УЧИНЧИ ТАҚДИР

Муаллиф: Наргиза Усанбоева
30-қисм
У тушгача шундай ҳадик билан юрди. Ниҳоят онаси шошилтирди:
— Дадангларнинг қорни очиб кетди. Чалоб қилдингми? Саҳарда туриб кетишган эди. Сувлари ҳам тугагандир?
— Сув учун сойдаги булоққа Жалол келиб-кетади, — тинчлантирди Мадина.
— Қорнилари-чи? Азонда одамда иштаҳа бўлсаки, улар дурустли чой ичса...
— Нон-пон бервормадингизми?
— Алишер нон билан тарвуз ҳам олиб кетди. Лекин тарвуз ични ювиб кетади-да. Тағин ҳали турган-битгани дори. Помидор тугабди, пуштадан бордингнинг ўзини териб олақол!
Мадина “Алишер” деган сўздан бир сергакланди. Укасининг исми тилга олинган бўлса-да, мактуб эгасини яна бир карра эслатиб, юрагини ўйнатди.
— Бозорга бораётганларга помидор тайинламадингизми?
— Заҳардан қиммат. Ҳадеб олавергани пул қаерда? Икки ҳафталарда ўзимизники ҳам пишиб қолади. Ана, бодринг туйиб ётибди-ку. Шунинг ўзини кўк пиёз билан олиб борасан. Бўл тез, бидирламай!
Мадина тугунларни кўтариб йўлга тушди. Мажнунтол қаршисига етганда юраги мушук панжасидаги мусича каби жонҳолатда безовталанди. Атрофга олазарак боққан қиз хатни олмоқчи бўлди. Лекин қўрқди.
“Йўлда барибир ўқий олмайман. Қайтишда ўқишга уринсам, Алишер чиқиб қолиб, кўрса... Йўқ, бўлмайди! Тағин йўлда тушириб қўйишим ҳам мумкин”.
У ниятидан қайтиб, қир томон ошиқди. Хайрият, йўлида Алишер учрамади.
Узоқдан кўзга ташланиб турган мажнунтол Мадинага қадрдондек туюлди. Илгари сира эътибор қилмаган экан. Шўрлик Алишер ва Мадинанинг сирларини кўтара олмаётгандек, шохлари сувда ҳилпираганча бошини эгиб турарди. Яхшиям унинг соч каби тарам-тарам шохлари кўздан пана қила олади. Мадина кела солиб ўзини дарахт панасига урди. Аввалига ковакка қарашга журъат этмади. Кейин эса титраётганини сезди. Оҳиста мўраларкан, оёқ учида турди. Қалтироқ мувозанатини ўғирладими, йиқилиб кетай деди. Дарахт танаси маҳкам ушлаб, бўйнини чўзиб, ковакка қаради. Ичкарида, салгина пастда тўрт буклоғлик кичкинагина қоғоз турарди. Уни қўлига олган қиз йигитнинг ишидан жилмайди. Алишер мактуб дарахтнинг ўйилган танаси тубига тушиб кетмаслиги учун ковак ичига панжара шаклда чўпларни териб қўйганди.
“Ўқийман-у, йиртаман. Аммо йиртсам, қоғоз парчалари дарахт тубига тушиб кетади-ку! Алишер ололмайди. Кун келиб, кимдир дарахтни кесганида...”
Қиз даҳшатга тушди. Ахир дарахтни ё қўшнилар, ё ўз отаси ҳам кесиши мумкин. Чунки у жуда қари ва бир томони қурий бошлаган.
— Йиртолмас эканман! — беихтиёр пичирлади қиз. Сўнг шошиб ўқишга чоғланди.
“Салом, ўжар қиз!
Қайсаргинам, ўзи хатимни ўқирмикансан? Илтимос, ўқи. Бир бор дардларимдан бохабар бўл! Сени шу қадар яхши кўраманки, тасаввур ҳам қила олмайсан. Хатимни биринчи бор йиртиб бериб юборганингда дунё кўзимга қоронғи бўлганди. Лекин кейин хурсанд бўлдим. Агар бирдан қабул қилганингда кўнглимдаги муҳаббат сусайиши, сенга бўлган ҳурматим пасайиши мумкин эди. Сен эса буни билгандек, ҳар гал уларни қиймалаб жўнатавердинг, яъни қалбим ўтига ўтин қалайвердинг. Энди бу олов шу даражага етдики, асло ўчмайди, қачондир ўчса ҳам тафти бутун вужудимни куйдиради. Демак, мени сенинг ишқинг ўлдиради.
Ўжаргинам, хатларимни бошқа йиртма, илтимос. Чунки ўзингга қийин бўлади. Кун келади, сен бирибир меники бўласан! Сенга албатта уйланаман. Ана шунда... Ўзинг майда-майда қилган хатларимни ямашга сени мажбур қиламан. Уларни улаб, ҳижжалаб ўқимаганингга қўймайман. Ўзингга раҳминг келса, мактубларимни йиртма! Менда йиғилган бир ярим йиллик қоғозларни ямагунингча ҳам кампир бўласан...
Қайсарим, менга жавоб хати ёз, демайман. Яна келганимда мана шу ковак бўш турганини кўришнинг ўзи менга энг тотли жавоб. Асл жавобларни эса уйланганимдан сўнг ўз оғзингдан эшитаман.
Интизоринг.”
Мадина мактубни кафтлари орасига олиб, бағрига босди. Негадир кўзлари тўла ёш эди. Худди узоқ йиллик қадрдонини кўрган инсон каби энтикарди. Қалбидан тошиб келаётган шодлик оламни қамраб оладиган даражада улкан эди.
16
2002 йил, ёз охири. Тошкент
Зумраднинг ғазаби ичига сиғмас, аламдан ёрилиб кетай дерди. Бир ҳафтадан буён кутади ўғлини. Дараги йўқ. Тўғри, илгари ҳам ёлчитиб келиб турмасди. Аммо маош олган кунлари албатта йўқлаган. Қоғозга ўралган бир ойлик “пешана тери”ни унга топшираркан, вазминлик билан дерди:
— Маош олгандим, ойи. Бир-икки сўм харажатларимга олиб қўйдим. Олинг...
Бу онанинг гиналарини унут қилар, чеҳраси ёришиб, Малакка тансиқ таом ҳозирлашни буюрарди. Мана уч ойдирки, аҳвол бошқача. Кутилмаган кунлари келиб, қизини ўйнатадиган, онаси, хотинидан ҳол-аҳвол сўрайдиган Шариф кутилган кунлари, яъни ойнинг охирида “думи”ни тутқазмайди. Ўн кунча қорасини кўрсатмай юради-да, келиб узрхонликка ўтади:
— Ойи, ойлик олгандим, ишлатиб қўйдим. Харажатларим кўпайиб кетди...
Биринчи ой Зумрад индамади. Иккинчисида жим турмади:
— Менинг нафақам нима бўлади? Хотининг ишламаса, қизинг қиммат “каша” ичса... Нима қиляпсан шунча пулни? Энди ўша мегажин пулингни шилишга ўтдими? Ё атай менинг жиғимга тегяптими?
— Унинг алоқаси йўқ, ойи. Ўзимнинг харажатларим чиқиб қолди.
— Бир ўзинг бутун бошли маошингни қаерга сарфлашинг мумкин?
Бу саволга ўғли жавоб бера олмади. Мана, энди яна йўқ. Бир ҳафтадирки остона ҳатлаб уйга келган эмас.
— Шунчалар ҳам бўш бўласизми? Битта туғиб ҳам Шарифни уйга боғлаб ололмадингиз. Охири нима бўлди? Ойлигини ҳам бермайдиган бўлди. Ҳали бутунлай келмай ҳам қўяди. Сизни деб ўғлимдан тириклай ажрамасам эди... — заҳрини Малакка сочди у. Лекин барибир ҳовуридан тушмади. — Кетдим мен. Шариф ишдалигида ўша “жаложин” билан юзма-юз гаплашиб келаман. Ё бор қиламан, ё йўқ!
— Қаерда туришини билмайсиз-ку!
— Шарифдан сўрайман! “Ўғлингни кўргани боряпман”, деб алдайман-у, ўша мегажинининг кўзига кўрсатиб келаман...
Бироқ Зумраднинг айтгани бўлмади.

Комментарии

Комментариев нет.