ҚИЛ УСТИДАГИ ТАҚДИР.

5 - Бўлим.
Дунё қиморхонасидаги томошалар. 4-қисм.
Лобар ўйланиб қолди. Оқ деб
ўйлаганлари қора, қора деганлари оқ
бўлиб чиққан эди. Балки Гулноза ҳам
ёмон аёл эмасдир?
Шунда Лобар миясига келган
фикрдан энтикиб, шошиб деди:
– Иван Антонович, энагани ўзим
гапга соламан, унга озор
бермасинлар, илтимос.
– Тушунаман, у сизга тириклайин
керак.
– Бир-икки оғиз гаплашмоқчиман,
холос. Сўрайдиган нарсаларим бор.
– Чеченлар ҳақида
сўрамоқчимисиз?
Полковник адашмади: Лобар
ҳозиргина севиниб кетганининг боиси
шу эди, яъни Шомил хусусида
энагадан аниқ маълумот олиш.
Бироқ ёлғон сўзлади:
– Уларни бошимга ураманми?! Мен
энагадан нимани сўрайман? Нега
тузимни еб тузлигимга тупурди? Нега
нонкўрлик қилди? Улар берган пулдан
икки-уч баравар кўп бериш қўлимдан
келарди! Аммо сиз ўйлаётгандек, ўч
олмоқчи ҳам эмасман. Кўзларига тик
боқиб, сўрайман. Виждонини еб,
жиноятчиларга ҳамтовоқ бўлибдими,
бас. Худога соламан.
– Яхши, яхши, – деди полковник. –
Агар мақсадингиз аллақандай диний
ишлар бўлса, сизга шароит яратиб
бераман.
Лобар ичида кулди. Иволгин каби
фақат моддий нарсаларни тан
оладиган кишиларни кўп учратди.
Ҳатто, туркиялик Иброҳим давангир
ҳам шунақа кимса эди. Буларнинг
ичида Худо дейдиганлар ҳам бор.
Бироқ Худодан кўра қоплардаги
пулларга ва қурол-яроғларга
сиғинишини ўзлари яхши
тушунмайдилар. Лобар шу тобда
полковник билан Дубайга учиб
келаётиб, самолётда бўлган суҳбатни
эслади. Иллюминатордан қараган рус
қиморбози: “Лобар, одам еру кўкнинг
фарқига бормайди-я?! – деган эди. –
Юқори ҳам, паст ҳам кўм-кўк. Шундай
баландликда оғирлиги бир неча тонна
келадиган темир қушда учиб
кетаяпмиз. Одам – қудратли куч.
Одам ҳар нимага қодир. Айниқса,
фазони забт этиши кўп нарсани
ойдинлаштирди. Ер қандай пайдо
бўлган, Қуёшнинг умри қанча қолган –
барчаси энди сир эмас. Бу ерда кимга
ўрин йўқ? Худога ўрин йўқ! Энди
самодан ерга тушайлик. Қимор ҳам
шундай: унинг асл сир-асрорлари йўқ,
ҳаммаси инсониятга маълум”.
Лобар аксинча ўйларди. У жиноят
ва қабоҳат ботқоғига ботган сайин,
тушига-да кирмаган ўлкаларни кўрган
сайин Худони тан олиб бормоқда эди.
Муқаддам ҳам у ишонарди. Бироқ
эътиқоди заиф кимсалар учун Худо34
ҳис этилмайдиган, кўринмайдиган,
сезилмайдиган, фақатгина кўнгилнинг
бир чеккасида милтираб турадиган
учқун мисоли бўлади. Албатта, Лобар
учун ҳам. Ножоиз ишларга қайта-
қайта қўл уриб, тушунди: бир
зарранинг қилт этиши ҳам Худонинг
иродасисиз содир бўлмас экан. Секин-
аста илоҳий куч-қудратни ҳис эта
бошлади, моддиятда аломатларни
кўрди. Иволгиннинг фан-техника
кашфиётлари ичида Худога ўрин йўқ,
деган “фалсафа”сига қўшилмади.
Олам яратилди. Албатта, у атом
заррачаларидан яратилди.
Яратилаётиб ўзидан миллионлаб из
қолдирди. Бир кун келиб одамзот
ўша изларни кашф этади. “Мана, дунё
қандай бўлган экан!” – деб айюҳаннос
солади.
“Худо дарахтни ҳам яратди, –
ўйлади Лобар. – Аммо дарахтни кекса
қилиб яратмади-ку! Уруғдан ниҳол
ниш уради, кун сайин ўсиб, ахийри,
азим дарахтга айланади. Дарахт
устида тадқиқот ўтказган олим “ие,
буни Худо яратмаган экан, бу оддий
бир данакдан ўсиб чиқиб, йиллар
давомида ҳозирги ҳолатга келган”,
деса кўпчилик олқишлаб, чапак
чалади. Мен ҳам чапак чалдим.
Бошимга мусибат тушганда, қимор
халос этади, деб ўйлаганим ўшанинг
самараси. Ҳар бир амал, ҳар бир фикр
кўринмас тўрнинг бир тугуни. Бир-
бирига боғланмасдан илож йўқ...”
Телефонни берар экан, диван
четига ўтириб шуларни ўйлади.
“Қимор оламига аллақачонлар
қарғиш теккан-ку, – деди ўз-ўзига, –
нега бу гумроҳлар тушунмайди?!
Ҳозир Саудия Арабистонига жуда
яқин жойдаман. Кетсаммикан?
Маккаданми, Мадинаданми паноҳ
топаман. Умр бўйи тоат-ибодат қилиб
яшайман...”
У бошини чангаллаб оғир хаёлларга
толди, Иволгин йигитлари эса у ёқдан-
бу ёққа юриб, қарта бошланишини
кутарди.
Меҳмонхонада қолган йигит
қўнғироқ қилиб, Дракула ҳамон “дам
олаётганини”, “маҳаллий танишлари”
безовта қилмаётганини маълум
қилди.
– Вақт оз қолди, – деди
Иволгиннинг ўнг қўл ёрдамчиси
Лобарга кўз қирини ташлаб.
Лобар бошини кўтарди, тушунмади.
Шунда ҳам лаблари пичирлади:
– Ҳа, вақт оз қолди.
* * *
Лобар столни биринчи бўлиб банд
этди. Дэвид Гурген эшикдан
кирмасидан унга кўз ташлади, то
стулга ўтиргунича ҳам нигоҳини
узмади. Сўнгра ўз қўлларини илк
марта кўраётгандек томоша қилиб:
– Нима қарорга келдингиз, хоним?
– деб сўради.
– Ўйнаймиз.
– Ўйнаймиз, албатта, ўйнаймиз.
Бироқ мен қўлларимда ҳар кунгидан-
да қудратли кучни ҳис этаяпман.
Сизга қийин бўлармикан, деб ташвиш
чекаяпман.
Лобар фокусчи томон қартани
суриб қўйди.
– Бошланг, жаноб Гурген.
– Мен билан кетасизми? – қайта
сўради йигит.
– Йўқ.35
– Қиморбоз аёл бўлиб
қолмоқчимисиз?
– Йўқ.
– Ким бўлмоқчисиз ўзи? Ҳаёт
индамай ўтиргани қўймайди. Одамни
кимгадир айлантиради.
– Худога ишонасизми?
Дэвид кўзини қисиб қаради.
Афтидан, у қайси вариантини айтсам
жувонга ёқади, деб ўйлаётган эди.
– Ишонаман, – деди у, – кўп нарсага
ишонаман. Мен ишонувчан инсонман.
Айнан сизнинг менга бефарқ
эмаслигингизга ҳам ишонаман.
Аммо Лобар қовоғини очмади. У
бутун ўйин мобайнида аразлаган қиз
каби ўтирди.
Кейинги кунларда у Гургенга
қимордан ташқари бир оғиз
гапирмади. Полковникнинг ғазнаси
тобора адо бўлиб бормоқда эди. Ўғли
топилганда, қиморхоналар билан
видолашиш онлари яқинлашганда,
ҳаёти изга тушиш арафасида ютқазиб
қўйишини кўнгли сезарди. “Қанчалик
кучли қиморбоз бўлмагин, кун келиб
расвоинг чиқиши муқаррар”, – дерди
ички бир овоз. У ёқда, Иволгин
ҳаётида ҳам инқироз даври
бошлангани кечқурунги
қўнғироқларидан билинарди. Шўрлик
полковник барча бойлигини қиморга
тикиб қўйган, қайсидир маънода
мансаби-ю ўз ҳаётини ҳам яшил
столга бахшида этганди. Қиморнинг
сўнгги кунлари у аллақаердан
яширинча сим қоқди. Сўзлашиш
навбати Лобарга келгач, нариги
томондан дўқ-пўписалар эшитилди:
– Сен нима қилаяпсан, аҳмоқ хотин!
Ўғлингнинг ҳаётига зомин
бўлмоқчимисан?! Уч кун ичида тўрт
юз эллик минг доллар ютқаздинг?
Шуни фаҳмлаяпсанми?..
Фаҳмлаяпсанми, эй!.. Ўғлингни ҳам,
сени ҳам бўғиб ўлдираман! Яна бир
цент ютқаз, кўрасан!
– Атайин ютқазганим йўқ. Бор
имкониятларимни ишга солаяпман.
– Бекор айтибсан! Афсунгарона
кучингни ўзинг йўқ қилганингдан
хабарим бор! Ё нотўғрими? Дубайда
кимни учратдинг, кимга жодунгни
олдирдинг? Гапир! Агар аҳмоқ
бўлмасанг, шунақа пайтда жодунгни
йўқоттирасанми?! Ҳаётинг неча цент
туради? Ўша официантка қиёфасидаги
маразнинг ҳаёти-чи? Ютқаз, ҳамманг
ўласан! Бир-рон-та-а-нг соғ қолмайс-а-
н-н!!!
– Ютаман, ҳаммасини ютаман, –
Лобар ихтиёрсиз равишда сўзлай
бошлади, – мен “қора қарта
соҳибасиман”. Умр бўйи ютиб
келганман.
– Сенга бир кун муҳлат! – қичқирди
полковник.
Лобар ғазабдан қизариб-бўзарган,
тепакал боши терлаган каламуш
тумшуқли одамни тасаввур қилди. Кўз
олди жимирлашди.
– Ўғлим билан гаплашмоқчиман, –
деди зўрға.
– Нима? Аввал бунга лойиқ хизмат
қилишинг керак!
– Ҳозиргина гумаштангизга нималар
деганингизни унинг гапларидан
хулоса қилиб олдим, Иван Антонович.
Сиз шубҳа-гумон гирдобига тушиб
қолиб, кузатув остидасиз.
Ҳамкасбларингизга ҳам яқин
йўлолмаяпсиз.36
– Ўчир!
– Ўғлим энди сизнинг қўлингизда
эмас! Шундайми?
– Мабодо лаънати хулосанг ҳақиқат
бўлиб чиққан тақдирда ҳам, сен
сенлигингча қоласан! Тушундингми?!
Яъни барча ютқазганларингни қайтиб
ютиб оласан, Мамаватанинг қопини
ҳам бўшатасан, сўнг ўғлингни кўрасан.
Мен қамаламанми, ўламанми, агар
бизнинг шартларни бажармасанг,
барибир йўқ қилинасан. Мисол учун
ўғлинг кичик бир фалокатга йўлиқади.
Ёки ционид кислота умрига нуқта
қўяди. Сен эса ҳаммомда
чўмилаётиб, электр симининг узилиб,
сувга тушиши оқибатида ток уриб
ўласан. Булар қийин эмас, “Қора
хоним”.
– Ҳа, одамхўрлик сизларга ҳеч нима
эмас.
– Буйруқни бажар. Куч-қудратинг
кесилган бўлса, ҳамюртингни топ-да,
қайтадан жоду қилдир.
– Наҳотки, жодуларга ишонсангиз!
Самолётда айтган гапларингизни тез-
тез эслаяпман. Еру кўк кашф этилди,
қандай пайдо бўлгани илм-фан
томонидан исботланди, энди
Яратганга ўрин йўқ, илоҳий куч-
қудратга ўрин йўқ дегандингиз.
Жодуга ишонишингиз...
– Агар муомалангни шундай давом
эттирсанг, сенга ҳам ўрин йўқ, – деди
полковник.
Ўйлаб кўриб, Иволгиннинг
буйруғидан хурсанд бўлди. Ахир, у
Дилором билан учрашишнинг
иложини тополмай юрганди-да.
Эрталаб Дилоромникига йўл
олишди.
Ижарачи кампир уйғотиб,
алланималар деб вайсади. Лобар
“фаҳш”, “доллар”, “азоб” деган бир
неча сўзларни тушунди, аммо уй
соҳибасининг нимадан норози
эканлигини аниқ билолмади.
– Кеча ресторандаги ишимиз жуда
чўзилиб кетди, тонгга яқин келдим, –
ўзини оқлади Дилором. – Тинчликми,
Лобар опа?
– Дугонамга қўнғироқ қилдингми? –
сўради Лобар ўзбек тилида.
Иволгиннинг йигити сал нарида
қовоқ солиб турарди.
– Ҳа... Эсим қурсин, шуни дарров
айта қолсам бўлмасмиди! Икки кун
тушолмадим. Ахийри, гаплашдим,
сизга салом айтди.
– Мен айтган йигитни топишга
ваъда бердими?
– Унинг ўзи келиб-кетган экан.
– Ўзи келган экан?
– Менимча, шундай деди.
Кимлардандир хат бериб юборган
экансиз-ку, Лобар опа.
– Бўлди, тушунарли. Йигит билан
қачон гаплашсам бўлар экан? – Лобар
илҳақ тикилди. – Айтишдими?
Дилором тақвимга қаради.
– Бугун қайси сана?
– Нега календарга қарадингиз? –
Лобар қошини чимирди. – У... сезиб
қолади.
Айтганидек, Иволгин йигити
пайқади. Уларга яқинлашиб, деди:
– Фақат рус тилида ва ҳеч қандай
найрангсиз!
– Биз жоду қилинадиган кунни
белгилаяпмиз, – бўшашмади Лобар. –
Сиз бунга тушунмайсиз. Бу шомон ёки
ҳиндулар маросими эмас. Уч кун37
давом этади, эркак зоти кўрмаслиги
керак.
– Уч кунга рухсат беролмайман, –
деди йигит.
– Уч сутка эмас. Ҳар куни эрталаб
бир соатдан.
– Шундаям полковникдан ижозат
сўрайман. Бунисига рухсат бергани
учун, майли. Аммо хонани кўздан
кечираман.
Йигит Дилоромнинг ётоқхонасини
нари-бери текширди-да, ҳовлига
чиқиб, сигарет тутатди. Иккови
қолишди. Дилором шоша-пиша
халати чўнтагидан телефон олиб,
Зилоланинг уйидаги телефон
рақамларини тера бошлади.
– Гудок кетди, – деди ниҳоят у.
Лобар телефонни олди, Дилором
эса чилдирмасини чалиб, нола
қилаверди:
– Ҳо, ҳайда-ҳайда-ҳайда,
Тоғдаги тошга ҳайда.
Чиқиб кетсин момоси,
Чиқиб кетсин ҳаммаси...
Бир қулоғини бекитиб, кўрпа ичига
кириб олган Лобар дугонаси гўшакни
кўтаришини интизорлик-ла кутарди.
“Уйида йўқ бўлса нима қиламан?! –
ўйлади у. – Уч кун ҳам айнан шу
вақтда уйида бўлмаса бошимни қайси
тошга ураман? Эй Тангрим, ишқилиб
энди омадимни бер!”
Бироқ уринишлар зое кетди.
Орадан қирқ-эллик дақиқалар ўтгач,
йигит эшик қоқди.
– Нега жимиб қолдинглар? Вақт
бўлди! – деди у.
Лобар қиморхонага ҳорғин
кайфиятда қадам босди. Қартани
ушлаш у ёқда турсин, стулга ўтиришга
хоҳиш йўқ эди.
– Нега туриб қолдингиз? – Дэвид
Гурген қўл узатди. – Марҳамат, хоним.
Истасангиз, бошқа стул буюраман.
Лобар унинг қўлини итарди, стулга
омонат илинди. Сўнг фокусчига
қарамай сўзлади:
– Ўйинингизнинг сири нимада,
Дэвид?
– Сизнинг гўзаллилигингизда.
– Эҳтимол, бир неча марта эрга
теккандирман? Нега гўзаллигим
қизиқтириб қолди?
– “Эҳтимол” эмас, “ҳақиқатан ҳам”.
Бироқ гўзаллик ҳақида гап кетганда,
нима сабабдан турмушга
чиққанингизни гапираяпсиз?
Лобар аччиқ кулимсиради ва
фокусчига ер остидан қаради (шу
нигоҳи уни янада малоҳатли, оҳу кўз
қилиб кўрсатиб, Дэвиднинг ранги
оқариб кетди).
– Бўйдоқ йигитнинг жувонга
хушомадидан мақсади менга қоронғи,
– деди Лобар.
– Сизни бир кўришдан севиб
қолганман. Ишонинг! Шу важдан неча
кунлар кўзингизга тик қараёлмадим,
неча кунлар ютолмадим. Бироқ
васлингизга фақат ғалаба билан
эришишимни англаб, бор
маҳоратимни ишга солаяпман.
Лобархон, бу сўнгги илтимосим.
Ўтинаман, таслим бўлинг. Мен билан
Чехияга кетинг. Йўқса (сизни
қўрқитмоқчи эмасман) оғир аҳволга
тушиб қоласиз. Ҳеч ким, ҳеч нима
қутқаролмайди. Кейин... Иккимизга
ҳам кеч бўлади.38
Бундай вазиятда баъзиларда
туғилажак фикр Лобарни-да безовта
қилди: “Менга эришмоқчимисан,
марҳамат, қиморни бой бер, шунда
сен билан кетаман!”
Бироқ рўпарасидаги йигит дунё
султони бўлиб чиқса ҳам,
кетолмаслигини ҳис этди. Турмушга
чиқиш, бой-бадавлат яшаш орзуйи
эмаслигига ақли етди.
– Мен ютаман, – пичирлади Лобар,
– албатта, ютаман.
“Қора қарта рақси”нинг ҳали
синалмаган усулларини ишга солган
қиморбоз аёл дастлабки соатларда
фокусчини танг вазиятга тушириб,
тўқсон минг доллар ютди. Ярим тунга
бориб, кучли толиқиш бутун вужудини
исканжага олди. Ютаётган қиморбоз,
одатда, бундай ҳисни туймаслиги
керак эди. Ниҳоят, Лобар ўрнидан
турди, икки-уч қадам гандираклаб
борди-да, гиламга қулади.
– Бас, бошқа чидаёлмайман... –
деди у.
Ўйин вақтинча тўхтатилди.
Эрталаб Муҳаммад Ваҳбонинг
одамлари ҳаммани уйғотди.
Ҳабашнинг ўлими юзасидан олиб
борилаётган тергов ишлари анча
чуқурлашиб, қиморхона фаолияти
хавф остида қолгани маълум этилди.
– Яна битта қиморхона бор, – деди
етиб келган араб қиморбози. – Агар
вазият ўнгланмаса, мамлакатдан
чиқиб кетамиз. Мен Саудияга
кетишни режага киритиб қўйганман.
Руслар уф тортишиб, бош чайқашди.
– Тез кунда биз ишни якунлаймиз, –
деди Иволгин йигити. – Икки-уч
кунлик жой топиш қийин эмасдир?
– Жой топилади, – хўмрайди
Муҳаммад Ваҳбо, – аммо биз
Саудияга чиқиб кетишга улгуролмай
қолишимиз эҳтимолдан ҳоли эмас.
Ўтган ҳар бир соатда Дракуланинг
мурдаси бир миллиметр шишиб
бораётганини ҳам унутмайлик.
Пуллар машиналарга ортилди.
Лобар соатга ишора қилди.
– Биз бахшиникига кириб ўтишимиз
лозим, – деди у.
Дилором интизорлик билан кутиб
ўтирган экан. Эшикни ёпган заҳоти
суюнчи олди:
– Уч марта телефон қилишди.
Айтган одамингиз пойлаб ўтирибди.
Тезроқ ишласа-чи, бу телефон ўлгир!..
Ишла!.. Ишла...
Телефон чўзиб-чўзиб ду-дулай
бошлади, кейин қитирлаган,
ғириллаган овоз эшитилди. Ва бирдан
ғинғиллаш аро ўктам бир овоз
янгради:
– Алло, эшитаман.
Лобар Қувонни таниди. Ич-ичидан
отилиб келган ҳаяжонни зўрға босиб:
– Бу менман... – деди.
– Лобар! Сизмисиз?! Лобар...
Лобар!..
– Ҳа, менман... Қувон, гапимга
яхшилаб қулоқ солинг! Ўғлим
Москвада. Менга Шомил ака керак!
Сиз Туркияда кўрган одам бир вақтлар
мен Москвада учратган одамми,
йўқми, шуни аниқлашингиз керак.
Гапларимга тушунмадингиз-а, Қувон?
– Бошқа вақт бўлганда
тушунмасдим, лекин мен Шомил39
акани яқинда кўрганим учун,
гаплашганим учун сизни
тушунаяпман. Ўғлингиз ростдан
милициянинг қўлида эканидан ҳам
хабарим бор. Лобар, гапимни диққат
билан эшитинг. Ахтарган одамингиз
ҳозир Дубайга етиб борган бўлиши
керак. Унинг мақсади нима
эканлигини аниқ билмайману, аммо
сизнинг ҳаётингиз хавф остида. Ўйин
тугади, Лобар. Сиз кўп нарсани кўриб
қўйдингиз, энди сизни йўқотишлари
мумкин экан.
– Биламан, бу кўчадан омон чиқиб
кетолмайман. Лекин ўлимимдан
аввал буларнинг ҳам уруғини
қуритаман. Менинг ҳам тайёрлаб
қўйган “сюрприз”им бор. Қувон,
ўғлимнинг тақдирини сизга ишониб
топширсам, бу дунёда армоним
қолмайди. Шундагина сўнгги ишимни
ишонч билан адо этаман. Бўлди,
Қувон... Аслида бошқа нарсани
сўрамоқчи эдим... Майли... Алвидо!..
– Лобар!.. Лобар!.. – қичқирди
Қувон. – Тўхтанг, телефонни қўйманг!
Нега, ахир, менинг ҳолимни
сўрамаяпсиз?! Мен сиздан ҳам баттар
бахтиқаро бўлдим! Эшитаяпсизми?
Лобар!.. Нега жимсиз?!
Лобар видо сўзини айтиб,
муштипар она ҳайкалидай мунғайиб
қолган эди. Ногоҳ йигитнинг жазавага
тушиб қичқириши сирғалиб кетаёзган
телефонни маҳкам ушлашга мажбур
қилди.
– Нима бўлди? Нималар деяпсиз? –
сўради шошилиб.
– Хотиним ўлди, – зудлик билан
жавоб берди Қувон.
– Нега?! – Лобар қулоқларига
ишонмади. Айни дамда келинчакнинг
ўлимида ўзининг ҳам қўли бордек
томоғига аччиқ нарса тиқилди,
нафрати келди. – Ёшгина келинчаг-а?!
– деб қайта сўради.
– Ҳа. У ҳаммомдан тирик чиқмади.
– Ток урдими?
– Йўқ, бўғилиб ўлган, Лобар. Мен
бунинг бахтсиз ҳодиса эканига
ишонмайман. Уни кимдир ўлдирган.
Шунинг учун Шомилни ахтаргандим. У
билади, деб ўйладим, ҳаётимнинг
орқа томонида нималар
кечаётганини! Лобар, мен ҳам кўп
ишлар қилиб қўйдим, лекин нега
мени эмас, бир бегуноҳни
ўлдиришди? Қотиллар кимлигини
эшитсангиз...
– Хўш...
– Буни телефонда айтолмайман,
Лобар. Шундоқ ҳам ҳозир расвом
чиқаяпти. Дийдор кўришсак, дейман.
Ўтинаман, қиморбозларга қарши
ҳозир курашманг. Сиз ҳам бекорга
қурбон бўлманг!.. Тирик кўришни
истайман!.. Сизсиз мен ҳам
сиғмайман бу дунёга!.. Лобар, ҳали
иккимиз қиладиган ишлар бор...
Ваъда берасизми?.. Ўзингизни
асрашга ваъда берасизми?
– Қувон, агар кўришмасак, ўғлимни
ахтариб топинг!
– Лобар!..
Алоқа узилди.
– Сиз... сиз нима қилмоқчисиз? –
хавотир ила сўради Дилором.
Лобар унинг қўлидан тутиб,
телефонни кафтига авайлаб қўйди,
Дилоромнинг кўзларига куюнчаклик
билан тикилди.40
– Сизни ҳеч қачон унутмайман, –
деди у бахши қизга. – Ҳеч ким
қилмаган яхшиликни адо этдингиз,
бир эмас, иккита.
– Лобар опа, одамни қўрқитманг,
нега видолашдингиз?
– Шундай бўлиши керак, Дилором.
Балки мен ҳақимда кейинроқ
батафсил эшитарсиз. Миш-
мишлардан ёки кимдир китоб қилиб
ёзар... Манавини олинг, – Лобар
қимор столидан оз-оздан йиғиб
қўйган ўттиз икки минг долларни
узатди. – Дубайни тезда тарк этинг!
Чет элларда аёл боши билан
ресторанма-ресторан юриб, бахт
топган инсон йўқ! Ҳеч қачон бўлмайди
ҳам! Бойлик топиши, эр топиши,
қўналға топиши мумкин, аммо бахтни
эмас. Чунки бахт ватан билан боғлиқ
тушунча, Дилором... Сизни синглим
дейман... Сингилжоним дейман... Бу
ерлардан кетинг. Берган пулим ўттиз
икки минг. Илтимос, Қувонга беш-
олти мингини берсангиз. Москвага
бориб, ўғлимни олиб келиши керак.
– Уйга кетишга пул жамғариб
қўйганман, – деди Дилором пулни
олмаслик илинжида. Аниқроғи,
олишга чўчиди.
– Йўқ, буларни сизга бердим. Бугун-
эрта, балки бир соатдан кейин
ўлишим мумкин. Мен жиноий тўдалар
ўртасида ўтказиладиган “халқаро
қимор” деб аталадиган ўйинга
аралашиб қолганман. Бунақа ўйин
борлигини кўпчилик билмайди, сиз
ҳам эшитмаган кўринасиз. Турли қора
гуруҳлар бир-бири билан куч
синашиш учун қимор столини
танлашади. Улар бошқа йўлни,
масалан, гладиаторлар жангини,
отишмаларни танласа, узоққа
бормасликларини ҳам жуда яхши
тушунадилар. Жиноий тўда бошлиғи
қимор стулига истаган одамини
ўтқазиши мумкин. Ўша одам мен
бўлиб келдим. Россияда, Туркияда,
мана, Амирликда ўйнадим. Бир
тўдадан иккинчи тўдага ўтдим. Бир
қанча халқаро жиноятчиларнинг
юқори мансабдор шахслар билан
алоқаси борлигига гувоҳ бўлдим.
Эҳтимол, кучли қартабоз сифатида
менга раҳмлари келар, аммо гувоҳ
сифатида аямайдилар. Умрим хазон
бўлгани учун мен ҳам қўлдан келгунча
уларга шафқат қилмайман...
– Ҳозир анави қўриқчингизни
алдаб, сизни кўчага чиқариб юборсам,
Россияга учиб кетолмайсизми? – деди
Дилором.
Лобар бош чайқади.
– Паспортим йўқ, – деб уф тортди. –
Нафақат ҳужжатларим, аэропортга
кириш-чиқишим ҳам уларнинг
назоратида. Аэропортга боришим
ажалга боришимдир, Дилором! Улар
битта қўнғироқ билан тақдиримни ҳал
қиладилар. Ўтган вақт мобайнида мен
ҳам жиноятчига айланиб бўлдим.
Ҳозир ҳам сохта исм-фамилия билан
юрибман.
– Яшириниб яшасангиз-чи?
– То тирик эканман, менинг касрим
боламга ураверади. Эҳ, Дилором,
энди яшириниб қаергаям бораман?!
Улар бир огоҳлантиради, икки
огоҳлантиради, сўнг ўғлимни
ўлдиришади. Менинг олти яшар
ўғлим бор. Сизнинг тушингизга кирган
бола.41
– Лобар опа...
– Бўлди, Дилором. Айтадиган
бошқа гапим йўқ. Илтимос, бу ердан
тезроқ кетинг.
Дилором эшиккача борди, лекин
остона ҳатлашга мадор тополмай,
эшик кесакисига суяниб қолди. У ўзига
ҳам ўлим таҳдид солаётганидан
қўрқдими, тўсатдан ўттиз икки минг
доллар тушганидан ҳушини
йўқотдими, Лобар билолмади.
Келгусида Дилоромнинг яна ёрдами
тегишидан умид қилиб, араб
кампирнинг уйини тарк этаркан,
қулоғига “Оллоҳ-Оллоҳ” деган хитоб
эшитилди.
Янги қиморхона тор эди. Сигарет
тутуни сузиб юрган йўлакдан чапга
бурилган Лобар оддий стол-стул
қўйилган каталакдек хонани кўрди.
Муҳаммад Ваҳбонинг ғазначиси
билан бурчакда ўтирган Дэвид
юзталик долларни кўздан йўқотиш ва
кутилмаган жойда пайдо қилиш
сирини ўргатмоқда эди. Албатта,
фокусчи шунчаки вақт ўтказаётганди.
Лобарга кўзи тушган заҳоти:
– Салому алейкум, – деб қўлини
кўксига қўйди. – Кошонамизга
марҳамат, хоним.
Бу ерда улар пичирлашиб ҳам
гаплашолмас эдилар. Шу важдан
Лобар ўзи билмаган ҳолда
ғазначиларга ишора қилиб, оҳиста
бош чайқади.
– Бугун сўнгги ўйин, – деди Дэвид
Гурген. – Майли, улар сиримиздан
воқиф бўла қолсинлар. Бу сир на
хўжайинлар фаолиятига, на қиморга
алоқадор. Шундай экан, яширишнинг
ҳожати йўқ... Эй, ҳамма эшитсин! Мен
Лобарни севаман! У менинг
даражамдаги ягона аёл! Дунё бўйича
ягона аёл!
Эшикда Муҳаммад Ваҳбо кўринди.
Бошдан-оёқ миллий либосда у
бурунгидан-да салобатли қиёфа касб
этганди. Кириб келиши билан хона
тўлиб қолди.
– Муҳаббатингиз, – деди у Гургенга
рус тилида, – бизга сир эмас. Бироқ
мана шу аёл каби биз ҳам
ишонмаймиз.
– Бунинг учун сизга раҳмат дейман,
холос, – фокусчи шляпаси қиррасини
ушлаб бошини сезилар-сезилмас
қимирлатди. Сўнг қартага қўл чўзган
эди, Муҳаммад Ваҳбо қўлидан тутди.
– Бир неча соатдан кейин самолёт
тайёр бўлади, – деди у. – Саудияга
учиб кетаман.
– Жуда яхши, – жилмайди Дэвид.
– Ихтиёрингиздаги бир неча соатда
қаршингиздаги аёлни бир центсиз
қолдирасиз. Бу, ҳақиқатан охирги
ўйин бўлишини хоҳлайман. Ваъда
берганим ўша икки юзтанинг қолган
ярмини ҳам шу бугун, айнан Дубайда
ҳисоб рақамингизга ўтказаман.
Келишдикми?
Дэвид негадир Лобарга қаради.
“Қора хоним” хаёлчан ҳолда
ўтирарди.
– Тақдирингиз ҳал бўлаяпти, – деди
фокусчи аччиқ кулимсираб.
– Кимнинг? – Лобар ҳам худди
шундай кулимсиради.
– Сизнинг, албатта.
– Менинг? Аммо бу ерда мен
тақдирига ҳукм ўқилаётган аёлни
эмас, ночор ва нотавон эркакни,42
аниқроғи “эркаклар”ни кўраяпман, –
деди Лобар.
Дэвидга разм солиб, қуролсиз
эканини пайқади. Муҳаммад Ваҳбода
ҳам тўппонча йўқ эди.
Нигоҳи қўриқчида тўхтади. У
томонга бир қадам ташлади.
Хаёлидан шундай ўй ўтди: “оғушига
кираман, ўпаман ва тўппончасини
суғуриб оламан-да, бир бошидан
отаман, отавераман...”
У яна бир қадам ташлаган эди,
Муҳаммад Ваҳбо стол устидаги
қартага имо қилди:
– Қани, ўзини эркаклардан устун
қўйган хонимнинг кучини охирги
марта кўрайлик-чи! Лас-Вегасда
Катрина исмли бир шаллақи чув
туширганида, онт ичгандим: аёлдан
чиққан қартабоз борки, таг-томири
билан суғуриб, жаҳаннамга
итқитаман, деб. Бошланглар! Вақт
кетаяпти.
Лобарни номаълум куч яна қимор
стулига чўктирди. У ҳардамхаёллик
билан қарталарга қараркан,
қисматидан очилган фолни эслади:
“Атрофи сув билан ўралган тошлоқ
маконда отиб ўлдириласиз!”
Ҳозиргина умридаги сўнгги
жиноятга қўл урмоқчи эди. Урмади.
Гўё янада ваҳшиёна хунрезликни
кутаётган қонхўр каби пайт пойлаяпти.
Биладики, ўтирган жойи башоратда
айтилган макон эмас. Лобар ўзини
ҳам отмоқчи. Демак, отишма бу ерда
бўлмайди. Қисмат театри кейинги
саҳнани кутади.
Ўйин бошланди. Лобар Дэвид
Гургеннинг қарта чийлашу дастлабки
қарталарни ўйинга киритиш
усулларини сал кам бир ой
мобайнида баҳоли қудрат ўрганди.
Фокусчи-қиморбознинг севган усули
шу эди: у стол устига қарталардан
бирини очиб ташларди, то Лобар унга
қарши қартасини ташлагунча,
рақибнинг очиқ қартаси ўзгариб
қоларди. “Ҳозиргина бошқа эди-ку, бу
нима ғирромлик”, деб даъво қилса,
Дэвид дарҳол икки томондан
гувоҳларни чорлаб, уларга сўз
берарди. Ҳақиқатан ҳам гувоҳлар
Дэвид столдаги қартани
алмаштирмаганини айтишарди. Лобар
ўзига шундай туюлганини тан олиб,
ҳаммаси нозик қўл ҳаракати-ю
иллюзия маҳсули эканини тушунди.
Мана, бу сафар ҳам Дэвид шундай
қилди. Лобар атайин энг кучсиз
қартасини ташлади. Албатта, у
Дэвиднинг қартасига мос келмас эди.
– Бу нима қилганингиз? – деди
фокусчи.
– Узр, буни ташламоқчи эмасдим, –
кулди Лобар ва столдаги қартадан кўз
узмай, кучлироқ қартасини ўйинга
киритди.
У энди билди: душман
қарталаридан кўз узмаслик керак
экан. Ҳатто, ўзининг қарталарига
қараш учун ярим сония ҳам
чалғимаслиги даркор.
Навбатдаги ўйинда Лобар ўз
қарталарини ёддан биладиган
даражада тахлади-да, столдан
нигоҳини олмай ўйнай бошлади.
Қайси қарта зарур бўлса, бармоқлари
ахтариб топарди, аммо зинҳор
столдан чалғимасди. Кетма-кет уч
марта ютди (ютуқ икки юз ўн саккиз
минг долларни ташкил қилди).43
– Ёмон эмас, – киноямуз олқишлади
Дэвид.
Гоҳ аёл, гоҳ эркак ютаётган ўйин
сигарет тутунига қоришган хонада
икки соат давом этди. Ниҳоят,
Муҳаммад Ваҳбонинг сабр косаси
тўлди.
– Дэвид, – деди у, – сизга яна бир
соат муҳлат. Ютинг! Жони узилай-
узилай деб турган парранданинг
бошини шартта узинг-қўйинг! Акс
ҳолда... – араб қиморбози соатига
қаради. – ...Акс ҳолда мен учун
йўқсиз!.. Оҳ, самолёт вақти бўлиб
қолди!
Шу пайт Иволгиннинг йигити кириб
келди.
– Полковник Қримдаги кошонасини
ҳам қиморга тикди, – деди у. – Бу
ҳақда ҳозиргина телефонда
гаплашдик. Уй нархи олти юз минг
доллар.
– У яланғоч қолишни истаяптими?!
– Муҳаммад Ваҳбо бақириб берди. –
Мен барибир ғолиб бўламан! Аёлга
ишонган полковникларнинг шўри бор!
– Ўйинни Саудияда давом эттирсак,
деяпти.
– Нима?! Полковник шундай
дедими?
– Ҳа. У араб мамлакатларига хизмат
сафари билан кўп келгани учун гуруҳ
маслаҳатчиси этиб тайинланибди.
– Қанақа гуруҳ ҳақида гапираяпсан?
– Хабарингиз бўлса керак, собиқ
Иттифоқ даврида террорчилар совет
самолётини Саудияга олиб қочишган
эди. Ар-Риёд аэропортида улар араб
спецнази томонидан йўқ қилинганди.
Ўша иш юзасидан бугунги кунга келиб
қандайдир муаммолар чиқиб
қолибди. Телефонда буни айтолмади.
Афтидан, иш жиддий эмас. Россиядан
келаётган гуруҳ архив
материалларини кўришади, холос.
Пайтдан фойдаланиб, ҳал қилувчи
ўйинда Иван Антоновичнинг ўзи
бошимизда турмоқчи.
Муҳаммад Ваҳбо яна соатига кўз
ташлади ва деди:
– Ҳамма нарса йиғиштирилсин!
Бизни Саудия Арабистони кутмоқда!
* * *
Икки моторли кичикроқ самолётни
кўрган Лобар Муҳаммад Ваҳбодан
сўради:
– Шахсийми?
– Шахсий, – деди араб қиморбози
кибр билан.
Учувчилардан бири Лобарга зимдан
тикилгандек туюлди. “Балки шунчаки
қизиқсиниб қарагандир”, деб ўйласа-
да, кўнгли хижил тортди. Албатта,
шахсий самолётлар парвози ҳам
Бирлашган Араб Амирликлари
қонунлари доирасида амалга
оширилади ва бу нарса русларнинг
қуролсизланишига олиб келди. Бироқ
Лобарнинг имони комил эдики,
Муҳаммад Ваҳбо самолётида, ҳеч
бўлмаганда, иккита тўппонча бор.
У ўнг томондаги иккинчи
иллюминатор ёнига ўтирди. Самолёт
моторлари гуриллаб учиш йўлаги
томон юрди, ўнгга қайрилди. Сўнг
шиддат билан олға интилди. Бир
зумдан кейин аэропорт ҳудудидан
ташқаридаги тўртбурчак оқиш
бинолар ҳам кўринди. Лобар улар
қандай иморатлар эканлигини
ўйламади. Хаёлидан “бу самолёт энди
ерга қайтиб қўнмайди”, деган ўй ўтди.44
Муҳаммад Ваҳбо одамларига
алланимани уқтира бошлади. Лобар
ҳар бир эркакни синчи мисоли кўздан
кечирар, кимда қурол борлигини
тезроқ аниқлашга уринар эди.
Анча учганларидан сўнг самолёт
титрай бошлади. Шунда Муҳаммад
Ваҳбо қўлларини кенг ёзиб:
– Ё Оллоҳ! – деб муножоот қилди. –
Биз бандаларингни ўз паноҳингда
асра! Манзилимизга эсон-омон етказ!
Лобар уни аввалгидан-да ёмон
кўрди. Нафрат билан боққан эди, араб
қиморбози ўзини тутолмай қаҳ-қаҳ
уриб кулиб юборди.
– Биз бир қиморбоз бўлсак, – деди
у ёқимсиз товушда шанғиллаб, –
Парвардигори олам паноҳида асраб
нима қилади. Оёғим остида ватаним
ястаниб ётибди. Муқаддас диёр! Ҳа,
мен учун муқаддас! Аммо унинг
саҳросидаги оддий калтакесакчалик
қадр-қимматга эга эмасман. Мен
қиморбозман! Қи-мор-бо-о-з-з!
Англаяпсанларми, қандай ҳақиқатни
айтмоқчиман...
Шунда учувчилар кабинасидан бир
одам чиқиб келди. Муҳаммад Ваҳбо
қўзғалган ҳам эдики, тўппонча оғзи
айнан унга қаратилди.
– Қимирлама! – деди нотаниш
киши.
Лобар овозни таниб, ўрнидан туриб
кетаёзди. У Шомил эди. Бор-йўқлиги
афсонага айланган ярми оқ, ярми
қора чечен.
– Сен ҳам! – деди Шомил Лобарга
ўқрайиб.
Сўнгра у бош кийими ва юзидаги
гримларни олиб ташлаб, кўзи қонга
тўлган ҳолда самолётдагиларга бир-
бир қараб чиқди.
– Масхарабозлик ўз ниҳоясига етди,
– деди у ғазаб билан. – Мамавата
деганлари сен-а? Қара-я, ҳаммангни
битта самолётга тўплагунча тақдир
чархпалаги ҳам роса айланди. Хўш,
ким биринчи бўлиб ва осон ўлишни
истайди?
Иволгин йигити саросима ичра:
– Шомил, биз келишганмиз-ку, –
деди. – Мен худди айтганингдек
қилдим.
Лобар забонсиз ҳолда чечен
киллеридан кўз узмай ўтирарди. Гўё
Шомил тилсими илон каби ўзига
сеҳрлаб олгану то ажал етгунча ундан
узоқлашолмайди.
Бу одам бахтимни поймол
қилганларнинг энг каттаси, – ўйлади
Лобар. – Жиноятчилардан халос этиб,
бошимни туганмас ғавғоларга солди.
Мана, энди ўламан!.. Шуми олижаноб
халоскор?..”
Тўсатдан учувчилар хонасидан ўқ
узилди. Шомил иҳраб, ўзини четга
олди-ю дам учувчилар томон, дам
самолёт салонидагиларга ота
бошлади.
Ўриндиқлар ортида ҳам кимдир
қуролини ишга солди...
Лобар қон ҳалқобига бош қўйиб
ётган ҳолда кўзини очди. Учувчилар
кабинасидан Шомилнинг овози
эшитилди:
– Лобар... Қўнаяпмиз... Саҳрога...
Сўнгги кучини тўплаган Лобар оёққа
турмоқчи бўлди. Бироқ самолёт бир
томонга оғиб, уни иллюминаторга
қапиштириб қўйди. Кўзини бир лаҳза
очди: сарғиш ер, феруза осмон...45
Мотор гуриллаши тиниб, қулоғига
болакай кулгиси чалинди. Бу кулги
бутун оламни тутиб кетди...
Лобар оғзига қум тўлганини элас-
элас эслади. Сўнг барчасини зулмат ва
сукунат ўз бағрига олди.
Давоми бор.
#ҚилУстидагиТақдир

ҚИЛ УСТИДАГИ ТАҚДИР. - 885259227894

Комментарии