ҚАРОҚЧИ… (9- сўнги қисм)

Олимжон Хайит.
Ниғмат машинада кетиб борарди-ю, ёнидагиларга бир-бир кўз ташлар, шотирларга нима дейишни, қандай таскин беришни билмасди. Ичини ит тирмалар, омадсизлигидан нолирди. Энди оғзи ошга етганда, насибасидан маҳрум этганларга хаёлан лаънатлар ўқирди.
«Мен онамдан туғилибман-у, бахтсизликка, омадсизликка, сағирликка юз тутибман-да, — ўйларди у аламдан куйиб. — Не кунларни кўрмадим, мақсадларим йўлида керак бўлса тошни кемирдим. Мана, ниятимга етдим ҳам. Аммо қани ўша омад? Нега тағин тутқунда қолдим? Юра-чи? Қанча ёрдамим текканди. Шуларнинг ҳуматиниям қилмади. Мелисалигига борди. Юзингда кўзинг демай қамади-қўйди. Биламан, ҳозир олиб боради-да, мени бошқалардан ажратиб олади. Чунки билади, мен тағин унга хизмат қилишим, корига ярашим мумкин. Майли, хизмат ўз йўлигадир. Аммо ўзимнинг режаларим-чи? Уларни қачон амалга ошираман? Йўқ, бу гал аҳмоғи йўқ. Бошимдан зар сочсаям рози бўлмайман. Қайсарлик қилиб туриб оламан. Қўлидан келганини қилсин! Энди менга барибир. Нари борса, бир-икки йилга қамайди… Йўқ, бу нимаси? Нима учун қамоқда ўтиришим керак экан? Озодликдаям ёмон яшамаётгандим-ку! Ундан кўра рози бўла қоламан. Мендан нима кетди? Қалбимнинг хоҳишиям шу. Иккиюзламачилик қилишимни истаяпти…»
Милиция машинаси Ниғматга таниш бўлган масканга етиб келиб тўхтади. Аскарлар барчани қўлларини кишанлаган ҳолда ичкарига судраклашди. Фақат Ниғматгина улардан ажралиб қолди. Юра шуни хоҳлади. Барча гумондорлар олиб кириб кетилгач, у Ниғматнинг қўлтиғидан олди-да, ўз кабинети томон бошлади.
— Сизга янги иш бор, — деди Юра бу сафар совуққонлик билан. — Агар бош тортсангиз, биласиз, бугунги ишингизга кўз юмиб ўтирмайман!
— Буни сезгандим, — деди Ниғмат ерга чирт этиб тупуриб. — Сизнинг иш усулингиз-ку бу!
— Менга қаранг, — деди Юра зардали оҳангда. — Нима қилиб мафияга ўралашиб юрибсиз-а? Оқибати нима билан тугашини биласизми? Ё кимлардир алдадими? Йўриғига юргиздими?
Ниғмат ер остидан Юрага аламли қараб қўйди. Бироқ саволга жавоб қайтаришни лозим топмади. Бир-икки йўталиш билан чекланди.
Шу пайт кабинет эшиги шарақлаб очилиб, ичкарига терговчи ҳовлиқиб кириб келди. Унинг ранги оқарган, лаблари асабий титрарди.
— Нима бўлди? — даст ўрнидан турди-да, унга пешвоз чиқди Юра. — Тинчликми? Нега рангинг оқариб кетибди?
— Тимофей Афанасьевичга суиқасд қилишибди, — деди юзини терс буриб. — Ҳозиргина хабар беришди.
— Нима? — Юра бирдан бўшашиб столга суяниб қолди. — К-ким суиқасд қилибди, ким? Гапирсанг-чи! Тимофей Афанасьевичнинг аҳволи…
— Кимлигини билсам, ўзим у аблаҳни чавақлаб ташлардим, — норози оҳангда шивирлади терговчи. — Билмайман-да!
— Қаерда юз берибди бу воқеа? Шаҳардами?
— Ишдан қайтаётганда, ниқобли кимсалар хизмат машинасини ўққа тутибди. Кейин эса ўзинг билганингдек, қочиб қолишибди. Ҳозир йўл патрул хизматидан тортиб прокурорларгача оёққа турган. Қидиришяпти.
— Менга қара, подполковник… Унинг аҳволи қандай?
Терговчи бошини қуйиб солганча нари кетди.
— Касалхонагачаям етолмабди бечора. Ўқ орқа миясига теккан экан. Вафот этибди.
Бу хабарни эшитганданоқ Ниғмат ҳам ўрнидан туриб олганди. Подполковникнинг ўлими қалбини ларзага келтирди.
«Бу қандай бедодлик ўзи? — хаёлан зорлана бошлади Ниғмат. — Қандай яхши одам эди подполковник! Ҳали мен билан бирга кўп ишлар қилмоқчийди. Энди-чи? Қайси мараз унинг жонига қасд қилди? Ким ўзи?»
— Мен биламан бу ишнинг бошида ким турганини, — садо берди қалби кутилмаганда. — Сен топа оласан. Жуда осон топасан. Фақат билиб қўй, у кимса ўзинг каби ноёб қобилият эгаси. Афсуски, қора жоду билан шуғулланади. Сенгаям бир бало қилиб қўйиши мумкин.
«Э, менга барибир, — жавоб қилди Ниғмат муштларини тугиб. — Тимофей Афанасьевичдай одамни ўлдирганларни кечира олмайман. Майли, қўлидан келганини қилсин! Зўр бўлса зўрлигини кўрсатсин! Топсам, манави ментларнинг қўлига топширсам, подполковникнинг ўчини олсам бас…»
— Унда тезроқ билдирги бер, — тайинлади қалби. — Акс ҳолда сениям унутиб, ўз билганларича ҳаракатга тушиб қолишади. Шошил!..
— Акалар, мен биламан у аблаҳ кимлигини, — Юрага юзланиб сўз қотди Ниғмат. — Илтимос, менга бир имкон беринг яна! Агар бир соат ичида уни топиб олдингизга судраб келмасам…
— Қотилларними? — сўради ҳайрон бўлиб Юра терговчига маъноли кўз ташлаб қўяркан. — Ахир улар қочиб кетишибди-ку! Қандай, нимада етволасиз уларга? Самолётдами?
— Бу ишнинг бошида бошқа бир одам турган, — деди Ниғмат. — Шошилиш керак. Агар уни тутсам, ўзи айтиб беради қотиллар кимлигини.
— Зўр фикр, — жонланиб Ниғматга яқин келди терговчи. — каллани ишлатайлик, Юра! Бу укамиз алдамайди, ишонаман. Агар топганимизда, хавфсизликдагилар тилини тишлаб қоларди. Нима дейсан?
— Жуда соз, — дея Ниғматнинг икки елкасидан тутди Юра. — Сизга тўрт аскарни қўшиб бераман. Уларни олиб бориб кимлигини кўрсатсангиз бўлди. Ўзлари тутишади. Фақат яна бир карра ўйлаб кўринг. Адашаётган бўлманг.
— Шу кунгача адашганимни кўрдингизми? — норозиланди Ниғмат. — Сиз ишонинг, фақат ишонинг, ака!
— Унда бўла қолайлик! Юринг, ҳозироқ аскарларниям, машинаниям ташкил қиламиз.
Бу операцияда Юра шахсан иштирок этишни хоҳлади. У тўрт чоғли аскар ҳамда Ниғматни ёнига олиб тахминан айтилган манзилга жўнади. Ниғматга унинг иштироки унчалик халал бермасди. Қолаверса, бу Юранинг профессионал иши эканини яхши билгани боис ортиқча норозилик билдириб ўтирмади. Қанадй бўлмасин, буюртмачи ва ташкилотчини топиб унинг қўлига топшириш, сўнгра мелисалардан нарироқ бўлишни ният қилди.
Машина кўз очиб юмгунча манзилга етиб келди. Келишувга биноан аскарлар тўрт қаватли уйнинг ҳар бир қаватидан жой олди. Ниғмат эса Юрани эргаштирганча тўртинчи қаватга кўтарилди.
Юқорига чиқишгач, у Юрага ўнгдаги жигарранг темир эшикни кўрсатди. Аскар дарҳол ўзини панага олди. Ниғмат эса қўнғироқ тугмачасини босди. Ҳадеганда жавоб бўлавермади. Тоқати тоқ бўлиб эшикни тепа бошлади. Чунки у ҳозир ўзи учун ҳар қандай шовқин-сурон кўтариш мумкинлигини биларди. Ниҳоят эшик очилиб, қаршисида ўн саккиз яшар малласоч қиз пайдо бўлди.
— Сизларга ким керак? — сўради қиз бир Юрага, бир Ниғматга қўрқув аралаш боқиб. — Бировни қидириб юрибсизларми?
— Бизга Настя хола керак эди, — деди Ниғмат. — Жуда муҳим иш билан келгандик.
— Ойим ухлаяпти, эртага келинглар! — қиз қайтадан эшикни ёпиб ичкарилашга тутинди. Лекин Юра оёғи билан эшикни ушлаб қолди.
— Уйғот! — буюрди қизга дағдаға аралаш. — Биз милицияданмиз! Тез бўл!..
Қиз бу хабарни эшитди-ю, югурганча залга кириб кетди. Юра эса Ниғматни эргаштириб ичкарига кирди ва ётоққа мўралади. Бу хонада ёши элликка борган, патаклашган сочлари ёйиқ, тўладан келган аёл стол устидаги ёниб турган шамга тикилган кўйи нималардир дея ғудранарди.
Улар кириб келганини пайқаб илкис бошини кўтарди. Шундагина аёлнинг сўқир эканига гувоҳ бўлишди.
Бироқ аёл сўқирлигига қарамай, дадил ва кескин гап бошлади.
— Сен бекор келибсан, келгинди, — дея Ниғматга мурожаат этди у. — Мен Тимофейдан ўлган қизимнинг ўчини олдим. Бир пайтлар ўша аблаҳ қизимнинг бошига етганди. Кетларинг! Кет!
— Сен қилмишинг учун жавоб беришинг лозим, — деди Ниғмат тишларини ғижирлатиб. — Қора жоду ёрдамида бегуноҳ йигитларни қотилликка ундадинг. Уларни ўзингга қул қилиб олдинг. Мен бу жиноятинг давом этишини сира хоҳламасдим.
— Афсус, тирранча, мени яна бир интиқомга ундадинг, — дея пайпасланиб ўрнидан қўзғалди аёл. — Бу шаҳарда мендан ўтадиган жодугар йўқ. Сен ким бўпсан! Ичингдагини ёғ деб юрганлардансан-да! Майли, мелисаларни бошлаб кепсан, қандингни ур! Фақат билиб қўй, бу ҳовлиқишинг узоққа бормайди!
— Бас қилинг, — гапга аралашди Юра тоқати тоқ бўлиб. — Ниғмат, шу аёл Тимофей Афанасьевичнинг ўлимида айбдор эканини аниқ биласизми? Адашмаяпсизми?
— Шу аёл қотил ёллаган, — жавоб қилди Ниғмат остонада бўзрайганча ўзига қараб турган малласоч қизга назар ташлаб. — Уларни гипноз ёрдамида ўзига бўйсундирган. Бу шаҳардаги жуда кучли жодугарларнинг бири. Бунақалардан қўрқиш керак. Улар фақат қора жоду билан иш кўради. Ишонинг, бўлимга боргандан кейин тергов қилишсин, ҳаммасини айтиб беради.
— Илоё шол бўлиб ўлгин! — қарғана бошлади аёл турган ерида. — Итдай хор бўлмасанг, розимасман, ҳароми!..
Жодугар аёлни Юранинг кўрсатмаси билан аскарлар ташқарига етаклашди.
Ниғмат эса ҳануз Юранинг марҳаматидан умидвор эди. Ундан шу ернинг ўзида озод қилишини, тинч қўйишини кутарди. Аллақачон ҳаммасига тупурган, она қишлоғига жўнаб кетишга қарор қилган, бу ҳақда йўл-йўлакай Юрага ҳам шипшитганди.
Бахтга қарши, яна нияти амалга ошмади.
— Тергов бошлангунча шаҳардан ташқарига чиқмай турасиз, — тайинлади Юра кетаётиб. — Ҳаммаси рисоладагидек бўлиши учун меникида яшаб турасиз. Агар ҳақиқатан аёл қотилларни топиб берса, тўрт томонингиз қибла, дўстим! Сизга ёмонлик қилган, кечирмаган номард!
Шу гапига Ниғмат сўнгги бор ишонишни истади ва қалбан ўзини мажбурлаб бўлса-да, Юранинг квартирасида яшаб туришга розилик берди.
Орадан бир ҳафта вақт ўтди. Ниҳоят Ниғматнинг умидлари ҳақиқатга юз тутиб, сўқир жодугар барча айбларини тан олди. Қотиллар топилибди. Ниғматни бу гал ҳам Юра ва терговчи ҳурматини жойига қўйган ҳолда самолётга ўтқазиб, юртига кузатиб қўйишди. Уни юртига қайтгач, кутилмаган совға, хизматлари эвазига ярқираган машина кутиб турадиган бўлди. Фақат қалби безовта эди. Ҳар сонияда Ниғматни ниятидан қайтишга, шу шаҳардан кетмасликка ундарди. Афсуски, қайсар йигит қалб садосига қулоқ тутишни умуман хоҳламас, қалбини силташдан тийила олмасди.
— Менга бундан буён ҳеч ким йўл-йўриқ кўрсатмасин, — ҳайқирди Ниғмат совға сифатида тақдим этилган машинада ярим кечаси тоғ йўли бўйлаб кетиб бораркан. — Зўрлар зўрига айлана олмадим. Энди мен соб бўлдим. Аламларим бир дунё. Лекин бу билан ҳам тинчланиб қолмайман. Қишлоғимга етсам бас, ўша ерда иш бошлайман! Манаман деганни йўриғимга юргизаман! Қулоқ тутмаганнинг, бўйсунмаганнинг уйига ўт қўяман! Шундай қиламанки, ҳар бир жонзот фақат менинг сўнгги сўзимни кутади, кўзларимга мўлтираб боқади, умид қилади, қўрқади, ҳайиқади, ишонади, ҳурматимни жойига қўяди. Мен албатта шу мақсадимга эришаман!..
Машина ҳамон ўқдек учганча довон бўйлаб юқорилаб борарди. Ниғмат салонни бошига кўтариб қичқиргандан бери қалби сокин тортганди. Тоғдаги босим таъсир қилдими, қулоқлари битиб қолди. Негадир мудрай бошлади. Уйқу шу қадар тез домига торта бошладики, кўзлари юмилганини-да пайқамай қолди. Ким билсин? Бир неча сония ичида туш ҳам кўрибди. Тушига ўша сўқир жодугар аёл кирибди. Аёл чап қўли билан Ниғматнинг юзига чунонам шапатилабдики…
Шу орада Ниғмат сесканиб кўзларини очди. Аммо ўзини ўнглашга улгармади. У бошқариб бораётган машина аллақачон йўлдан чиқиб кетганди. Кўз очиб юмгунча ағдарилиб кетди. Шу кўйи бир неча маротаба пастли томон ағдарилиб, зарб билан тоғга урилди…
… Орадан олти ой вақт ўтди. Умридан бор экан, Ниғмат омон қолди. Фақат қаттиқ эзилгани боис жарроҳлар унинг икки оёғини кесиб ташлашга мажбур бўлишганди…
Ниҳоят оғриқлар танасини тарк этиб у илк бор ҳамширалардан бири етагида касалхона ҳовлисига чиқди. Куни кеча қариндош-уруғлари келишганди. Умар миробнинг дуои саломини етказишди. Бу хабарни эшитгандаёқ Ниғмат адойи тамом бўлаёзди. Чунки у олти ой ичида кўп нарсалар ҳақида ўйлаб, фикрлади, мулоҳаза қилди, кўп бора афсуслар денгизига ғарқ бўлди. Айниқса, Умар миробга етказган азияти ҳақида ўйлаганда тамом бўлаверди.
«Қайтар дунё деганлари шу-да, — ҳар сонияда танбеҳ бераверди қалби. — Кўрдингми, сен бегуноҳ бир бандани ногирон қилгандинг, қарғиши тегди. Энди ўзинг ҳам унинг қаторига кирдинг!..»
Ниғмат аравачада қалин кўрпачага ўранганча ўтирарди-ю, ҳатто орқадаги ўзини сайрга олиб чиққан ҳамширага тик боқишга журъат топа олмасди. У ўзини дунёдаги энг кераксиз, ташландиқ, жирканч бир буюм каби ҳис этарди. Тезроқ ўлишни, бу синовли дунёдан кетишни хоҳларди. Бироқ яна қалбининг турткисига рўбарў бўларди.
— Сен зўрларнинг зўри бўла олмадим деб куйинма, — дерди қалби. — Аслида бўла олдинг. Фақат бошқачароқ зўрга айландинг.
«Қанақа бошқача? — хаёлан ҳайқирди Ниғмат. — Эсинг жойидами? Ё сенам устимдан куляпсанми? Шунча кулганлари камми?..»
— Шу аҳволда ҳам яратган ато этган ноёб қобилиятинг йўқолмади, — дарак берди қалби. — Энди сен табиблик қиласан. Қишлоғингга боргач, беморларнинг, қийин аҳволда, боши берк кўчада қолганларнинг корига ярашинг мумкин. Улар сени интиқиб кутишмоқда. Ўгай отангнинг тушига кирганмиш. Қолаверса, сенинг қобилиятингдан баъзи қариндошларинг хабар топибди. Мана энди сени қишлоқда тумонот одам кутиб турибди. Йўлингга кўз тикишмоқда. Сен зўрларнинг зўрисан, ўксинма!..
Шундай хаёллар исканжасида турган бир маҳал Ниғмат ўзи томон келаётган озғин, паст бўйли, нозиккина қизга кўзи тушиб сергак тортди. Қиз кўзига жуда-жуда таниш кўринди. Юраги полопондек потирлаб ҳамширанинг кўмагига-да қараб ўтирмай аравачани олдинга ғилдиратди.
Не кўз билан кўрсинки, у томон шоира қиз Майсара келарди. Шоирани кўрди-ю, Ниғмат аравачани тўхтатиб, ортга бурди. Аммо Майсара унга етиб келиб улгурганди.
— Ниғмат ака-а! — дея аравача тутқичларини маҳкам сиқимлаганча пастга энгашди Майсара. — Ўзингизмисиз? Нима бўлди, акажон? Н-нега…
— Кет! — аламли шивирлади Ниғмат. — Кет бу ердан, Майсара! Сени… Кўришни истамайман! Истамайман!
— Бекорларни айтибсиз, — дея Ниғматга қаттиқроқ тикилди Майсара. — Ўзингизни аҳмоқликка солманг! Ҳечам ундаймас!
— Кетсанг-чи, нега без бўлиб олдинг?!. Мен… Мен соб бўлганман!
— Кетмайман! — беихтиёр йиғлаб Ниғматнинг тиззаларига бош қўйиб олди Майсара. — Сизни ташлаб кетмайман энди! Урсангизам, сўксангизам кетмайман!.. Зўрға топганимда, яна йўқотишни хоҳламайман!
— Мени бошингга урасанми, шоира? Кўриб турибсан-ку аҳволимни! Тирик товонликдан бошқасига ярамайман!
— Йўқ, ундай деманг! Менам фаришта эмасман. Сиздан сираям ортиқ ерим йўқ. Илтимос, изн беринг, бир умр сизга суяниб яшай! Фақат йўқ деманг!
Ниғмат Майсарага жавобан ҳеч нарса демади. Чунки ўзи ҳам унинг кетиб қолишини хоҳламасди. Фақат тилига кўчира олмаётганди. Кўзларидан сизиб чиқа бошлаган аччиқ ёшни енгига артган кўйи Майсаранинг бошига қўлини қўйди.
— Мени ташлаб кетмайсанми? Ҳеч қачон менга хиёнат қилмайсанми? Ногиронлигимни юзимга солмайсанми?
Майсара жавоб қилмади. Аксинча Ниғматни маҳкам қучиб юзидан бўса олди-да, даст ўрнидан туриб аравача тутқичларига қўл чўзди.
— Юринг, Ниғғмат ака, чарчадингиз! Агар рухсат беришса, сизни олиб кетаман!
— Мен сеникига бормайман! Ўзимнинг уйим бор. Мен… Табибман, табиб, тушуняпсанми? Бундан сенинг хабаринг йўғиди. Энди биласан. Мен… Бу касбни тарк эта олмайман! Тарк этсам, ўлиб қоламан!.. Мени уёқда беморлар кутишяпти. Қийналганлар, руҳан азобланганлар йўлимга кўз тикишяпти.
— Жуда соз! Унда бирга сизникига бориб ўша беморларни даволаймиз! Ўзим сизга яқин ёрдамчи бўламан!
Майсара аравачани касалхона томон етаклади.
Ниғмат индамади. Шу лаҳзаларда у унсиз йиғлар, қалбан бахтиёр эди.
Тамом.
#ҚароқчиХикоя

Комментарии

  • 30 сен 2019 10:07
  • 30 сен 2019 11:36
    Рахмат гурух модер модеркаларига эл ва мухлислар этиборида булинглар
  • 30 сен 2019 11:37
    gif
  • 30 сен 2019 13:25
    Зур фантастика хикоя, лекин Нигматни бекор оегидан айирдингизда..
  • 8 окт 2019 13:57
    оббо сиздан нима кетди оегини кесиб ташлаб