БАҲОР ҚАЙТГУНЧА.

27 - 28 - қисм.
Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)
🔳 🔳 🔳
- Мана уйимизни кўриб олдинглар, энди йўлингиз тушганда бемалол, беҳижолат келаверинглар. Сизнинг қизингиз энди бизнинг қизимиз. Шундоқ, айланайлар. Хайр, яхши боринглар, қудажонларимга салом денглар.
Сурайё опа аввал келин тарафни, сўнгра бир соатнинг нари берисида ўз опа-сингил, қариндошларини қуюқ мулозамат билан кузатиб қўяр экан, уларни ўзи билан бирга кузатиб чиққан Осиёга бош силкиб имлади:
- Хайрлашиб бўлдингизми, болам, остонада турмай ичкарига кирақолинг,-деди у ва ўзи келинининг олдига тушиб зипиллаб олганча йўл бошлади,- э ҳайрият, уйим-жойим ўзимга қоладиган кун ҳам бор экан-ку?! Баъзи одамлар ҳам ажойиб-да, ис чиққан жойда уч кун ётиб олмаса ҳисобмас.
Уфф, энди бу уйларга сон киритишни айтинг.
Осиё қайнонасининг оғзидан чиққан гапга тушуна олмай ярим йўлида тўҳтаганча анграйиб қараб қолди.
- Ҳа туриб қолдингиз? Бўлақолинг, кечгача қиладиган ишларимиз кўп.
Осиё шошилиб қолди. У тили тутилганча жавобга шошилди:
- Ҳўп бўлади, ой.. ойижон. Нима иш қилай?
- Энг аввало мана бу ялтир-юлтир этаги ер супирадиган узун кўйлагингизни ихчамроғига алиштириб чиқасиз. Кейин ўнг томондаги меҳмонхонага ўтинг. Ўша ерда нима иш қилишингизни тушунтириб бераман.
-Хўп бўлади...
Осиё қайнонасининг шинамгина меҳмонхонасига кирганда Сурайё опа ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлаганини кўриб ҳайрон бўлди..
- Манави кўрпачаларни зинага олиб чиқиб панжарасига ёйиб келинг. Бир соатлар офтобда туриб пахтаси кўпчисин. Кейин чангютгичда ўша турган жойида аввал бир томонини, сўнгра иккинчи томонини тозалаб оласиз.Унгача манави гиламни обдон тозалаб, кейин юмалоқлаб қўйиб, тагини аввал содали, кейин оддий сувда яхшилаб артиб оласиз. Пол қуригандан сўнг гиламни соласиз. Эшик-деразаларни ҳам шу таҳлит тозалаб чиқасиз. Бу хона ораста бўлгач, ошхонага, ундан кейин, ҳаммом, ҳожатхонага ўтасиз.
Биласизми, мен озодалик шайдосиман. У ер, бу ерда соч толаси ёки шунга ўхшаш нарса кўриб қолсам, ирганганимдан дарров томоғим оғриб, сув ҳам ютолмай қоламан. Иситмам қирққа чиқмаса ҳисоб бўлмай қолади. Нима қилай, туғилганимда шу феъл билан туғилганман. Айтишади-ку, қон билан кирган жон билан чиқади деб. Шунинг учун ушбу одатимга оила аъзоларимни ҳам ўргатганман. Бизда биров еган идишда бошқа биров овқат емайди. Мениям, дадасиниям, Умиджонниям идишларимиз алоҳида. Рангидан ажратиб олишингиз мумкин бўлади. Сиз учун ҳам бир сидра идиш олиб қўйганман. Ошхонага чиққанингизда ажратиб бераман. Ҳозирча бу ердаги ишларни саранжом қилиб чиқсангиз, у ёғини кейин таништириб ўтаман. Бирон тушунмаган саволингиз бўлса беринг.
-Тушундим, Ойижон...- Осиёнинг овози ўзигаям бемажол эшитилди.
Сурайё опа унинг янада оқариб кетган юзига қараб ғолибона илжайди:
-Сиз ишга киришаверинг, менинг ҳам ўз хонамда қиладиган ишларим бор. Керак бўлсам чақирарсиз. Ҳа айтганча тозалаш учун керак бўладиган челак, латта-путтани кираверишдаги ертўладан оласиз. Шундоққина ўнг қўлда турибди.
-Хўп бўлади, ойижон...
Сурайё опа хонасига кириб ётоғига чўзилди. "Иш деган мана бундоқ бўлибди, Сурайёбону,- деди у ўзига ўзи,- ҳали бу келинни шундоқ тарбиялай-ки, гаҳ десам қўлимга қўнадиган бўлади. Кези келса нафасниям мендан сўраб оладиган қилмасамми? Мен унга кўрсатиб қўяман, кимларни не-не умидлар билан не ҳасратда боққан боласига писмайиб эга чиқиб олиш қанақа бўлишини. Умид боламни ҳам айнитган шу писмиқ бўлди. Агар шу симрайган бўлмаганда ўғлим Шаҳзодага вақтида эътибор қаратган, у эса эътиборини қизғанмайдиган бошқа биттасига эргашиб кетиб қолмаган бўларди. Аёл киши ширин сўзнинг гадоси. Яна айтадилар-ки, аёл киши қулоғи билан севади. Ҳа бу рост гап. Шаҳзода ҳам бошида Умидни деб турганди. Аммо орадан мана бу Осиё деганлари чиқди-ю, иш тагига олди-қўйди. Оқибатда нима бўлди? Осиё ўзича "Муҳаббатим -ғолиб!" деб тантана қилаётгандир. Унинг шу муҳаббати мени не куйларга солгани-чи?
Умримни неча йилга қисқартирди? Энди эса шунча бўлиб ўтган гап-сўзларни унутиб, ўғлимни қўш-қўллаб яшшамагурга тутқизиб қўярканманми? Йўқ, Осиёхон! Чучварани хом санабсиз! Шу қилганингга мен тирик эканман, ўғлимга эга чиқиб бўлибсиз! Ҳаммаси сени деб бўлдими, буларнинг бадалини тўламасдан тинч яшайман деб ўйлама. Вақти келиб бу жаҳлимдан тушарман, аммо билгин-ки, айнан ўшанда сен ҳам ҳозирги Осиё бўлмайсан.."
Сурайё опа эрталаб Умидни "Янги куёв деган хотин-ҳалажни ичида ўралашса уят бўлади, уйга шом тушмасдан қайтсанг бўлгани" деган баҳона билан чиқартириб юборган, ўғли йўқлигида янги келинни "ўз мактабида ўқитиш" режасини тузган эди.
У пича мизғиб олмоқчи эди, бироқ кўзларига уйқу келмади. Сурайё опа ётган жойида ўзича бир нималарни режа қилди ва тез орада юзи ёришиб телефонини қўлига олди.
- Ассалому алайкум, опа! Ҳа яхши етиб олдингларми? Ҳа биз ҳам яхшимиз, ҳозир бутун рўзғорни Осиёхонга топшириб, ўзим талтайиб ёнбошлаб ётибман. Ажойибсиз-а, опа? Бизни уйда нимаям иш бор дейсиз? Кирни машина ювса, уйни чангюткич тозаласа. У биз- келинлигимизда хирмон-хирмон кир ювиб, қозон-қозон овқат пишириб кечаси ётоқхонамизга эмаклагудек кириб кетадиган. Ҳозиргиларга бу бир чўпчак. Ҳа майли, бу гаплар кейин. Сизга қўнғироқ қилишимдан бир мақсадим бор эди, тўғрироғи таклиф

28-қисм

- Ҳа Сурай, нима таклифинг бор экан,- тармоқнинг у тарафидан Санобар опанинг чўзиб ҳомуза тортгани эшитилди.

-Шу десангиз, опа, эртага уйимизга узатилган қизларни чақирмоқчиман. Ўзингиздан қолар гап йўқ, кўпчилиги қайнонасининг юзидан ўта олмай, баъзилари ёш боласини ташлаб кета олмай тўйга кела олишмади. Келганлариям зув келиб, зув кетишди. Шунга эртага келган келмаганларини барини бола-чақаси билан кундузи меҳмонга чақирсамда, барини кўнглини бирга олсам. Опа-сингиллар ўзимиз ҳам бир чарчоқбосди қилар эдик. Нима дейсиз, опа?

- Ажойибсан-а, Сурай? Ўзи сеникидан бугун келган бўлсак? Нафас ростламасимиздан яна изимизга чақиряпсанми? Эринг нима дейди? "Хотинимнинг илонбош уруғлари эшикни ёпсам тешикдан ўрмалаб кириб келаверади" демайдими?

- Куёвингизни ҳали ҳам танимайсизми, опа? "Илонбош"ингиз нима? Улар сира унақа демайдилар. Қайтага ўртамиздаги меҳр-муҳаббатни кўриб ҳурсанд бўладилар.

- Ҳа ҳўп, янги келининг-чи? Уят бўлмайдими унинг ёнида?
-Ие, опа, нима мен янги келинга ҳисоб бераманми? Ҳали келмасидан ундан сўраб иш қиламанми? Уйнинг эгаси ким ўзи? Ундан кейин уям ўргансин, бу уйда кимнинг айтгани бўлишига. Ҳалитдан кўнглига қарасам, бошимга чиқиб олмасин. Бу кўнгил деганлари ўзига қўйиб берса нималарни тусамайди? Келинни айтаман-да, унинг кўнглига қарасам талтайиб кетмасин.
- Вой-ей, бўлди қил,- зорланди Санобар опа, -сенга бир гап гапир-у қоч. Ойим гапга туққанлар сени. Ҳа майли, борсак бораверамиз сеникига меҳмонга. Демак, эртага пешинларга борайликми?

- Пешинингиз нимаси, опа?! Пешинда келсангиз,салом-алик қилиб сўрашиб-исташгунингизгача қош қораяди. Яхшиси, соат ўнларга келаверинглар. Баҳри дилимиз очилиб, мириқиб "дийдор ширин" қиламиз. Айтганча қизлар бемалол, яйраб ўтиришлари учун болалариниям олиб келишсин. Уй бўлса кўп,- Сурайё опа сўзини давомини ичида шивирлаб айтди,- йиғиштирувчи ҳам.

- Ҳўп майли, биздан нима хизмат?
- Хизматми? Опа, шу қизларимизнинг барига телефон қилиб эртанги кунга бизникига таклиф қилсангиз бўлгани. Қаранг-а, бирортаси келмай қолса жарима тўлайсиз.
Сурайё опа Санобар опаси билан қуюқ хайрлашгач, хуш кайфиятда ташқарига йўл олди. У боя Осиёга иш буюрган меҳмонхонага бош суқиб ҳайрон бўлди. Хонада Осиё кўринмас, бироқ хона саришта қилиб қўйилган, ҳатто ўртага хонтахта қўйилиб кўрпачалар тўшалган эди. Сурайё опа атрофга бир аланглаб олиб "Чала иш қилмаганмикан?" дея бориб гиламнинг ҳар ер, ҳар ерини қайтариб букиб текшириб кўрди. Унинг шубҳаси ўзини оқламади. Ҳамма жой чинни чироқ, хонада инсоннинг баҳри дилини очадиган ажойиб ҳаво иси таралиб турар эди. " Тавба,- ўйлади Сурайё опа, - бир соат аввал бу ерда қуюқ меҳмондорчиликдан сўнг қоладиган кўнгилни бўғадиган ҳид ўтириб қолганди, энди бўлса... Хонага кирган одам ўзини қуюқ ўрмонга кириб қолгандек енгил ҳис қилиб қоладиган ҳолат бўлибди. Бу келин хонага "освежитель" сепганга ўхшайди, аммо меъёрни тўғри танлабди. Ҳммм... "
Сурайё опа ошхонага мўралаб у ерни ҳам саранжомлигини кўриб, ювиниш хонасига йўл олди. Ювиниш хонаси ҳам ярақлаб турарди. "Нима бало, -бўшашди Сурайё опа,-роботми бу? Роса чайирми дейман?! Ўзим бу ишларни саранжонлашимга камида уч соат вақт сарфлардим..."

- Ойижоон...- Сурайё опа ортидан ийманибгина чақирилган овозни эшитиб ўгирилди,- иссиқ чой дамлаб берайми? Қорнингиз ҳам очқаган бўлса овқат иситиб бераман.

- Ҳаа, чуқур тин олди Сурайё опа,- лимон солиб кўк чой дамланг. Шакари нимтатир бўлсин. Лимонни музлаткичдан оласиз.
Кейин суюқ овқатдан иситарсиз. Ўзингизга ҳам тайёрланг.
- Ҳўп бўлади. Мен ҳозир...
Осиё енгил қадамлар билан ошхонага бурилди.

Сурайё опа ювиниш хонасида юз-қўлини енгил чайиб ошхонага кирганда Осиё ичи кўриниб турадиган янги чойнакка чой дамлаб турган экан. Сурайё опа "Бу чойнакни кундаликка ишлатмас эдим" демоқчи бўлди-ю, аммо унинг ичида дид билан кесилган лимон бўлаклари-ю, иссиқ сув таъсирида шапалоқ ёзаётган кўк чой баргларини кўриб "оғзининг суви" келди.
У индамай бориб ошхонадаги столга бориб ўтирар экан, дастурхон устининг аллақачон безатилиб қўйилганига аҳамият берди. Унда ҳали Осиёга таъкидланган пушти рангли ликопчаларнинг бирида кесилган хўл мевалар, бошқасида уч хил ширинлик, яна бирида салат, ўртада мўъжаз нон идишда нон бўлаклари тартиб билан териб қўйилган эди.

Осиё дамлаган чойни олиб келиб уч қайта қайтарди-да, тинишини бироз кутиб, қайнонасига узатди:

- Олинг, ойижон...

Сурайё опа чойни олар экан, Осиёга ҳорғин нигоҳ ташлади:
- Келинг ўзингиз ҳам. Бу нарсалар менга кўплик қилади.
- Хўп бўлади.
Осиё ортиқча гап қайтармай, ўзига алоҳида пиёла, бўш ликопча ва санчқи олиб келиб столга омонатгина ўтирди.
- Сиз ҳам шу сафар лимон чой ичақолинг. Аммо қон босимингиз шундоғам пастга ўхшайди. Сиз бу, чойдан кўп ичсангиз "гилдиллаб" қоласиз. Олинг аввал салат енг, ширинлик иштаҳани бўғади, уни овқатдан кейин ейсиз.
Осиё сўзсиз бош силкиди-ю, музлаткичдан ликопчасига озроқ салат солиб келди. Сурайё опа унга қараб "Бизни уйда ҳамманинг идиши алоҳида" деб "бироз ошириб юборганини" сезди. Аммо энди кеч эди.
- Эртага уйга меҳмон келаркан,- деди Сурайё опа Осиё сузиб келган манпарга қошиқ солар экан,- жиянларим опа- сингилларимга "Холамга айтинг, янги келиннинг қўлидан биз ҳам чой ичайлик бундоқ" деб ҳол-жонларига қўйишмабди. Ҳаммалари "Умид акамнинг аёллари қанақа экан? " қизиқиб ичлари узилиб ётибди. Бир кўнглим "Тўйнинг чарчоғи ҳали чиққани йўқ" рад жавобини бериб юборай дедим-у, кейин ўйлаб қолдим,- келинининг оғзига саволомуз тикилди Сурайё опа.

-Майли ойижон. Келишса бош устига. Баҳонада мен ҳам улар билан яқиндан танишиб оламан...- ерга қараганча оҳиста жавоб қайтарди Осиё.

- Менам шуни ўйладим. Кейин ҳамма нарса борлигида шуларни кутиб олсам олақолай дедим. Тўйдан ортиб қолган манави егуликларни айтаман-да.
Аммо уларни кутадиган қувват менда бўлса экан? Шу ҳақда ўйлаб бошим қотди. Ҳамма нарса бор деган билан икки хил овқат, сомса пишириш керак.
- Мен борман-ку, ойижон. Нима овқат пишириш кераклигини айтиб, масаллиқларни ажратиб берсангиз бўлди.

- Яхши... - Сурайё опа гапни ортиқча чўзиб ўтирмади,- сизнинг меҳмонхонангизга, унинг ёнидаги хонага, ундан кейин ҳозир тозалаб қўйилган хонага ҳам жой қилиш керак.

- Нима ҳаракат, ойи? Тинчликми, яна кимни кутишни режалаштираяпсиз?
Умиднинг овозини эшитиб Сурайё опа ва Осиё тенгдан ўгирилишди.

давоми_бор

#баҳорқайтгунчагрдил

Комментарии

Комментариев нет.