АГАР СЕНИ!

Агар сени қайта учратсам,
Кетишингга бермасдим имкон.
Ўргамчакдек ўраб вужудинг,
Юрагингни қилардим макон.
Агар сени қайта учратсам,
Йўлларингни тўса олардим.
Яна сени хайратга солиб,
Лабларингдан бўса олардим.
Агар сени қайта учратсам,
Куйдирардинг кул қилиб мени.
Узун қаро сочинг сингари,
Тор бўларди дунёнинг эни.
Агар сени қайта учратсам,
Не қилишни ўзим билардим.
Дардларимни куйларга солиб,
Хасратимни қўшиқ қилардим.
Агар сени қайта учратсам,
Бериб қўйиб, қўлингга гилос.
Чап юздаги ҳолингни силаб,
Лабларингга қилардим қиёс.
Агар сени қайта учратсам,
Рашк қилдириб, кўнглинг бузардим.
Ўша пучуқ бурнингдан чимдиб,
Қулоғингдан яна чўзардим.
Агар сени қайта учратсам,
Соғинчларим қилмасдим баён.
Мендаги ор, бўйингдан баланд,
Қайсарлигим ўзингга аён.
Агар сени учратиб қолсам,
Бор бўйингни гулга ўрардим.
Қувончлардан сиғмай танамга,
Қалайсан деб, ҳолинг сўрардим.
Агар сени қайта учратсам,
Мен ишқингга чўкмас эдим тиз.
Оч бўридек кўтариб исён,
Билагингда қолдирардим из.
Нима бўлса, қолди ўтмишда,
Минг афсуски, берилмас такрор.
Сен ҳам энди қайтмайсан ортга,
Фойдаси йўқ, ҳаммаси бекор.
(Надоматдан фойда йўқ энди,
Ортга қайт деб ялинмоқ бекор...)

Комментарии

Комментариев нет.