Тақдиржон

Умрим ботқоқ. Шу ботқоққа ботиб йиғлай,
Тўрт томонга юрагимни отиб йиғлай,
Сен истасанг, оёғингга ётиб йиғлай,
Мени ёлгиз ташлаб кетма, Тақдиржон!
Сен оппоқсан, юраги доғ, кир ўзим,
Сен буюксан, тубанликда Ер ўзим,
Бу дунёда қўрқаяпман бир ўзим,
Мени ёлғиз ташлаб кетма, Тақдиржон!
Базмларнинг чўғи ўчди, ўчоқда,
Ёрим эмас, армон ухлар қучоқда,
Дўсти-ёрим юз ўгирган шу чоқда,
Мени ёлғиз ташлаб кетма, Тақдиржон!
Жахлингни жаҳд эт майлига, жонда тур,
Тонгим бўлиб отмасанг хам, шомда тур,
Азобласанг, қийнасанг ҳам, ёнда тур,
Мени ёлғиз ташлаб кетма Тақдиржон!
Ёнимда тур, ё тўкисим, ё кам бўл,
Хато умрим ишларига ҳакам бўл,
Бошим сила, опам бўлгин, акам бўл,
Мени ёлғиз ташлаб кетма, Тақдиржон!
Юраккинанг аҳволимни билмайдими,
Ё билса ҳам, назарига илмайдими,
Кўзларимга боқиб раҳминг келмайдими,
Мени ёлғиз ташлаб кетма, Тақдиржон!
Бу дунёда қўрқаяпман, бир ўзим. . .

Комментарии

Комментариев нет.