Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:
«Эй, Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом; «Лаа Илаҳа Иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозини тўкис адо қилмоғинг, Закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деди у.
Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
«Менга Иймон ҳақида хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва:
«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга худди Уни кўриб турганидек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.
«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.
«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чўри ўз хожасини туғмоғлиги, ялангоёқ, ялонғоч, камбағал, чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уриншларини кўрмоғинг», дедилар.
Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бир мунча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у Жиброилдир. Сизларга динларингиз дан таълим бергани келибди», дедилар».

Комментарии

Комментариев нет.