КУНДОШЛАР   - 951087932454

КУНДОШЛАР

2 - қисм.
Иккинчинчи ФАСЛ
Роман
МУАЛЛИФ: НАРГИЗА УСАНБОЕВА
Ёқимли мутолаа!
Эътиборингиз ва қимматли вақтингизни ажратаётганингиз учун ташаккур!
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Ким? Ким у? – важоҳат билан деди Матлуба.
- Вой Матлу, юрагимни ёрдинг! Нима бўлди, сенга?
- Нигор бошим жуда бошқача оғрияпти. Қулоғим... қулоғимга...
- Қулоғинг шанғиллаяптими? Қон босиминг чиққандир? - Нигора бўйнини чўзиб ресепшндаги қизларга қаради. – Қизлар, ҳамширани чақиринг. Танометр билан келсин.
- Хўп.
Сал ўтмай, танометр кўтарган ҳамшира етиб келди. У Матлубанинг қон босимини ўлчашни ўнг қўлидан бошлади. Икки марта ўлчади. Кейин чап қўлидан ҳам ўлчади.
- Тинчликми? – ҳайрон бўлиб қаради Нигора.
- Қон босими жойида, - деди ҳамшира. – Атай қайта-қайта эшитиб кўрдим.
- Унда яхши. Ваҳима қиладиган ҳеч нарса йўқ, - Нигора Матлубага меҳр билан тикилди. – Юр, ўзим сени таксига миндириб юбораман. Йўқ, яхшиси, ўзим уйингга ташлаб ўтиб кетаман.
- Шундай қил, ўртоқ, - деди Матлуба Нигорага илтижоли боқиб.
Негадир унинг кўзларида қўрқув бор эди.
🍃
- Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айро ҳам тушдим баъзан¸ қалб билан имон билан,
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим... – Зоирга қўл чўзиб кўриши билан синфдош ўртоғи Холбек шу машҳур қўшиқни илмоқли қилиб куйлаб қўйди.
- Қўшиқ айтиб қолибсанми? – аввалига ҳеч нарсага тушунмади Зоир.
- Завқ билан, тўполон билан ўтган ёшлигингни эсингга соляпман, - тиржайди у.
- Ҳалиям завқ билан ўтяпти, қариганим йўқ, - бироз жаҳли чиқди Зоирнинг.
- “Айро ҳам тушдим баъзан¸ қалб билан имон билан,
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим... – яна куйлади Холбек.
- Э-э-э, ёмон эзма бўлиб қолибсан? Дангал гапирмайсанми?
- Биринчи муҳаббатинг, ҳаётингни завққа, тўполонга тўлдирган кеннайинг қайтганмуш... – ёрилди ниҳоят Холбек.
Зоирнинг юраги бир қалқиб кетди. Шундай бўлса-да, сир бой бергиси келмади.
- Нималар деяпсан? – деди билмасликка олиб.
- Роса ғалча бўлиб қолибсан-ку! Севара кеннайи қайтганмуш...- Холбек Зоирнинг ичидан кечаётган ҳисларни юзидан ўқимоқчи бўлгандек кўз узмай тикилиб турарди.
- Эриникигами? Эри кечирибдими? – беихтиёр сўради Зоир.
- Жиннимисан? Қайси эр кечиради? Уйланиб, бола-чақали, бахтли бўлиб кетди-ку, ака. Ота-онасининг ёнига қайтганмуш...
- Кечирибди-да... – севинишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмай деди Зоир.
- Билмадим. У ёғи номаълум. Аммо ўғлини етаклаб олиб, уйига кириб кетаётганини кўрганларнинг ўзидан эшитдим.
- Яхши-да. Ота-она кечиради, барибир... – деди Зоир миясига келаётган ўйлар таъсирида шошиб.- Бўпти, мен борай...
Зоир уйи томон одимларкан, шайтоннинг қалбига солаётган қутқусидан энтикиб қўйди.
“Энди Ёнаркўзнинг олдига борсам бўлади, - деди ўзига ўзи. - Ота-онаси кечирибди. Хурсандлигидан ҳам мени ҳайдамайди... Ўзи ёмо-о-он соғиниб юргандим...”
У шу хаёлда уйига келди. Аёли Ҳилола уни кайфиятсиз қарши олди:
- Қаёқларда юриб келяпсиз.
- Тилинг узилиб тушса ҳам аввал “Яхши келдингизми?” де, - Севаранинг ширин хаёли сабаб, Ҳилола кўзига балодек кўринди Зоирнинг.
- Чидасангиз ҳам, чидамасангиз ҳам борим шу! – безрайиб деди яна аёли.
- Ишдан келаман-да, ўйнашимникидан келмайман-ку, - тутақиб кетди Зоир ҳам.
- Айтиб бўладими? Ўйнашингиз ҳам маҳаллани айланиб қолганмуш-ку, - бақирди Ҳилола ҳам.
“Демак, Ёнаркўзни ота-онаси кечиргани рост! – хотинини эшитмай қўйди Зоир. – Ҳилола ҳам кўрибдими, қайтгани аниқ. Энди борсам, “Ота-онам кечирмайди”, деган баҳоналарни қила олмайди... Ўзиям шаҳарда, ижара уйда, ёлғиз яшаркан... Бугуноқ борсаммикан?”
Зоир Севара билан бўладиган учрашувини ўйлаб ширин энтикканча ётоғига кириб кетди. Ҳилоланинг унинг ортидан жавраганча қолаверди:
- Боланинг памперси тугаган. Уйда гўшт йўқ...
🍃
Ораста, кенг ва ёруғ хонадонда, меҳрибон инсонлар бағрида эркин қуш каби юрган бўлса ҳам, бошқоронғиликнинг кўнгил айниши Гулҳаёни анча чарчатиб қўйди. Ёзнинг охирлаётган кунлари гўё гўдагини бағрига босиб уйини тарк этаётган она каби ўзи билан талабаликнинг таътилини ҳам олиб кетаётгандек. Бу Гулҳаёнинг кўнглига ғулғула солади.
- Шаҳзод ака, дарсга қандай бораман-а? – эркаланиб деди у эрига.
- Дарсинг бошлангунча ўтиб кетар...
- Ўтиб кетадиганга ўхшамайди... Менга қаранг, шу... дарсга бормасам-чи?
- Ие... талаба, сиз ҳали илм йўлини тарк этмоқчимисиз? – деди Шаҳзод Гулҳаёнинг ёнига ўтираркан. - Илм олишнинг ҳам ҳаққини адо этиш керак... Мен индамаслигим мумкин, лекин бобом асло қўймайди.
Давоми бор
#Кундошларгрдилсўзлари

Комментарии

Комментариев нет.