БАҲОР ҚАЙТГУНЧА.

23:- 24- қисм.
Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
-Ҳа энди совчиликга борган аёллар, яъни ойингиз билан холангиз шу ҳақда гапиришган экан. Аямлар эса дадангизни яхши танир эканлар.
- Унда аянгиз ...- Умиднинг юзларига табассум инди
- Нима унда аянгиз? - Осиё Умиднинг шаъмасини тушунмай безовталанди
- Аянгиз дадамларни яхши танисалар, мени ҳам ёмон йигит эмаслигимга ишонишлари аниқ.
- Аям ундай демадилар, яъни сизни "Ёмон йигит эмас" деганлари йўқ, ахир улар сизни танимасалар. Тўғри сизни тоғда кўргандилар, яна қайта кўрсалар танисалар эҳтимол, бироқ ўзлари ҳурмат қиладиган устознинг ўғли сиз эканлигингизни билмасликлари аниқ.
- Дадамларни яхши танир эканлар-у, уларни яхши таниган инсонлар ҳеч қачон ёмон фикрга боришмаган. Ўғил эса отасига ўхшаши табиий.
- Балки. Бироқ бу гапларнинг менга алоқаси йўқ,- Осиёнинг араз-гинаси ҳамон тарқамаган эди
-Ҳо, "Ота-онам нима десалар шу" деган ким эди? - муғомбирона жилмайди Умид,- аянгиздан кўнглим тўқ, эртага уйингизга бориб дадангиздан қўлингизни сўрайман. Аслида тоққа чиққанимизда у киши билан анча синашта бўлиб қолгандик. Аянгиз билан ҳам. Мана энди дадам туфайли янада яқин бўлсак ажаб эмас.
- Бизникига бормоқчимисиз? Мени ота-онамни олдида шарманда қилмоқчимисиз? Тўғри улар сизни танишади, бироқ...- Осиё кўнглидагиларни қандай ифода этишни билмай қийналиб кетди
- Нима бироқ? - деди Умид устунлик ўзи томонда эканлигини ҳис қилганча баланддан келиб
- Дадамлар билан аямлар... Улар сиз билан мана бундай ўз ихтиёримга қарши учрашиб юрганимни билмайдилар. Менга қолса...
- Майли уйингизга бормайман, фақат битта шарт билан. Ойимларни шанба куни яна уйингизга юбораман. Улар шу боришларида ота-онангизни сиз ва мени учрашувимизга кўндириб келадилар. Сиз эса...- Осиёга кўзини қисиб қўйди Умид,- ортиқча тайсалламай учрашувга чиқасиз. Тамом.
7
- Нима бу пўписами? - Осиё энди ўзини анча ушлаб олганди,- энди шу йўлга ўтдингизми?
- Нима қилай бўлмаса? Ҳаммани кўнглига қарасам ўзимнинг кўнглим оро йўлда қолиб кетаркан. Хуллас энди кўнглим учун яшамоқчиман, яъни муҳаббатим учун курашмоқчиман. Тушларда кўриб севган инсоним учун. Осиё... Менимча сиз менинг пешонамга ёзилган тақдиримсиз. Йўқса неча йиллардан буён сизни тушларимда кўрган, ҳаётимда интиқ бўлиб кутган бўлармидим? "Тушларда севдим сени" деганлари шу бўлса керак.
Осиё Умидга нима деб жавоб қайтаришни билмай ерга қаради. Тўғри у йигитдан қаттиқ ранжиган эди, бироқ... Бироқ бу ранжиш қиз ҳар қанча истамасин йигитга бўлган асл туйғуларига моънелик қилишга ожиз эди.
Ким билсин, асл севги деганлари шудир? Бир инсонни бор фазилат-у камчиликлари билан ёқтириш...
- Мен уйга кеч қолаяпман, кетишим керак, - овози титради қизнинг.
- Яхши,- деди Умид унга ортиқча қаршилик қилмай,- йўқ демасангиз сизни ўзим кузатиб қўйсам...
Осиё Умидга эътироз билдирмай сумкачасига қўл узатди.
🔳 🔳 🔳
- Нима ўша профессор шунчалик осмондаги ой эканми? - норози тўнғиллади Икром ака, Латофатдан Сурайё опанинг иккинчи қайта келиши ҳақидаги хабарни эшитгач,- қўй хотин, шу инсонларга ҳеч кўнглим чопмай турибди-да... Жуда профессор билан қуда бўлмасак ҳам ўзимизга ўхшаган қўли қадоқ, меҳнатнинг қадрига еталиган бирор яримтадан тенгимиз чиқиб қолар.
- Вой дадаси, ажойибсиз-да? Ким айтди сизга илм аҳли меҳнаткаш бўлмайди деб? Меҳнатнинг энг каттасини қиладиган шулар-ку? Илмда бир унвонга сазовор бўлишнинг ўзи бўларканми? Игна билан қудуқ кавлайдиганлар айнан шу инсонлар бўлишади? Ундан кейинчи, сизга бир муҳим янгилигим бор?
- Оббо, -қошлари чимирилди Икром аканинг,-яна қанақа янгилик экан?
- Боя Сурайё опа ўғилларининг суратини телеграммдан ташлаган эканлар. Биласизми у йигит ким экан? - муғомбирона жилмайди Латофат
-Айтсангиз биламиз-да,- чуқур тин олди Икром ака,- айтмасангиз қаердан ҳам билардик, хоним?
- Сурайё опанинг бу ерга келишлари бежизга ўхшамайди.
Осиёни сўрашган йигит биз билан бирга қишда тоққа чиққан йигит экан. Умиджон бор эди-ку, баланд бўйли, оқ юзли, чеҳраси очиқ йигит. Эсладингизми?
Икром ака бундан бир неча ой илгариги воқеани ёдига тушириш учун диққатини жамлади. Кўп ўтмай унинг чеҳраси ёришди:
- Бўлди эсладим. Эсли-ҳушли йигитга ўхшаганди ўша йигит.
- Ана айтмадимми? - эрини қувватлади Латофат,- биласизми, дадаси? Мен боя Осиёга Умиджондан гап очгандим, қизингиз индамади. На ҳа деди, на йўқ.
- Бу гапинг билан нима демоқчисан?- жиддий тортди Икром ака,- нима менинг қизим...
- Нимаям дердим, дадаси? Дарров лов этиб ёниб кетманг-да? Шунчаки Осиё қизим ҳам ўйланиб қолгандек туюлди менга. Ким билсин балки йигит ўшанда тоққа чиққан пайтларида унга ўзининг яхши тарафларини кўрсатиб улгургандир. Ундан кейин ёшлар унгача ҳам таниш бўлганлар. Авваллари совчи келганда бир сапчиб тушадиган қизингиз бу сафар қандайдир ўйчан бўлиб қолдими ё менга шундай туюлдими, билмадим,- охирги сўзларини айта туриб Латофат бўшашди,- э бу умр савдоси деганлари бирам қийин иш экан-ей?! Бошим ҳам ғовлаб кетди. Хуллас, дадаси, мен айтадиганимни айтдим, бу ёғи ўзингизга ҳавола. Қандай қарорга келсангиз ҳам мен сиз тараф...
Латофат кўнглини бўшатиб олгач, анча енгил тортганини ҳис қилиб хонани тарк этди. Энди ўйлаш, қарор чиқариш навбати Икром акага қолган эди. У сал аввал Латофатга осон тутганди, энди билса гарданига тушган бу вазифа ўйлаганидан, таҳмин қилганидан бир неча баробар мушкул иш экан...
🔳 🔳 🔳
Шанба куни опаси Санобар билан Осиёларникига қайта қадам ранжида қилган Сурайё опа бу сафар икки ёшни учрашувини тайин қилишга эришиб кетди.
Эртаси куни онаси билан учрашувга вақтидан сал аввал етиб келган Умид қўлидаги соатга иккинчи қайта қараган вақт онасидан танбеҳ эшитиб олди:
- Намунча ҳовлиқмасанг? Бунақа қилиб жиловингни эрта кундан қизни қўлига топшириб ўтирмагин. Ҳозирги замоннинг қизларидан эҳтиёт бўлиш керак.
Умид Сурайё опанинг дашномидан "Шаҳзодага ўҳшаган қизларданми?" демоқчи бўлди, бироқ яқинда бетобликдан турган онасини аяди...
-Ана келишяпти,- деди Сурайё опа ён томонга ишора қилиб, сўнг Умидга тайинлади,- худо берди деб қизни етаклаб даф бўлиб кетмагин, соат иккида укол олишим керак... Вақтлироқ ишингни битир. ю

24-қисм

Умид онасини феълини шу ёшига қадар яхши тушуниб қолган бўлсада, аммо шу топда унинг ўзини бу таҳлит тутишига ҳайрон бўлиб қолганди. Ахир онаси эмасмиди Шаҳзода воқеасидан сўнг, Осиёни келин қилишга астойдил рағбат қилган. У айни дамда онаси ўзини нега бу таҳлит тутаётганига ҳайрон бўлди, бироқ саволларига жавоб олишга энди кеч бўлганди, сабаби Осиё ва онаси улар томонга яқинлашиб қолишган эди.
-Ассалому алайкум...-Латофат ва Осиё Сурайё опага тенгдан салом беришди,- узр куттидириб қўйдик чоғи...

- Ҳеч қиси йўқ,- деди Сурайё опа алик олар экан,- таомил шу-да, қиз томоннинг кеч қолиб келиши азалдан бор гап,-у шундай дея туриб бор ташаббусни ўз қўлига оларкан, Осиёга кўз қирини ташлаб сўзида давом этди,- ёшларга руҳсат берайлик-а? Улар айланиб келишгунча ҳув анави кафеда ўтира турамиз.

Осиё бошини қуйи эгганча кўзларини ердан олмасди, унинг юраги нима учундир Сурайё опанинг қаршисида кеч кузги изғиринда шоҳида ёлғиз қолган барг каби дир-дир титрарди. Қиз Умиднинг онасини бундай тасаввур қилмаган эди. Унинг назарида Сурайё опа ҳокисоргина, камтар, сўзлаганда сўзлари қулоққа ҳуш ёқадиган мунис аёл бўлиши керак эди. Ҳар ҳолда Латофат аяси уни кимсан профессор Ибрагимовнинг аёли деганда Осиё хаёлида Сурайё опага ана шундай чизгилар чизиб қўйганди. Унинг назарида илм аҳлларининг аёллари уларнинг ўзига ўхшаш, юз-кўзидан маърифат, зиё нури таралиб турадигандек бўлиши лозим эди. Бироқ бу аёл бўйни-ю билаклари, бармоқларини тиллаларга кўмиб олганидан руҳан зиё эмас, балки бойликка ружу қўйгандек туюлди Осиёга. Қиз Сурайё опани ўз аяси билан хаёлан солиштирар экан, беихтиёр юраги орқага тортиб кетгандек бўлди. "Бу аёлга бас келиш қийинга ўхшайди,-ўйлади Осиё,-назаримда улар билан бутунлай бошқа оламмиз. Бу аёлни одамни ўзидан итарадиган нимасидир бор экан. Қандайдир кибрлимилар-ей? Гўёки "Қадам босганим учун ер мендан миннатдор бўлсин" дейдиганлар хилиданга ўхшаяптилар. Ёки мен адашяпманми? Балки ҳали инсонларга баҳо бера оладиган даражада пишмагандирман? Ахир Умид акани неча ойдан буён таниган бўлсам, у кишининг табиатидаги фазилатларига доимо тан бериб келганман. Онаси ёмон инсон бундай яхши бўлмаса керак? Умуман олганда оналарнинг ёмони бўлмайди деган гап бор. Фақат кимлардир ўзларини яхши томондан кўрсатгиси келмаса керак. Гўёки шундай қилинса обрўси тушиб қоладигандек. Ундан кейин..."

-Учрашувга хаёл суришга келдингизми?
Осиё Умиднинг сўзларидан ўзига келгандек бўлди, тезда ўзини қўлга олиб йигитдан узр сўрашга ўзида куч топди:

- Узр...


Осиё худди ўғирлик устида қўлга тушгандек қизаринди. Ахир хаёлидан ўтганларни ёнидаги йигитга айтиб бўларканми?

- Ўзим шунчаки,- гапни бурди Осиё,- ажойиб одатларимиз бор-да?! Йигит билан қизни бир, икки бор учрашувга чиқарамиз-у, сўнгра "Ёқдими?!- Ёқди!" деб тақдирларини боғлаб қўяқоламиз. Менимча бир умр бирга яшайдиган инсонни бундай танлаш нотўғри.

- Ҳа, баъзи чет давлатларда йигит билан қиз бир-бирларига тўғри келишларини йиллаб ўрганишар экан. Хаттоки орада фарзандли ҳам бўлишлари мумкин экан. Орадан йиллар ўтиб қарашса- ки табиатлари тўғри келмас экан! Ва шу билан хайр-хўш! Иш турмуш қуришгача етиб бормаганидан ҳурсанд ҳолда алоқани дўстона узиб қўяқолишар экан.

- Йўғей, -дудуқланди Осиё, - мен... мен бундай демоқчи эмасдим. Шунчаки...

- Сизни тўғри тушундим, Осиё. Ҳижолат бўлманг. Биз шарқликлар учун оила муқаддас даргоҳ. Ёшлар учун асосий қарорни катталар қабул қиладилар ва бу аскарият ҳолда ўзини оқлайди.
Мана сиз билан мени шу учрашувга чиққунимизгача неча бор ҳар томонлама ўйлаб, суриштириб кейин бир тўҳтамга келишган.

Оилаларимиз, дунё қарашларимиз ва ҳаттоки сиз билан мен бир-бирига мос кўрилганмиз-ки, ҳозир шу ердамиз. Аммо бу билан иш ниҳоясига етгани йўқ. Мени-ку, биласиз, кўнглим сизга аён, бироқ сиз-чи? Сиз томондан қандай жавоб бўлади? Тақдиримиз сизнинг биргина "ҳа" ёки "йўқ" деган жавобингизга боғлиқ.
Осиё, авваллари "Менга турмушга чиқасизми?" деган саволга "Ихтиёрим ота-онамда" дер эдингиз. Мана ота-онангиз ихтиёрни ўзингизга берган вақт ҳам келди. Илтимос, яхшилаб ўйлаб кўриб жавоб беринг:
Умид қиздан сўзларига муносабат кутиб жим қолди. Бироқ Осиёдан узоқ муддат сас чиқмагач яна сўзлай бошлади:

- Инсон дунёга келар экан, унинг иккинчи ярми ҳам шу ҳаётда бўлар эмиш. Уларнинг ҳар иккиси балки бир неча йил фарқ билан ер ҳаётида учрашиш учун дунё юзини кўришар балки. Кўпчилик ўз жуфтини топиш учун кўп заҳмат чекишади. Баъзан эса тақдирларининг асл эгаларини топиш учун ҳаёт йўлларида бир неча вақтинчалик ҳамроҳларга ҳам дуч келишлари мумкин. Кимларнидир севдим деб ўйлайдилар-у, ҳақиқатда уларни севмаган бўлиб чиқадилар. Улар чин жуфтларини учратганларидагина асл севги қандай бўлишини ҳис қиладилар.
Бироқ... Бироқ менда бундай эмас. Мен сизни илк бор учратганимда асл севгим сиз эканлигингизни юракдан ҳис қилдим. Балки сизга ҳозирги сўзларим кулгили туюлар. Бироқ тунда уйқуга кетишдан аввал, саҳарда эса кўзимни очишим билан илк бор ўйлайдиган инсоним сизсиз. Қачон сизнинг қошингизга келадиган бўлсам, ўзимдан аввал кўнглим йўлга тушади, мени сиз томон оёқларим эмас, елкамдаги кўринмас қанотларим олиб келади, ёнингизга юриб эмас, сузиб келаман десам ишонасизми? Сиз бор шаҳарда яшаш мен учун бахт десам-чи?-Умид дилидаги сўзларни ипга маржондек тизиб борар экан, Осиё ундан ортда қола бошлади,-менга ишонишингиз учун яна нима дейишни истайсиз?- давом этди Умид,-нима десам менга буткул ишонасиз?

- Мен сизга ишонаман...

Умид Осиёнинг деярли ярим шивир овозда берган жавобини эшитиб ортига ўгирилди

- Мен сизга ишонаман...- такрорлади Осиё...

Умид ва Осиё оналарининг ёнига қайтишганда Осиёнинг чап қўлининг номсиз бармоғида йигит совға қилган тилло узук ялт-ялт қилиб кўзни оларди.

🔳 🔳 🔳

Бари шу кундан бошланди. Қиз
томондан розилик олган Сурайё опа киши билмас ҳолда у тарафга ўз сўзини ўтказа бошлади.
У дастлаб "Тўйни бир ойнинг нари-берисида ўтказиб оламиз" дея тихирлик қилишни бошлади, сабаби унинг бундан кўзлаб юрган ўз мақсади бор эди.

давоми_бор
#баҳорқайтгунчагрдил

Комментарии

Комментариев нет.