​​📝 ЎРНИНГИЗ БИЛИНДИ, ОЙИЖОН!

Қайнонам мени илк бор кўрганларидаёқ келин қилишни ният қилган эканлар. Тақдир экан, бу ниятлари амалга ошди.
Мен дастлабки кунларданоқ у кишининг феъли кенг ва одамохун аёл эканликларини англаганман. Ҳомиладор бўлганимда мени авайлаб, рўзғорнинг барча оғир юмушларини ўз зиммаларига олганлари, егим келган таомларни оғзимга тутганлари, ҳатто мен учун ўзлари алоҳида идишда таом тайёрлаганлари кечагидек ёдимда. Мен учун пиширган таомларини хонамга олиб киргач, шипшиб қўярдилар: “Овсинларингиз билмай қўя қолсин, акс ҳолда дарров хафа бўлишади. Аслида уларга ҳам ҳомиладорлигида худди шу ишни қилганман. Аммо ҳозир эсларида йўқ, шунга аразлашлари мумкин…”
Биринчи фарзандим туғилишига уч-тўрт кун қолганда “Мен ўзим туғолмайман, қўрқаман. Яхшиси, болани кесарча усул билан дунёга келтираман”,— деб туриб олдим. Шунда ойижоним: “Ундай деманг, қизим, мен ярим жон бўлиб қолишингизни сира хоҳламайман, ахир ўз қизларим қон босими ошиб кетгани учун болани шу усулда туғишганида, озмунча азоб чекишдими…” деб йиғлаб юбордилар. Бу гапни эшитиб, “Қайнанам туғилажак бола билан бир қаторда мен хақимда ҳам қайғурарканлар” деб кўнглим кўтарилди.
Фарзандимни туғилгач, туғруқхонадан чиққунимча у киши кунда икки-уч марта хабар олдилар. Ҳар гал келганларида ўз қўллари билан тайёрлаган мазали таомларни олдимда ўтириб, ичириб кейин кетишларини канда қилмадилар. Болани кейин ҳам ҳеч кимга ишонмай, ўзлари катта қилдилар. Чақалоқ кечаси безовта бўлиб йиғласа, у киши ҳам мен билан баравар тунлари бедор бўлардилар. Кечки таом пайтида ҳаммага таом тортилгач, қўлимдан болани олиб, “Аввал сиз овқатланиб олинг” дердилар.
Ўша пайтларда уларнинг бу ғамхўрликларини оддийгина қабул қилган эканман. Эҳ, ойижоним, ёшлигимизга бориб, хатолар қилсак кечирган, кўча ҳовлини супурмасак, ҳеч кимга ими-жимида билдирмай супуриб қўйган, овқат пиширишга улгурмасак, индамайгина ўзи тайёрлаб, ҳамма ёқни саранжомлаб қўядиган сиздек бебаҳо инсоннинг қадрига ўз вақтида ета олдикми?..
Иккинчи фарзандимни дунёга келтирдим. Лекин энди ёнимда қайнанам йўқ эдилар. Атрофимдаги аёлларнинг қайнаналари хабар олишга келишганида, келинларига парвона бўлишганида, онамдек бўлиб қолган бу яқин инсонимнинг ўрни жуда-жуда билинди. У киши пиширган ширин таомларни соғиниб эсладим…
Бугун ҳам уйимизда ҳар гал дастурхонга таом тортилгач, қайнанамнинг “Аввал сиз овқатланиб олинг” деган сўзларини эслаб, йиғидан ўзимни базўр тияман. Касаллик туфайли кутилмаганда орамиздан кетган ойижонимнинг барча яхши фазилатлари кўз олдимдан бир-бир ўтаверади.
Эсимда, машъум хабар бир зумда ҳаммамизнинг кўнглимизни вайрон қилди. Қайнанам танасида шунча дард борлигига қарамай, фақат бола-чақа, неваралар ташвиши билан юраверган эканлар. Касаллик ташхиси қўйилганда ҳам, у кишидан айрилиб қолишимизни хаёлимизга келтирмагандик. Аммо дард уларни шу қадар тез орамиздан олиб кетганини англамай ҳам қолдик…
Ойижон… Менга берган меҳрингизга муносиб жавоб қайтариб улгурмадим. Умр — оқар дарё, дейдилар. Вақтни эса тўхтатиб бўлмайди. Бугун орамизда сиз йўқ бўлсангиз-да, сиздан қолган чиройли хотиралар умримизнинг охиригача ёдимиздан ўчмаса керак. Чунки уларнинг ҳар бирида барчамизга ибрат бўлишга арзийдиган ҳикмат нури ёғилиб туради. Мен эса меҳрингиз намунаси бўлган бу хотираларни невараларингизга қайта-қайта ҳикоя қилиб бергим келаверади…
Нодира САИДАЗИМОВА.

Комментарии