малак эри ва ҳамширага эргашаркан.
Қайтиб келганида шифокор ўтирган хонанинг эшиги очиқ, у бир эркак билан гаплашиб ўтирар, эркак елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди. Бу манзарадан янада ўзини йўқотган Малак остонада туриб қолди.
— Ўзингизни қўлга олинг. Биз ҳам Худо эмасмиз. Қўлимиздан келган ҳамма ёрдамни берамиз.
— У биттагина қизим. Бешта ўғлимдан кейин туғилган. Эрка қизимиз. Унинг азобланишига ортиқ чидай олмайман, — йиғларди эркак. — Онасига ҳам айтмадим ҳали. Кўтара олмаслиги аниқ. 
Малакнинг юраги эзилди. Ўйчан эшик ёнидаги ўриндиққа чўкди. Ҳалиги эркак эса шифокорга ялина-ялина чиқиб кетди.
— Келинг, — шифокор олдидаги қоғозлардан бош кўтармай деди.
Малак рўпарасига келиб ўтирганида ҳам қараб қўймади. Нималарнидир ёзганча саволга тутди:
— Эрингизнинг касаллигини биласиз-а?
— Ҳа, миясида ўзгариш бор экан.
— Аввал қаерда даволанган? Бизга биринчи марта келишларингиз, а?
— Ҳа. Аввал қишлоқдаги дўхтиримиз бир-икки укол қилган.
Шифокор афсуслангандек хўрсиниб қўйди. Кейин ручкасини стол бурчагидаги дафтарлар ёнига ирғитди-да, Малакка қаради:
— Қишлоқдаги дўхтирга укол қилдириб, касални анча ўтказиб юборгансизлар. Тўртинчи босқич. Эрингиз чидамли экан. Шу пайтгача оғриқларга чидаб келишнинг ўзи бўлмайди.
— Нима тўртинчи босқич? — Малакни яна қўрқув истканжага олди. У қачонлардир саратон хасталиги билан оғриган беморлар даволанадиган шифохона “Онкология” деб аталишини, касалликни “биринчи, иккинчи... босқич”, деб гапиришларини эшитганди. Боя шифохонага кираётганда дарвоза ёнидаги ёзувдан бир сесканган бўлса, энди шифокорнинг ишорали гаплари уни чўчитаётганди.
— Эрингизнинг ака-укаси ёки отаси борми?
— Отаси вафот этган. Акалари... акалари бор, аммо отаси бошқа... Шунга мен билан келди.
— Демак, яқин одами ўзингиз. Унда яшириб ўтирмайман. Билишингиз шарт. Эрингизнинг бошида ўсма бор. У қай даражада хавфли буни айта олмайман. Аммо шу аниқки, бу — саратон.
Малакнинг бўғзида “дук-дук” қилиб уриб турган юраги пастга шувиллаб тушиб кетгандек бўлди. Кўзларига ёш қуйилди. Шу баробарда тилидан савол учди:
— Тузалиб кетадими?
— Қўлдан келганча курашамиз. Фақат... жуда кеч олиб келдингиз.
— Биз билмадик...
— Айтдим-ку, эрингиз бардошли экан. Одатда, беморлар бу босқичда, бу аҳволда додлаб ётишади. Унинг жони оғриқда. Аммо чидаяпти, тишини тишига босяпти. Шунинг учун саволга ҳам тутмадим. Ҳозир ҳамшира оғриқ қолдирувчи укол қилади. Шу билан бироз дам олади.
Малакнинг саволлари кўп эди. Ҳозиргина шифокордан нималарнидир сўрамоқчи эди. Аммо бир зумда улар қаёққадир ғойиб бўлди. Ҳатто нима дейишини ҳам билмай қолди.
— Айтганча, айрим дориларни биз ўзимиз берамиз. Лекин баъзилари, яъни, асосийларини ўзингиз олиб келасиз. Ёзиб қўйгандим, мана. Биз ҳозироқ даволашни бошлаймиз. 
Шифокор Малакнинг қўлига қоғоз тутқазди. У шифохонадан қандай чиқди, дориларни излаб, нечта дорихонага кирди, буларни англайдиган аҳволда эмасди. Миясида айланаётган гап фақат “Буни қайнонамга қандай айтаман? Энди нима бўлади?” эди.
Уйга келганида ҳам ҳали паришон эди.
— Нима деди дўхтир? Нима қилган экан бошига? — Барчиннинг бетоқат ўтиргани маълум эди.
— “Ҳозироқ даволашни бошлаймиз. Отдек бўлиб кетади”, деди. Дориларини олиб бериб келдим. “Яна қанақадир аппаратга ҳам туширамиз”, дейишди. Ўғлингизнинг қўлига анча пул ташлаб келдим. Ўша текширувига, дориларига керак бўлиб қолади, деб. Мана бу қайтди, — Малак қайнонасининг ёнига эрталаб олиб кетган пулларининг учдан бирини қўйди.
— Касали жиддийми, дейман, бугуннинг ўзида шунча пул кетган бўлса... — ранги учди онанинг.
Малакнинг эса худди шифохонадаги каби юраги бўғзига келиб ура бошлади.
— Тезроқ яхши бўлсин, деб қиммат дорилар буюрди. Кейин текширадиган аппаратларининг ўзи ҳам фалон пул экан.
— Қайси шифохонага ётди ўзи? Номи нима экан? — кутилмаганда қайнона келини қўрққан саволни берди.
— Қарамабман ҳам. Шу-у, оддий шифохона шекилли... — кўзларини олиб қочди Малак.
Шундай қилиб, Ўлмас икки ҳафтача шифохонада бўлди. Бу орада Абдусалим уларнинг яна бир сигирини сотиб берди. Чунки дорилар таъсиридами, Ўлмаснинг аҳволи ёмонлашганди. Оғриққа дош бера олмас, кўзи тобора хиралашиб кетаётгандек эди.
— Ўлмасга молни сотганимизни айтиб ўтирма. Сиқилади, даволанмайман, деб қолади. Эсиз, бузоғи катта бўлса олиб қолардик. Бузоғи ҳам кичкина. Қозиқда мол қолмас экан-да! Майли, жони омон бўлса, яна олар, — деди Барчин Малакка.
Шундоқ ҳам Малакнинг буни эрига билдиргиси йўқ эди. Аммо Ўлмас барибир уйга қайтгач, сигирнинг йўқлигини кўрди. Лекин сўрамади. Ким билсин, балки кўзига жонидан бошқа нарса кўринмаётгани учун сўраб ўтирмагандир? Балки ҳаммаси кундай равшан бўлгани учун индамагандир? Ишқилиб, у ўзи билан ўзи овора, қандайдир бошқача бўлиб қолганди. Бундан хавотирга тушган Малак “Ташхиси ҳақида билиб қолмадимикан?” деган хаёлга бора бошлади.
Афсуски, Ўлмас уйда икки ҳафта ҳам бўла олмади. Оғриқлар жонидан ўтгач, яна шифохонага отланди.
— Бошқа бардошим қолмади. Операция қилдираман. Бўлмаса бу оғриқдан ўлиб қоламан, — деди у.
Аслида унинг нега шифохонага ошиққанини Малак оёқ кийимини кияётганида сезди. Ўлмас сал нарида турган пойафзалини илғамаётганди. Лекин буни сездирмаслик учун онаси ва Малакка ёлғонларди:
— Мени ушлаб, туфлимни кийдириб юбор, Малак. Чайқалиб, йиқилиб кетмай...
Ичи узилиб кетган бўлса-да, Малак шифохонага боргунича ҳам Ўлмасдан кўзи қай даражада кўраётганини сўрай олмади. Шифокор эса одатига кўра Ўлмасни дарҳол ҳамширага топширди ва Малакка юзланди:
— Операция қилмасак бўлмайди. Операциядан сўнггина асосий даво усулларини қўллашимиз мумкин.
— Хўп, — деди Малак.
Уйига қайтгач, қайнонасига зўрға тушунтирди:
— Ойи, ўғлингизни операция қилдирмаса бўлмаскан. Кўзлари кўрмай қолиши мумкин, агар... Шунга пул керак...
— Кўпми?
Малак “ҳа” дегандек бош ирғади.
— Унда уйни сотамиз. Кимдан ҳам қарз сўрардик... — деди Барчин ҳеч иккиланмай.
— Уйни? — нега бундай деганини Малакнинг ўзи ҳам билмасди. Хаёл, ҳадик, хавотир оғушида карахтдек бўлиб қолганди. Аслида бошқа нимани ҳам сотишсин? Қозиқда мол қолмади. Даладан ҳосил йиғадиган пайт келмади ҳали. Ҳосил ҳам рўзғордан ортмаса керак. Операция эса мия билан боғлиқ бўлгани учун жуда катта пул талаб қилади. Бунча маблағни қишлоқдан уйма-уй юриб ҳам тўплаб бўлмайди. Бир чора — уйни сотиш. Қайнонаси шуни билгани учун ҳам ўйлаб ҳам ўтирмай, қарор қабул қилиб бўлганди. 
— Ҳа, болам. Ўлмаснинг боши омон бўлса яна уй қурар. Ҳозир уйга, ерга харидорлар кўп. Ҳамманинг уйида биттадан уйини бўлак қиламан деб ўтирган янги оила бор. “Уйни сотамиз”, десак бир зумда олувчи чиқади.
— Ҳмм, — деди Малак ердан кўз узмай.
— Уйимизни сотсак, ўзимиз қаерда яшаймиз? — зийрак Зарина бирдан савол берди.
— Оладиган кишига даданг соғайиб, бошқа уй олгунимизча, яшаб турамиз деймиз. Сотиб олган киши барибир ўша заҳоти кўчиб келмайди-ку! — оғир хўрсинди Барчин.
Заринага кўз тикиб турган Малак қайнонасининг қарори моҳиятини тушуниб еткандек бўлди. Бир Барчинга, бир Заринага қаради-да, “Шунақа олувчи чиқармикан?” деб қўйди.
— Ўзим гаплашаман. Маҳаллада ким ер олмоқчи бўлиб юрганди ўзи?
Малак елка қисди.
— Мен қўшниникига чиқиб, харидор излаётганимизнинг учини чиқариб келай. Бирор маслаҳат бериб қолар... — ўрнидан қўзғалди Барчин.
Малак қайнонасининг ортидан ўйчан қараб қолди. Миясига бирор умидбахш, кўнгилни ёриштирадиган фикр келай демасди. Наҳот, шу қадар иложсиз қолишди? Зарина тўғри айтди? Уйни сотгач, қаерда яшашади? Бир эмас, икки эмас, нақ етти жон бўлишса?!
“Йигитнинг моли ерда”, дейишади-ку! Соғайиб кетса, бўлгани. Биргалашиб меҳнат қилсак, амаллаб яна ер олармиз, уй ҳам қурармиз...” — деб қўйди ўзича Малак.
Барчин уй сотилиши ҳақидаги гапнинг “учи”ни чиқарганидан кейин уч киши сўроқлаб келди.
— Пулини олдиндан олиш шарти билан сотяпмиз. Ўлмасни операция қилиш керак бўлиб қолди. Бўлмаса уй сотадиган аҳволдамидик? Беш бола билан уйсиз қолишни ким ҳам истайди? — келганларга шартини айтди у.
Аммо ҳеч ким бир ҳафта ичида бунча катта миқдорда пул бера олмаслигини тушунтирар, агар бирор ой кутиб турса, қилиб бериши мумкинлигини гапирарди.
— Ер оламан деб ўзи иккита ҳўкиз боқиб ўтирибман. Етмаганига отам ёрдам қиламан, деган. Агар шу ҳўкизларни бозорга олиб чиқсам, яхши нархга сотсам, келаман, янга, — деди Қаҳҳор деган ёшгина қишлоқдош йигит. — Фақат жуда қиммат айтманг-да. Майли, келаси баҳоргача уйда бемалол яшаб тураверасизлар.
— Розиман, болам. Етмаганига отанг ёрдам қиламан деган бўлса, илтимос, отангдан ҳам сўраб тур. Мен пулини олдиндан берганингни ҳисобга олиб бир-икки сўм ўтиб берарман, — деди Барчин ялинганнамо. — Операция қиммат турармиш. Яна ундан кейин дори-дармони бор. Етмай қолмасин дейман-да, болам.
Уч кунга қолмай, Қаҳҳор пулни етказди. Албатта, ўзининг ҳўкизлари ва отасининг ёрдам қилгани билан ҳам уйнинг баҳоланган нархига етмасди.
— Озгинаси қолди. Уни ҳам кузда ердан ул-бул олсак, сотиб бераман, майлими? — деди Қаҳҳор.
— Майли, болам, — қўлидаги мўмай пул ўғлининг касалини даволашда асқотишига ишониб, кучига куч қўшилгандек бўлди Барчиннинг.
Эртасига Малак яна йўлга тушди. У барча дори-дормон ва амалиёт учун пул тайёрлигини хабар бериши, операциянинг қайси кунга белгиланганини билиб келиши керак.
— Уч кун давомида операцияга тайёрлаймиз. Аҳволи яхши бўлиб турса, қиламиз, — деди шифокор.
— Менга қара, энди келиб ўтирма. Йўл узоқ, уйда ҳам иш кўп. Операция куни келсанг бўлди-да. Ундаям келма, дердим-у, аммо менга ёрдаминг керак бўлиши мумкин экан, — деди Ўлмас.
— Ойим ҳам “Бораман”, дейишлари мумкин, — шу пайтгача ҳар нима деб алдаб, шифохонага фақат ўзи келаётган Малак энди қайнонасини йўлдан қайтара олмаслигидан қўрқарди.
— Келмасин! — негадир зарда билан деди Ўлмас. — Аямни келтирма, бу ерга. Келтирма!
— Хўп, хўп, — деди Малак.
Ўлмас ўзи ётган шифохона ҳақида биларди. Аммо ўзига қўйилган ташхис ҳақида билиш-билмаслиги номаълум эди. Малак ҳам “Миянгизда ўзгариш бор“, деган гапни тўтиқушдек такрорларди. Бироқ эрининг хатти-ҳаракатларидан ҳаммасини фаҳмлаётганини англади.
Ўлмас шифохонага иккинчи бор келганидан буён анча ўзгариб қолди. Малак буни оғриқлар кучайганига, кўриш қобилиятининг кескин пасайганига боғлаганди. Лекин мана кўриб турибдики, эри ҳаммасини биладигандек... Ҳатто операцияга пулни қаердан олишганини ҳам суриштирмади. Чунки фақат ва фақат соғайишга ҳаракат қилмоқда. Буни Малак ўтган сафар келганида ҳам пайқаганди.
— Тузалишим керак. Ўзим учун бўлмаса ҳам, болаларим учун... Уларнинг Покиза оламдан ўтганидаги аҳволи ҳали эсимдан чиққани йўқ. Яна шундай ҳол такрорланишини истамайман. Мен тузалишим керак Малак. Тузалишим керак... — деган эди Ўлмас хира тортган кўзларидан сизиб чиқаётган ёшларини беркитишга уриниб.
— Тузаласиз, — йиғлаб юборганди Малак ҳам. — Кўрмагандек бўлиб кетасиз.
— Покизани гапирганимга хафа бўлма, яна... — хижолат ҳам тортиб қўйганди у. — У барибир ҳаётимдан ўчиб кетмайди. Болаларимнинг онаси... Мен уни эмас, болаларимнинг аҳволини тушунтириш учун айтдим. Болалар кичкина, жуда кичкина...
— Ёмон нарсаларни хаёлингиздан чиқариб ташланг! Нега бунақа дейсиз? Касалингиз у даража қўрқинчли эмас. Яхши ният қилинг... — ўзини зўрға қўлга олиб деганди Малак.
“Демак, билади. Ё шифокордан сўраб олдимикан? Йўқ, шифокорнинг ўзи менга “Беморга билдирманг, тушкунликка тушиб қолади”, деди-ку! Менимча, ўзича тахмин қиляпти”, — ўйлади Малак.
— Аямга “Шифокор фақат бир киши келсин, деб тайинлади, биттамиз боришимиз керак. Ё сиз, ёки мен”, деб айт. “Операциядан кейин ўғлингизнинг ёнида ўтириш, нима зарур бўлса қилиш керак”, дегин. Шунда онам сени юборади. Шунчаки, “Борманг”, десанг шубҳаланиб баттар бораман, деб қолиши мумкин. Агар “Танланг”, деб иккита йўл кўрсатсанг, ўзингни хотиржам тутсанг, болалар билан қолади, — маслаҳат берди Ўлмас.
— Шундоқ ҳам болаларга қараб турмаса бўлмайди-ку! — эрининг гаплари юрагига баттар ғулғула солаётган бўлса-да, босиқлик билан деди Малак. — Болалар билан қолади, ўзим келаман.
— Аямга қўйиб берсанг, болаларни қўшнига ҳам ташлаб келаверади-да!
Ўлмас онасининг феълини яхши биларди. Барчин худди шундай қилди. Малакка қулоқ осмади:
— Болалар бир кунга уйда ўтириб тураверади. Ана, қўшнига тайинлаймиз. Зарина катта бўлиб қолди, ўйнатиб туради. Ўтган сафар икки ҳафта ётди, боргани қўймадинг. Бу сафар ҳам бормадим. Эндиям боришимни истамайсан. Операция кичкина нарсамас. Яна миядан. Бораман менам.
— Бўлмаса, сиз боринг. Мен уйда қолай. Ўғлингиз уришади мени иккимиз ҳам борсак. Операцияни ҳали улар қачон бошлашади? Тушдан кейин бошлашса иккимиз ҳам ўша ёқда ётиб қоламизми? Кошки жой бўлса? Барибир биттамиз ўғлингизнинг ёнида қолишимиз керак. Бирдан туриб, юриб кета олмайди-ку! Кейин у ёқда уйни ўйлаб, ичимизни еймиз. Майли, мен қоламан... — Малак эри айтгандек йўл тутди.
Яхшиям Барчин табиатан итоатгўй ва ишонувчан. Шунданми, келинининг гапидан сўнг ўйланиб қолди.
— Манзилни ёзиб бераман, топиб бора оларсиз, а? — қайнонасининг иккиланганидан фойдаланди келин.
— Қандай қилиб? Бир ўзим топиб бора олмайман, — чўчиб кетди Барчин.
— Бўлмаса, уйда қолинг. Операция ўтсин, ўғлингиз ўзига келсин, болаларни ташлаймиз-да, икки соатга бирга бора солиб кўриб келамиз.
Барчин бир хўрсинди-ю, рози бўлди. Малак ўзи айтганидек кечки пайт келмади. Шукрки, қўшнига қўнғироқ қилиб, “Операциядан чиқди, аҳволи яхши”, дебди. Бу гапдан кейин онаизорнинг дили сал таскин топган бўлса ҳам, кўнглининг бир четида ғашлик бор эди.
Эртасига Барчининг кўзлари яна йўл қараб толди. Малак сира келай демасди. Тоқати тоқ бўлган она қўшниникига чиқди:
— Малакка қўнғироқ қилиб беринг. Келмадиям, телефон ҳам қилмади.
Қўшни бир эмас, уч-тўрт марта боғланишга ҳарақат қилди. Қани Малак жавоб берса?
— Ўлмас аканинг ёнида ўтирган бўлса, телефонининг овозини ўчириб қўйгандир? Бир хонада тўрт-бешта касал ётади. Шовқин ёқмайди. Шунга эшитмаётгандир? Ҳали кўриб қолса, ўзи қилиб қолади сизга, айтаман, — деди қўшни аёл ҳам Барчинга тасалли бериб.
Барибир унинг қалби нотинч. Уйга ҳам кирмай Зарина ва Диёрага ҳовлига жой қилишни айтди:
— Иложи бўлса кўча кўринадиган жойга сув сепиб, гилам солинглар!
Қош қорайиб, уфқдан қизил шафақ кета бошлади ҳамки Барчин йўл қараб ўтирарди. Қўшни ҳам жим. Малак телефон қилмагани аниқ. Бўлмаса ҳовлисидан туриб бақирарди, “Келинингиз, телефон қиляпти, келинг-у-ув”, дея. Атрофни қоплаётган қоронғилик Барчиннинг юрагини ҳам қоплаб олаётгандек сиқила бошлади. Чуғурлаётган невараларига ҳам парво қилмай, ёнидаги ёстиққа бошини қўйиб, кўзларини юмди.
— Ана, машина! Ака, қанақа машина у? — Дилбек акасидан сўради.
— Фақат фараси кўриняпти-ку, қаёқдан билай? — нон кавшаб жавоб берди Дурбек.
Машина тобора уйга яқинлашиб, юқорига, ҳовлига чиқа бошлади.
— Ие, бизникига келяпти! — деди Зарина ҳайрат билан.
Барчин жойидан ирғиб турди:
— Аянгни олиб келдимикан такси?
— Такси эмас, дамас экан, — деди Дилбек бақириб.
Ростдан ҳам дамаснинг ён эшиги очилиб, биринчи бўлиб Малак тушди. Олд эшикни эса оқ халатли киши очди. Барчиннинг юраги орқага тортди. Пича қараб турди-ю, олдинга интилиш баробарида танасини ушлаб турган суяклари эриб кетгандек бўшашиб, ерга йиқилди.
Автоуловдан тушаётган шифокор кўриб турган экан, дарров югуриб келди. Малак эса қизларига буюрди:
— Мана бу сумкаларни олинглар!
Шу аснода унинг кўзи қайнонаси тушиб, қай томонга бўлинишни билмай талмовсираб қолди.
— Сиз жой ҳозирланг, қайнонангизга ўзим қарайман, — уни тушунди шифокор.
Малак уйга югурди. Кўрпача солди, ёстиқ қўйди-да, дарҳол ортига қайтиб чиқди.
— Ўлмас... Ўлмас... — у ҳовлига чиққанида Барчин жонсиз гапирарди.
— Қўрқманг, хола! — овутарди шифокор. — Ўғлингиз ухлаяпти. Оғриқларни сезмасин деб тинчлантирувчи укол қилганмиз. Қўнғироқ қилиб огоҳлантириб қўймабмиз-да! Қўрқманг...
— Ухлаяптими? Кеча операция қилишганмиди?
— Ҳа, кеча операция қилгандик, ўзига келди. Яхши, мана уйга олиб келдик. Келинингиз “Уйда қарайман”, деди.
Барчин ишонқирамай Малакка қаради. Малак чарчоқданми, ғамданми, чўкиб, кичкина бўлиб қолгандек кўринди кўзига.
— Сиз шу ерда қимирламай ёта туринг, биз ўғлингизни туширамиз, — шифокор ўрнидан қўзғалди. — Кетишимдан олдин сизга ҳам битта укол қилиб кетаман.
Малак, шифокор ва ҳайдовчи машинанинг орқа эшигидан Ўлмасни ётган анжоми билан бирга туширишди. Уйга олиб киришганда ҳам Барчин ҳайкалдек қотиб ўтирарди.
— Юринг хола, сизам ичкарига кириб, ўғлингизнинг ёнига ётинг. Битта укол қилиб кетай, қўрқиб кетганингиздан қон босимингиз ошди шекилли... — шифокор унинг қўлтиғидан ушлаб уйга олиб кирди.
Онаизор озиб, эти устихонига ёпишган, яна ранги ҳам бошига боғланган дока каби оқариб кетган ўғлининг бир маромда ухлаётганига ишонч ҳосил қилгач, шифокорга билагини тутди. Ўзи эса эрига термилиб ўтирган ғамнок Малакка қараб деди:
— Жоним нақ оёғимдан чиқиб кетди. Миямга келган фикрдан жонсиз бўлиб қолди оёқларим. Онанинг кўнгли қурсин! Фақат ёмон нарсалар келади...
— Уйда қараганимиз яхши. Ўғлингизнинг ўзи ҳам “Уйга кетаман” деб туриб олди, — кўзларини олиб қочди Малак.
— Худога шукр! Ҳаммаси ўтди, шунисига шукр, — деди Барчин шикофорга мамнун боқиб. — Умрингиздан барака топинг. Илоҳим, қўлингиз дард кўрмасин, болам ҳам кўрмагандек бўлиб кетсин!
Чин дилдан алқаш билан банд бўлган она шифокорнинг нигоҳларидаги ачинишни сезмади. Дуолар ҳузур эмас, озор бераётгандек асбобларини дарҳол йиғиштиришга тушган дўхтир шопа-пиша хайрлашди:
— Бўпти, биз кетдик. Соғ бўлингизлар!
Орадан ярим соат вақт ўтар-ўтмас Ўлмас юракни увиштирган тарзда инграй бошлади.

30
2010 йил. Ёз охири. Тошкент
Анис ва Шаҳлонинг турмуши бузилганини ҳамма ўзича талқин қилди. Ўз билганича ўз қаричи билан ўлчади. Маъноли қарашлар, таниш-билишларнинг саволларидан бездими ё Анис билан битта жойда ишлашни истамадими, ишқилиб Шаҳло радиога ўтиб кетди. Бу Анисга қулайлик туғдирди. Чунки ортиқ уни кўришга тоқати қолмаган, ишдан бўшаб кетишга эса раҳбарлар рухсат беришмаётганди. Албатта шахсий муаммоларни эркаклар ўзаро муҳокама қилаверишмайди. Айниқса Анис бу борада темир қўрғон ичига ўрнашиб олган шоҳ каби ўз “ҳудуди”га бошқаларнинг бурун суқишини асло истамайди ва йўл қўймайди. Буни ишхонадаги барча яхши билгани учун бир оғиз “Нима бўлди?” деб сўрашга ҳам журъат қилишмади. Биргина Бобур ҳадди сиғиб деди:
— Ҳаётга енгил қараманглар. Жанжал қайси рўзғорда бўлмайди. Дарров ажрашишга қарор қилмай, ярашиш йўлларини ўйланглар.
— Бобур, илтимос, бошқа гаплардан гаплашайлик, — дарров ўртоғининг “оғзига урди” Анис.
У ортиқ бу ҳақда ўйлашни ҳам хоҳламайди. Лекин ёлғизликдан қийналади. Сабинага анча ўрганиб қолган экан. Уйга кирса, ютиб юборгудек бўлади. Ишхонадан кетгиси йўқ. Ўзини иш билан овутишга уриняпти. Аламини ҳам ишдан оляпти, таскинини ҳам. Хаёлига оилавий муаммоларининг яқинлашишига ҳам фурсат қолдирмай, ўйлаб юрган янги ғояси асосида бир кўрсатув қилди. Бор диққатини қаратгани учунми, дастур барчага манзур. Бунга бир ой вақти кетди. Демак Шаҳло ва Сабинасиз яшаётганига ҳам бир ойдан ошибди. Худдики кириб келган куз бутун олам билан бирга унинг рангини ҳам зафарон қилаётгандек. Чунки уларсиз кун кечираётганини ҳали ота-онаси билмайди. Шу туфайли қаттиқ сиқилади Анис. Манзил узоқ бўлса, шу экан. Ҳар-ҳар замонда онаси “Уйингдагилар ҳам тинчми?” деб қўяди. “Ҳа”, дейди Анис айтишга ботина олмай. Аслида уйга борганида ўтириб, бафуржа тушунтиришни дилига туккан. Афсуски, бу осон бўлмайди. Онаизори ҳам, отаси ҳам чўкиб қолиши тайин. Шуларни ўйласа, Анис турмушидан, Худо ёзган қисматдан кўнглида норозилик ҳис қилади. Яна шайтонга ҳай беради:
“Шукр қилишим керак. Бу ҳам бир синов ахир. Худо оиламни нотинч қилгани билан ишим ҳавас қилгулик бўлса. Шундай одамлар борки, ҳам оиласидан айрилган, ҳам ишсиз. Беҳад шукрки, мен улар қаторида эмасман...”
Бир томондан Анис ҳақ эди. У турмушидан тинмаган бўлса-да, касбида эришган муваффақияти ҳали ҳеч бир тележурналистга насиб қилмаган бўлиши мумкин. Ҳар икки куннинг бирида газеталар унинг янги лойиҳасига муносабат билдирар, радиолар мухлисларининг талаби билан суҳбатга тортар, хуллас, у ҳар ҳафта бирор оммавий ахборот воситалардан бирида ўзини кўрарди. Охирги пайтда хусусий газеталар ҳам уч-тўрт марта у билан интервьюлар ҳам уюштиришди. Анис интервью ниятида қўнғироқ қилганларга шарт қўярди:
“Шахсий ҳаётимга доир савол бермасангиз, суҳбат қилишимиз мумкин...”
Албатта, матбуот ходимлари бунга рози бўларди.

Давоми бор.

#учунчитақдирхикоя

Комментарии

  • 6 мая 21:07
    Ишкилиб улиб колмаса эй Улмас
  • 6 мая 21:43
    Рахмат давомини кутамиз
  • 6 мая 23:00
    Рахмат котта ижодингизга муффакиеот тилиман
  • 7 мая 04:30
    cc97f89500
  • 7 мая 06:09
    Мен бир нарсага тушунмадим оилада 8 жон эмасмиди 7 жон каерга сигамиз дейди, кейин мияни операция килгач кайси доктор эртасига уйига жавоб беради, хеч булмаганда бир хафта ëтиши керакку,бемор тирик булса, сал эътиборли булиб ишонарли ëзинглар
  • 7 мая 06:25
    Umid bolmasa uyiga qaytaradi,kasalxonada ushlab turmaydi
  • 7 мая 06:49
    Гап операциядан чиккан бемор хакида кетяпти, нима сизга мияни операция килиш уйинчокми,узига келгунча реанимацияда ëтади, ахволи яхшилангач палатага олиб утишади, бугун операция килиб эртага уйига жавоб бериб юборишмайди, факат операция столида улган булсагина уйига юборишади
  • 7 мая 07:25
    Yozuvchilar ham yozayotgan asari haqida aniq malumot yigib shifokorlar bilan suhbatlashib keyin yozadi ( men shunaqa oyladim,axir buni xalq oqiyaptiku) boshida tushunmadim men ham operatsiyani ertasi nega chiqarvoradi uyiga deb...
  • 7 мая 08:26
    Козончининг кулида кайдан кулок чикарса дейишарди оналаримиз, ëзувчи хам хохлаганини килса керак
  • 7 мая 10:44
    Ахволи огир. Улади. Касалхонада улса уларга минус булади. Оперциядан яхши чикмади. Улмасни умри тугаяпти. Ракни 4 боскичи дедику
  • 7 мая 10:48
    Уйда улишни хохлади манимча. Ракни ёмон тури манимча. Купинча касалларни улиши аник бса жавоб бериб юборади. Ман узим больницада статист бб ишлаганман. Ахволи огирлашса кетказиб юборишарди
  • 7 мая 15:36
    Men ham shuni aytmoqchiydim