💥ТОШ КЕЛСА КЕМИРИБ ёҳуд САБР ЧЕГАРАСИ!

Аёл номидан....
Ўша кунларни эсласам, этим жимирлаб кетади. Аммо бари ортда қолди. Ҳозир мендан бахтли инсон йўқ. Бахтни одамнинг ўзи яратар экан. Ҳаёт синовлардан иборат, уларнинг қаршисида ўзингни йўқотмай, кураша олсанг, марра сеники экан. Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг чораси бор, фақат одам меҳнат ва муросадан чекинмаса, ширин каломини атрофдагилардан аямаса, бари ортда қолар экан. Келинг, яхшиси, сизларга ҳаётимни бир бошидан гапириб берай…
Болалар уйида улғайганман. Ота-онамнинг кимлигини билмайман. Меҳрибонлик уйи ходимлари мени бино эшиги ёнидан топишган экан. Ким ташлаб кетган? Нима учун? Бу саволларга ҳалигача жавоб топганим йўқ. Шу-шу, ўн етти йил давомида биров мени сўраб келмади. Етимхонада болалигим ёмон ўтмаган. Ота-онамни соғиниш ҳиссини айтмаганда, тарбиячи опаларимнинг меҳру муҳаббати биз, болаларнинг ўксик кўнглимизга малҳам бўларди. У ерда дўсту дугоналарим билан ҳозир ҳам кўришиб турамиз. Мен яхши ўқирдим, орзуйим олийгоҳ талабаси бўлиш эди. Китобга муккасидан кетганимни кўрган тарбиячи опам «Сендан, албатта, олима чиқади», дерди. Хуллас, билим бобида ўзимга ишонардим. Аммо биринчи йили ўқишдан йиқилдим. Тушкунликка тушмай, янада қаттиқ тайёрланишга киришдим. Табиатан оптимист бўлганим учун тушкунликка тушмасликкатиришардим. Иккинчи гал омад менга кулиб боқди. Педагогика билим юртининг толибасига айландим. Ўқишга киргач, ўз билимларимни бойитишга
янада қаттиқ киришдим. Курснинг энг аълочи қизи эдим. Турли танловлар ва мусобақаларда юқори поғоналарни забт этардим. Учинчи курсга келиб, амалиёт ўташ мақсадида бир мактабда дарс ўта бошладим. Болажонлар билан ишлаш жони дилим эди. Уларга бор меҳримни бердим. Бошланғич синфга дарс берардим. Ўқувчиларимнинг кўпчилигини катталар олиб келиб, олиб кетишарди. Бир марта Сарвар исмли ўқувчимнинг онаси бетоб бўлиб қолди-ю, ўрнига бир йигит уни олгани келди.
Истарали, 24-25 ёшлар атрофида, либослари ўзига ярашган, кўркам бу йигит шундан сўнг мактабга
серқатнов бўлиб қолди. У Сарварнинг тоғаси экан,
жиянини ҳар куни ўзи олиб келиб қўярди. Ора-сира мени гапга тутарди. Шу тариқа танишиб олдик. Бир куни у мени учрушувга таклиф этди. Бирор йигит мени учрашувга таклиф қилмаган эди. Шошиб қолдим. Маъруф ака менга ёқарди. Лекин мени ҳам ёқтиришини сира кутмаган эдим. Учрашув илиққина ўтди. Маъруф ака ўқиш жойимга ҳам бориб, мени кутиб оладиган бўлди. Дарсим иккинчи сменада эди, дарров қоронғи тушиб қоларди. Шунинг учун машинасида ётоқхонага элтиб қўярди. Дўстона муносабатларимиз муҳаббатга уланди. У киши менга севги изҳор қилган кунни ҳаётимдаги энг бахтли кун десам адашмайман. Бир-биримизга қаттиқ боғланиб қолдик. То ўқишни
битиргунимча учрашиб юрдик. Бу пайтда Маъруф ака дадасининг шахсий фирмасида ишларди. Дипломимни қўлимга олгач, суйганим менга совчи юборишини айтди. Аммо… асосий муаммо шунда эдики, унинг оиласи ҳали мен ҳақимда билмасди. Бунинг устига совчилар қаерга келишади? Шуларни ўйлаб, дардимни меҳрибонлик уйидаги энг яқин тарбиячи опамга айтдим. У киши:
- Шу ҳам муаммоми? Албатта, менинг уйимга келишади. Манзилимни бер. Ахир, ўз қизимдексан-ку! — дедилар. Шундай қилдик. Маъруф аканинг онаси ва катта опаси тарбиячимнинг уйига боришди. Мен ҳам ўша ерда эдим, уларга чой олиб кирдим. Ҳойнаҳой, улар менинг келиб чиқиш тарихимдан бохабар эканлар шекилли, қовоқларини очишмасди. Ота-онам, насабимни суриштиришди. Тарбиячи опам бу номаълум эканлигини айтганларида, улар дастурхонга фотиҳа қилиб, кетиб қолишди…
Маъруф ака билан ўртамиздаги муҳаббатнинг синовли даври бошланди. Унинг онаси ва икки опаси бирга бўлишимизга қаттиқ қаршилик қилишди. Аммо ўғиллари аҳдида қатъий турди. Бир йил шу тариқа ўтди. Маъруф акам «уйлансам, фақат Зулфизарга уйланаман, бўлмаса, тоқ ўтаман», деявергач, катталар таслим бўлишди. Ичимизга сиғмай қувондик. Аммо… бу бизни айириш учун қилинган бир тузоқ экан. Тўйдан сўнг елиб-югуриб, ойижоним ва дадажонимнинг хизматларини қилдим. Қайнотам яхши инсон эди, раҳматли. Ойижоним эса… кинода кўрганим ёвуз оналардан қолишмас эди.
​Ҳар қадамда мени «чақиб» олар, ишимдан камчилик топиш, тергашдан сира чарчамас эди. Опаларим эса ундан баттар: ҳар ҳафта якшанба куни уйга келишар, мен билан холи қолишса, шундай ҳақорат ёғдиришар эдики, эшитган қулоқ қизариб кетарди.
- Сен етим, укамизнинг бошини айлантириб, бойлигини совураяпсан, заҳарли илон, сени қуритамиз ҳали! — деб кетишарди ҳар гал.
Бир куни ойижоним ва опаларим ўтирган хонага чой олиб кираётиб, уларнинг
гаплари қулоғимга чалинди:
- Бу шумшук қандай келган бўлса, шундай кетади. Ўғлимнинг бойлигига учгани аниқ, бундайларни билмас эканманми? Шундай нағма кўрсатайки, безор бўлиб, қочиб кетсин. Кейин ўғлимни бирор бир обрўли хонадон қизига уйлантираман!
Кўз ёшларимни ичга ютдим. Улар Маъруф акани ташлаб кетишимни исташаяпти. Аммо… мен турмуш ўртоғимсиз ҳаётни тасаввур қилолмасдим. Бир кун келиб мени қабул қилишларига ишониб, сабр қилишда давом этдим.
Бу таҳқирли сўзларнинг бирортасини турмуш ўртоғимга айтмасдим. У кун бўйи ишда, бу гап-сўзлардан хабари йўқ эди. Онасидан шикоят қилсам, қайнонам мендан арз қилса, икки ўт орасида қолишини билардим. Уни аярдим, шу сабаб ҳар куни очиқ юз билан кутиб олар ва куним ажойиб ўтганлигини, ойижоним билан чиқишиб кетганимни айтардим. Аслида эса ҳақоратлар таъсир қилмагач, қайнопаларим ҳар келганда мени урадиган бўлишди. Ўшанда ҳомиладор эдим… Улар буни билишарди. Мендан туғилган меросхўр уларга керак эмасди.
Уларнинг тилаги амалга ошди: ҳомиламдан айрилдим. Шифокорлар турмуш ўртоғимга «Қорнига зарб теккан», дейишибди. Бундан шубҳаланган хўжайиним мени сиқувга олиб, нима бўлганини сўради. Хўрлигим келиб, опалари урганини айтишга мажбур бўлдим. Маъруф акам опалари билан жанжаллашгани аниқ. Шифохонадан чиқишим билан тўғри уйга эмас, икки хонали «дом»га келтирди.
- Энди шу ерда яшаймиз. Менга аввалроқ айтганингда, боламиз тирик қоларди. Уйга қайтмаймиз энди, — деди.
Оиласидагилар билан қаттиқ
уришганга ўхшарди. Бундан куйиндим. Нима бўлса ҳам ота-онасини норози қилиб, хотини билан яшаш оғир-да. Маълум вақт ўтиб, ўзимга келгач, уйга қайтишга ундадим. Ўша кунлар қайнотам ва қайнонам машинада автоҳалокатга учрагани ҳақида хабар келди. Эрим билан учиб касалхонага бордик. Афсуски қайнотам ўша заҳоти оламдан
ўтибди. Ойижоним эса оғир аҳволда эмиш. Ҳамма карахт! Опаларим эрлари билан етиб келишган. Турмуш ўртоғим бу жудолик олдида эгилиб қолди. Рози-ризолик ҳам ололмади… Шунинг учун
куйинарди. Мен унга далда бўлишга ҳаракат қилардим. Эртасига таъзия ўтди. Оила аъзолари ўзига кела олмагани учун барчасига ўзим бош-қош бўлдим. Бу ўртада
ойижонимдан хабар олиб, овқат ташидим. У киши ҳам жисмонан, ҳам руҳан эзгин эди. Қайнотамни йўқотгани учун айрилиққа чидай олмасди. Қайнонамнинг аҳволи ўнглангач, уйга олиб келдик. Аммо оёқларидаги жароҳат туфайли уч-тўрт ой
қимирламай ётишлари керак экан.
- Кун ора келиб-кетинглар, мени ювиб тарашга… — деди қайнонам қизлари кетишидан олдин.
Улар «хўп», деб кетишди… Аммо ҳафтада бир келишга ҳам ярашмади. Ойижонимни овқатлантирар, ювинтирар, тувак тутардим. Бу ишларни бажаришдан оғринмасдим. Аввалига мендан ўчини олади, деб ўйлаган бўлса керак, тутган овқатим, чойимни ичишга чўчиди. Ҳар ишимни ҳадик билан кузатди. Ширин сўз ва меҳрим билан уни уч ой парвариш қилдим. Эрим ҳам ўзига келиб ишга чиқди, онаси билан муносабатимиз илиқлашгани учун кўнгли тинчиганди.
Ҳа, ойижоним тез оёққа турди. Турди-ю, кутилмаганда мени бағрига босди. Узоқ йиғлади, кечирим сўради. Мен ҳам худди ўз онам бағрида эркалангандек сездим ўзимни…
Мана, шу воқеаларга ҳам етти йил тўлибди. Турмуш ўртоғим отасининг ишини давом эттиряпти. Ойижоним уйда, икки набиралари бағрида ўтирибди. Муносабатларимиз ҳамма ҳавас қилгудек. Опаларимнинг бири эри билан чет элга кетган, иккинчиси эса онда-сонда келиб туради. Аммо кўзимга қарашга ботина олмайди.
Инсон тақдири узун йўлга
ўхшар экан. Мен ўнқир чўнқир йўллардан кеза-кеза, ниҳоят текис йўлга чиқиб олдим. Бунинг учун қанча сабр қилишимга, азоб чекишимга тўғри келди. Аммо уддаладим.
Меҳр-муҳаббат билан дилларни забт этиш мумкинлигига ишондим...
(Тамом)

Комментарии