Қир устидаги аёл.

10 - қисм.
– Мен сизни кўп кута олмайман.
– Тушундим.
“Эҳ, Шоҳиста!.. Шайтоннинг урғочиси! Шошмай тур, бошингга бир ўйинлар солайки, бу
савдолар қаердан келганини билолмай тентак бўлиб юргин!”
Бир пасдан сўнг яна Ҳамдамга қўнғироқ қилди.
– Ҳа, тинчликми? – афтидан Ҳамдам танбеҳ эшитишдан қўрқиб, холи жойга чиқиб,
телефонни кўтарган.
– Менга қаранг, сиздан илтимос, шу Шоҳистадан биттагина қасдимни олиб беринг.
– Қандай қилиб?
– Эрига елимдай ёпишқоқ бир ўйнаш топиб беринг. У шундай шаллақи бўлсинки, керак
бўлса, келиб Шоҳистанинг сочини юлсин.
Ҳамдам “хо-хо”лаб кулиб юборди.
– Ўҳ, сиз хотинлар! Сизлар чатоқ.
– Шундай номзод борми?
– Топамиз.
– Тезроқ топинг.
– Хўп, – Ҳамдам кула-кула телефонни ўчирди.
Нозима ҳам хаёлига келган фикрдан кўнгли ёришди: “Ҳали менинг совунимга кир
ювмабсан!”
У суд бўладиган кунни ҳаяжон билан кутди. Қайнонаси билан эри ҳеч қачон унинг
хиёнатини элга ошкор қилмаслигига ишонса ҳам, барибир қўрқди. Чунки уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, болаларни ўзларида олиб қолишга шундан бошқа асос йўқ
эди. “Туҳмат қилишяпти, деб туриб оламан. Ишқилиб, телефондаги ёзувларни олиб
келишмасин-да. Йўғ-е, бунчалик пасткашликка боришмас”.
Улар суд раисининг қабулхонасида учрашишди. Нозима энди келиб ўтирган эди,
қабулхонанинг эшиги очилиб, аввал қайнотаси, сўнг қўлтиқтаёққа осилиб олган
онасининг тирсагидан ушлаган эри кириб келди. Нозима беихтиёр ўрнидан туриб,
салом берди. Аммо унинг саломига ҳеч ким алик олмади. Эри отаси билан онасини
жойлаштиргандан сўнг, “Мен йўлакда бўламан, керак бўлсам чақиртирарсизлар”, деб
ташқарига чиқиб кетди. Эрининг ранг-рўйи бир аҳволда бўлса-да, оппоқ кўйлак,
кулранг шим, тумшуғи узун чиройли туфли кийган, барваста қадди-қоматига
кийимлари жуда ярашиб турарди. Беихтиёр унинг ортидан тикилиб қолгани эсига
тушиб, хижолат тортди, котибага бир қараб қўйиб, юзини ҳар хил хонаки гуллар териб
қўйилган дераза томон бурди.
Суд Нозима ўйлагандай, катта суд залида, қора костюмли салобатли раис,
маслаҳатчилар иштирокида бўлмади. Уларни тўғридан-тўғри раиснинг хонасига
таклиф қилишди. Бу хонада раис ва улар билан бирга кирган ғум-ғумалак қориндор
йигитдан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Раис Нозиманинг аризасини ўқиб эшиттиргач, бирин-
кетин сўз берди. Сардор ўрнидан турганда Нозиманинг бутун аъзойи бадани музлаб
кетди. Беихтиёр ерга қаради. Шу чоғ бир ўтли хўрсиниқ ич-ичидан ёндириб ўтганини
ҳис қилди: “Хато қилдим, эрим ёмон йигит эмас эди”.
Ҳа, Сардор ёмон йигит эмас эди. У Нозимани умуман ёмонламади, ажрашишга рози
эканлигини, лекин хотинининг уйида етарли шароит йўқлиги сабабли болаларни
ўзлари ўрганган уйда, бобо билан момо тарбиясида қолдиришни илтимос қилди.
– Уларнинг уйида икки келин икки боласи билан, синглиси, ота-онаси туришади. Булар
ҳам бориб қўшилса, бир уйда ўн бир-ўн икки киши бўлиб кетишади. Оналари ишга
кетса, болалар тиқилинч, бегона шароитда, ўзлари ўрганган, меҳр қўйган яқинларини
соғиниб қийналиб қолишади. Бизнинг уйимизда бобо билан момодан бошқа ҳеч ким
йўқ. Бобо болаларни ўзи боғчага олиб бориб, ўзи олиб келади. Уйда бир жияним
туради. У ош-овқат, кир-чир билан шуғулланади. Момолари болаларнинг тарбияси
билан шуғулланади. Илтимос, болалар ўз уйларида қолсин. Онаси билан бирон учрашув кунини белгиласангиз, кўришиб туришларига сира қаршилигимиз йўқ.
– Катта неварам тўрт йилдан бери мен билан ётади, – бир амаллаб ўрнидан турган
момо кўзига ёш олди, овозлари қалтираб, зўрға гапирарди. – Болагинам бир кун ҳам
менсиз ёта олмайди. Мен ҳам усиз яшай олмайман.
Бобо ҳеч нарса демади.
Лекин суд… “иккала томонни ҳам эшитиб”, қонуннинг “фалон-фалон” моддаларига
асосланиб, “қарор қилди”: “Даъвогарнинг даъвоси қондирилсин”.
Нозима учун шу дақиқада судьянинг хонасидан бехавотирроқ жой йўқ эди. Ҳовлига
чиқса, маломат тошлари тагида қолиб кетишидан қўрқиб, ўтирган жойида қимирламай
ўтираверди.
Сардор бир оғиз ҳам гапирмади. Лекин қайнонаси чиқиб кетаётиб, унинг рўпарасида
тўхтади:
– Эй, менга қара, сенга шу болалар умуман керак эмас-ку. Ўзингдан ортиб, шуларга
қараёлмаслигингни ҳам яхши биласан. Бизни қийнаш учун болаларни қийнашнинг
нима кераги бор? Ахир сен уларнинг туққан онасисан-ку. Наҳотки шуларга раҳминг
келмайди.
Нозима индамади.
Сардор гапира-гапира йиғлаб юборган онасининг билагидан ушлаб, хонадан олиб
чиқиб кетди.
Анчадан сўнг котиба кириб, уни ўз хонасига таклиф қилди.
– Янги иш кўрилиши керак эди, опа.
Нозима шундагина хона тўрида қаққайиб турган суд раисини кўрди.
– Кечирасиз, бугун оғир кун бўлди.
– Ҳечқиси йўқ, – деди раис, – Гулбаҳор, опангга чой-пой қилиб бер. Сиз
хавотирланманг, болаларни ижрочилар олиб келиб беришади.
Болалар орадан бир кун ўтгач, изиллаб йиғлаб келишди.
– Мен бу ерда турмайман, – бағрига тортаётган онасининг қўлларини итариб ташлади
Санжар. – Мен ўзимизнинг уйимизда яшайман. Мен бу ерни ёмон кўраман.
– Вой, болам, ундай дема. Мен сени соғиниб кетдим. Сен мени соғинмадингми?
– Соғинган бўлсангиз, ўзимизнинг уйимизга юринг. У ерда момом билан бобом йиғлаб
қолди, – Санжар ўзи ҳам йиғлаб юборди. – Мен сизни ёмон кўраман. Мен бу ерда
турмайман!
– Ўғлим, сен йиғлама. Эрта-индин бизнинг ўз уйимиз бўлади, кейин мазза қилиб
яшаймиз.
– Менга уй керак эмас, менга момом керак!
– Ана, – деди она-боланинг мунозарасини бир четда кузатиб турган Ирис хола. –
Илоннинг боласи илон, чаённинг боласи чаён, деб шуни айтадилар-да. Бу боланг ҳеч
қачон сенга эл бўлмайди. Бу ўша кампирнинг тарбиясини олган.
Нозима онасига ўқрайиб қаради.
Қизи индамай бағрига келди. Уни роҳатланиб бағрига босиб туриб, жуда-жуда
ҳориганини ҳис қилди.
– Она, энди биз ҳеч қачон уйимизга қайтиб бормаймизми?
– Борасан, болам, қачон уйни соғиндим, десанглар, юбораман.
– Бўлмаса, момом нега йиғлади? Момом сизнинг юборишингизни билмаган-да. Сиз
телефон қилиб, айтиб қўйинг, болаларингизни юбораман, йиғламанг, денг.
– Хўп. Олдин сенга ўзим тўйиб олай.
Ҳамдам ўзи айтганидан ҳам тезроқ уй топди. Кореяда ишлаётган бир ўртоғининг икки
хонали уйи бор экан.
– Жуда зўр бўлмаса ҳам ҳамма шароити бор. Телевизор, музлаткич, кондиционер,
каравот… Эгаси жиҳозлари билан қўшиб сотган эди. Бир оз чеккароғ-у, лекин бўлади,
за то тинч. Олдин бир кўрасизми, ё бирдан кўчиб ўтаверасизми?
– Эртага эрталаб бир такси юборинг, борадиган жойимизни ҳам ҳайдовчига
тушунтиринг. Биз болалар билан кўч-кўронимизни олиб, ўзимиз бораверамиз. Ўзингиз
ўша ерда бўп туринг.
Ҳамма жойини ўргимчак тўри ва чанг қоплаб ётган уйдан рутубат ҳиди анқиб турарди.
Болаларнинг бирдан қовоғи уюлди:
– Она, биз энди шу хунук уйда яшаймизми, – дарров саволга тутди бижилдоқ Ноила. –
Бундан момомнинг уйи чиройли эди-ку.
Нозима бир уф тортиб, индамай қўя қолди. Ўзига ҳам ёқмаяпти. Аммо нима қилсин?
– Оналаринг ҳозир ҳамма жойни супуриб, ювиб, чиннидай қилади. Кейин бу уй ҳам
чиройли бўлиб қолади, – Ноилани юпатди Ҳамдам.
Нозимага Ҳамдамнинг гапи ҳам ёқмади:
– Бориб машинадан юкларни олиб келинг.
Санжар ҳеч нарса демади. Гўё у кейинги бир неча кун ичида бир неча ёшга улғайиб,
катта одамга айланиб қолган, ҳар нарсадан ўзича хулоса чиқариб, хулосасини ичига
ютиб қўя қоладиган бўлган эди. У уйни ҳам, Ҳамдамни ҳам бир қарашда ёқтирмади,
аммо чиқиб кетай, деса, онаси қўймайди, бирон четга ўтиб ўтирай деса, бу исқирт уйда
ўтирадиган жой ҳам йўқ эди. Ниҳоят, Худо онасининг ўзига ақл бериб қолди:
– Бўлмаса, болалар пастдаги скамейкаларда ўйнаб ўтириб , уйни йиғиштириб олгандан сўнг чақирамиз… Тағин узоққа кетиб қолманглар, бегона жойда адашиб
қолишларинг мумкин.
– Хўп, онажон.
Болалар чиқиб кетишгач, Ҳамдам тумтайиб турган Нозимани оҳистагина бағрига олди,
у ҳам бир сўз демай, йигитнинг елкасига бошини қўйди. Улар шу кўйи анча туриб
қолишди. На униси, на буниси бир оғиз гапирмади, улар бир-бирини сўзсиз тушуниб
туришган эди. Бошларига тушган синовлар қайсидир маънода уларни бир-биридан
узоқлаштирган бўлса, қайсидир жиҳатдан бир-бирига яқинлаштириб қўйган эди.
– Вақтни кетказмайлик. Бегона жойда болалар кўчада қолиб кетмасин, – биринчи
бўлиб Нозима унинг елкасидан қўлларини олиб, қучоғидан чиқди.
– Ҳа, тезроқ бўлиш керак, – уни дарҳол қўйиб юборди Ҳамдам ҳам.
Робия кампирнинг уйидаги ҳашамдор шароитга ўрганган Нозима яғири чиқиб кетган
бу ғарибхонани тозалар экан, хўрлиги келди: “Мендан кечиб, кимга етдинг, дейдилар”.
Бу уйда бир уй бола билан бир сонсиз аёл яшаганлиги аниқ. Эшик, деворлар
болаларнинг панжа изларидан доғ-дуғ бўлиб кетган, ким-ўзарига шарикли ручка
билан ҳар хил расмлар чизилган, ошхонадаги қўл ювгич ва газнинг олди ёғли доғ-
дуғлардан сирпанчиқ бўлиб қолган эди. Телевизор деганлари гугуртнинг қутисидан
салгина басавлат бўлиб, ичкари хонанинг тўрида мунғайибгина турарди. Кирлигидан
сарғайиб кетган музлаткичнинг ичида ҳам бирон токча йўқ, кийим иладиган шкафдек
ҳувиллаб турарди. “Қайнонаси умрини далада ўтказган бўлса ҳам, нима олса,
асилидан, чиройлисидан олар эди”.
Бу уйни астойдил тозаламоқчи бўлса, болалари кун бўйи кўчада қолиб кетишини
ўйлаб, ичкари хонадаги ўргимчак тўрларини тозалаб, чангларини ювиб, артиб,
болаларни уйга киргизди. Ҳали замон болаларнинг қорни очади, уларга нимадир
тайёрлаш керак. Шу пайтгача ҳеч қачон бозор-ўчарнинг ташвишини қилмаган
Нозиманинг ҳаётида яна бир муаммо пайдо бўлди. Бироз хижолат бўлиб, Ҳамдамга
қаради:
– Озроқ бозор-ўчар қилиб келсангиз. Ҳали замон тушлик вақти бўлиб қолади. Мен уйдан кийим-кечакдан бошқа ҳеч нарса олиб келмаган эдим.

Ҳамдам унинг елкасига қоқди:
– Ҳали ҳаммаси яхши бўлади.
Эртаси куни яна бир муаммога тўқнашди: болаларни кимга ташлаб кетади?
…Уйга ташлаб кетди, Худо боқсин, деб. Газларни ўчирди, гугуртларни баландроқ
жойга қўйди. Жавдираб турган болаларига “Мен дарров қайтаман, сизлар телевизор
кўриб, қўрқмасдан ўтиринглар” деб ишга кетди.
Нозима қиртишлайвериб, уйни бироз очиб олди. Ҳамдам ҳам бироз ўзига келиб,
олдингидай ҳазил-ҳузул билан кириб чиқадиган бўлиб қолди, лекин у ҳеч қачон кечаси
ётиб қолмас эди. Нозима тунлари унинг қўйнида ҳузур қилиб ётишни, болаларига “бу
сизларнинг янги дадаларинг”, деб эълон қилишни жуда-жуда истар, Ҳамдам эса
“ошиқча муаммонинг нима кераги бор, шундайига ҳам яхши-ку”, деб қолишга унамас
эди. “Агар ётиб қолсангиз, муносабатларимизни болаларга очиқ-ойдин айтсак,
кундузлари келганингизда болаларни кўчага ҳайдаб юбормасдик”, “Икки соат кўчада
ўйнаса, ҳеч нарча бўлмайди. Одамларнинг боласи кун бўйи кўчада юради. Менам
эртадан кечгача кўчада юрардим. Момом бечоранинг “Ҳамдам-ув, Ҳамдам-ув” деб
чақириб юришлари қулоқларимда қолиб кетган. Чақираётганини эшитсам ҳам
эшитмагандай ўйнаб юраверардим”, “Барибир, ўз хоҳиши билан кўчада ўйнаб юриш
бошқа, уйларига бир эркак келганда икки соатга уйдан чиқиб туриш бошқа. Бу нарса
бир умр уларнинг ёдидан чиқмайди”. “Қўйсангиз-чи, биз уларга чиқиб туринглар,
деяётганимиз йўқ, ўйнаб келинглар, деяпмиз”.
Ўша куни ҳаво жуда иссиқ эди. Нозима мактабдан қайтиб, ичкари хонадаги диванга
энди чўзилган эди, эшик тақиллади. Болалари жойидан қимирламади, бундай пайти
ким келишини ҳамма билар эди. “Ҳамдам”, деди Санжар ғижиниб. Бир парча боланинг
беписанд ижирғаниши Нозиманинг аччиғини келтирди. Ҳамдам ака де, бошига бир
туширди ўғлининг, бозорлик қилиб келинг, дегандим, обкелган нарсасини заҳарингга
ейсан, яна “Ҳамдам”, эмиш. Эшик яна тақиллади. Очиғини айтганда, бу бемаҳал
ташриф Нозиманинг ўзига ҳам ёқмаётган эди. Ишдан ўлгудай чарчаб келган. Ташқари ёниб ётибди. Шу пайтда болаларни кўчага чиқариб қўйишга сира виждони чидамас
эди. Буёғи қўшнилар ҳам ким кириб, ким чиққанини кўриб, кузатиб ўтиришибди. Жуда
ноқулай.
Оғринибгина эшикни очди. Унинг юзидаги маломат Ҳамдамга сира ёқмади:
– Ҳа, на бўлди манинг нозли малагимга?
– Ҳеч гап. Ишдан ҳозиргина келган эдим, чарчаб…
– Менинг олдимда бундай шалпайиб турманг. Ўйнаб, кийикдай ўйноқлаб туринг,
тушундингизми?
“Уф!”
У индамай Ҳамдамнинг қўлидаги елимхалталарни олди. Ҳамдам эса “Ай, манинг нозли
ёрим, нозли ёрим” деб хиргойи қилганча ичкари хонага кирди. Ерга думалаб телевизор
кўриб ётган болаларни кўргач, унинг ҳам кайфияти тушиб кетди:
– Эҳ-ҳе, жамоат жам, битта биз кам-ку!
Болалар ўринларидан туриб ўтиришди.
– Ие, салом қани, ўқитувчининг болалари ҳеч салом беришни ўрганмади-ўрганмади-да.
– Ассалому алайкум.
– Салом, – синглисининг изидан эргашиб базўр оғиз қимирлатди Санжар.
– Қани, телевизорни ўчириб, кўчага шагом марш.
– Биз кўчага чиқмаймиз, қизиқ кино бўлаяпти.
– Чиқмаймиз эмиш, ешё как чиқасан, шундай учиб чиқасанки, қандай чиққанингни
ўзинг ҳам билмай қоласан. Қани, бир, икки, уч деганимда, сизларни бу ерда кўрмай.
Ие, одам тоза ҳаводан ҳам нафас олиши керакми? Кун бўйи уйда биқиниб ётганларинг
ётган!
– Қўяверинг, Ҳамдам, ўтираверишсин, – ошхонада туриб уни қайтарди Нозима. – Кўча
ёниб ётибди. Улар ҳали тушлик ҳам қилишгани йўқ. Бу ёққа келинг, муздай чалоп
қилдим, биз ошхонада гаплашиб ўтирамиз.
– Йўқ, – Ҳамдамнинг ҳам қайсарлиги тутди. – Биласиз, гапимни қайтарганларни ёмон
кўраман. Ўзим чақирмагунча қайтмайсанлар. Қани, би-ир, ик-кки-и, у-уч!
Санжарнинг ранги кўкариб кетди, индамай синглисининг қўлидан ушлади-да, уйдан
чиқиб кетди. Нозима уларнинг шу кетишини аллақайси фильмнинг фожиали якунига
ўхшатди. Бирам мунгли, бирам ғариб эди уларнинг қарашлари, туришлари…
– Оч эди-да улар, бекор қилдингиз, – Нозима астойдил хафа бўлди.
– Менга ундай гап қилманг, хоним, – Ҳамдам унинг ёнига бориб, бош бармоғи билан
тумшуғининг тагидан кўтарди. – Сиз учун, сизнинг кўнглингиз учун қаерлардан
тилимни кўндаланг тишлаб, шу хафа бўлмасин, шунинг оиласини бузиб қўйдим, деб
келаман. Сиз бўлса, болаларингизни икки соат ташқарига чиқаришни истамайсиз. Ҳов,
биласиз, кўча тўла қиз!.. Обкелинг, чалопни!
Омонат кулбага ҳам яна бир дарз кетди.
У чалопни симиргач, кўйлагини ечиб, эшикнинг тутқичига илди-да, ўзи ичкари уйдаги
диванга бориб чўзилди. Нозима остонада серрайиб туриб-туриб, унинг ёнига келди:
“Бораверинг, ўша қизларга” дея олмади. Бир хўрсиниб, унинг яланғоч кўксига бошини
қўйди. Ҳамдам унинг сочларини силади: “Ундай эмас-да, жоним. Одамнинг бор
шавқини сўндириб юборасиз”.
Ҳамдам анча қолиб кетди, у кетгач, вужудида ғалати толиқиш ҳис қилди. Юмшоққина
тўшак ўзига оҳанрабодай тортаверди. Ювиниб, салқинлаб олганиданми, кўзлари ўз-
ўзидан юмилиб кетаверди. Болаларини чақириб, уйига киргизишга ҳам ҳафсала
қилмади: “Ҳамдамнинг кетганини кўриб, ўзлари киришар”. Шу ётганча қотиб қолибди.
Бир пайт қайнонасининг шанғиллаган овозидан чўчиб уйғониб кетди. Қайнонаси унга
қўлтиқтаёғини ўқталиб, “Юзинг қурсин, сен беҳаё, беномуснинг!” деб бақириб ётган
эмиш. Ўрнидан сакраб туриб, атрофга қаради, ҳеч ким йўқ, на қайнонаси, на болалари.
“Ўзингнинг юзинг қурсин! Хайрият, тушим экан. Юрагимни ёрди-я, жодугар!”. Кун тоб
ташлаган бўлса-да, хона дим, у жиққа терга ботиб кетган эди: “Ие, болалар ҳалиям
кирмабди-ку!”. Унинг кўнглига нохуш хавотир ўрмалади, шошиб деразадан пастга
қаради:
– Санжар, Санжар-ув! Ноила! Ноила-а!
Уйнинг олдидаги ўйин майдончаси бола-чақага тўлиб кетган, фақат унинг болалари
кўринмас эди. Оёқларига шиппагини илиб, ташқарига югурди. Йўлакнинг эшигида
ранги аёздай заҳил, ҳамиша илондек заҳарга тўлиб юрадиган қўшни аёл – Шарофатга
дуч келди.
– Ҳамсоя, менинг болаларимни кўрмадингизми?
Шарофат кинояли кулимсиради:
– Бечоралар ўтиришган эди уйларининг бўшашини кутиб. Бирон-бир шериксиз уй
ахтариб кетиб қолишгандир балки.
Бошқа пайт бўлганда унга гап топиб берган бўларди, ҳозир бу чаён билан талашиб
ўтиришга на вақти бор, на қуввати.
…Сўрамаган одами қолмади. Ҳеч ким кўрмаган, ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Ахир
ҳамма салқин уйнинг тўрида жон сақлаб ётган пайт эди, ким ҳам кўрарди унинг
болаларини. Онасиникига, милисахонага қўнғироқ қилди.
Охири юрак ютиб, қайнонасининг уйига телефон қилди. Телефонни қайнонаси олди:
– Эшитаман.
– Хола-а, бу мен, Нозимаман.
Иккинчи томон анча пайт жим бўлиб қолди:
– Хола-а, – йиғлаб юборди Нозима. – Мен болаларни йўқотиб қўйдим.
– Нозима! Сендан илтимос қиламан, болаларни бундай овора қилма. Катта кўчада
йиғлаб юришса, мени танийдиган бировга дуч келиб қолибди. “Биз Робия Соатованинг
невараларимиз, шу кишини ахтариб юрибмиз” деса, Худо ёрлақагур аллақаерлардан
уйга олиб келиб берди. Бир ёмонларга дуч келса, нима бўлар эди? Яхшидир, ёмондир,
етти йил тузимни единг. Сендан илтимос, сенга ҳеч қандай таъна қилмайман, қандай
истасанг, шундай яша, лекин болаларга тегинма. Мен энди сенга болаларни
бермайман.
Нозима бир зум ўзига кела олмай турди, боягина дунёларга сиғмай турган вужудига
секин-аста хотиржамлик, ҳаловат инди: “Худога шукур-ей!” Аммо шу дақиқанинг ўзида
кўнглида бошқа бир истак пайдо бўлди.
– Хола! Мен болаларимни кўчага чиқариб қўйганим йўқ. Бола, бола-да, сизни соғиниб,
уйдан қочиб кетгандир. Бир оғиз айтса, ўзим олиб бориб қўймасмидим, шунча йиғлаб
ахтариб юргунча. Аммо мен ҳам болаларимни ҳеч кимга бермайман. Яхшиликча
бермасангиз, яна судлашамиз.
– Ҳай, Нозима, ўзингни бос, қаҳримни келтирма. Мен яхши биламан, болалар сенга
умуман керак эмас. Сенга бола керак бўлса, бир парча гўдакларни қоқ тушда иссиққа
чиқариб қўйиб, ўзинг маишат қилиб ётмас эдинг? Сен бизга қасдлашиб, болаларни
олиб юрибсан. Биз сенга нима ёмонлик қилдиг-у, болалар сенга нима ёмонлик қилди?
– Хола, у болаларнинг онаси менман. Аччиғим келганда ургандирман, уришгандирман,
ташқаригаям чиқариб қўйгандирман. Онаси сифатида уларни жазолашга ҳақли
одамман, лекин уларнинг кафтига битта тикан кирса, менинг юрагим оғрийди. Чунки
улар менинг юрагимнинг ёғидан бино бўлган.
– Сен ўша болаларни ўйлайдиган она бўлганингда жимгина уйингда ўтирган бўлар
эдинг. Сен фақат ўзингнинг маишатингни ўйлайдиган аёлсан. Судга бер, мана
кўрасан, олдин айтмаган бўлсам, энди айтаман бор ҳақиқатни!
– Билганингизни қилинг.
– Қиламан ҳам.
Икки томон ҳам келишгандек бир пайтда шарақлатиб телефонни қўйди. Нозиманинг
қаршисида яна бир муаммо пайдо бўлган бўлса-да, кўнгли хотиржам тортган эди:
“Топилди-ку болалари! Ўтиришгандир тиззаларда чулдирашиб… “Бизни онамга бериб
юборманг”, деб”.
Аллақачон тун чўкиб, атроф қоп-қоронғу бўлган эди. Туриб хонанинг чироғини ёқди.
Эшикни қулфлади. У жуда чарчаган эди. Болаларининг дараги чиққач, бирдан
бўшашиб кетди. Ёстиғининг тагидан тунги кўйлагини олиб кийди-да, диванга чўзилди,
аммо сира уйқуси келмади. “Ёлғизликнинг тунлари бунчалар дилгир!”. Аслида у
қачонлардан бери ёлғиз, эрининг уйида ҳам ёлғиз эди. Лекин у пайтлар қўшни хонада
кимдир уни интиқ бўлиб кутиб ётганини билар, бу ёлғизлик унга ғурур ва лаззат
бағишлар эди. Энди у интиқ, интизор. Кутаётган одами ҳеч қачон уники бўлмаслигини
билса ҳам, ғурури оёқ ости бўлса ҳам индамайди, индаёлмайди. Чунки энди ундан
бошқа ҳеч кими, ҳеч нарсаси йўқ. Ҳа, болалари бор. Кампир сенга бола нима керак,
дейдими? Ўзи она бўла туриб, менга шу гапни айтди-я. Наҳот, менда умуман оналик
туйғуси йўқ, деб ўйласа? Унда мен аёл бўлиб, инсон бўлиб яшаб нима қилдим? Ҳатто
мушук ҳам бир жойдан иккинчи жойга ўтса, болаларини тишида тишлаб олиб ўтади.
Наҳот, ўша ҳайвонда бўлган оналик туйғусини менда йўқ деб ўйлайдилар? Ҳа, улар
Нозимани ҳайвондан ҳам баттар деб ҳисоблашади, ҳали бунинг учун жавоб беришади!
У бир неча кун атай индамай юрди, ўзича бироз дам олмоқчи бўлди. Эрта туриб
болаларга нонушта ҳозирлаш, сўнг кўнгли хавотирга тўлиб, изига қарай-қарай ишга
кетиш, “Болалар нима бўлдийкин?” деб югуриб келиш, уларга тушлик, кечки овқат
ҳозирлаш, тинимсиз “тек”, “қўй”, “жим ўтир”лардан жуда чарчаган эди. Бу уч кунда
ёмонликка Ҳамдам ҳам изламади. У ҳам телефон қилмади. Шу омонат ҳамроҳдан ҳам
дам олмоқчи эди у. Туриб-туриб зерикди, ўйлаб қараса, шу болалар учун овқат
ҳозирлар, шулар билан ўтириб ўзи ҳам нимадир ер, шулар уйни тўзғитар, у
йиғиштирар, шулар билан ҳаракат, ҳаёт бор экан. Баъзи оқшомлар умуман чироғи ҳам
ёқилмади. Чироқ керак ҳам бўлгани йўқ, қаерда нима турганини билса… Бир ухлаб
туриш учун чироқ ёқиш шартми? Ҳамдамни ҳам жуда соғинди. Бу йигит ҳеч қачон
уники бўлмаслигини била туриб ҳам, уни ўйлашдан, уни кутишдан, узоқ тунлар уни
соғиниб кўз ёш тўкишдан ўзини тийиб туролмасди. Бир кун келиб уни бутунлай йўқотиб қўйишини ўйлаганда, дунё кўзига зимистон бўлиб кўриниб кетарди. Ўзига ўзи
тушуна олмас эди. Бу нима? Севгими? Кирар ақли кириб, чиқар ақли чиқиб бўлган бир
ёшда наҳот ҳеч қачон унга тегишли бўлмайдиган бир йигитни севиб қолган бўлса?!
“Йўқ, унга ўрганиб қолган. Ҳа, шундай. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Ҳозир ундан воз
кечишнинг ҳам иложи йўқ, уй уники, чет элга чиқиш учун беш-олти сўм пул
жамғарсин, кейин ўзига ҳам, уйига ҳам этак силкиб кетади, қолади”. Бу гаплар ёлғиз
қолган дамларда ўз-ўзига таскин учун айтиладиган шунчаки ёлғонлар эди, холос.
Аслида бу йигитдан ҳеч қачон воз кеча олмаслиги ўзига ҳам, Худога ҳам аён ҳақиқат
эди.
Тўртинчи куни прокуратурага борди. Прокурор Сардорни чақириб, бир вақтлар
Нозимани қўрқитгани каби, “қора дори” кўрсатганми ё бошқа жиддийроқ гап
қилганми, шу куниёқ икки болани ҳам Нозиманинг онасиникига ташлаб кетибди.
Шу куни Ҳамдам ҳам келди. Бўлиб ўтган воқеаларни йиғлаб-юпаниб гапириб ўтирган
эди, синглиси болаларни етаклаб келиб қолди. Ҳамдам бўлиб ўтган ишларда ўзини
айбдор сездими, болаларнинг бошини силаб, “Сизлар ўтириб туринглар, бугун бир
байрам қиламиз. Бир кило иссиққина тандир гўшт олиб келай, оналарингга шоколад,
сизларга музқаймоқ ҳам олиб келаман”, деб, чиқиб кетди. Санжардан ташқари
ҳамманинг юзига табассум югурди.
Ҳақиқатан байрам эди ўша кун Нозима учун. У дарров чой қўйиб, дастурхон ясашга
тушиб кетди. Лекин ҳар қанча ялинса ҳам синглиси ўтирмади, “онам билан бир жойга
боришимиз керак эди”, деб кетиб қолди. Ҳамдам роса тўлиб-тошиб келди, Нозима учун
“Қора марварид” виноси, ўзига идиши ажабтовур ароқ ҳам олиб келган эди. Роса мазза
қилишди. Ҳамдам қўярда қўймай болаларга ҳам сал-сал вино ичирди: “Бу сизларни
бақувват қилади”. Ҳамма мазза қилди, гиналар унутилди, аразлар ёзилди, аламлар
эсдан чиқди. Бироз кайфи ошган Ҳамдам қўшиқ бошлаб юборди:
“Қора холингга тушган киприкларингнинг сояси…”
Қолганлар қарсак билан жўр бўлди.
Шовқин-сурон билан эшикнинг тақиллаётганини ҳам анча кеч эшитишди. Даврага қовушмай бир четда ўтирган Санжар нимагадир даҳлизга чиқиб, эшикнинг
тақиллаётгани эшитди:
– Эшигимизни кимдир қаттиқ уриб ётибди, – бола қўрқиб кетганидан ранги бироз
оқариб турарди.
– Ҳозир ўзим қарайман, – Ҳамдам мардона эшик томон юрди.
Бир пасдан кейин унинг ҳам ранги оқариб келди:
– Опам!
– Опангиз? Опангиз бу ерда нима қилади?
– Биронта меҳрибонимиз бергандир-да адресимизни… Энди нима қилсак экан?
Эшик тобора қаттиқроқ тақиллар эди.
Нозима шошиб унинг қўлига туфлисини тутқазди:
– Айвондаги супанинг подвалига киринг.
Ўзи эшикка йўналди:
– Ким у? Ҳозир!..
Эшик очилиши билан Ҳамдамга икки томчи сувдек ўхшаш бир аёл довулдек ёпирилиб
ичкарига кирди:.
– Келинг… – ич-ичидан қалтираб кетаётган бўлса-да, мулозамат қилди Нозима.
Довул унинг мулозаматини ҳам, ўзини ҳам йўлдан суриб ташлаб, пойафзалини ҳам
ечмасдан, ҳамма хоналарни бир-бир кўриб чиқди:
– Қани, Ҳамдам?! – ўшқирди ҳамон дағ-дағ қалтираб турган Нозиманинг қаршисига
келиб.
– Қанақа Ҳамдам?
– Мана мунақа Ҳамдам! – аёл бош бармоғини икки бармоғининг ўртасидан чиқариб,
Нозиманинг тумшуғи тагига тиқди. – Машинаси эшигингнинг тагида турибди.
Столингда ароқ, вино, гўшт! Бу киши Ҳамдам қаердалигини билмасмиш. Икки
ҳароминг билан сен ҳам отамнинг топганига шерик бўладиган бўлдингми? Мегажин!
Аёл унинг ёқасидан олиб, юмдалай кетди. Қўрқиб кетган Нозима ўзини ҳимоя қила
олмай қолди, аёл қаттиқ итариб юборган эди, у гуп этиб йиқилиб тушди. Шундан
кейин аёл унинг устига ўтириб олиб, бошига муштлай бошлади. Нозима ҳеч нарсани
сезмай қолди, қулоғига фақат қизчасининг “Она” деб чинқириб йиғлаётган овози
эшитилиб турарди. Бир вақт устидаги аждарҳо “гурс” этиб орқага йиқилди ва бирдан
жимиб қолди. Нозима ҳайрон бўлиб, атрофга қаради. Унинг оёқлари учида Санжар
катта ўқлоғни маҳкам қучоқлаганча, билинар-билинмас қалтираб турарди.
Нозима бир амаллаб йиқилиб ётган аёлнинг тагидан чиқиб, унинг бошига борди. Аёл
беҳуш эди, бошининг тагида ҳалқоб бўлиб турган қонни кўриб Нозима қўрқиб кетди.
– Ҳей!.. Опа!.. – астагина елкасидан туртди Нозима.
– Сув!..
Нозима югуриб Ҳамдамнинг ёнига келди:
– Санжар бошини ёриб қўйибди.
Ранги оқариб кетган Ҳамдам ярим эмаклаб, супанинг тагидан чиқди-да, чангдан
оқариб қолган шимини енгил-елпи қоққан бўлиб даҳлизга чиқди: “Ҳеч тинч кун йўқ
экан-да.” Бориб ҳамон кўзларини юмиб ётган опасининг боши устига энгашди.
– Ҳа, опа, сизга нима бўлди? Бу ерда нима қилиб ётибсиз?
Опа оҳистагина кўзларини очди:
– Бало бўлди, дард бўлди. Сен ўзинг нима б… еб юрибсан бу ерда?
– Мен шу ерда яшайдиган бир ошнамникига келган эдим. Қарасам, эшик очиқ, чўзилиб
ётган ким бўлди, деб кирсам… Қани туринг, ўзим сизни дўхтирга олиб бораман.
У опасини авайлабгина турғизиб, қўлтиғига кирди-да, ташқарига олиб чиқди.
Ҳамдам кечқурун қўнғироқ қилгунча Нозима неча ўлиб, неча бор тирилди. Йўлакдан
эшитилган ҳар бир қадам товуши унинг ёнига кишан кўтарган милисаларни бошлаб
келаётгандай бўлаверди.
– Опам сизни судга бериб, қаматиб юбораман, деяпти, – унинг овози жуда ҳорғин эди. –
Бир амаллаб тинчитдим. Мен уч-тўрт кун ёнингизга боролмайман, булар изимга одам
ҳам қўйишлари мумкин. Ёлғиз ўғил бўлиш ҳамиша қийин бўлган. Бир ўзимга юзта
назоратчи. Бироз сабр қилиб туринг, уйни ўзгартирамиз.
– Хўп.
– Ўзингиз ҳам уч-тўрт кун онангизникига бориб турсангиз, яхши бўлар эди.
– Хўп.
– Нозима…
Шу пайт тимирскиланиб юрган Санжар телефоннинг орқасида турган қутичани оламан
деб, телефонни тушириб юборди. Алоқа узилиб қолди. Нозима шарақлаб ерга тушган
аппаратни олиб, ўғлининг елкасига ўша аппарат билан бир туширди: “Касофат! Ҳар
доим бир нарсаларни ағдар-тўнтар қилиб юрмасанг, бўлмайди”. Кейин телефонни
жойига қўйиб, яна жиринглашини кутди, лекин қайтиб, қўнғироқ бўлмади.
Кутавериб, сиқилиб кетди. Ториқиб, айвончага чиқди. Аллақаердан мусиқа овози
эшитилди. Тўй бўлаяпти, шекилли, “ёр-ёр” айтилаётган эди: “Қат-қатгина қатлама,
қатланади, ёр-ёр. Қизни олиб янгалар отланади, ёр-ёр…”
Энди “опа”лар Ҳамдамнинг тўйини ҳам тезлаштиришади. Сардор ҳам уйланади.
Шундай оқшомларнинг бирида унинг уйига “ёр-ёр” садолари остида янги келин
солланиб кириб келади.
Болаларнинг тез овуниши тез унутишларидан бўлса керак. Болалари кундузги
шармандагарчиликларни аллақачон унутиб, уйни бошларига кўтарганча, қувлашмачоқ
ўйнашар эди. Болаларининг бахтиёрлиги унга жуда малол келди.
Дақиқа сайин заҳарга тўлиб бораётган Нозима айни дамда шу болаларни ўлдириб
қўйишга ҳам тайёр эди: “Дардисарлар! Шу болалар бўлмаганда аллақачон чет элга
кетиб қолар эди. Ишлаб, шаҳарда битта қилиб, уй қурдирарди, машина оларди, ҳамма
орзу-ҳавасларига етарли пул жамғаргандан кейин эрга тегарди…”
Шарақлаган овоз хаёлларини бўлиб юборди. Санжарнинг оёғи телефоннинг симига
илашиб қолиб, яна телефонни ерга тушириб юборган эди. Нозима учиб, хонага кирди.
Унинг важоҳатини кўрган Санжар йиғлаб юборди:
– Урманг, онажон, билмасдан қилдим. Момомникидан янги телефон олиб келиб
бераман. Илтимос, урманг.
“Момо”нинг тилга олиниши Нозиманинг жазавасини қўзитди:
– Момонг сенга телефон бераман, дедими? Мана сенга телефон!
У боланинг кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетган бир бурдагина юзига тарсаки тортиб
юборди. Бола гандираклаб орқага йиқилаётган эди, унинг нозиккина билакларидан
чангаллаб ушлаб, яна бир тарсаки туширди. Энди уни тўхтатиб бўлмасди. Яна, яна,
ураверди, ураверди! Бола энди онасининг оёқларини қучоқлаб йиғлар эди:
– Онажон, урманг, урманг, онажон! Бошқа бундай қилмайман, мени кечиринг.
Нозима болани бир силтаб, ўзидан ажратиб олди-да, ерга итариб юборди. Ярадор қуш
мисол ер билан битта бўлиб ётган болани бир тепиб, яна айвонга чиқиб кетди. У бир
пас деразадан келаётган муздай ҳавога кўксини тутиб турди, унинг юраги ёниб
кетаётган эди. Ҳали келин тахтиравонига жойлашмаган шекилли, эзма санъаткорлар
ҳамон “ёр-ёр”ни чўзиб ётишар эди: “Ҳай-ҳай ўлан, жон ўлан эй…” Нозима зарда билан
дераза қопқасини итариб юборди. Дераза ойналари зириллаб кетди. У хонага қайтиб
кирганда Санжар хонанинг бир четида, тагидаги кўрпанинг ярмини устига ёпиб,
қунишибгина ётар эди: “Юзинг қурсин!”
Давоми бор.
#ҚирУстидагиАёл

Комментарии

  • 25 авг 2019 15:20
    Вой хароми шарманда вой Ман зурга укиволдим астагфуруллох йо Аллох...агар шу .........Ким деб аташдиям билмадим шайтон десам шайтон уяладимики хайвон дсам хайвонам бунака кмейдику боласини тилида ялаб катта киладику...агар шу .........марраз кулимга тушса тилкалаб ташардим борууу....уффффф галати бупколдимэээ, бу буган вокеами УЗИ?
  • 25 авг 2019 15:20
  • 25 авг 2019 16:34
    Уфффф тезрок битса экан каерданам укидим а?
  • 25 авг 2019 17:56
    аёл.эмас.бу
  • 25 авг 2019 19:35
    Хикояни муалифини сўзи бор. Ёзсанг бор ва хақ нарсани ёз. Бўлмаса ёзма деган. Жамила Эргашева. Демак бўлган воқеа
  • 25 авг 2019 23:58
    Бунака аеларни екиб юбориш к.к
  • 26 авг 2019 12:30
  • 26 авг 2019 12:30
  • 5 мая 2020 11:25
    Тавба тавба шу хам аёлми шу хам онами тирнокка зорлар канча болани урган кулларинг синсин илохим