ҚОТИЛНИНГ ПСИХОЛОГИК ПОРТРЕТИ.

11-қисм
АҚШ Федерал қидирув бюроси қўлланмалари асосида.
Муаллифлар: Жон ДУГЛАС, Марк ОЛШEЙКEР
Агар кимдир Грег ва сержант Каванаэнинг берган таърифларига мувофиқ келадиган одамни таниб қолиб полицияга мурожаат қилса, қотил ўша заҳоти ҳибсга олиниши аниқ эди. Ҳолбуки, Грег таъкидлаганидек, номаълум жиноятчининг соядан ёруғликка чиқиши учун бироз вақт зарур эди. Махсус агент, шунингдек, қотил чуқур тушкунликка тушган сайин атрофидаги яқин дўстлари ва оила аъзолари тобора кўпроқ хавф остида қолишини айтди. У ҳар нарсага жаҳл қилаверадиган, бемаъни хатти-ҳаракатлар қиладиган ва ўзидаги қўрқувни назорат эта олмайдиган бўлиб қолади. Аммо энг катта хавфга унинг жиноятларидан хабардор икки одам— итоаткор ёрдамчиси ва рафиқаси ёки маъшуқаси дуч келишади. Асосий қотилдан фарқли ўлароқ, уларнинг иккаласи ҳам бегуноҳ одамни ўлдириб қўлини қонга белаганликлари натижасида келиб чиққан айбдорлик ҳиссини енгишга қийналишади. Грег ва полиция қотилнинг ёнидаги иккала шеригини жуда кеч бўлиб кетмасидан олдин уларга мурожаат қилишга ундаб, акс ҳолда улардан бири кейинги қурбон бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришди. Винс Беван томошабинларга қарата "Агар ҳозир телевизор кўраётган бўлсангиз, илтимос, ўзингизнинг ҳаётингизни сақлаб қолиш учун ҳам бизга зудлик билан қўнғироқ қилинг!" деди.
Бундай усуллар илгари жуда яхши натижалар берганди.
Донна Лин Веттер
Мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмидаги Федерал қидирув бюросининг ҳудудий идораларидан бирида ишловчи стенограф Донна Лин Веттер биринчи қаватдаги хонадонига бостириб кирган жиноятчи томонидан зўрланиб, ўлдириб кетилган. Бюронинг ўша пайтдаги раҳбари қатъият билан ФҚБ ходимларини ўлдирганлар ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини эълон қилган. Квонтикодаги энг яхши ва энг тажрибали икки агенти — хулқ-атворни тадқиқ этиш бўлими ходими Рой Ҳазлвуд ва терговга ёрдамлашиш бўлими ходими Жим Райт зудлик билан унинг вертолётида воқеа жойига учиб келишган.
Рой Ҳазлвуд (1937-2015) ФҚБ ходими, психологик портрет яратувчи
Рой ва Жим жиноят содир бўлган жойни обдон ўрганиб чиқиб, бир овоздан зўрлаш муваффақиятсиз тугаган, қотил буни олдиндан режалаштирмаган ва бехосдан иш тутган деган қарорга келишди. Бундан ташқари, агентлар қотилнинг умумий қиёфасини - унинг ўтмиши, маълумоти, жабрланувчининг хонадонига қанчалик яқин жойда яшашини, руҳий муаммолари ва нуқсонларини ҳам далилларга асосланиб тахмин қилишди. Улар қотилнинг ўз жиноятини яқин ҳамкасби ёки зўравонликларига кўниб у билан муносабат ўрнатган аёлга айтиб берган бўлиши мумкинлигини, эндиликда ўша одамлар хавф остида қолганини билдиришди. Агентлар Квонтикога қайтмасларидан олдин шу ерлик маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакилларига интервью беришиб, ўзлари тўплаган маълумотларнинг аксарият қисмини (лекин ҳаммаси эмас) ошкор қилишди ва номаълум жиноятчининг шеригини навбатдаги қурбон берилишидан олдин полиция билан боғланишга чақиришди. Орадан икки ҳафта ўтгач, қотилнинг қуролли талончиликдаги шериги полиция билан боғлангач, қотил ҳибсга олинди, унинг кафт излари жиноят жойидан топилган изларга тўлиқ мос келди ва унга нисбатан айблов эълон қилинди. Маълум бўлишича, яратилган психологик портретдаги деярли барча муҳим тафсилотлар жиноятчининг хусусиятларига мувофиқ бўлиб чиқди. Қотил синглиси билан яшаган ва моддий жиҳатдан унга қарам бўлган йигирма икки ёшли йигит эди. Қотиллик содир этилган пайтда у одам зўрлаганлиги учун полициянинг рўйхатида бўлган. Кейинчалик у суд қилиниб айбдор деб топилди ва ўлим жазосига ҳукм қилиниб икки йилдан сўнг қатл этилди.
Худди шундай натижани бутун Канада бўйлаб трансляция қилинган телевизион дастурдан ҳам кутган эдик. Кристен Френчнинг қотили ҳам теледастурни томоша қилган ва тасмага ёзиб олган. Унинг исми Пол Кеннет Бернардо бўлиб, телевизордаги дастурни кўраётганида ўзига умуман мос келмайдиган психологик портрет ҳақида эшитиб мийиғида кулиб қўйган. Пол йигирма саккиз ёшда эди ва қўл меҳнати билан шуғулланмас, метал буюмлар дўконида ҳам ишламасди. Аксинча, у анчайин ақлли одам бўлиб чиққан, университетнинг бухгалтерия йўналишини тугатган ва ўз соҳаси бўйича миллий аттестация синовларидан ўта олмай ишдан бўшатилгунга қадар "Прайс Уотерҳаус" компаниясида кичик ҳисобчи бўлиб ишлаган. Шундан кейинги бир неча йил ичида у ўзини кўп жабҳаларда синаб кўрган, хусусан, Америка Қўшма Штатларида ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини Канада чегараси орқали ноқонуний олиб ўтиш ва фирибгарларга сотиш орқали тирикчилик қилган. Унинг ҳеч қанақа қаймоқранг Камаро машинаси бўлмаган, бундай машинани ҳайдаб ҳам кўрмаган. У ўзиннг олтинранг Nissan 2405Х русумли автомашинасида қизни черков автотураргоҳидан ўғирлаб кетган. Содир бўлган воқеа ҳақида бир хил тасаввурга эга иккита гувоҳни топиш қийин, шунинг учун мен ҳеч қачон гувоҳларнинг кўрсатмаларига тўлиқ ишонмасликка одатланганман. Қолаверса, Бернардонинг итоаткор шериги ҳам бўлмаган. Унинг ёш ва чиройли рафиқаси, йигирма икки ёшли малласоч Карла Лин Хомолка эрига Кристен Френчни мажбурлаб машинага ўтқазишда ёрдам берган.
Дўстининг дафн маросимидан қайтган Лесли Махаффи уйига кира олмаган ўша кеча ҳам Пол Леслининг изидан кузатиб келган, қулфланган уй ташқарисида турган қизга яқинлашиб у билан гаплашган. Лесли унга нима воқеа бўлганини тушунтириб, сигарета сўраган ва бироз суҳбатлашиш учун унинг машинасига ўтирган. Пол қулай фурсатдан фойдаланиб унга пичоқ билан таҳдид қилган ва кўзини боғлаб, уйига, Карланинг олдига олиб борган. Полиция шунча вақт давомида қотилнинг аслида мавжуд бўлмаган эркак шеригини ва машинани қидирган. Бернардо Карла билан телевизор олдида ўтирган пайтида "Улар мени ҳеч қачон ушлай олишмайди!" дея хитоб қилган ва агент Маккрарининг эртами-кечми айбдорнинг қўлга олиниши ҳақидаги баёнотини эшитиб кулган. Пол Бернардо Каванаэ ва Маккрари айтиб ўтган психологик портретнинг баъзи тафсилотларини эътиборидан четда қолдирган. Яъни, у қўл меҳнати билан тирикчилик қилмаган бўлсада, аммо уйининг ертўласини устахонага айлантириб, ўша ердаги асбоб-ускуналар ёрдамида Лесли Махаффининг мурдасини қисмларга ажратган, тана қисмларини бетон блоклар орасига солиб суваб юборган. Пол мунтазам равишда хотинини ҳақорат қилган, камситган ва калтаклаган, жинсий зўравонликлар қилган. Ижара уйларида хотинига нисбатан бир қатор таҳқирловчи ишлар қилган, жумладан, уни ертўладаги шкафга қамаб қўйган, пол устида ухлашга мажбур қилган. Ўзидаги жинсий заифлик ва импотентлик сингари нуқсонларнинг аламини Карладан, ундан олдинги маъшуқалари ва қурбонларидан олган, уларга зўравонлик қилаётган чоғида ўзини "қирол" ва "хўжайин" деб аташларини талаб қилган. Пол бунгача ҳам аллақачон жиноятлар содир этишга улгурган. Полиция у ҳақида ҳеч нарса билмаса ҳам оддий одамлар уни яхши танишган ва ҳатто "Скарборо зўравони" деган лақаб ҳам орттирган. "Скарборо зўравони" 1987 йил май ойидан то 1990 йил май ойигача Торонтонинг шимоли-шарқий қисмига даҳшат солиб турган. Унинг "modus operandi"си қоронғу тушган маҳал автобусдан тушиб қолган аёлларни таъқиб қилиш, уларга ҳужум қилиб зўрлашдан иборат бўлган. Шу билан бирга, у ўз қурбонларини руҳан қийноққа солган, уларни фоҳиша, қанжиқ, манжалақи ёки ундан ҳам ёмонроқ номлар билан атаб, ўлдиришини айтган. Грег Маккрари ҳам ўша пайтда Торонтода эди, иккаламиз биргаликда телевизор олдида ўтириб тергов тафсилотларнинг устидан мириқиб кулган одамга деярли тўлиқ мос келувчи психологик портретни яратишга муваффақ бўлдик.
Бизда "Скарборо зўравони" ва мактаб ўқувчиларининг қотиллик ишларини боғлаш учун асос йўқ эди, чунки иккала ҳолатдаги "modus operandi" сезиларли даражада фарқ қиларди. Зўравон автобус бекатида қурбонларини кутиб ўтирган ва уларга орқадан ҳужум қилган. Лекин уларни ўлдирмаган. Қотил эса, аксинча, ўз қурбонларини, куппа-кундуз куни ёки уйлари олдидан олиб қочган. Полиция Скарбородаги дастлабки зўрлаш ҳолатлари ва Лесли Махаффининг ўлдирилиши ўртасида бир неча йил борлигини ҳисобга олмаганди: айнан ўша муддат ичида зўравоннинг қаҳр-ғазаби янада кучайган ва аста-секин тажриба тўплаб борган. Пол Бернардо муқаддам судланмаганлигига қарамай, полиция унинг барча ҳужжатларини топди. 1990 йил 29 майда "Toronto Sun" газетасида жиноятчининг юзини яхшироқ кўриб қолган энг охирги қурбоннинг кўрсатмаларига асосан "Скарборо зўравони"нинг тахминий кўриниши тасвири босиб чиқарилди. Суратдаги одам Пол Бернардога жуда ўхшаш бўлганлиги учун баъзи дўстлари ҳазиллашиб уни қидирувдаги зўравон деб атай бошлашган. Ўшалардан бири бу ажиб ўхшашликдан шубҳаланиб полицияга мурожаат қилган ва полиция Бернардонинг уйига борган. Пол уларга жуда хушмуомала муносабатда бўлиб, саволларига жавоб берган ва ўзидан қон, соч ва сўлак намуналарини олишларига бажонидил рози бўлган. Расман ундан гумондор тамғаси олиб ташланмаган бўлсада, иш очилмай қолаверган. Ўша пайтларда ДНК таҳлили жуда машаққатли ва кўп вақт талаб этар, полиция лабораториясининг имкониятлари шу қадар чекланган эдики, барча намуналарни текшириб чиқиш учун йиллар керак бўларди. Пол Бернардо жиноий жавобгарликка тортилмаган, полиция кузатувида бўлмаган ва ҳеч қачон рўйхатда асосий гумондорлар сафидан ўрин эгалламаган. Шунинг учун ҳам ундан олинган намуналар таҳлил қилинмай қолаверган. Акс ҳолда Лесли Махаффи ва Кристен Френчлар тирик қолган бўларди.
"Скарборо зўравони" Пол Бернардо ва Карла Хомолка
Ваҳоланки, "Яшил тасма" жамоаси ҳисобга олмаган яна бир жабрланувчи бор эди, чунки унинг ҳам Полдан жабр кўрганлигини ҳеч ким билмаган. У Карла Хомолканинг ўн беш яшар малласоч синглиси Тамми эди. Гўзалликда опасидан қолишмайдиган Тамми 1990 йил Рождество арафасида ота-онасининг уйида сирли равишда ҳушини йўқотганидан кейин авлиё Кетрин касалхонасига олиб келинган ва ўша ерда вафот этган.
Ўша пайтда уйда бўлган Пол ва Карла телевизор олдида ухлаб қолишганини, нафас ололмай қийналаётган Таммининг хириллашини эшитиб уйғониб кетишганини айтишган. Тез ёрдам машинасини ҳам айнан улар чақиришган эди. Полиция Таммининг ўлимини бахтсиз ҳодиса деб қайд этган. Аслида эса Тамми опасининг қаллиғи Полнинг шаҳвоний истаклари қурбони бўлган эди. Пол Карлани мажбурлаб, синглисига гиёҳванд модда беришга ва қиз ҳушини йўқотгач зўрлашда ёрдам беришга кўндирган. Гиёҳванд модда таъсири остидаги Тамми нафас ололмай бўғилиб қолган ва ахийри жон берган. Июнь ойида Пол ва Карла дабдабали тўй маросими ўтказиб кўп сонли одамлар қуршовида турмуш қуришган. Тўй Гибсон кўлидан Лесли Махаффининг жасади топилган куни бўлиб ўтган. Шу ерда сизда "Қандай қилиб эсли-ҳушли ёш қиз ўз синглисини зўрлаган ва ўлдириб қўйган одам билан турмуш қуриши мумкин? У ўзининг тинимсиз калтакланишига, жисмоний ва руҳий камситилишига қандай чидаб яшаган ва ҳатто бошқа бегуноҳ қизларнинг ўғирланиши, зўрланиши ва ўлдирилишида иштирок этган?" сингари саволлар туғилиши табиий.
Бир қарашда, бу саволга жавоб осон ва соддадек туюлади. Аммо жинсий зўравон-садистлар ва уларнинг итоаткор қурбонлари устида олиб борилган кўп йиллик кузатишлар ва ўрганишлар бунинг анча мураккаб масала эканлигини кўрсатди.
Тамми Хомолка (1975-1990)
Рой Ҳазлвуд раҳбарлигида жинсий зўравонлик устувор бўлган муносабатларда кўпинча нисбатан нормал ҳолатдан бошланувчи кетма-кет бешта босқични аниқладик.
1️..Биринчи босқичда садист содда, бировга қарамликка мойил ёки заиф аёлни танлайди. Ўша аёл ўтмишда ҳам шундай таҳқирловчи ҳаёт кечирган ва янги таниши сиймосида ўзининг халоскорини кўрган бўлиши ҳам мумкин.
2️..Иккинчи босқичда садист аёлга ўта мулойим муносабатда бўлади, совғалар, руҳий ёки моддий мадад беради, уни ҳимоя қилишга онт ичиб ўзига қаратиб олади. Аёл уни меҳрибон ва эътиборли жуфт деб билиб уни севиб қолади. Дарҳақиқат, Пол Бернардо келишган, жозибали ва муомаласи ёқимли йигит бўлиб, нишонидаги аёлларни осонликча қўлга ўргата олган.
3️...Ўз мақсадига эришган садист учинчи босқичда аёлни ғайриоддий, ғалати усуллар оқали жинсий алоқа қилишга ундай бошлайди ва охир-оқибат бу ҳолат аёлнинг иродасини букиб, унинг онгига сингдирилган қадриятлар ва меъёрлар тизимини парчалашга ёрдам берадиган доимий амалиётга айланади. Бу эса ўз навбатида, уни қариндошларидан ва у билан суҳбатлашиши мумкин бўлган барча одамлардан узоқлаштиради, чунки у ўзи бошидан кечирган жинсий муносабатлар ҳақида эслашни, тилига чиқаришни истамайди.
4️...Тўртинчи босқичда садист аёлни қариндошлари ёки дугоналари билан ҳар қандай алоқада бўлишига тўсқинлик қилиш орқали узоқлашиш жараёнини якунлайди. Аёлнинг барча хатти-ҳаракатларини, қаерга боришини, нима қилишини фақат ўзи белгилаб берадиган бўлади. Садист унинг ҳамма нарсани унутишини, аёлнинг эътибор марказида фақат ўзи қолишини истайди. Унинг кредит карталарини олиб қўйиши, харажатларини, пулларини шахсан ўзи қаттиқ назорат қилиши, унга маълум бир вақтда уйда бўлишини буюриб, агар кечикса жазолаши мумкин. Итоатсизлик ёки садоқатдан ҳар қандай оғиш ҳолати жазо учун баҳона бўлаверади.
5️...Ва ниҳоят бешинчи босқичда, аёл дунёдан батамом ажралиб қолади ва садист унинг ягона суянчиғига айланади. Гарчи ҳамма нарса садистинг кайфияти ва табиатига боғлиқ бўлсада, аёл унинг қаҳрига йўлиқмаслик учун унинг муҳаббати ва эътиборини қозонишга ҳаракат қилади. Садистнинг қилган ҳар бир иши ва айтган ҳар бир сўзи битта мақсадга йўналтирилган бўлади: аёл бора-бора ўзини ёмон, кучсиз, аҳмоқ, доимо айбдор ва жазога лойиқ одам сифатида кўра бошлайди. ...Тинтувлар мобайнида Карланинг ўз хатолари учун Полдан узр сўраб, уларни такрорламасликка ваъда берган юзлаб хатлари ва ёзишмаларини топиб олган эдик.

ҚОТИЛНИНГ ПСИХОЛОГИК ПОРТРЕТИ. - 910813475854

Комментарии

Комментариев нет.