УЧИНЧИ ТАҚДИР

Муаллиф: Наргиза Усанбоева
25-қисм
— Бирдан тушкунликка тушманг. Борган қизларингизнинг кўнглида бошқаси борлиги учун рози бўлмагандир? — деди у дастурхон четини ўйнаб. — Сиз энди суриштириб, билиб, ҳали кўнгил бериб улгурмаган қизга боринг...
— Мен нима деб суриштираман? Яхшиси, сен суриштир...
— Майли, қўшни қизларни гапга оламан...
— Лекин... барибир “тенг тенги билан” деб бежизга айтишмайди. Менимча, ўзимга ўхшаган, узоқдан келиб қолган, мусофирсифат хонадонга боришим керак...
— Унақа оила йўқ-ку! — ҳайрон бўлди Сарвара. — Узоқдан келин бўлиб келган фақат сиз бўлсангиз керак.
— Икки кундан буён булоқдан наридаги Абди чолнинг ажрашиб келган қизи миямдан кетмайди, — ўйга толиб деди Барчин. Тўғри, у мендай қайта турмуш қурмади. Лекин акалари қуриб берган қишлоқ четидаги уйда тўрт боласи билан яшаяпти. Бошқа тумандан қайтиб келгани учунми, катта қизини одамлар сўрашмади. Охири уч қишлоқ нарига жўжа бирдай жон бўлган катта, “юпқа” оилага беришга мажбур бўлди. Иккинчи қизи ҳам мана йигирмадан ошди. Ҳали бировни сўради деб эшитмадим. Шуларни ўзимга тенг биляпман. Қизи қандай? Билмайсанми?
Сарвара Покизанинг ювош, истарали ва доим синиққина жилмайиб турувчи чеҳрасини эслаб маъюслашди. Чунки Покиза ростдан ҳам Ўлмасга муносибдек туюлган, юраги тубидаги ярасини тирнаб юборганди.
— Жуда яхши, беозоргина қиз. Ўғлингизга ҳам муносиб. Иккиси ҳам мулойим, меҳрибон...
— Кўнгиллари ҳам ярим. Бир бутун бўлиб яшашар, а?
— Ҳм... — деди Сарвара бош эгиб. Кейин қўшиб қўйди: — Менимча, у ўғлингизга ҳам ёқади. Йўқ, демайди.
— Ўлмас шўрлик ҳеч кимга йўқ деётгани йўқ. Худди унга фарқи йўқдек, “Ўзингиз биласиз”, дейди. Шунисига ҳам шукр дейман. Фалончини олиб беринг, деб туриб олса, кимга додимни айтардим?
Барчин ўғлидан яна шу сўзни эшитишини билгани учунми, Ўлмасга индамади. Катта қизини айттирди-да, ўша куни кеч тушиши билан Покизага совчиликка борди.
— Отам билан маслаҳат қилай, сўрай. Уларнинг измисиз бир нима дея олмайман, — деди хурсандчилигини яширмай қизнинг онаси.
Иккинчи бор борганларида эса жилмайибгина энди эркак совчилар фотиҳа тўйнинг маслаҳатини қилишга келаверишлари мумкинлигини қистириб ўтди.
Барчин ҳам севинчдан терисига сиғмай қолди.
“Ўғлимни уйлантирамиз... Тўй бўлади, энди. Худойим-ей, кейин ўзимнинг жажжи невараларим дунёга келади. Уларга шундай қарайманки... Айтганча, уларни отаси айтганидек тоғ тагига кўчириб юборсак, қандай чидайман?”
Уйига энтика-энтика кириб келган совчиларни ҳамма интизор кутиб ўтирарди.
— Бўрими, тулки? — деди уларга кўзи тушиши билан Абдусалим.
— Бўри, бўри, — деди Барчиндан аввал укасига опа.
— Э-э, “қуш” қуллуқ бўлсин, укам! — табриклади Абдусалим.
— Ким? Қайси қиз? — ҳайрон бўлди ҳеч нарсадан хабари бўлмаган Ўлмас.
— Покиза! Сенга фариштадек беозор қизни топдим, — мамнун бўлиб деди Барчин. — Абди чолнинг невараси.
— Кўнглимдаги қизни топибсиз! — деди илк бор Ўлмас тап тортмай.
— Во-о-о, писми-и-қ! — ўрнидан туриб укаси билан қўл ташлашди Абдусалим.
Бир четда чақалоғини ўйнатиб ўтирган Сарваранинг бошига дунё қулагандек бўлди...
13
2003 йил. Ёз. Тошкент
— Шаҳло! Шаҳло, дедим! — шаҳар марказидаги Миллий боғ дарвозасидан отилиб чиққан йигит саросима билан атрофга олазарак қаради. Рўпарасидаги катта, серқатнов йўлнинг ҳар бир нуқтасига кўз тикди. Излагани кўринмагач, ўзига-ўзи тўнғиллади: — Қаёққа кетди?
Тўсатдан елкасига “қарс” этиб урилган сумка ва қизнинг шўхчан кулгисидан чўчиб тушаркан, қовоқларини осди:
— Юрагимни ёрдинг! Пусиб, қаерда тургандинг?
— Дарвоза панасида... — тағин қиқирлади қиз.
— Мунча кулдинг?! Айтиб қўяй, гапим гап! Мен “юрфак”ка топшираман!
Қизнинг бирдан қошлари чимирилди. Сўнг ўпкалаган каби лаб бурди-ю, ўнг қўлдаги бекат сари индамай кета бошлади.
— Шаҳло! Менга гапингни ўтказишга уринма! Ортингдан эргашиб юрмайман!
— Ваъдабоз! Битта ўқишга топширамиз, деган сен эмасмидинг! — ортига қарамай синфдошига гина қилди Шаҳло.
— Мен топширган ўқишга борасан деб ўйлагандим. “Журфак”да нима қиламан? Уйдагилар ҳам юрист бўлишимни истайди!
— Мен журналист бўлишимизни истайман!
— Э, бор! — қўл силтади йигит.
Иккиси икки томонга кета бошлади. Бекатга етгач, ортига қараган Шаҳло Бекзоднинг анча узоқлашганини кўриб, жаҳли чиқди: “Шу қилганинг учун ҳам журналист бўлмасамми?”
У эртасигаёқ ҳужжатларини олиб йўлга тушди. “Беруний” метросидан чиқиб, йўл четига қатор қилиб экилган баланд-баланд дарахтлар ўртасидаги пиёдалар йўлагидан бораркан, ёнида Бекзоднинг йўқлигидан, кечадан буён телефон ҳам қилмаганидан жаҳли чиқди. Тўғри, у гўшакни Шаҳлонинг ўзи эмас, уйдагилардан кимдир кўтариб қолишидан жуда чўчийди. Лекин аразлашганда барибир баҳона топарди. Энди эса жим...
Қабул комиссиясида навбат катта эди. У асабий ҳолда тизилиб турган абитуриентларга яқинлашди.
— Сизам шу ерга топширасизми? — деди ундан олдин турган баланд бўйли, оппоқ юзли, ўткир нигоҳи ва тим қошларини “мана ман” дея кўз-кўзлаётган йигит.
Шаҳло аввалига эшитмаганга олди.
— Сизга гапирдим! Гап отаётганим йўқ. Агар топширсангиз, навбатда менинг ҳам борлигимни айтинг. Сув ичиб келай, — деди ҳалиги йигит қўрслик билан.
Бунақа муомалани кутмаган қиз тумтайганча “хўп” деди. Аммо келишган йигитнинг ортидан бефарқ қаролмади.
Йигит қанчалар қўпол гапирмасин, қовоқ осмасин нимасидир ўзига тортарди. Ўша “нима”дир Шаҳлони ҳам мафтун этди. Ҳужжат топшириб бўлгунча йигитни зимдан кузатди: ўзининг келишган, ўктамлигини билмайдигандек, тикилган нигоҳларни пайқамас, қўлидаги қоғозлардан кўз узмасди у. Гоҳ атрофга норози қиёфада боқиб қўяр, аҳёнда бир хўрсинади.
“Агар иккаламиз ҳам ўқишга кириб кетсак, курсдош бўламиз. Ўшанда у ҳақда ҳамма нарсани билиб оламан. Балки кўнгил қўйгани бордир? Шунинг учун бошқаларга қайрилиб боқмас... Бунақа йигитларнинг тек юриши қийин. Аллақачон иккита-учта қизнинг ошиғига айлангандир?”
Қиз уйга келганида ҳам шу нотаниш йигит ҳақида ўйлади. Бекзод эса унинг хаёлий хиёнатини сезгандек, йўқламасди.
* * *
1 август. Имтиҳон олинадиган бинога кириш учун абитуриентлар қатор-қатор тизилган. Эшик олдига қўйилган стол устида жимитдек китобчалар, кафтдек қўлбола дафтарчалар, букланган турли қоғозларни кўриш мумкин. Буларнинг ҳаммаси ичкарига кириб кетган йигит-қизлардан чиққан “топилмалар”. Уларга кўзи тушиши билан Шаҳлонинг юраги гўё бугун барча кучини сарфлашга уринаётгандек бетартиб дукиллайди. Ўзи ҳам бесаранжом. Тез-тез юбкаси камарига ичкаридан қистирилган “шпаргалка”ларни пайпаслаб қўяди. Назоратчига яқинлашгани сари ҳаво сийраклашгандек, тез-тез нафас олади.
— Вой, анув қиз сочларининг орасига “шпаргалка” яширган экан. Топиб олишди, — деди ўзидан олдин турган қиз.
— Сиз ҳам яширганмисиз? — беихтиёр деди Шаҳло.
— Ҳа, кўйлагимнинг этагига тикиб чиқдим. Сезишса, ҳам “кўйлагингни еч”, дейишмайди-ку!
— Юлиб олишлари мумкин. Қоғоз тез йиртиладиган нарса...
— Анув йигитникини ҳам топишди! — аланглаб деди Шаҳло.
— Содда экан. Пайпоғига ҳам яширадими?
Ҳадемай уларга навбат келди. Ҳалиги қизнинг этаклари ортига тикилган қоғозларни билиб қолишди ва юлиб олиб ташлаб, киритишди. Ундан кейин турган Шаҳлонинг ранги учди. Аммо назоратчи аёлнинг югурук қўллари қизнинг яширин “билим”ини тополмади.
“Худога шукр, энди фойдалана олсам бўлди”, — ичида севингани сари Шаҳлонинг ҳаяжони кучаярди.

Комментарии

Комментариев нет.