БАҲОР ҚАЙТГУНЧА.

25 - 26 - қисм.
Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
Сурайё опа Умиднинг Шаҳзода билан тўйлари бузилганини узоқ қариндошлари, ўзи казо-казолар деб ҳисоблайдиган бизнесмен дугоналарига билдирмаган, балки уларга "Ўғлимнинг тўйи маълум сабабларга кўра бироз ортга сурилди" дея баҳона қилганди. Гарчи опа-синглиси Шаҳзоданинг онаси Лобархонга "Сизларни деб синглим оиласи билан буюртма қилинган рестораннинг фалон сўмлик ҳаражатига тушди, тикилган шунча пул оро йўлда куйиб кетди" дейишган бўлса-да, Сурайё опа бу мушкулотни ҳам ўз вақтида ечимини топиб қўйган, бир баҳона билан ўз навбатларини икки ой муддатга сурдириб қўйган эди.
Бундай олиб қаралса Сурайё опа Умиднинг Шаҳзода билан тўйи бузилганидан ортиқча моддий қийинчиликка учрамаган, балки олдиндан режа қилмаган бўлса-да, пайтдан фойдаланиб қиз тараф қилиб келган қимматбаҳо мебел ва гиламлар билан уйини тўлдириб олган эди. Тўғри, эри ва ўғли бу матоҳларни эгасига қайтариб юбориш ҳақида бир неча бор талаб қилишди, бироқ Сурайё опа бўш келадиган аёл эканми, ўйлаб туриб бунинг ҳам чорасини топди. Эри ва ўғли навбатдаги галда ушбу мавзудан оғиз очганларида, ушбу буюмлар учун пулни ўзи берганлигини, улар оиласи учун она сутидек ҳалоллигини айтиб ёлғонлади ва ўз таъбири билан айтганда яқинларини "чакагини ёпди".
-Хайрли ишни ортга суриб бўлмайди,- деди у Латофатга навбатдаги қўнғироқни қилар экан,- эътирозга ўрин қолдирмай,- ўзингиздан қолар гап йўқ, юқори қон босимим бор. Тўйни ёзга сурсак иссиқ ҳавони юрагим кўтармайди. Бир неча йилдан буён ёз жуда иссиқ келяпти биласиз. Бунақа вақтда шаҳардан чиқиб кетиб тоғдаги дала ҳовлимизда жон сақлайман. Илтимос, менга ҳам тўйни татитинглар, салқингина баҳор ҳавосида икки ёшни бошини қовуштириб олайлик. Сизлар ҳеч нарсанинг мулоҳазасини қилманглар. Кўряпсизлар-у, ҳамма нарсани йигит тараф қиляпти. Биз ҳам адаси билан тўртта хонани келин тушишига тахт қилиб қўйганмиз. Ёлғиз қизим деб жуда кўнглингиз бўлмаса парда билан чинниларини қиларсиз.
Латофат Сурайё опанинг таклифи билан парда тикадиган келинойисини ёнига олиб бўлажак қудасиникига келганда ўша "жуда бўлмаса" нинг ўзи бўлмаслигини тушуниб дами ичига тушиб кетди. Бошланишига у ўзи эҳтиром билан ҳурмат қиладиган профессор қудасининг уйи бу даражада хон саройидек муҳташам ва ҳашаматли деб ўйламагани учун ҳанг-манг бўлиб қолди.
Ертўласи билан ҳисоблаганда уч қаватли бўлиб қад кериб турган бу иморатни кўрган одам Сурайё опанинг бизнесменлигидан бехабар бўлса "Профессор Ибрагимов Нобель мукофотини ютиб олган шекилли" деб ўйланиб қолиши тайин эди. Латофат ҳам Адҳам Ибрагимовнинг ҳокисор чеҳрасини кўз олдига келтириб уни бу таҳлит кошонада яшашини шуурига сиғдира олмай ҳаво етмай бўғриқиб кетди.
Сурайё опанинг ўзи бош бўлиб меҳмонларни олиб хоналарни айлантириб чиқар экан, уларга осон бўлиши учун қайси хонага қайси рангдаги парда, қайси мебелга қайси чинни буюм безак бўлиб тушишини "ҳижолатомуз" тушунтириб уларнинг қўлига "птичка" белгиси қўйилган бир неча каталогни тутқазди. Шу онларда Латофат илк бор Осиёни эрга беришга шошилиб қарор қилганини тан олиб ичидан нимадир "чирт" этиб узилди. Ахир Осиё ёлғиз қизлари бўлгани билан Икром аканинг прораб, Латофатнинг оддий ўқитувчи бўлиб топганлари нима ҳам бўларди. Мана неча йиллар-ки, Икром ака ҳар ой топганидан ота-онаси билан бирга яшайдиган укаси ҳалокатга учраб ногиронлар аравачасига михланиб қолгандан буён уларнинг жўжабирдек оиласига улуш ажратади. Азалдан ортиқча латта-путтага ҳуши йўқ Латофат эса... Тўғри шу вақтгача ойлигидан орттириб Осиёга сеп қилиб бир нималарни ташлагани рост, бироқ у нарсалар қаёқда-ю, мана бу каталогдаги буюмлар қаёқда?
Барака топсин, Икром ака барини тўғри тушунди. У Латофатга ортиқча таъна қилиб ўтирмай, келаётган бозор куни матиз машинаси шартта бозорга олиб чиқиб сотди-ю, пулини Латофатнинг қўлига тутди:
- Қизимнинг сепини ҳеч кимдан кам қилма...
Сурайё опанинг бош дирижёрлигидаги тўй ҳам ўтди. Тўй куни кимдир икки ёшга ҳавас билан боқди, кимдир эса армон билан...
Армон қилганлар сафининг энг бошида Латофатнинг тоғаси Бердиёр ака ва унинг аёли Салима келинойи туришарди. Бердиёр ака Осиёнинг тўйи ҳақидаги хабарни эшитгач икки юзи қоп-қорайиб, кўзлари ич-ичига ботиб, мунғайиб қолган кенжатойи Жавлонга куйиб аёлига дашном беришдан ўзини тия олмас эди:
- Сенга минг марта айтдим "Тошкандга тушиб Икромжоннинг қўйнига қўл солиб келайлик" деб. Сен бўлсанг қачон қараса оғзимга урдинг: "Латофатхон ундоқ дедилар, Латофатхон бундоқ дедилар, Осиё қизни ҳали бери узатишмас" экан деб. Мана узатишмагани. Сенам аёл бўлиб бўлиб бир бор "Хўп бўлади, отаси" десанг бирор жойинг камайиб-нетиб қолмасди. Ана ўшанда бизга бермай бошқага узатган тақдирларида ҳам бунчалик куймасди болам шўрлик. Менга қара, шу боланг қайсарликка олиб ҳудди катта акангга ўхшаб бир умр уйланмай ўтса уволи сени бўйнингда. Ундан кейин мендан яхшилик кутма.
Салима опа эрининг охирги сўзларидан ўзини ортга ташлади:
- Вой гапингиз қурмасин, отаси?! Бу нима деганингиз? - деди у кўзлари олайиб,- э нафасингизни шамол учирсин-ей? Акам бошқа масала, Жавлонжонингиз бошқа масала. Акам у қизни неча йил яхши кўриб, оила қуришларига саноқли кун қолганда ажралиб қолиб шу куйга тушганлар. Жавлонжонга нима
қилибди? Қизни сўзини олмаган бўлса, ошиқ-маъшуқдек бирга юрмаган бўлса, ўртадаги сиз билан менинг "Шу қизни келин қиламиз" деган гапимизга бўла уйланмай ўтарканми? Хўп қизга дили кетса кетгандир, шу билан дунё тескари айланиб қолибдими? Ҳеч қиси йўқ ҳали Осиёдан ҳам яхшироқ қиз учрайди ўғлимизга, мана кўрасиз!
- Ҳмм,- энсаси қотди Бердиёр аканинг,- тулкиям-чи, узумга бўйи етмагач пуф сассиқ деган экан.
-Вой, мен нима дедим? - астойдил эридан ўпкалади Салима келинойи, мен Осиёхонни ёмон демадим-ку? Шунчаки тақдир эмас экан деган маънода гапирдим, холос. Дарров ўзингиз ҳам нотўғри тарафга буриб юборверманг-да гапни?! Тақдир бўлмаса минг урининг қўлингиздан бир иш келмайди. Мен сизга айтсам...
- Айтмай қўяқол, ўша гапингни,- беҳафсала қўл силтади Бердиёр ака,- сенга қоп-қоп гап бўлса. Ўша гапни керак жойда ишлатишни билганингда эди. Эҳ...
Салима келинойи жаҳл билан қўл силтаб чиқиб кетган эрининг ортидан алам билан термулиб қолди.
Унга иккинчи бора Осиёни оппоқ келин кўйлакда кўрганда алам қилди. "Вой-ей, бир қошиқ сув билан ютгулик париваш келин бўлибди-ю, бу қиз? - дея ўзидан ўпкалади у,- отаси айтгандек вақтида отни қамчиламаган мен аҳмоқ. Шундоқ қизни келин қилиб туширганимизда борми? -Салима келинойи соддадил бўлгани билан кўнглида кири йўқ аёл эди, у ўзларига келин бўлиш насиб қилмаган бўлса ҳам Осиёни чин дилдан дуо қилишни унутмади,- илойим бахтинг ўзингга ўхшаб чиройли бўлсин, гўзал қизим. Ҳар бандага ўғил-қизининг саодатидан ортиқ нимаям керак?!"
Осиёнинг келин кўйлагида кўриб маҳлиё бўлган фақатгина Салима келинойи эмасди. Унга никоҳ оқшомида кўзи тушган Сурайё опанинг қавми-қариндоши ҳам, дугоналари ҳам қизнинг чиройидан кўз уза олмай қолишганди.
- Вой-бў, Сурай, -деди Сурайё опанинг ўзига ўхшаган оғзи ботир, шалдир-шулдир катта аммаси Холисхон,- бу дейман келин олишниям бизнес қилиб юборибсан-ку? Сув ичса томоғидан, сабзи еса биқинидан кўринади деган подишоҳнинг қизларига ўхшайди-ю бу келининг? Аммо лекин ёлғизгинанг Умиджоннинг ҳам пешонаси ҳўпам ярқираган экан.
- Мани туққан болам чаканами, амма? -деди Сурайё опа гап келганда аммасини ҳам аяб ўтирмай,- ҳудди унинг бирор қусури бордек гапирасиз-а? Умиджон эмас, бу қиз жон десин шундоқ йигитга тегаётганига? Ўғлим ой деса ойдек, кун деса...
- Ҳа бўлди, бўлди,- деди шарақлаб кулганча Холисхон аммаси,- билмай мақтаб қўйибман. Бу дунёда энг олийнасаб аёл сен, энг келишган йигит ўғлинг эканлиги ёдимдан чиқибди. Бўлди тавба қилдим. "Виновать, виновать..."
- Шундоқ бўлсин, аммажон,- юзи ёришди Сурайё опанинг,- келинни келмасдан мақтайверманглар.
Аввал енгимдан кириб ёқамдан чиқиб ўзини кўрсатсин. Мақтовга сазовор иш қилсин. Ҳамма нарса мавриди билан. Ҳалитдан мақтаб бошимизга чиқариб олсак, кейин "Тушмайман" деб асабимизни **** таранг қилиб юрмасин.
- Ҳаммага тиши ўтсаям сенга тиши ўтмаса керак бу келинни. Сени Сурайё деб қўйишибди ахир,- деди Холисхон амма савлат тўкканча,- шундоқ чет элларга ҳам донғи овоза бўлган кимсан Адҳамжонни гаҳ десанг қўлингга қўндирволганингдан кейин, бу муштдек қиз ким бўлибди? Ўзи сен аммангга ўхшайсан, яъни менга. Шунинг учун, ҳадемай қайноналик илмидан ҳам сенга бас келадигани топилиши амримаҳол . Мана мени айтди дейсан.
Аммасининг гаплари Сурайё опани яна бир қоп семиртирди. У кўпинча бошқа опа-сингилларига нисбатан табиатан кўнгилчан бўлган онасига эмас, балки ўтли-шудлик мана шу Холисхон аммасига ўхшашидан фаҳрланарди. Сурайё опа ҳозир ҳам ана шу фаҳр туйғусини туйганча бошқа даврадаги аёллар билан сўрашгани йўл олди.
Бу вақтда... Умид билан Осиё ўз оламларида бахтдан маст эдилар.
-Бахтлимисиз? -сўрарди йигит кўзлари билан ёнидаги ўн беш кунлик ойдек тўлган келинчакнинг нигоҳларини ва ниҳоят тутиб.
Келинчак эса ҳуркак нигоҳларини ундан олиб қочганча ўзича ўпкаланарди:
-Вой манави кишимни? Шунча одам кўзлари билан бизни кузатиб ўтирибди, буларни қилган ишларини? Ҳудди аввал мени кўрмагандек. Ахир кузатувчилар орасида аям, холаларим , яна бошқа кўплаб яқин танишларимиз бор. Уят эмасми? Улар нима деб ўйлайди? "Осиё ичидан пишган писмиқ қиз экан?" дейишса-я?
Ўзи Элнорага ўхшаган бўлишим керак эди. Унга атрофдагиларни нима дейишларини қизиғи йўқ. Ўзи тўғри деб ҳисоблаган фикридан ҳеч ким уни қайтариб бўпти! Мана ҳозир ҳам мазза қилиб завқланиб ўтирибди. Орада икки марта келиб қулоғимга "Намунча ҳамма **** сен қуруқ қолгандек тўмтаясан, умрингда бир марта бўладиган такрорланмас оқшомда бундоқ бетингни очиб завқланиб ўтир" деб уқтириб кетди. Яхши-ки, юзимдаги ҳаррирни олишга уната олмагани. Йўқса...
Сал аввал давранинг тўрига бўлажак қайнотам ва қайнонамни чақиришди. У кишининг, яъни қайнотамнинг жамоадошлари ҳам тўйга таклиф қилинган экан. Сўз навбати жамоадошларга теккач, ўртада қайнотамни табриклаб у кишининг устиларга зарбоф тўн кийдиришди. Айтишлари бўйича қайнотам (эртадан мен уларни адажон деб чақира бошласам керак) аллақайси халқаро танловда ғолибликни қўлга киритган эмишлар. Таомил бўйича Умид ака иккимиз тик туриб уларга таъзим бажо келтирдик. Қайнотам биз томонга қўллари кўксида тавозе билан кулимсираб қараб қўйдилар. Қарашлари бирам меҳрибон. Ё менга шундай туюлдимикан? Йўғ-ей, у кишининг самимийлиги юз-кўзларидан шундоқ билиниб турибди.
Мен Умид ака билан унаштирилгач, қизиқиш устун келиб бўлажак қайнотамнинг маърузаларини тармоқдан излаб топгандим. Шунда билдим-ки, аям бежизга у кишини ҳурмат қилмаган эканлар...



26-қисм

Адҳам Ибрагимов ўз касбининг асл фидойиси эканлиги унинг маърузалари орқали яққол ҳис қилиниб турарди. У кишининг маърузаларини тинглаган инсон беш дақиқага қолмай устознинг ортидан олис мозий сари саёҳатни бошлаб юборганлигини ўзи сезмай қолар эди.

-Умид ака ҳар томонлама адаларига ўхшаган инсон бўлсалар қани эди,- кўнглидан ўтказди Осиё,- келажакда у киши ҳам илм қилиш истагидалар. Вақти келиб мени профессор Умид Искандаровнинг аёли дейишса-я?!
Бироқ ойижон... Яъни қайнонамнинг бироз феъллари оғирроқми дейман.
Осиё бундан бир неча хафта аввал аяси билан уй кўрарга борган тоғасининг аёлини уйга қайтгач дили оғриб гапирган гапини эшитиб кўнгли бузилганди:

-Латофатхон,- деганди Моҳира келинойиси ўшанда куйинганча,- бу дейман аёл қудангиз бироз молпарастми дейман? "Ҳамма нарса куёв томондан" дея туриб бўйнингизга шунча лаш-лушни илиб қўйса-я? Яна каталог тавсия қилганига ўламанми? Кўрсатилган чинни буюмларнинг қиймати улар териб қўйиладиган жавон нархидан қиммат-ку?! Шу матоҳлар икки ёшни бахтини белгиласа экан-ки, ўлиб-қутилиб сотиб олишга тирмашсак?!

-Майли, келинойи,- деганди ўшанда аяси ўзидан ўтганини ўзи билиб,- Осиё ёлғиз қизимиз. Кўзимизнинг оқу-қораси. Бор орзу-ҳавасимизни шу қизимизга қиламиз-да.
Осиё тантананинг авж нуқтасида онажонларни даврани тўрига таклиф қилишганда ҳам шулар ҳақда ўйлар экан, аясига гул тутар чоғда ўзини боса олмай кўзларидан ёшлари дувиллаб тўкилганча ўзини уни бағрига отди:
- Аяжооон...
Латофат эса мунисгина жилмайиб уни авайлаб бағрига босди:

- Ўзимни гўзал малика қизим. Илойим бахтинг бекам бўлсин...

Эртаси куни келинсалом ўтгач, она-бола яна қайтадан узоқ вақтгача бир-бирларининг бағриларидан узилгилари келмай базўр хайрлашдилар.

Осиёни узатиб келишган аёлларни кузатиб бўлгач , Сурайё опа келин томондан қолган янгаларга ҳам парво қилмай қайноналикни бошлаб юборди. Одатда Тошкентда тўйнинг эртаси келин томондан икки нафар янга яна бир кун келинникида кун бўйи меҳмон бўлиб тунаб қоладилар, индинги куни қизнинг онаси йўқлов тоғораларини жўнатгандан сўнг, янгалар йўқловчи аёллар билан бирга изларига қайтиб кетишади. Унгача эса яна бир кун келинчакни янги уйига кўникиши учун турли маслаҳатлар беришади, келинчакка ажратилган хоналарни ўз дидларига мослаб яна бир бор жиҳозлаб чиқишади. Одатда куёв тараф аёллари келинчак ва унинг янгаларини ишларига ошиқча аралашмасдан фақат ош-овқат, чойларидан хабар олиб чиройли икром қилиб туришади. (Ҳозир бу урф-одат кўп жойларда қисқариб бормоқда, лекин ҳикоямиз бош қаҳрамони Сурайё опа барча одатлар бадастир бўлишини истаган эди).
- Осиёхон, қизим,- меҳмонхона эшигини аста чертганча кириб келган Сурайё опа янгаларга юзланди,-қизим қанилар? -у янгаларнинг жавобини эшитиб ўтирмай сўзида давом этди,- қўшниларимиз "Муборак бўлсин" га чиқишган экан, чиқиб бир келинсалом қилиб юборсинлар.
Янгалар Осиёнинг бошига ҳаррир рўмол ёпиб бошлаб олиб чиқиб кетаётган Сурайё опанинг изидан лаб тишлаб қолдилар. Уларнинг тиш ҳатламаган тиллари айтмоқчи бўлган сўзларни кўзлари ифодалаб турар эди: "Ажойиб экан-ку, бу аёл?! Қиз бояқишни биринчи кундан шунақа тиндирмаса...Оҳири бахайр бўлсин-да илойим..."
Шу куни Сурайё опа айланиб-ўргилиб юқоридагига ўхшаш сенарий асосида бир неча бор томоша кўрсатди. Бу томошалардан нафақат Осиё, балки янгалар ҳам безиб, толиқиб қолдилар.

-Холапошша, бу аёл ҳалитдан ўғлини қизғаниб кетяпти,-бемажол шивирлади Осиёнинг кичик аммаси ,- ёлғизнинг иши қийин-да, баъзи ўғли ёлғиз аёллар шунақа баҳоналар билан ўғлига келинни бийлатмас экан. Аввалам шу ҳақида эшитгандим-у, аммо энди илк бор кўриб туришим. Бу офат биз боримизда ўзини шунақа тутса, биз йўғимизда билмадим, нима ишлар қилар экан? Эссизгина жияним-а? Бояқишни узатишга бирам шошилишди-ки? Нима боши туйнукдан чиқиб кетаётувмиди? Акамгаям бир неча марта айтдим "Шошманг ака, бу умр савдоси" деб. Аммо қани қулоқ солишса. Мана энди бу аҳвол

-Э гапингиз қурмасин, Роҳилахон, - деди Осиёнинг холаси Адиба,- унақа ёмон фикрларга борманг. Чиллахонада ўтирибмиз-а, яхши гапгаям, ёмон гапгаям фаришталар амийн дейишини унутманг. Кўряпсиз-у, бу аёл ўзини боса олмай юрибди. Балки "Энди қизлик бўлдим" деб оламларга сиғмай қолгандир. Дарровда ёмон гумонга борманг-да. Ундан кейин-чи, бояги "Кўп қайноналар ёлғиз ўғлини қизғонади" деган гапингизни бир менга айтдингиз, бошқа бировга айтманг. Кўрмаяпсиз-ми, бу аёл ўғлини нимасини қизғансин, бошида бир келишган, донғи не юртларга кетган савлатли профессор эри бўлса. Шунчаки, бироз босар-тусарини билолмай қолгандир-да. Ҳеч қиси йўқ бари севинчдан. Кутилмаганда инсоннинг бошига ҳурсандчилик келиб қолса, баъзилар шунақа тизгинини йўқотиб қўйиши мумкин. Эшитмадингизми, бу аёл кўп касал бўлган экан, шундан кўнгли нозик бўлиб қолган бўлса ажабмас. Аввало бу ерда бўлиб ўтган гапларни акангизга айтиб дилини ҳуфтон қилманг, майлими? Латофат эса уям бир қават пўстдан тушмасин. Ҳар нима бўлганда ҳам ёмонини яшириб, яхшисини ошириб борайлик. Асли яширадиган ёмон бирор асрор кўрмадик-у, шундаям айтаман-да?

- Хўп, холапошша, сиз нима десангиз шу,- Роҳилахон жўялик сўзлари сабаб Адиба холага дарров ён босди,-сиз нима десангиз шу. Илойим Осиё қизим шу уйда униб, ўсиб , туп қўйиб палак ёзиб кетсин...

Икки аёл ўзларича яхши гумонга бориб анча енгил тортишди. Улардаги яхши кайфият Осиёга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.
Осиё эртага меҳмонлар кетишгач қайнона билан ёлғиз қолишини ва Сурайё опа унга яна қандай "сюрприз" лар режалаштириб ўтирганидан бехабар эди.

давоми_бор

#баҳорқайтгунчагрдил

Комментарии

Комментариев нет.