ОНА

Она бедаво дардга йўлиқди. Давонинг нархи баланд эди…
Онанинг беш фарзанди бор эди. Икки ўғил ва уч қиз. Улар уйли, жойли бўлиб, бир-бирига суяниб яшашарди. Чунки уларнинг ҳам фарзандлари бўлиб, рўзғорларини амаллаб тебратишарди. Оталари икки йил бурун қазо қилган эди…
Фарзандлар ўзаро маслаҳатлашиб қўлларидан келганча оналарига мадад бўлиш, бирор-бир ёрдам бериш учун йиғилдилар. Она уларнинг ҳол-аҳволини кўриб, дардини достон қилмади. «Дўхтирлар ташхис қўйишда янглишибди, – деди. Сўнг секин шивирлади: – Мен соппа-соғман, жоним болаларим, ҳеч нарсани ўйламанглар, ташвиш чекманглар».
Болалар аста бошларини кўтариб, бир-бирларига «хайрият» дегандай енгил нафас олдилар. Она улуғ, болалар эса ҳали бола эди.
Она, шўрлик ва меҳрибон она бир ҳафтадан сўнг вафот этди. Доно ва оқила она дардини ўзи билан олиб кетди.
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
...
БОЛАНГНИ КЕЧИР...
Она вужудинггни тош деб ўйлабман.
Ҳали дардни енгар, ёш деб ўйлабман.
Ҳар ютган луқмангни ош деб ўйлабман,
Ҳасратлар юттирган болангни КЕЧИР!
Сочинг оқларидан тўкилар дардлар.
Юзинг ажинидан ўқилар дардлар.
Кўзимга ғам бўлиб тикилар дардлар,
Ҳасратлар юттирган болангни КЕЧИР!
ОНА, юрагимни тилкалар виждон,
Соғлигинг сўрадим билмадим қачон.
Бугун душманимдир сўнгги пушаймон,
Ҳасратлар юттирган болангни КЕЧИР!
ОНА, лабларингни қавжиратган мен,
Йўлимга қаратиб жовдиратган мен,
Юрагинг дард билан қалтиратган мен,
Ҳасратлар юттирган болангни КЕЧИР!

Комментарии

Комментариев нет.