ЭНДИ ГУНОҲДАН ТЎҲТАРСАН?

Бир киши Иброҳим Адҳамнинг олдига келиб: Эй Абу Исҳоқ, нафсим ҳаддидан ошиб кетди, гуноҳ ишлар қилиб қўяпман, сизда нафсимни гуноҳ - маъсиятлардан тўхтатадиган бирор нима борми?-деди. Иброҳим:
Агар мендан бешта хислатни қабул қилсанг ва уларни бажара олсанг, сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бера олмайди, - деди. У:
-Айтинг, эй Абу Исҳоқ, - деди. Шунда Иброҳим:
- Биринчиси: Агар Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, Унинг ризқини емагин,-деди. У:
Унда ризқни қайердан оламан, ахир Ер юзидаги барча нарса Унинг ризқидан-ку!-деди. Иброҳим:
-Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?!-деди. У:
-Йўқ. Иккинчисини айтинг,-деди. Иброҳим:
- Агар Унга нисбатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, Унинг ерида истиқомат қилма,-деди. У:
-Эй Иброҳим, буниси аввалгисидан ҳам қийинрой-ку! Ахир Машриқу Мағриб ва булар орасидаги ҳамма жой Уники бўлса, унда мен қаерда яшайман?-деди. Иброҳим:
-Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, Унинг ерида яшаб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?!-деди. У:
- Йўқ. Учинчисини айтинг,-деди. Иброҳим:
-Агар Унга нисбатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, У кўрмайдиган жойни топиб, ўша ерда гуноҳ қилгин,-деди. У:
- Эй Иброҳим, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин...
Ахир У Зот барча сирлардан хабардор, қалбдаги яширин нарсаларни ҳам билади-ку, Унга бирор нарса махфий эмас-ку!-деди. Иброҳим:
-Эй биродар, ўйлаб кўр, Унинг берган ризқидан еб турган бўлсанг, Унинг ерида яшаб турган бўлсанг ва яна у сени кузатиб турган бўлса, Унга гуноҳ қилишинг яхшими?!-деди. У:
- Йўқ. Тўртинчисини айтинг,-деди. Иброҳим:
- Агар жонингни олиш учун ўлим фариштасини келса , сен унга:
"Кейинга қолдириб тур, тавба қилиб олай",дегин,-деди. У:
- Ўлим фариштаси менинг бу гапимни қабул қилмайди, -деди. Иброҳим:
-Агар ўлимнинг кечикмасдан, тўсатдан келишини билсанг ва тавба қилиб олиш учун уни ортга суришга имконинг бўлмаса, қутулиб қолишни қандай умид қиласан?!-деди. У:
-Бешинчисини ҳам айтинг,-деди. Иброҳим:
- Агар қиёмат куни сени дўзаҳга олиб кетиш учун забониялар (яъни азобловчи фаришталар ) келишса, улар билан бормагин,-деди. У:
-Улар бунга кўнмайдилар-ку!-деди. Шунда Иброҳим:
-Ундай бўлса, қандай қилиб нажотдан умид қиласан?!-деди. У:
-Эй Иброҳим, етарли бўлди, менга шу кифоя, энди Аллоҳга истиғфор айтаман ва тавба қиламан,-деди.
"Кўҳна дунё ривоятлари" китобидан.

Комментарии

Комментариев нет.