💥УЧИНЧИ ТАҚДИР.

21-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
Мана шулар билан ўзини ўзи овутиб, тасалли топиб юрган чоғларида уни бошқа телеканалнинг тонгги дастурига суҳбатга таклиф қилиб қолишди. Шу пайтгача Аниснинг иши фақат телевизордан чиқиш бўлса-да, бироз ҳаяжонланди. Ахир шу дамгача у кўрсатув қаҳрамони бўлиб чиқмаган-да.
“Кўрсатув иштирокчиси бўлиш муаллифликдан ҳам мушкулми, дейман”, деб қўйди ичида.
Ниҳоят, суҳбат бошланди. Саволлар бу соҳага кириб келиши, ютуққа эришиш сирлари, ғоялар туғилиши ва режалар ҳақида бўлди. Ниҳоят, диктор қиз Аниснинг мухлисаларини қизиқтирган саволни берди:
— Ўйлайманки, навбатдаги саволим барчани қизиқтиради. Муҳаббат ҳақида фикрингиз қандай? Умуман, ҳаётда чин муҳаббатга дуч келганмисиз?
Аниснинг юраги бир ҳапиқди. Оҳиста хўрсиниб оларкан, гап бошлади:
— Муҳаббат... илоҳий туйғу деб ўйлайман. Шунинг учун бу туйғуга ҳеч қачон ёлғон деб қарамаганман. У бор ва чин. Кимдир хаёлингизга келганида юрагингизнинг уриши ўзгаряптими? Демак қалбингизда муҳаббат бор.
— Сўзларингиздан сизнинг ҳам қалбингизда улкан муҳаббат бор! Шундайми? — кутилмаганда жилмайганча деди диктор қиз. — Сир бўлмаса, муҳаббатингиз тарихига тўхталсангиз?
Анис синиқ жилмайди. Қоп-қора қошлари чимирилди ва қисиқ кўзлари янада қисилгандек бўлди:
— Бунга бир шоиримизнинг шеъри билан жавоб бера қолай...
Кўнглингизга олманг,
Севги — осмондаги оқ булут экан.
Мен сизни кўрмайман...
Лекин ҳар ҳафта
Мени уйингизга элтади экран.
Дастурхон бошида ҳамма жим қотар,
Эрингиз юзида ёнар аланга.
Ёстиқни дўппослаб,
Бурчакка отар,
Қимтиниб бурайсиз бошқа каналга.
Ўғринча қарайсиз,
Гўё сиз айбдор,
Гўё сиз туфайли эришдим шонга.
Гўё фақат сизни кўрсин деб такрор —
Чиқаман ойнаи жаҳонга...[1]
Анис жўшиб ва аллақандай ўкинч билан ўқиди. Буни тинглаган нафақат бошловчининг, балки экран орқали кўрган томошабинларнинг ҳам юраги ўртангандек бўлди.
31
2010 йил. Кузнинг боши. Жомбой
Малак қайнонасининг овозидан уйғонди-ю, отаётган тонгдек қалбига ёруғлик олиб кирган туши ҳам эсидан чиққандек бўлди. Шуниси аниқки, тушдаги ёқимли манзаранинг нурли изи юрагида ҳам қолганди. Аммо сал нарида ётган Ўлмас ва унинг тепасида кўзлари қизариб ўтирган Барчинга нигоҳи тушиши билан ўша нурафшонликнинг нишонаси ҳам бир зумда ғойиб бўлди. Ҳадиксираб Ўлмаснинг қонсиз, яноқ суяклари сезила бошлаган юзига боқди.
— Бирор нима дедими? Чақирдими? — деди қайнонасига қараб.
— Дермикан, кўзини очармикан, деб ўтирибман. Фақат инграйди, юрагимни эзиб войвойлайди.
Малак ўрнидан қўзғалди. Боши оғирлигини, ғувиллаётганини энди ҳис қилди. Кам ухлаганликдан бўлса керак.
Тун оғганида ҳам ухламаганди. Эри жуда безовта бўлгани учун ёнидан жилмади. Қайнонаси ҳам ўғли шифохонадан келганидан буён уйқу нелигини унутгандек. Гоҳ йиғлайди, баъзан ўғлидан кўзини очишини сўраб ёлворади. Мана шундай пайтларда болалар ҳам унсиз кўз ёш тўкишади. Малак чидай олмаганидан уларни ташқарига қувлайди:
— Зарина, Диёра, укаларингни олиб бир ўйнаб келмайсанларми?
Улар эса миқ этишмайди. Мактабдан кела солиб бемор ота ёнидан жой олади-ю, термулиб ўтиришади. Тушгача Дилбек билан Ёдгорни Малак қўшни болаларга қўшади. Йўқ, улар ҳам ярим соат ўтар-ўтмас уйга кириб келишади. Опалари ва акаси келганидан кейин ҳам илгаригидек “Ўйнайлик, ўйнатинг”, деган гапни айтмайди.
Уларни кузатиб Малак ҳайрон қолади:
“Тавба, бола — ўйинқароқ, дейишади. Ундай эмас экан. Улар ҳам кўнгиллари хотиржам, ота-онаси соғ бўлсагина, ўйинқароқ, шўх бўларкан. Мана, шифохонадан келганимиздан буён улар маъюс ва уйдан чиқишни истамайди...”
Малак шуларни ўйлаб ҳовлига чиқди. Юзини ювди, ҳовлини супурди. Дилига ёруғлик берган тушини эслашга уриниб кўрди. Бироқ бир лавҳасини ҳам гавдалантира олмади.
“Тушимда яхши нарса кўрганим аниқ. Кўнглимни ҳам кўтарди. Наҳот дадаси тузалиб кетса...” — ўйлади у.
Лекин қалбининг туб-тубида ҳадик учқуни бу илинжли ўйни парчалаб ташлади. Қулоғининг тагида эса ўша ҳар лаҳза юрагига ғулғула солувчи шикофорнинг сўзлари янграгандек бўлди:
— Келин, мия жуда нозик ва шу билан бирга ўта муҳим аъзо. Бутун танани у бошқаради. Биз шунинг учун унга нисбатан бирор даво қўллашда ҳам таваккал қила олмаймиз. Яна энг ёмони, миядаги ўсманинг сифати яхшими, ёмонми буни ҳам билиш мушкул. Ўсма бошқа аъзода бўлса, ундан намуна олиб, сифатини аниқлаш мумкин бўлади. Лекин мияда буни қўллаб бўлмайди. Операция қилибгина биз беморнинг асл ҳолатини била оламиз. Эрингизнинг ҳолати эса... — шифокор оғир тин олди. — Операциягача бунчалик деб сира ўйламагандим. Очдиг-у... Очиғи, бардам бўлинг. Унинг тўрт-беш кунлик, узоғи билан бир ҳафталик умри қолган...
Малак ўша онда фикрлашдан тўхтагандек, бутун оламдан узилиб қолгандек ғалати аҳволга тушди. На савол бера олди, на инкор қилиб дод солди. Ҳайкалдек қотиб, шифокорга тикилганча тураверди.
— Аввало, мен Худо эмасман. Мен ўсманинг зарар етказиш муддатини чамалаб, шу фикрни айтяпман. Агар сал олдин, жиллақурса, олти ой олдин келганида ҳам тинимсиз даво қилиш билан уч-тўрт йилга ўсманинг ўсишини секинлатса бўларди. Билсангиз, аслида саратон ҳам бедаво дард эмас. Вақтида аниқланса, даво қилинса, бемор соғайиб кетади. Бизникилар нима қилади? Бирдан шифокорга учрамайди, учраса ҳам даволанишни орқага суриб, касалликни ўтказиб юборади. Нафақат саратон, биз енгил қарайдиган кўричак ҳам агар ўтиб кетса, беморни ўлдириши мумкин. Ҳамма касал ҳам шу. Эрингиз эса касални жуда ўтказиб юборган. Шунга... сизни чақиртирганим, уни эртага олиб кетаверганингиз яхши. Бу ерда ётганининг фойдаси йўқ. Агар бу ерда бир нима бўлса, кейин олиб кетишингиз қийин бўлади... Мен эртагача чиқишингиз учун ҳужжатларни тўғирлаб қўяман.
Бу гапдан кейин Малак қанча ўтирди, йиғладими, сукут сақладими, билмайди. Талмовсираб чиқиб, беморларнинг яқинлари учун қўйилган ўриндиққа бориб ўтирди. Шу ўтирганча, кунни боттирди, тонгни оттирди. Албатта, ўтиб-қайтиб юрган ҳамширалар нималардир деди. “Уйингизга кетинг”, дейишгандир-да! Уйга нима деб боради?
Малак карахт аҳволда на туз тотганини билади, на ухлаганини. Шу алфозда яна тонг ёришди. Яна шифохонада ғимир-ғимир бошланди. Одам кўпайди. Кимдир йиғлади, кимдир додлади. Ишқилиб, кун тушдан ҳам оғди. Бир пайт ҳамшира уни яна шифокор хонасига бошлади. Малакда умид пайдо бўлди: “Ҳозир шифокор кечирим сўрайди. “Адашибман, эрингиз яхши. Қоладиган бўлди, даволаймиз”, дейди...”
— Ҳужжатлар тайёр бўлди. Беморни олиб кетишингиз мумкин. Мана бу тавсиялар... — деди шифокор одатига кўра, қоғоздан бош кўтармай.
— Машина олиб келсам, чиқа оладими? — деди Малак шифокорга маъносиз тикилиб.
Шифокор унга ачиниш ва ажабланиш билан қаради:
— Эрингиз кома ҳолатида. Умуман ўзига келмаслиги ҳам мумкин.
Малак яна ерга кўз тикди. Кўзларидан думалаётган ёш қовуштириб ўтирган қўллари устига туша бошлади.
[1] Нодир Жонузоқнинг “Оқ булут” шеъридан парча

— Ўзингиз олиб кета олармикансиз? — унга раҳми келиб деди шифокор. — Мен бир гаплашиб кўрай, эрингизнинг аҳволини ҳисобга олиб, балки машина ва битта шифокор қўшиб берармиз. Аслида машиналаримиз ҳар дақиқа керак бўлиб қолиши мумкин. Мен сўраб кўрай-чи.
Шу билан Малак қишлоққа келганида, болалари пешвоз чиққанида ваҳм ва даҳшатнинг комидан чиқди: атрофни идрок қила бошлади, қулоқларига гап кирди...
Бир аҳволда кўз тикиб турган қайнонасини кўриб, қаердандир куч топди. Яна алдай олди ҳам:
— Уйда қараганимиз яхши. Ўғлингизнинг ўзи ҳам “Уйга кетаман” деб туриб олди...
Мана тўрт кундирки, ҳамон қайнонасини ёлғонлар билан овутади. Содда ва ишонувчан Барчин ҳам бу гаплардан юпанч топади.
Малак шуларни ўйлаганча, супургини ҳовлининг бир четига қўйиб, уй томон юрди. Қўшни ҳовли тандиридан қоп-қора тутун осмонга қараб бураларди. Тутун Малакнинг ёдига нимадир солгандек бўлди, сергак тортди. Лекин нима? Парво қилмасликка тиришиб, эшикка қўл чўзди. Эшик ҳам хотирасининг бир бурчагидан милт этиб акс берди.
“Тушим... Саҳарда тушимда кўрдим буларни...” 
Малакнинг кўз ўнгида кўрган туши жонланиб, юраги орқага тортди: худди шу ҳовли, шу эшик... Беркилиб қолганмиш у. Осмонда эса қоп-қора тутун тобора қуюқлашиб, атрофга зулмат ёярмиш... Зимистонга айланди олам. Кейин ўша қора тутунми, булутми, боши узра ёмғирни шиддат билан сочди. Ёмғир шу қадар аёвсиз ёғганмишки, худди майда хивчинчалар Малакнинг танасига урилаётгандек елкалари ачишармиш... Ёмғир сўнг дўлга айланди. Бутун танаси илма-тешик бўлгудек азобланди. Эшик эса очилмасмиш. Малак атрофга жавдираб боқди. На қўшнилар, на бирорта таниш одам кўринар, уни дўлнинг зарбидан қутқарадиган бирор зоғ йўқ. Осмонга боқиб, илтижо билан йиғлабди у. Шунда узоқдан, булутлар орасидан ингичка нур кўринибди. У тобора атрофни ёритиб, зулмат ва ёмғиру дўлни даф этганмиш... Малак шунчалар хурсанд бўлибдики...
Бу нур уйғонганида ҳам дилини ёритиб турганди. Энди эса Малакнинг қалбига яна ўша тушида кўрган тутун соя ташлади.
“Қўрқинчли туш...” — Малакнинг эти жимирлагандек бўлди. Шаҳд билан уйга кирди.
— Нималар қилиб юрибсан? Болаларга чой берсанг-чи, — деди қайнонаси мажолсиз.
Малакнинг уйдаги ҳолатдан боши айлангандек бўлди. Кечқурун узун қилиб тўшалган жой шу ҳолида турар, тўрдаги ўринда Ўлмас аянчли овоз чиқарар, беш бола унинг атрофида тизилган, Барчин беморнинг кўзларидан оқаётган ёшларни артиш билан овора. Ўзининг юзини юваётганларига эса эътибор ҳам қилмасди.
Малак апил-тапил жойни йиғиб, уйни супуришга киришаркан, болаларига деди:
— Мен уйни йиғиб бўлгунимча кийиниб туринглар. Зарина, чой қўйгансан-а? Сизлар тайёр бўлгунча, нонушта ҳам тайёр бўлади. Қани, туринглар...
— Малак, Ўлмас ростдан ҳам шифохонда “уйга кетайлик” деганмиди? — сўраб қолди Барчин.
— Ҳа, — деди Малак қайнонаси томонга қарамасликка тиришиб.
— Бўлмаса, нега тўрт кундан буён кўзини ҳам очмайди, гапирмайди ҳам. Болам бечоранинг жони азобдалиги тайин. 
“Азоблар, оғриқлар туфайли бехуш ётгандир...” ичида деди Малак. Аммо ташида сир бой бермади:
— Ойи, ростдан ҳам операциядан кейин мен билан гаплашди. Сизни алдайманми? “Уйга кетайлик”, демаса олиб келармидим мен? Шифокорлар дори билан ўзига келтирганди, менимча. Энди эса ўғлингиз ухлаяпти. Дўхтир айтганди. Мияни операция қилиш учун жуда кучли наркоз берармиш. У шунақа қаттиқ ухлатиб қўяркан. Таъсири секин кетаркан. Ҳозир ухлагани ҳам яхши. Бошидаги жароҳат сал битгунча ухлаб ўтказсин кунни. Бўлмаса, кесилган жой барибир оғрийди-да. Кўряпсиз-ку, қишлоқнинг дўхтири ярани қайта бойлагани келганида кесилган жой катта деяпти-ку!
— Тўғри, тағин бир-икки кун ухласа, битади яраси. Етти кун-да ўзи ирими. Етти кун ўтса, яралар анча битиб қолади... — деди Барчин яна ишониб.
Малак эса дод солиб йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тийди.
“Худойим, ўзинг сабр бер. Ўзинг қўлла. Дадаси соғайиб кетсин! Шифосини бер! Мўъжизаларинг кўп-ку! Мана шу тўрт боласи, онаси учун биттагина мўъжизангни кўрсатсанг нима бўпти? Шулар учун битта бандангга шифо бериш шунчалар мушкулми? Онасини олдинг, энди отасига тегма, Худойим. Улар отасиз қолса, мен ҳам ўлиб қоламан! Болаларнинг кўзига қарай олмайман! Уларнинг азобланишини кўргандан кўра ўлганим афзал. Қийналиб кетдим ахир! Ёлғон гапиравериб, ҳар сонияни қўрқув билан ўтказавериб, танимда жон қолмади. Мўъжизангни кўрсат...”
У қўлида супурги билан ташқарига отилди. Ичидаги дард вулқон каби кўтарилиб келарди. Қани энди кимсасиз жойда бўлсаки, бор овози билан дод солиб чиқариб юборса...
— Ойи, биз кийиниб бўлдик. Опам чой дамлади, — Диёранинг овози келди уйдан.
— А-я-я-я, а-я-я, — ғингшиди Ёдгор.
Малакка яна қаердандир куч келди. Ким билсин, болаларнинг овозида жон бормикан, ё? Югуриб ичкарига кирди-да, жилмайишга тиришиб, Зарина ёзаётган дастурхонга сариёғ, шакар қўйди.
— Сут ичгим келяпти, — инжиқлана бошлади Дилбек.
Малак бўғзига тиқилган аччиқ, қаттиқ алланимани “қулт” этиб ичга ютиб, уни бағрига босди:
— Сигиримизни сотиб юбордик-ку, болам. Даданг тузалиб катта, кў-ў-ўп сут берадиган сигир олиб келса, ҳаммамиз ичамиз, хўп?!
— Менам ичаман, — Малакнинг пинжига суқилди жажжи Ёдгор ҳам.
Уларни маҳкам қучаркан, Малакнинг тўйиб-тўйиб йиғлагиси келди. Йиғласа, енгил тортармиди? Афсус, бундай қила олмайди.
— Ойи, келинг, чой ичиб олинг. Мен қараб тураман, — болаларни дастурхонга яқин ўтиришга ундаб, ўрнидан қўзғалди Малак.
Барчин ўрнидан туриб, дастурхон бошига келгунча, бир тўхтаб, телевизорни ёқди.
— Шу ерда турсин, ҳозир мультфильм беради, — деди бувисига Дурбек бошқа каналга олишларини истамай.
Малак эрининг ёнига бориб ўтирди-да, телевизорга кўз тикди. Диктор қиз кимгадир савол бераётганди:
— Сўзларингиздан сизнинг ҳам қалбингизда улкан муҳаббат бор! Шундайми? Сир бўлмаса, муҳаббатингиз тарихига тўхталсангиз?
Жавоб бериш фурсати етиб, кутилмаганда экранда Анис пайдо бўлди:
— Бунга бир шоиримизнинг шеъри билан жавоб бера қолай...
Буям бир гап-да:
Севги — осмондаги оқ булут экан.
Лекин ҳар ҳафта
Мени уйингизга элтади экран.
Дастурхон бошида ҳамма жим қотар,
Эрингиз юзида ёнар аланга...
Малак тошдек қотди. Қолган жумлалар қулоғи кирмади. Худди мисралар ўзига аталгандек, титраб кетди. Ёнида ихраб ётган эрига боқиб, баттар қалтироқ ичида қолди:
“Худойим, нега мени бунчалар қийнайсан?”
— А-я-я, — деди туйқус худди Малакдан юз ўгиргандек норози оҳангда Ўлмас алаҳсираб. Бу унинг операциядан кейинги биринчи гапи эди.
— Ҳа, болам! — ўрнидан сапчиб турди Барчин.
— Худойим... Художон... — бу гапларни Ўлмас деярли пичирлаб айтди ва яна инграй бошлади. Сўнг нафас олиши тезлашди. Калта-калта нафас оларкан, ҳаво етмаётгандек оғзини ҳам очиб қўярди.
Малак ҳамма нарсани унутди:
“Худога шукр, ўзига келди! Шифокор адашибди! Ёки... Худойим мўъжизасини кўрсатди, ҳа, кўрсатди. Мана, гапиряпти...”
— Ўлмас, болам... Жон болам... Ўзим дардингни олай... — йиғлаб ўғлининг юзларини силарди Барчин.
— Болам... болаларим... — Ўлмаснинг лаблари яна пичирлади. — Жоним-ей...
— Ўзига келяпти, — деди Малак қувончдан кўз ёшларини тиёлмай.
Ўлмас эса энди худди кўкси орқали нафас олаётгандек эди. Калта-калта нафасдан кўкраги тез-тез кўтарилиб тушарди. Пешанасида эса майда, ялтироқ тер доначалари пайдо бўлди ва бирдан жимиб қолди...
— Майли қўшнижон, Худонинг ўзи қувват берсин. Сиқилмайгина ўтиринг, — ён қўшни бўлмиш аёл тахлоғлик турган дастурхонлар орасидан ўзиники олиб, чиқиб кетди.
— Раҳмат, қўшни, — деди Малак қизариб, шишиб кетиб кўзларини эшикдан узмай.
— Ҳамма кетди. Пича чўзилиб, дам олсанг бўларди, — Малакка меҳр билан қаради онаси.
— Ишонолмайман. Ишонмайман, ойи. Худо шунчалар бешафқатми? Болалар аввал онасиз қолди. Кейин отасиз... Энди бувисиз ҳам... Икки ой ичида иккита аза?
— Қайнонанг кўтара олмади. Ўғлининг ўлими оғирлик қилди унга.
— Тўғри, ғам кўринмас бўлгани билан жуда оғир бўларкан. Яна ташвишлардан ҳам кўп сиқилди. Охирги пайт бошқача гапириб қолганди. “Ўлмассиз қолдим, уйсиз қолдим, борадиган жойим гўр фақат...”, дерди. “Нега унақа дейсиз? Маҳалла оқсоқоли айтди, ҳокимиятга бориб, бизга ер олиб бераркан”, десам, “Ер фақат менга қабр бўлишга ярайди-да, уй қилишга Ўлмас бор эканми, энди”, деб қўрқитганди мени.
— Ер олса бўларканми? — қизининг айни дамдаги аҳволидан Дилором ҳам эси оғар даражада ўтирарди.
Барчин ростдан ҳам Ўлмаснинг ўлимини кўтара олмади. Яна бор-будидан айрилишгани, ейман-ичаман деб турган беш боланинг ўйи ҳам уни адо қилди. Ўғлининг “қирқ”ини ўтказди-ю, эртасига тонгда қайтиб кўз очмади. Қишлоқ одамларининг, маҳалла-кўйнинг борига шукр. Аёллар уйидан ўнта-ўнта нон ёпиб олиб чиқишди, маҳалла оқсоқоли ҳаммадан пул йиғиб, кичикроқ қўзи олиб сўйдирди, хуллас, икки — она-бола марҳумларнинг ҳамма маъракаларини ўтказишга кўмаклашишди. Мана энди ҳувиллаган омонат уйда Малак беш бола билан қолди. Дилоромнинг ташвиши шундан.
— Маҳалла оқсоқоли шундай деди. Кичикроқ ер олиб беришнинг иложини қиларкан. Уни олгач, уй қуриш учун ҳам маблағ, куч керак...
“Шу ерда қолмоқчимисан?” демоқчи бўлди Дилором. Аммо қудаси ва куёвининг қабри совумай туриб, бундай гапни айтишдан ўзини тийди:
— Ўйланма, укаларинг бор, мана қўни-қўшниларинг қараб турмайди. Ҳашар қилиб қуриб оласизлар-да!
Малак аллақачон хаёл оғушига ғарқ бўлганди. Озиб, қорайиб, кичкинагина бўлиб қолган қизининг жуссасига қараб, Дилором ачиниб кетди.
“Бир-икки ой ўтсин, Диёра иккаласини олиб кетаман, уйга”, — ўйлади ўзича.
Икки ой ўтди ҳам, қишнинг аёзли кунлари-да бошланди. Қийинчиликнинг яланғоч тиғи остида кун кўраётган бўлса-да, Малак онасининг фикрини рад этди:
— Ойи, тўрт болани ташлаб қаерга бораман? На отаси, на онаси бўлган гўдакларни ўзингиз ташлаб кетармидингиз?
— Қариндош-уруғи бор! Хўп, куёвнинг бу ерда яқинлари йўқ экан. Аммо болаларнинг нариги бувиси бор-ку! Болаларни олиб қолар...
— Олиб қолади, ойи. Кўчага ташлаб қўймайди. Лекин болаларнинг ўзи боришни истамайди. Мен она деб билади. Йўқотишдан қўрқади. Кечалари Ёдгор уйғониб, қайта-қайта қучоқлайди, мени. Шунча зарба олган мурғак гўдакларни қандай қилиб бағримдан юлқилаб, ташлаб кетаман? 
Шу билан Дилором ҳам тилини тишлади. 
Малак беш бола билан куннинг ўтганини ҳам сезмай қоларди. Рўзғор ташвишлари, қайта-қайта бағри тилиган болажонларнинг меҳрга ташна нигоҳлари уни бир дақиқа тиним билгани қўймасди. Лекин баъзида у келажагини ўйлашдан пича ҳайиқарди. Хаёлига келтирмасликка тиришар, аммо ундан бошқа ким ҳам бош қотирарди. “Қўлдан берганга қуш тўймас”, дейдилар. Ҳозирча маҳалла оқсоқоли хат-ҳужжат тайёрлаб моддий ёрдам, яна “боқувчисини йўқотган”, дея, тағин “ўлим пули” дебми-ей, мўмайгина пул ташлаб кетди. Малак буларни тушунмайди, олишга ҳам ийманади.
— Мен буни ёнимдан бераётганим йўқ. Давлатимизнинг ғамхўрлиги бу. Бир сизга эмас, барча боқувчисини йўқотларга шундай ёрдамлар берилади, — дейди маҳалла оқсоқоли тушунтиришга уриниб.
Малак англайди, бу ғамхўрликнинг ҳам чеки бор. Ўша чегарага етиб борганида у болаларини қандай боқади? Қайси маблағига бошпана бунёд этади?
Шу ўйда у пулларини тежаб, жамғаришни ҳам бошлади. Бу орада қишлоқ четида олти сотих ер сотилаётганмиш деган гапни эшитиб қолди.
“Оқсоқол қачон ҳокимиятга бораркан, ҳоким бова қачон менга ер ажратаркан, дея кутиб ўтираманми? Беминнатгина ўзим сотиб олсам-чи? — дея Малак пулларини санай бошлади. Анча кам. — Дадамдан қарз сўраб тураман!”
Қиш охирлаб, баҳор оёқлаб қолган палла эди. Йўллар лой, болаларининг усти юпун. Бундан ташқари, ҳаммасини олиб ота уйига борса, йўлкиранинг ўзи ҳам анча бўлиб кетади. Тўғри, болалар учун пул олинмаслиги мумкин. Лекин бешта бола битта машинага эгаллайди-қўяди. Шунча йўловчининг жойини эгаллагани ҳайдовчи учун йўл ҳақи талаб қилиши тайин.
“Яхшиси, болаларни у бувисига қолдираман”, — кундошининг онасини назарда тутди Малак.
— Бувингникига меҳмонга борамиз, — деди болаларига.
Ҳаммаси чуғурлаб йўлга тушишди.
Покизанинг онаси Малакни бошида ёмон кўрганди. Ахир қизининг ўрнини эгаллаган аёлни қайси она ёқтирсин? Аммо энди уни ўз қизидек кўради. Ўтган вақт Малакнинг қандайлиги кўрсатди. Онанинг унга меҳри ортди. Энди Малак ҳам тортинмай болаларини олиб борар, меҳмон бўлиб пича ўтиргач, қайтиб келарди. Бу сафар эса у муддаосини айтди:
— Ойи, болаларга эртагача қараб турсангиз, дегандим. Мен ота уйимга бориб, пича қарз олиб келсам, ер олармидим? Ҳадемай кунлар исиса, уйнинг эгаси ҳам “Кўчиб кираман”, деб қолади...
— Майли болам, — деди Покизанинг онаси. — Фақат Диёрани олиб кетасизми?
— Билмадим, Ёдгорни ҳам кўзим қиймаяпти. Уни ҳам олиб кетаманми? Ўзи ҳаммасини олиб борсам, сал бўлса-да, чалғиб, ғамни унутиб келишарди...
Малак “Пулни қизғаняпман”, деб ўтирмади.
— Кун кеч қилмай, йўлга тушай. Яқин жой бўлса ҳам бошқа гап эди, — ўрнидан қўзғалди Малак. Дарвозага яқинлашгунча болалари чопқиллаб атрофини ўраб олди:
— Ая, уйга кетамизми? — биринчи бўлиб сўради Дурбек.
— Тез кетяпмизми? — ажабланди сергак Зарина.
— Болалар, мен узоқдаги бувингизникига бориб келмоқчиман. Ишим чиқиб қолди. Эртага қайтаман. Унгача сизлар шу ерда — бувингизникида ўйнаб турасиз, хўпми? — деди Малак.
Энг биринчи Заринанинг юзи тундлашди.
— Менам бораман, — деди Дилбек.
— Мен фақат Ёдгорни олиб кетаман, майлими? Кейин Диёра ҳам боради...
— Бизни ташлаб кетяпсиз, — Зарина шундай деди-ю, уй томонга йиғлаб югурди.
— Кетма-а-анг, — ялинчоқлик ва қўрқув билан йўғрилган овозда бақирди Дурбек.
Малак бир зум ҳеч нарсани тушунмади. Кейин эса даҳшатга тушди. Болалар уни бир умрга ташлаб кетяпти, деб ўйлашганди.
— Зарина! — қизининг ортидан бақирди жонҳолатда. — Келаман, мен...
— Менам бойама-а-ан! — хархашасини бошлаб юборди Дилбек.
Заринанинг ортидан югурган бувиси сал ўтмай уни етаклаб чиқди-ю, Малакка анчагина пул тутқазди:
— Улар сиздан ажрамайди. Бу болаларга йўлкира бўлади. Ҳаммасини олиб кетинг...
— Пулим бор! — деди Малак хижолат бўлиб.
— Мен ҳам уларнинг бувисиман. Ёрдам қилишга ҳаққим бор. Ма, Зарина сен ол. Таксичига берасизлар. Ғаллаоролга ҳамманг борасан.
Болалар қувончдан қийқириб, ирғишлай бошлашди. Сўнг Малак беш болани етаклаб, жилмайганча йўлга тушди...
 — Лола, янаги келгунимча менга энди нима тикиб қўясиз? — одатига кўра холаси Мадинани “лола”лаб деди Диёра.
Мадина унга атлас матодан кўйлак тикиб қўйган экан. Энди ўксимасин деб Заринага ҳам тикмоқда эди. Диёра эгнидаги либосига маҳлиё, Зарина эса Мадинанинг ёнидан жилмай, кўйлаги битишини сабрсизлик билан кутяпти.
— Энди сенга ҳеч нарса тикмайман! Заринага тикаман, чунки мени “холажон”, дейди, — жўртага деди Мадина.
— Оладон, менам “оладон” диман-ку, менга тим тикиб белинг! — деди Ёдгор чулдираб, шимни назарда тутаркан.
— Сен “оладон” деганинг учун ола-була тим билан тўйлак тикиб беламан, — Ёдгорни ўзига тортиб, чўлпиллатиб ўпаркан, деди Мадина. — “Ғаладон” демаганингга ҳам шукр!
— Мади, — ийманибгина гап бошлади Малак. — Бир нарса сўрамоқчи эдим. Ҳалиги... дадамда пул борми? Аввал сендан сўраб билай. Йўқ бўлса, сўрасам, “Топиб беролмадим”, деб дадам сиқилиб юрмасин. Ер олишим керак, пулим етмаяпти.
— Пули бор дадамнинг. Лекин дадам ҳам ер олмоқчи, — Ёдгорни ҳамон бағридан қўймай деди Мадина. — Укаларингизга уй-жой қилиш керак. Хоҳласангиз, менда бор пул.
— Қўйсанг-чи? Сен шундоқ ҳам пулингни дадамга берасан.
— Ростдан ҳам бор. Бериб тураман. Дадамдан сўраманг.
— Хўп, — деди Малак. Кейин ўзлари билан ўзи овора болаларига юзланди: — Болаларим эртага кетамиз. Бир кунга келиб, мана, уч кун қолиб кетдик. Уй нима бўлди?
— Қўшниларингиз қараб туради. Қарайдиган молингиз бўлмаса. Туради-да уй. Болаларингизни қаранг, яйраяпти.
— Рост, — деди Малак болаларга қараб.
Чиндан ҳам болалар бу ерга келиб анча қайғудан йироқлашган, Малакнинг ота-онаси-ю, укаларига эркаланиб, кемтик кўнгилларини тўлдиришаётгандек эди.
— Мен тетмиман, — деди Ёдгор.
— Тетма, ўзим сенга тим тикиб беяман, — унга тақлид қиларкан, кулди Мадина.
Малак ҳам яқинлари олдида бўлиб, анча дадилланганди. Шунданми, Ёдгор ва Мадинанинг суҳбатига берилиб куларди.
Эртасига йўлга тушишаётганда Мадина унинг қўлига рўмолчага тугилган пул тутқазди. Малак индамай олди. Ўз уйига келиб, дастрўмолни очганида эса мийиғида кулди. Мадина берган пул Малак сўрамоқчи бўлган қарзнинг ўндан бири ҳам эмасди.
— Ерни ололмасканман, — хўрсинди у.
Шу пайт ҳовлидан эркак кишининг овози келди. Қаҳҳор кунлар исиши билан уйга кўчиб келишини маълум қилгани келганди...
 
32
2011 йил. Эрта баҳор. Ғаллаорол
Анис сира бу қадар узоқ муддат қишлоққа келмасдан юрмаган. Бу сафар Шаҳло туфайли ота-онасини йўқлашни нақ саккиз ойга чўзди. Бир неча бор йўлга отланганди ҳам. Аммо ота-онасига оиласи бузилганини қандай қилиб айтишни билмай, яна қарорини ўзгартирганди. Яхшиям Шаҳло кетган ҳафтанинг ўзида уйидагиларига тайинлади:
— Шаҳлонинг қўл телефонига қўнғироқ қилмангизлар. Йўқотиб қўйди. Яна бошқа кишига олиб, тушунмовчилик бўлмасин. Нима гап бўлса мана менинг телефоним бор.
— Ўзи фақат сенга қўнғироқ қиламиз-ку! — деди онаси кўп саволга тутмай.
Бироқ ҳар гаплашганида келини ва Сабинани сўрашни канда қилмасди.
— Яхши, юришибди, — деб қўярди Анис нафаси ичига тушиб.
Мана, унинг машинадан ёлғиз тушганини кўрган она, ажабланиб деди:
— Келинни ташлаб келдингми?
— Ассалому алайкум! Аввал мен билан кўришиб олинг, — деди Анис ичидан зил кетса-да, сездирмасликка уриниб.
Узоқ вақт ўғлини кўрмаган онаизорнинг кўзлари ёшланди:
— Ваалайкум ассалом. Болам, бир келай демадинг-а?
— Чақирдим, бормадиларингиз-ку!
— Бу рўзғордан чиқиб бўларканми, болам...
— Тагингда машина бўлса, келиб тур-да! — гина қилгандек деди отаси ҳам.
Уйга кириб ўтиришганида ҳам онаси Анисдан келинини сўради:
— Шаҳлоларни олиб келмабсан. Ё узоқ йўлга юролмайдими энди...
Анис онасининг нимани назарда тутаётганини тушунди: “Бечора онам... Шаҳлони ҳомиладор деб умид қиляпти. Шунча одамнинг умидларини пайҳон қилгани қўрқмадингми, Шаҳло?”
— Сизларга айтадиган гапим бор, — боши эгилди Аниснинг. — Шу пайтгача келолмаганим ҳам шундан. Ҳалиги... мен Шаҳло билан ажрашдим...
— Нима? — қулоқларига ишонолмай деди онаси.
— Рўзғорни ўйинчоқ биляпсанми? — жаҳли чиққандек бўлди отасининг.
— Бу сизларнинг бошингизни эгишини биламан. Ўзим ҳам мана олти-етти ойда зўрға ҳазм қилдим.
— Ажрашганингга шунча вақт бўлдими? — ишонқирамади она.
— Сизларга айта олмадим. Ўзимга қолса оиламни осонликча барбод қилмасдим. Шаҳло мени алдаб юрган экан. У умуман фарзанд кўра олмас экан. Бир оғиз айтмаган бу ҳақда. Тасодифан билиб қолдим. Айтганида ҳам бошқа гап эди...
Ота ҳам, она ҳам фарзандини ноҳақ койиб қўйгани учун мулзам бўлгандек, жимиб қолишди.
— Пешананг нега бунақа экан сенинг? — “уҳ” тортди онаизор.
Анис ортиқ уйга сиғмай қолди. Ўрнидан турди-ю, ташқарига шошилди. Ҳовлида бироз айланди. Барибир юрагини сиқиб олган ғашлик, тушкунлик, алам тарқамади. Дунёга сиғмаётгандек эди. Аста-секинлик билан ҳовли этаги томон юрди. Адирни айланди. Кейин сойга туташ дарахтзор томон одимлади. Ўз-ўзидан Малак ёдига тушди. Дарахтга исмларини ёзиб, ҳайратга солмоқчи бўлганини эслади. Қалби ёришгандек, ўша томон ошиқди. Яқинлашгани сари дарахтларнинг яна-да улканлашганини, ёзувлар ҳам баландлаганини сезди. “Анис” ва “Малак” ёзувлари анча юқорида турарди. Энди Анис оёғининг тагига нимадир қўймаса, узанган қўллари етмаслиги аниқ. Лекин... исмлар тагидаги рақамлар уни ажаблантирди. Сўнг лоп этиб ёдига Малак турмушга чиққач, шу ерга келиб, нимадир ёзгани тушди:
“Нима ёзгандим-а?” — қизиқсиниб ўйга толди Анис. Кейин дарҳол рақамларни ечишга киришди. Пайдо бўлган ҳарфни қўлига таёқ олиб ерга ёзиб қўя бошлади. Сал ўтмай, ерда ёзув пайдо бўлди:
“Мен сени соғиниб, ўламан бир кун”...
— Малакни соғиниб ёзган эканман, — жилмайиб гапиринди Анис.
Яна дарахтга боқаркан, ўз ёзувидан анча пастда жойлашган, ҳали у қадар аниқ бўлмаган рақамларга эътибор қаратди:
— Менинг ёзувларимни болалар қайтариб ёзиб кўришибди, шекилли, — хулоса қилди рақамларни солиштираркан.
Аммо бирдан бешинчи сўз фарқ қилишини пайқаб қолди:
“60471102  817110221 8161ғ211022111 101628260482102 ҳ8213 8331102...”
“Бу ёзувда бешинчи сўз “ҳ” ҳарфи билан бошланяпти. Демак кимдир шунчаки кўчирмаган. Наҳот, Малак... Ҳа, Малак ёзган! Ахир бу сирли рақамли ёзувни ундан бошқа ҳеч кимга ўргатмаганман! Малак нимадир ёзибди. Нима ёзибди?”
Аниснинг юраги қинидан чиққудек ура бошлади. Бир дарахтга, бир ерга боқиб, рақамларни ечишга киришди. Энди ўзиникидан бошқача ёзув пайдо бўлди: “Мен сени соғиниб, ўламан ҳар кун...”
— Малак... Малак менга жавоб ёзибди, — ҳаяжондан баланд овозда гапириб юборди у. — У ҳам менга бефарқ бўлмаган экан. Наҳот... Малак, нега сезмадим?
Аниснинг бирдан томирларида қон жонлангандек, боягина юрагини сиқиб, кўзига дунёни тор қилаётган тушкунликни қайгадир улоқтиргандек бўлди. У ўзига ўзи жилмаяр, бир атрофга аланглар, бир ерга қарарди. Сўнг тағин Малак ёзган ёзувларга боқиб, ич-ичидан қувонарди. Сониялар ичида шуурида алмашган кайфият унинг бор ғамини бебош шамол каби олисларга учириб кетганди гўё. У ҳатто Малакнинг турмушга чиққани, бошқа оиланинг бекаси эканлигини ҳам унутганга ўхшарди.
У негадир уйга ошиқди.
Онаси ҳовлида куймаланиб юрарди. Анис шунчалар ҳаяжонда эдики, берадиган саволи онасида қандай фикр уйғотишини ўйлаб ҳам ўтирмади:
— Ойи, Малак қаерда?
— Малак? — ажабланди она.
— Ҳа, қўшнимиз Малак эсимга тушди, — энди ҳушёр торта бошлади Анис.
— Қаерда бўларди, уйида-да. У шўрликнинг ҳам пешанаси жуда шўр экан. Аввал эри ўлди, кейин қайнонаси. Беш бола билан қолди. Дилором “Болаларни қариндошларига топшир, ўзинг Диёра билан уйга юр”, деган экан, рози бўлмабди. Ҳали дарди янги-да. Қийинчилик озроқ эзса, дарди эскирса, қайтиб қолса керак. Беш болани боқишнинг ўзи бўладими? Ҳеч қаерда ишламаса...
— Эри... — гангиб қолди Анис.
— Ҳа, бу эри ўлиб қолди. Бошидан рак бўлган экан, билишмабди. Ўзи қайнонаси шу ерлик бўлган. Ўғли билан ўша томонларга иккинчи хотин бўлиб тегиб кетган экан. Аввал ўғли ўлибди, она буни кўтара олармиди? Ҳеч кимнинг бошига солмасин... Мана, беш етим Малакка қолди...
— Қаерда уйи?
— Самарқандда. Жомбой деган туманнинг тоғ этагидаги... — она ўз иши билан овора бўлиб, бепарвогина Малак яшаётган қишлоқнинг номини айтди.
Аниснинг сал аввалги ҳаяжони ўрнини ачиниш, ўкинч қамраб олди:
“Малак, нега доим сен ўзингни қурбон қиласан? Нега бахт дегани сендан йироқда? Бунча ғам қай гуноҳинг учун? Менинг ташвишларим сеники олдида ҳеч нарса эмас. Қандай бардош беряпсан, айт? Сенинг уқубат комида эканлигингни эшитсам, чидай олмайман, сира чидолмайман. Узоқ-узоқларга олиб кетгим келади. Олиб кетгим...”
Юраги ачишиб азоб бера бошлади. Ўйчан уйга кирди. Ўзининг дардини “дард” деб оғриниб юрганидан орланди. Баттар зиқланди.
Анисдаги тушкунликни ота-онаси ўз бошига тушган савдоларнинг юкидан деб ўйлади. Қовоғи осилиб, ўйчан ўтирган ўғлига тасалли беришди. Бироқ таскинлар Аниснинг қулоғига кирмади. Хаёлини Малак банд этиб қўйганди.
— Болам фарзанд билан давлатнинг кечи йўқ. Бошингга тушганлари синов. Лекин сенинг бошингга тушган синовлар Малакники олдида ҳеч нарсамас, — деб қолди кечки овқат чоғида отаси. Аниснинг қулоқ пардалари кенгайгандек бўлди. — Шўрлик қўшни қизни қара. Биринчи турмушидаёқ кундошлик балосини кўрганди. Энди бешта етим унинг зиммасига тушиб турибди. Боя Ўрол куйиниб гапириб қолди. “Пулим кўп бўлса экан, шартта Малакни беш боласи билан кўчириб келиб, алоҳида ўтқизиб қўярдим. Ўша тўрт етимни невараларимдек кўрардим. Афсус, қўлим калта. Ўғилларимга уй-жой қилишим керак” дейди. Савоб иш қиламан, деганнинг қўли калта. Имконияти бор одам савобнинг маънисига бормайди. Дунё ўзи бири кам-да...
Анис баттар ўйга толди. Отаси ҳақ. Малак ҳам, унинг отаси Ўрол ака ҳам савоб учун, бағрикенглиги, инсонпарварлиги учун етимларни қарамоғида олиб қолмоқчи. Лекин уларни боқишнинг ўзи бўладими?
— Малак ҳеч қаерда ишламаса керак... — отасининг ажин босган юзларига тикилди Анис.
— Қаерда ишласин? Ўқимаган бўлса... Шунинг учун қийналаётгандир...
Аниснинг ичидаги оғриқ янада кучайгандек бўлди. Кечаси ҳам, эртасига ҳам миясидан беш бола қуршовидаги Малак кетмай қолди. Ҳовли этагидаги дарахт танасига икки-уч марта қараб келди. Ичида минг, миллион марта такрорлади: “Мен сени соғиниб ўляпман, ҳар кун...”
Бу сўзлар мажруҳ қалбига малҳамдек ёқар, учиб бориб Малакни олиб келишни истарди. Аммо беш етим кўз олдига келар ва Малакнинг феълини билгани учун етимларни ташлаб, ўзи билан асло кетмаслигига ишонарди.
— Анис, тушликка Ўрол аканг сени чойга чақирган. Чангга уринма, ҳозир ўтамиз, — деди у ер ағдараётган отасига кўмаклашиш учун яқинлашганида.
Бир чой қайнагунча вақт ўтмай, у ота-онасининг етовида Малакларнинг уйи томон йўл олди. Қадрдон ҳовли, Малак иккаласи суҳбат қурган жойлар... Анис энтикди. Камтарона безатилган дастурхон бошига ўтираркан, ойнаванд шкафнинг четига қистирилган Малак ва қизининг суратига кўзи тушиб, алланечук бўлди. Йиллар давомида уйқуда ётган аждардек юрагидаги соғинч бош кўтаргандек эди. Шунчалар Малакни кўришни, суҳбатлашишни истадики, беихтиёр Ўрол акага қараб сўради:
— Малак қачон келади?
— Беш бола билан келиб-кетишнинг ўзи бўлармиди? Яқиндагина келиб кетди. Пулини аяб энди анча пайтгача келмаса керак. Уям жуда қийналяпти. Уйнинг эгаси ҳам “чиқинглар” деётган экан. Билмадим, ҳокимият ер ажратса, ўғиллар билан ҳашар қилиб уй қуриб берамизми...
— Уйнинг эгаси? — ажабланди Анис.
Ўрол ака шунда бор гапни айтиб берди. Малакнинг бошпанасиз, беш бола билан қолгани, тағин болаларни бувиси ёки амакиларига топшириб қўймагани Анис учун ҳадсиз жасорат бўлиб туюлди. Чиндан ҳам шундай эди.
— Қанийди, Малак сўзини икки қила олмайдиган, кўзқиймас бир одам бўлсайди, бориб қизи билан олиб келардим. Онам раҳматли тирик бўлса, сўзи ўтарди...— ичини урди Ўрол ака.
“Мен сени соғиниб ўляпман, ҳар кун... Малак балки менга қулоқ осар?”
Аниснинг юрагида умид милтиллади. Овқатни ҳам чала-чулпа еб, ўрнидан туришга шошилди. Игна устида ўтиргандек, зиёфат тезроқ тугашини истади. Дастурхонга дуо қилиниши билан ўрнидан қўзғалди. Ота-онасидан илдамроқ келиб кийинди ва машинани ўт олдирди.
— Қаёққа? — деди бақирди онаси.
Анис онасининг гапини эшитмади. У бу пайтда бир кун аввал онаси айтган манзилни эслаш билан овора эди.
* * *
Анис Малак яшаётган қишлоқни топишга қийналмади. Ҳатто ҳовлисигача ҳам ҳеч машаққатсиз кириб келди. Аммо ўзи кутмаган манзара гувоҳи бўлиш унга жуда оғир келди. Озиб, елкалари бўртиб чиқиб қолган Малак пастқам иморат олдида, бир уюм кийимлар ва тоғора ёнида билакларига бошини қўйганча ўтирарди. Айниқса, унинг елкалари силкинаёганидан йиғлаётганини англаган Анис чексиз изтироб ичида қолди. Малак шунчалар ўз ташвишларига кўмилиб кетганидан Аниснинг чақириғини эшитмади ҳам. Бошини кўтариб қараганида эса Анис титраб кетди. Сал ўтмай, машинаси ёнида уч болакай пайдо бўлди.
— Ву-уй, бу қанақа машина, ака? — ўртачаси Анисга паво қилмай машинанинг атрофини айлана бошлади.
— Минамизми? — чулдиради жажжиси.
— Ласетти. Бери тур, — бирдан иккала укасининг ҳам саволига жавоб берди каттаси Анисга бегонасираб қараркан. 
— Сени олиб кетгани келдим, — болаларга бир қараб олиб деди Анис. — Агар Диёрани олиб мен билан кетсанг, тўғри қишлоққа борамиз. Кейин онамни уйларингга юбораман. Аслида онамни биринчи жўнатмоқчи эдим. Лекин аввал сенинг розилигингни олишим керак. Кетасанми?
Уйдан чиқиб келган қизалоқ югуриб келиб Малакнинг қўлларидан маҳкам ушлаб олди. Ундаги ўзгариш укаларга ҳам таъсир қилди шекилли, улар ҳам Малак томон чопқиллади.
— Нега индамайсан, Малак?
— Менинг бешта болам бор, — ерга қаради у.
— Диёрани ол, кетдик! Шунча қийналганинг етади. Эшитдим ҳаммасини!
— Раҳмингиз келгани учун келдингизми?
— Яхши кўрганим учун келдим! — тортинмай деди Анис. — Сени яхши кўраман! Икки марта бой берганим етар...
Малак ерга киргудек бўлди:
— Болаларнинг олдида ҳар хил гапни айтманг!
— Майли, улар гувоҳ бўлсин! Яхши кўриш гуноҳ эмас-ку!
Малак гап топа олмай қолди. Анис ҳам тикилганча тураверди. Ноқулай вазиятдан чиқиш учун аёл оёғига ёпишган кенжа ўғлини кўтариб олди.
— Кетдик, Малак! — илтижоли деди Анис.
— Кета олмайман. Болаларим бор...
— Диёрани оламиз.
Малак бош чайқади:
— Менинг болам фақат Диёра эмас! Кўриб турганингиздек улар бешта.
— Улар бўлмаса кетмайсанми?
Малак “йўқ” дегандек бош қимирлатди.
Анис хўрсинди. Сўнг машинаси эшигини очаркан, сўнгги илинж билан деди:
— Учаламиз кетайлик...
Малак зўрға “йўқ”, деди-ю кўзларига қуйилган ёшларни кўрсатмаслик учун уйига қараб юрди. Болалар унга эргашди...
* * *
— У мени яхши кўрмайди. Яхши кўрмаган ҳам! — Анис машинаси билан Малак истиқомат қилаётган қишлоқдан чиқиб кетаркан, бақирганча рулни алам билан урди. — Нега бунақасан, Малак? Нега ўзингни ўйламайсан?
У ўзини босолмай, газни босди. 
Ўқдай учиб бораётган машина чекаётган азиятларига малҳам бўладигандек, яна-да тезлатди ва бор овози билан бақирди:
— Нима қилай, Худойим? Нима-а-а-а?
Сўнг бирдан танасидан куч кетаётгандек бўшашди, кўзларига ёш тўлди. Унинг ҳаракатларига монанд машина ҳам секинлай бошлади. Сал ўтмай йўл четида тўхтади. Анис машина ўриндиғига бошини ташлаганча, кўзларини юмиб, бироз ўтирди. Миясида пайдо бўлаётган ўйлар, бутун танасига ҳузур ва ёруғлик бераётгандек эди:
“Ахмоқман! Битта аёлчалик журъатим, жасоратим йўқ. Малак мендан минг чандон матонатли. Ўз боласига қўшиб, тўрт гўдакнинг бошини силашга тайёр. Мен-чи? Шунча йил тирноққа зор юрдим. Энди Худойим қўш қўллаб беш болани тутқазганида юз ўгирмаяпманми? Наҳот Худо шу норасидаларнинг бошини силашим учун менга тирноқ бермади?! Ахир фарзанд кўришга қодир эдим-ку! Наҳотки шу етимларга паноҳ бўлишим учун У Малакни тақдиримга учинчи қилиб ёзди? Ҳа, мана шу бешта гўдак хор бўлмаслиги учун Аллоҳим Малак иккимизни турли йўлларда саргардон қилди. Демак, уларга ота-она бўлиш бизнинг тақдиримизда бор... Биз тақдир йўлидаги йўловчилармиз, йўл қаерга олиб борса, ўша ерга борамиз. Менинг манзилим эса, мана шу бешта гўдак!”
Анис машинанинг рулини орқага бурганида юраги кўксини ёргудек урарди...
ТАМОМ
2014 йил, март – 2015 йил, январ

Ҳикояни калит сўзи 👇
#учунчитақдирхикоя

Комментарии