ОНАМ ЙИҒЛАЙДИ

Гуноҳлардан чарчаб, олам йиғлайди,
Армондан, азобли нолам йиғлайди,
Менинг дардим учун сохта кўз ёшсиз
Чин дилдан, фақат бир онам йиғлайди.
Ташвишлар юкидан, тўкилиб қолсам,
Эмаклаб юролмай йиқилиб қолсам,
Бир томчи кўз ёшга тиқилиб қолсам,
Менинг сабрим учун, онам йиғлайди.
Бахт излаб, овора, бўлсам сарсона
Дарду-ғам танимни қилса вайрона
Ўзимни танимай қолсам ҳайрона
Менинг дардим учун, онам йиғлайди.
Гуноҳлар ўқига, бўлиб мен нишон,
Шайтонга қўшилиб, гоҳ бўлсам шайтон
Ўз бўйнимга ўзим, оссам дор арқон
Менинг жабрим учун, онам йиғлайди.
Ҳаётдан завқланиб, шодон кулмасам,
Бошим эгик бўлиб, мағрур бўлмасам,
Ўзимни қадримни, ўзим билмасам,
Менинг қадрим учун, онам йиғлайди.
Нафсимга қул бўлиб, ўтсам энкайиб,
Кимлигим унутиб, ўссам кеккайиб ,
Ночорларни сиқиб, кетсам кенгайиб
Менинг кибрим учун, онам йиғлайди.
Менинг дардим учун сохта кўз ёшсиз,
Чин дилдан фақат бир онам йиғлайди...

Комментарии

Комментариев нет.