Нуриддин Исмоилов асари:

“Ўлим жазоси берилсин!..” (62-қисм)
Лекин кўтариб чиққанларининг биттаси уни тинчитиб қўйди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқа бошлади.
— Керак бўлса, мен Фазлиддинни ўзимга божа қилиб оламан! — деди у хотинига кўзларини сузиб қараркан. — Тушундингми? Менинг қўлимдан келади!
— Жим бўлинг! — деди Зебо жаҳли чиқиб. — Ичингизга озгина кириши билан ҳар бало деяверасизми?! Ўчиринг овозингизни!
Бироқ эр жониворнинг овози ўчмади. Боши ликиллаб Фазлиддинга юзланди-да:
— Божиш! Божиш! — дея ҳиринглаб кулди.
Малоҳатнинг иккала юзи қип-қизил эди. У поччасидан асло хафа бўлмаётганди. Бироқ унинг сўзлари уялтираётганди. Шу боис ўрнидан туриб кетди…
Орадан бироз ўтиб, хуррак овози эшитилди. Бу пайтда Фазлиддин айвонда эди. Очиқ деразадан ташқарига қараб турар, нигоҳлари жуда узоққа қадалганди.
— Фазлиддин, — деди синглиси ҳамроҳлигида унинг ёнига борган Зебо, — хафа бўлма, ука. Одати шундай. Эртага кўрасан, айтган гапларидан тониб туради.
— Мен сира хафамасман. Нима десам экан? — деб Малоҳатга қараб қўйди Фазлиддин. — Қайтага, анча-мунча хурсанд қилди.
— Эҳ! — дея кулди Зебо. — Сен ҳам қўйма!..
— Опа, — деди Малоҳат ҳам жилмайиб, — ўзингиз шу гапни сўраб олдингиз-ку!
Вой, сен ҳам ҳали бу томондамисан? Бундан чиқди, поччанг мастликда рост гапларни айтиб қўйибди-да!..
— Ҳимм! — дея кесатган бўлди Малоҳат, сўнг: — Балки, қаҳва дамлаб берарман, — деб гапни бурди.
— Ана шуни сизга айтолмай тургандим, — дея кулди Фазлиддин.
— Менга сутлиси, — деди Зебо. — Қара-я, қаҳва деган нарсаларни билади. Яшаб кетган-да шаҳарда.
— Алам қилсин!
Ошхонадаги суҳбат жиддий бўлди.
— Ўқишни битирганингдан кейин муаллим бўласанми? — деб сўради Зебо.
— Менимча, ўқитувчилик қилолмасам керак. Чунки бошқа нарсалар жудаям кўп. Мен янги йилда қишлоққа борганимда… — деб Фазлиддин Малоҳатга қаради. — Энди айтавераман, — деди сўнг кулиб, — хуллас, ўшанда Малоҳатга шампунь кашф қилганимни айтгандим.
— Ҳа! — деди Малоҳат бирдан кўзлари чақнаб. — Ўша нима бўлди?
— Уни такомилига етказдим. Фақатгина ишлаб чиқариш қолди. Кашфиётни бошқа бировга бермоқчи эмасман. Аммо бунинг учун кооператив очишим керак экан. Унга илова сифатида шампунга патент олишим керак. Шундан сўнг бемалол ишлаб чиқарсам ҳам бўлаверади…
— Қизларники нима бўлди? — дея сўради Малоҳат.
— Униям синовдан ўтказдим. Курсдошларимда синадим. Уларнинг ҳаммаси ҳозир сочларини менинг шампунимда ювишади. Агар тугаб қолса, юргани қўйишмайди. Бунинг устига, кундан-кунга жуда кўп нарсалар дефицит бўлиб боряпти. Ҳозир айни ишлаб
чиқаришнинг вақти.
— Унда нега шу айтганларингни қилмаяпсан? — деб сўради Зебо.
— Нега энди? Кооперативни очиб бўлдим. Лекин патент олиш чўзилаяпти. Менинг бир тутинган акам бор. Журналист. Малоҳат эшитган.
— Камол Шон, — деди бирдан Малоҳат.
— Ҳа, ўша. «Нима қилиб бўлсаям олиб бераман», деди ўша киши.
— Хўп, кейин ишлаб чиқарган шампунларингни нима қиласан? — сўради Зебо.
— Магазинларга тарқатаман. Улар сотишади.
— Сенга фойдаси борми?
— Биринчи навбатда фойдаси менга тегади-да.
— Унда яхши экан.
— Шу, менга кассир керак бўлиб турибди-да, — деб кулди Фазлиддин.
— Мен бўламан! — деб юборди кутилмаганда Малоҳат ва бирдан оғзини ёпди.
— Ҳо, қизгинанинг ишлари чатоқ-ку! — деб кулди Зебо.
— Аммо тўғри айтяпти. Ишончли.
— Сен иккалангнинг гапинг бир! — деди Зебо кулиб. — Уни-буни баҳона қиласанлар-да!..
— Опа, баҳона қилмаяпмиз. Ҳаммаси шаффоф. Масалан, Малоҳат ўқишга кираман деганди…
— Киролмаса-чи…
— Киради. Киролмаса, тайёрлов курси бор. Унга киради.
— Ҳа, — деб Фазлиддиннинг гапларини тасдиқлади
Малоҳат, — тайёрлов курсига кираман.
Бироқ унинг хаёлида умуман бошқача ўй ҳам йўқ эмасди. Бу ёққа келишидан олдин у ҳатто шунга ҳам тайёр бўлиб келди. «Шу пайтгача Фазлиддин акам бирор марта бўлсин, менга нисбатан ҳис-туйғуларини ошкор этмади. Агар у айтмаган бўлса, мен ўзим айтаман. Мабодо, ўқишга киролмай қолсам: «Уйингиздагиларни бизникига жўнатинг. Иккаламизни унаштириб қўйишсин. Мен бошқа бунақа айрилиқда юролмайман. Шунча йилдан бери бўларим бўлди. Ҳатто бошқа бировга ҳам бериб юборишмоқчи эди. Сал қолса, беришарди ҳам. Лекин мен оёғимни тираб туриб олдим», дейман… Ундан кейин Фазлиддин акам ҳатто мени тўй қилиб олиб кетса ҳам розиман. Ўқимасам ҳам ёнида бўламан. Кирларини юваман, овқатларини тайёрлаб бераман. Иккаламиз учун Фазлиддин акамнинг ўқигани етарли…» дея кўнглидан ўтказган эди. Ҳозир эса шунга яқин гап-сўзлар бўляпти.
— Майли-ку-я, — деди Зебо, сўнг синглисига бироз қараб турди-да, — ҳимм, кейин айтаман қолганини, — дея гапини охиригача етказмади.
— Лекин ниятни яхши қилаверайлик.
— Бу гапинг ҳам тўғри. Энди рухсат берсанг, биз дам олсак. Ҳали бир ойдан зиёд шу ердаман. Ҳамма гапларни гаплашиб оламиз, — деди Зебо Фазлиддинга.
— Яхши.
Аммо Малоҳат ҳам, Фазлиддин ҳам ухлай олмади. Шунча айрилиқдан кейин қандай ухлашсин? Ҳар иккиси ҳам кўзларини юмиб, бир-бирлари тўғрисида хаёл суришарди…
Эртасига Зебо эрини қишлоққа жўнатиб юборди.
Сизнинг умуман керагингиз йўқ. Бу аҳволда алкаш бўлиб қоласиз. Бунинг устига, уйда болаларнинг ўзлари қолишган. Уларни бировга ишониб бўлмайди. Уйга боринг. Ана, Фазлиддиннинг ўзи бизга етиб ортади, — деди.
Эрининг яна бир-икки кун қолгиси, шаҳар айлангиси бор эди. Шу боис хафа бўлди. Бироқ аёлининг айтганини қилиб йўлга тушди.
Фазлиддин уни автовокзалгача кузатиб бормади. Таксига ўтқазди. Чунки Малоҳатнинг ҳужжатларини университетга олиб бориб топшириши керак эди…
Ҳали ҳужжат топширадиганлар кам экан. Шу боис ишлари ўнгидан келиб, бир соат деганда ишларини бажаришди.
Фазлиддин опа-сингилни уйга олиб келиб қўйиб, ўзи университетга қайтиб кетди. Сабаби пахтага бормаганлиги учун уни ёзда университетда шу абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва яна бошқа югур-югур ишлар учун олиб қолишганди. Шу боис у кечгача университетда юришга мажбур.
Уйга эса Хонзодахон қўнғироқ қилибди. У аввалига қиз боланинг овозини эшитиб:
— Сан кимсан?! У ерда нима қилиб юрибсан?! — дея бақириб юборибди.
Унинг овозидан Малоҳат довдираб қолибди ва шоша-пиша ўзини таништиришга тушиб кетибди.
— Эй-й, минг бор узр, қизим! Сизнинг борлигингиз эсимдан чиқиб кетибди. Қалай, Саидахон яхши юрибдими? — деб сўрабди.
— Ҳа. Фарзандли бўлди, — деб жавоб қилибди Малоҳат.
— Оҳ, қандоқ яхши! Мана бу ҳақиқий зўр хабар. Энди
сиз ўқишга кириш учун келдингизми?!
— Ҳа. Бугун ҳужжатларимни катта опам, Фазлиддин ака билан бирга бориб топшириб келдик…
— Вой, қизим, унақа деманг. Ҳар доим «акам» деб ўзингизга тегишли қилиб гапиринг. Шунда ҳар томонлама мос тушади. Аммо ҳечқиси йўқ, ҳали ўрганиб кетасиз. Олимнинг ўзлари қаердалар?
— Ким у? — деб сўрабди Малоҳат соддалик билан.
— Вой, ўзимнинг қизимдан! Сизга соддалик ҳам ярашади. Чин кўнгилдан қилинган соддалик. Ким бўларди, Фазлиддин-да…
— У киши университетга кетди.
— Яхши. Энди сиз менга қайси факультетга, нечанчи бўлиб топширганингизни, исм- фамилиянгизни тўлиқ айтинг. Мен бир пайтлар отангизга қизларингизга ёрдам бераман, деб ваъда қилгандим. Аёл киши бўлсам ҳам, сўзимда туришим керак!..
Малоҳатнинг энсаси қотибди. Бироқ ҳаммасини Хонзодахон сўрагандай айтибди. Кейин Хонзодахон гўшакни қўйибди.
Сўнг Малоҳат опасига Хонзодахоннинг кимлигини гапириб берибди. Буларнинг барини Фазлиддин уйга қайтиб келгач, Малоҳат сўзлаб берди.
— Яна бирор нимадан умидвор бўляптимикан? — дея пешонасини тириштирди Фазлиддин.
— Пулми? — деди бирдан Зебо.
— Менимча…
— Лекин отамда у сўрайдиган пул бормикан?
Мен пул билан ҳеч қачон ўқишга кирмайман! — деди бирдан Малоҳат қатъий.
— Лекин, синглим, ҳозир ҳамма шундай қиляпти. Агар пулини бермасанг, минг билиминг бўлсаям, ўқишга киролмайсан.
— Қайтиб кетаман ундан кўра!
Фазлиддин Малоҳатнинг қароридан ичида хурсанд бўлган эса-да, кулди.
— Балки, пулмасдир. Ҳозирдан бир нимани билмай ваҳима қилаётгандирмиз… Эртага ўзим бир қўнғироқ қиламан. Ҳозир эса иккингиз ҳам кийининг, домланикига борамиз. Хадича опа Малоҳатнинг келганини эшитиб, хурсандлигидан чапак чалиб юборди.
— Энди униси ким? — дея сўради Зебо.
— Малоҳатнинг устози.
— Войбў, Малоҳат, Саида эмас, сен келган экансан-да ўшанда ўқишга.
— Ҳа. Хадича опа зўр аёл. Мен ўзим ҳам соғингандим. Кўришмаганимизга икки йил бўлди.

Комментарии

Комментариев нет.