* * *

Сиздан ранжимайман, Куйинмайман ҳам,
Учқир уловимга минмайди алам,
Балки орамиздан минг йил ўтса ҳам,
Мен учун дунёда йўқсиз шунчаки...
Соябон олмадим...
Ёғмоқда ёмғир,
Шалаббо бўлдимми, демакки тақдир,
Ҳадемай камалак чиқади ахир,
Сиз эса мен учун йўқсиз, шунчаки...
Осмон бошгинамдан сепаверсин қор,
Сиздан келаверсин совуқлар такрор,
Ишонинг, бир кун ҳам кечикмас баҳор,
Сиз эса мен учун йўқсиз, шунчаки...
Қишда музламайман, сўлмайман кузда,
Ҳеч ҳаққи қолмади кўз ёшни бизда,
Жон фидо қилишга арзимайсизда,
Сиз эса мен учун йўқсиз, шунчаки...
Яхшиям яхшилар яшар ёнимда,
Елка тутадилар оғир онимда,
Яратганнинг ўзи меҳрибонимда,
Сиз эса мен учун йўқсиз, шунчаки...
Малика Тавфиқ

Комментарии

Комментариев нет.