Комментарии
- 10 апр 2019 19:43Nasiba NasibaAllohim hech bir ota onaga bunday kunni körsatmasin.
- 10 апр 2019 19:53Xalima KarimovaБоламга ухшайди болам нолишинг санинг
- 10 апр 2019 20:02Кавракова азиза(замужем)Э вохх одамларга нима булган а? Шундай вазиятда бу даражада какшатиб кетиш? Бундай одамларни кандай она дунёга келтириб нималар билан бокиб вояга етказган экан
- 10 апр 2019 20:19Sanobar Ergashevaастагфруллох астагфруллох инсоф берсин инсонларга
- 10 апр 2019 20:20Sanobar Ergasheva
- 10 апр 2019 20:25Abbos BoriyevВой марраззеееей шунака инсонлар хам бор эканда а
- 10 апр 2019 20:28Zulya AchildievaБу жувонмарг мараз хали ХАЁТ бунга нималар курсатишини билмайди.Кунгли уксиб тошиб турган карияни сунг УМИДИНИ УЧКУНЛАРИНИ сундирдими ...??? Бошка юртларда ИЛОХИМ КАФАНГАДО КЕТСИН...
- 11 апр 2019 04:55Темур ))Бир чимдим умид хадя килибтию,отани умарипти.Оллох у ифлосни умри буйича бахтини шодлигини умарсин илохо!Бунака уз нафси учун барча пастлик разилликдан кайтмайдигон ифлослар купаймокда!Уларни хам тортадигон азоблари бор иншооллох!
- 11 апр 2019 10:00Орзуларим Армоним
Для того чтобы оставить комментарий, войдите или зарегистрируйтесь
📚 Ҳикоя ва Қиссалар.📚 🇺🇿 🇺🇿 🇺🇿
Ҳикоя: «Ўғлимга ўхшайди, овозинг сани…»
— Шоқосим ота, ҳой, Шоқосим ота, эшитяпсизми?
— Қулоғи оғир-ку, қаттиқроқ гапир. Шо-о-оқосиим ота-а-а!!!
Ниҳоят, Шоқосим отадан ҳам қари дарвозанинг эшиги ғийқиллаб, олдин ҳасса, сўнг озғинлиги ҳассадан сал бундайроқ қоқсуяк, қорамағиз чолнинг боши кўринди. Шоқосим ота дегани ёшдан эмас, дарддан қариган, нафаси носоғлом ўпкасига тиқилиб ҳориган, тўкилмай қолган саноқли сочларига-да қор инган мўйсафид.
— Яна нима дейсизлар? Тағин коптокларинг полизимга тушдими? Яшшагурлар, атайлаб қиласизлар-а?
Ёлғондакам жаҳл қилган бўлди Шоқосим ота. У доим шундай қилади. Болалар катталар айтган гапнинг тескарисини қилишини яхши билади. Яна коптокни полизга ташлашсин, дейди. Яна шу баҳона мен билан гаплашсин, дейди. Фарзанди кетиб ҳувиллаб қолган, кампири кетиб увиллаб қолган ҳовлисида болалар ўзини безовта қилишини истайди, овунгиси келади. Бироқ бу гал ўйлагани пуч чиқди.
— Эй, йўқ, намунча билағонлик қиласиз, ота? Олдин бундоқ гапни эшитади-да одам дегани, — деди зумрашалардан биттаси бармоғини бигиз қилиб. — Ана, сизни сўраб келишибди.
— Мени?!
Шоқосим ота бақрайиб қаради, ўқрайиб қаради. Барибир, таниёлмади. Ҳатто охирги марта қачон, ким сўраб келганини эслолмагани учун иккиланиб, туш кўраётгандек алаҳсираб ҳам қўйди.
Ўттиз-ўттиз беш ёшлар чамаси, истарали йигит болаларга раҳмат айтиб, сўнг бувага яқинлашди.
— Ассалому алайкум, ота!
— Ваалайкум салом, — дея эшик олдида қарши олди меҳмонни Шоқосим ота. — Кел, болам, нима керак эди?
— Соғликларингиз яхшими? Бардам-бақувват бўлиб юрибсизми? — қўлини кўксига қўйиб, сўраша кетди йигит. — Чарчаб қолмаяпсизми? Мен Туркиядан келяпман. Ўғлингизнинг олдидан…
— Нима?!
Боласининг дарагини эшитиши билан отахоннинг юзи ёришди, кўзлари чақнади. Чеҳрасидаги ҳорғинлик ҳушёрликка, тушкунлик эса илинжга айланди. Лаблари қалтирай бошлади. Беихтиёр кўзлари ёшланди. Дийдасидан қуйилаётган ёшни гоҳ муштига, гоҳ енгига артганча йигитга термилиб қолган, ҳатто ичкарига таклиф этиш ҳам ёдидан кўтарилганди. Ниҳоят, ўзига келди. Худди ўғлининг ўзи келгандек, рўпарасида жигаргўшаси тургандек меҳмонни маҳкам қучоқлаб олди.
— Бўйларингдан ўргилай, болам. Болажонимдан хабар олиб келган болам, бир бағримга босай, боламнинг устингга ўтириб қолган бўйларидан тўйиб ҳидлай, болам!..
Шоқосим ота йигитнинг у ёғидан ўргилиб, бу ёғидан ўргилиб гапирарди. Кейин у меҳмонини ичкарига олиб кирди. Тўрга ўтқазди.
— Хафа бўлма, болам, ҳамма ёқда хавотир. Айниқса, бизга ўхшаган ёлғизларга қийин бўлиб қолди. Шунга ҳарна… ўзимиз ҳушёр бўламиз, қўшнини ўғри билмаслик учун, сен кўнглингга оғир олма, хўпми, эшик олдида куттириб қўйганим учун.
— Ҳечқиси йўқ ота, эътибор берманг! — қўлини силкитди меҳмон.
Шоқосим ота йигитнинг керакмас, деганига ҳам қарамай тагига икки қават кўрпача солди. Дастурхон ёзди. Ҳар гал ошхона томонга ўтаётганида бир зумга тўхтаб қолар, кейин яна юрар, яна тўхтар, хуллас, ўзини қўярга жой тополмасди. Охири меҳмоннинг рўпарасига келиб ўтирди.
— Ана энди айта қол, болам, менинг боламни қаерда кўрдинг? Қачон кўрдинг, ўзи яхши эканми? Озиб-тўзиб кетмабдими? Соғлиғи яхши эканми?.. Нега ундай қилган экан?..
Охирги жумлани ота минг бир азобда айтди. Овози қалтираб, кўзлари ялтираб айтди.
— Ўғлингизнинг исми Фозилжонми?
— Ҳа, ҳа, Фозилжон, болам, — деди Шоқосим ота шошиб ва бир сонияга бўлсин қўрқиб кетди. Ахир ўшанда ҳам шундай бўлганди. Келганлар уни обдан суриштиришганди. Ҳозир ҳам адашишган бўлмасин-да, ишқилиб, деган хавотир уйғонди ичида.
— 1976 йилда Қўшсойда туғилган, онасининг исми Зубайда, сизнинг исмингиз Шоқосим, шундайми?
— Шундай болам, шундай, — ҳаммаси тўғри чиқаётганидан севиниб бораётган Шоқосим ота тобора ўзига сиғмасди. — Айта қол, болам қаерда, қани болам?
— Ўғлингиз Истанбулда, — деди йигит сочиқни тахлаб, дастурхон четига қўйгач. — Ҳадемай ўзи ҳам келиб қолади. У жиноятчи эмас, гастарбайтер…
— Гаг.. гаг… эсли ботир…
— Эсли ботирмас, гастарбайтер… — тушунтирган бўлди меҳмон. — Нима десам экан-а? Қисқаси, ёлланма ишчи.
— Ишчи?
— Ҳа, оддийгина ишчи.
Қариянинг унинг оғзига маҳтал бўлиб, бошини сарак-сарак қилиб ўтирганини кўргач, йигит янаям жўн қилиб тушунтиришга ўтди.
— Хуллас, ўғлингиз жиноятчи эмас. У ишлагани кетган. Аммо номақбул одамларга учраб қолган.
— Қ… қ… ана… қа одамлар?! — гоҳ бир неча йил деганда ўғли ҳақида яхши гап эшитаётган, гоҳ ўғлининг ёмон одамларга қўшилиб қолганини эшитаётган ота икки ўт орасида тусмолланди, дудуқланиб қолди.
— Сизга нима десам экан… — бошини қашлади йигит. — Хуллас, одам савдоси бу. Шундай одамлар борки, ишчи ёллаб, текин ишлатсам, даромадини ўзим олиб ўтирсам дейди. Унақалар бундай ишчиларни осонликча қўйиб юбормайди. Паспортини олиб, қамаб қўяди, оёқ-қўлини боғлаб, қул қилиб бўлсаям ишлатади. Ўғлингиз шундай одамларнинг домига тушиб қолибди. Ўзи айтди. Уйингизга келган хатниям улар ёзган экан, ўғлингиз эмас. Қидирмасин, бош оғриқ бўлмасин, дейишган-да. Яқинда бир амаллаб қочиб қутулибди. Энди паспортини тўғрилаши билан келаркан.
Бўлди, ортиқ дош беролмади Шоқосим ота. Бўшашиб қолди. Ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади.
— Айтдим-а, буларга, айтган эдим-а… Менинг болам эмас бу, менинг болам ватанфуруш эмас, деб. Кўнглим сезган эди-я… Хатни олиб келиб, олдимга қўйишди, бу сенинг боланг, дейишди, лекин мен ишонмадим. Милтиқ ушламайди болам дедим. Бегуноҳ болаларни, аёлларни отмайди, болам, дедим. Мен тан олганим йўқ, мен ишонганим йўқ. Ахир менинг болам… қандай, қанақасига? — Шоқосим ота оғримайдиган, соғлом қўлига суяниб, йигитга яқинлашди. Кутилмаганда уни қучоқлаб, пешонасидан ўпди. Йиғидан тўхтай демади ва гапида давом этди. — Ахир менинг болам мард эди, менинг болам яхши эди. У қора ниятли одамларга ишонадиган бола эмасди. Анави, маҳалла бошидаги мактаб бор-ку, ўша ерда муаллим эди. Ўзинг айт, болам, ўқиган одам иши итга қўшиладими, айт?!
— Иши ит эмас, ИШИД, ота, ИШИД?
— ИШИД эмас, иши ит — қайсарлик қилди отахон. — Итнинг ишини қилади-ку. Ит бўлгани учун ит кунини солишади одамларнинг бошига…
— Ҳа-я, тўғри айтасиз, ота, иши ит…
— Болам, — меҳмонга ялинган кўйи мурожаат қилди Шоқосим ота. — болажоним, Фозилжонимнинг ўзи нега келмади? Қачон келади? Нега гапирмайсан, болам, бирор нарса дегин, жоним садқа бўлсин, гапира қол, фақат болам ҳақида гапир… мен ҳозир, қўни-қўшнилар…
— Ий-й-й… тўхтанг! — ўрнидан туриш учун қимирлаётган отахонни тўхтатиб, жойига ўтиришга ундади меҳмон. — Ҳозирча ҳеч кимга айтмай туринг, ахир ўғлингиз қидирувда-ку. Ўзи келгунигача шошмашошарлик қилиб қўйманг!
— Ҳа-я… дарвоқе…
— Хавотир олманг, ота. Ўғлингиз соппа-соғ, — деди йигит мураббога тўйинган нонни оғзига солиб чайнаркан. — Ўша итлар ўғлингизни битта лагерга олиб бориб, роса қийнашибди. Текинга ишлашдан бўйин товлаганларни роса қийнашаркан.
— Менинг боламни ҳамми?
— Ҳа, уни ҳам.
— Вой, энағарлар-ей… — Шоқосим ота дарров икки кафтини бир қилди. — Ҳа, илоё, болагинамни урган қўллари акашак бўлсин!
— Бўлди ота, акашак бўлди.
— Бўлдими?!
— Бўлди, ота, — бошини қимирлатди йигит. — Унданам баттар бўлди. Шу десангиз, қўлга тушиб, қамалибди ўша итлар. Қаранг, кишан урилган қўллардан акашак қўллар яхши эмасми. У ёқнинг мелисалари яқинда асирларнинг барчасини қўйиб юборишаркан. Ҳозир ҳаммаси Истанбулда. Тез орада ҳужжатларини тахлаб, бу ёққа жўнатишади. Ўғлингиз шуларни сизга айтиб қўйишимни тайинлаб юборди.
— Илоё, эсон-омон қайтиб келишсин ҳаммаси. Шўрлик… оналари, оталари ўтиргандир қон ютиб, йўлларига маҳтал бўлиб. Уларнинг дардини мен биламан, болам, мен ҳис этаман. Ҳамма оталарнинг дардини биламан…
Шоқосим ота йиғлаб-сиқтаб, келаётганларнинг ҳақига узундан-узоқ дуо қилди.
— Ана кўрдингизми, Худойимнинг марҳамати кенг, ана энди ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасиз. Ўғлингиз келсин, қучоғингиз тўлиб кетади… Сизни гап қилиб ўтирган мана шу элга ош қиласиз. Қўчқор сўясиз… Дарвоқе, сизга ёрдам керакмасми, ота? Дабдурустдан ўғлингиз келиб қолса, қийналиб қолмайсизми, ишқилиб?..
— Йўқ, раҳмат, болам. Ҳамма нарсам етарли, йиғиб-териб қўйганим бор.
— Аниқми?
— Аниқ, болам, аниқ. Ана, жавонда, китобларнинг ҳар саҳифалари орасига солиб қўйганман, — Шоқосим ота йигитга томон бироз эгилиб, деярли пичирлади. — Талончиларнинг ақлига келмайди-да, шунинг учун ўша ерга қўйганман. Ҳозир шундайлар кўпайиб қолган. Қаровчиси йўқ қарияларни солиқданман, СЭСданман деб тунаб кетишяпти. Анзиратнинг уйини ҳам солиқчи кийимидагилар ўмариб кетган. Хуллас, болам, чин айтяпман, етиши ҳам гапми, Хива хонининг дастурхонидан ҳам сероб дастурхон очаман элга. Биласанми, ҳовлини ҳам сотгандим, ўтган йили боламни топиб келаман, деб. Ён қўшнимга сотганман. Жудаям диёнатли одам. Бошпанасиз қолманг, болам ҳали кичкина, катта бўлгунгача яшайверинг, баҳонада уйниям қўриқлаб ўтирасиз, деб мени чиқармади. Ҳам уйни сотиб олган, ҳам ўзимни яшайверинг, деб қўйган.
— Бўлди-бўлди, ота, ҳадеб пиқиллайверманг-да энди. Эркак кишига ярашмас экан, — яна йиғиси тутиб қолган Шоқосим отани қучоқлаб, елкасига бошини қўйди йигит. — Мен шунчаки қийналиб қолсангиз, пул бериб кета қолай, деган маънода айтгандим. Мана, ҳаммаси яхши бўлди-ку, энди ўйнанг, кулинг, куйланг… қўшиқ айтвормайсизми, эй…
— Айтаман ҳам. Албатта, айтаман-да, — бирдан дадилланди ота. Сўнг дабдурустдан йигитнинг елкасига қўлини қўйиб, хиргойини бошлади:
Ҳақ ўзи етирган азиз меҳмоним,
Ўғлима ўхшайди овозинг сани…
Тез хабарин бергин чиқмасдан жоним,
Ўғлима ўхшайди овозинг сани…
Меҳмон қарсак чалиб юборди. Отахон тўлқинланиб, беғубор кўзлари жовдиради. Болаларча соддалиги юз-кўзида ўйноқлади. Неча йил деганда бир яйраб кулгани учунми, ясама тишлари липиллаб чиқиб кетди оғзидан.
— Қойилман, ота! Маромига етказиб, ўтказиб ҳам қўйдингиз.
— Раҳмат, болам. Илоё, умрингдан барака топ. Худойим ёрлақасин сени. Олдингда қарздорман. Ҳаётимни, жону жаҳонимни қайтариб берганинг учун…
— Мен эмас, ота, Худойим.
— Илоё умрингдан барака топ, болам!!!
Шу кўйи ота узоқ дуо қилди. Чидаб ўтиролмади. Яна йиғлаб юборди. Сўнг оёқлари рақсга тушаётган эски хонтахтага суянганча хаёлга берилди.
Шоқосим отанинг ўтмиши билан ҳамма таниш, бироқ бугуни ҳеч кимни қизиқтирмайди. Шўр босган ерларни ободонлаштиргани ва одамлар оғирини осонлаштиргани, кимларнингдир уйларини тиклагани, қишлоқ дардини ўз зиммасига юклагани чамаси унут, ҳаммаси унут. Улар учун айни дам ҳақиқат. Хоиннинг отаси!..
Тақдирнинг ўйинларига мот бўлди, туғма қишлоғига ёт бўлди, катталар учун мохов, кичиклар учун мазах, қисқаси, ҳаёти дўзах бўлди.
Ватанфурушнинг отаси…
Ўшанда шўрлик кампири озмунча йиғламади. Шоқосимнинг елкаларидан туртиб-туртиб йиғлади, қаро ерга юзини суртиб-суртиб йиғлади. Шоқосимнинг юрагига ўт солиб йиғлади, осмонлар йиртилгудек дод солиб йиғлади. Аммо Шоқосим ҳеч нарса қилолмади. Қишлоқ ҳам, мелиса ҳам, ҳатто ҳукумат ҳам.
Ўғли қайтмади. Ундан охирги ёдгорлик, мелиса кўрсатган қоғоз бўлди. «Ҳаммаси Худо йўлида, биз ҳали қайтамиз, бир қўлда қурол, иккинчи қўлда Ислом байроғи билан», деган ёзувни ўқийвериб, ўқийвериб сил бўлган кампир, шундоғам юраги хаста эмасмиди, ўтган кузак Яратганнинг олдига кетди. Ўғлининг гуноҳларига афв сўраб…
Шоқосим кампири унақа, яккаю ягона фарзанди бунақа бўлиб, ўзи билан ўзи ёлғиз қолди. Бирдан қариди. Оёқларидан қувват, кўзларидан нур кетди. Уйидан барака, ҳаётидан мазмун кетди. Худога шаккоклик бўлмасин, деб яшаб юрибди, яшаб юргани йўқ, шунчаки кун ўтказяпти.
Шоқосим ота шулар ҳақида ўйлаб, нон кавшаб ўтирган Ғиёсиддинга ўгирилди. Сўнг узилиб қолган хиргойисини жойидан бошлади:
— Ўғлим кетиб султон бошим хор бўлди,
Ўғлимни кўрмакка кўзим зор бўлди.
Йиғламоқдин икки кўзим кўр бўлди,
Ўғлима ўхшайди овозинг сани…
Шоқосим отанинг ашуласида рўй берган воқеаларнинг фожиаси ҳам, ёши бир жойга бориб, соғлиғи ҳам дуруст бўлмаган кишининг бағоятда толиққани ҳам, хуллас, ҳамма-ҳаммаси зоҳир эди.
— Ўғлим борган жойга сен ҳам борибсан,
Ўғлим билан созу суҳбат қурибсан.
Ё ўғлимсан, ё ўғлимни кўрибсан,
Ўғлима ўхшайди овозинг сани,
Болама ўхшайди овозинг сани…
Унинг овозида нимадир акс этарди. Ияклари эса қалтираётганди-ю, бироқ гапирмаётганди. Анчайин чўзилган жимжитликдан сўнг тағин тилланди:
— Ҳаёт шу экан-да, болам. Ҳаёт шу экан. Туғиб, боқиб катта қилар экансан-у, кейин Худойимдан «Боламни қайтар!» дея умринг ўтаркан. Кутавериб қорачиқларим сарғайди. Ҳолимда ҳол, юрагимда сабрдан бўлак ҳеч вақо қолмади. Ҳатто юрагимни очишим мумкин бўлган ёстиқдошим ҳам ташлаб кетди мени… Аммо ҳеч таслим бўлмасдим. Болам жиноятчи эмаслигига ишонардим. Ҳатто анави Робия фолбин айтганида ҳам ишонган эмасман.
Шоқосим ота ўғли кетганидан бери кунлари қай азобда ўтгани ҳақида гапириб берди. Гоҳ бошини қимирлатиб, гоҳ далда бериб, гоҳ кўзига ёш олиб тинглаб ўтирди йигит. Ўшандан сўнг улар соатлаб суҳбатлашишди, сирларини ўртоқлашишди. Шоқосим ота қачон ухлаб қолганини ҳам билмади. Уйғонганида эса…
Йигит уйда йўқ эди…
Дастлаб Шоқосим ота ҳеч нарсани англамади, аммо бироздан сўнг алланималарни тушунгандек бўлди. Жавонлардаги китоблар очиб ташланган, бирорта китобнинг, бирор саҳифасининг орасидан бир сўм пул чиқмади… У шундагина ҳақиқатни тушуниб етди ва юраги оғирлашиб, деворга суянганча, базўр ўтирди полга. Ўзига-ўзи пичирлай бошлади:
— Эҳ, болам-а, ўғри экансан-да. Айтсанг, ўзим берардим-ку нима керак бўлса? Боламни нега қўшдинг?!
Лабларини қимтиб ўтирган Шоқосим ота кейин кафтларини бир қилди:
— Аммо бир зумга бўлсин ҳадя этган умидларинг учун ташаккур, умрингдан барака топ!..
Ваҳоб
РЎЗИМУҲАММАД