ҚАРО КЎЗИМ

195-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Камрон шундай дейди-ю, ғазаб билан чиқиб кетди. Ортидан Саодат холанинг Маликага гапиргани эшитилиб турарди:
- Ана, сенга нима дедим. Сенга ўхшаган аҳмоқ аёллар юрмаган эркакниям юришга мажбур қилади. Бўлди, гулдек рўзғорингни йўқ қилдинг!
💞 💞 💞
Лазокат ишлаб ўтирибди. Қизи эсига тушди.
- Самира нима қиляпти, экан? – деди ўзига ўзи ва телефонни олиб Давронга қўнғироқ қилди. - Ассалому алайкум. Яхшимисиз?
- Ва алайкум ассалом. Лазокат, яхшимисан? -Даврон дарҳол жавоб берди.
- Раҳмат. Самира яхшими?
- Яхши. Кеча кетгунимизда қизинг роса кулдирди.
- Нега?
💞 💞 💞
Даврон йўл четда патрул машинасида Лазокат билан телефонда гаплашиб ўтирибди:
- Бувинг сени кўрса қувонганидан рақс тушади дедим. Бувимга совға олайлик, янаям хурсанд бўлади, дейди. Нима совға оламиз десам, шоколад олайлик дейди. Ўзинг ҳам шерик бўласанми, десам ҳа дейди.
Лазокатнинг кулгани эшитилди.
- Ўзини ўйлаганда у, ширинтомоқ, - деди кулиб бўлгач.
- Шууу. Айтган шоколадини олдик. Уйга борсак, “буви, ўйнанг, ўйнасангиз машинадан тушаман”, дейди. Бувисиям ўйнади-да, - кулди Даврон ҳам.
- Шумтака-ей...
- Хуллас, ярим кечасигача, бувиси, мен, Самира яйрадик...
- Яхши. Бувиси хурсанд бўлган бўлса бўлгани, - деди Лазокат.
- Хурсанд бўлди, раҳмат сенга, - деди чин дилдан Даврон.
💞 💞 💞
Лазокат Даврон билан гаплашиб бўлиб, бирдан Алига қўнғироқ қилди:
- Ало, ассалому алайкум, Али Мансуров? Яхшимисиз?
- Лазо, қалайсиз? Ва алайкум ассалом. Аҳволингиз яхшими?
- Шукр, яхшимиз. Яна бир карра ҳаммаси ортида қолгани рост бўлсин, - деди Лазокат сохтакорона.
- Раҳмат.
- Гули яхшими?
- Яхши шукр.
- Қаердасиз, ишга ҳам келмадингиз? – сўради Лазокат.
- Топинг-чи, ким билан ўтирибман.
- Камрон биландир-да.
- Топдингиз, - деди Али. - Тушлик қилмоқчимиз.
- Менсизми?
- Лазо, келинг, ишхонадан узоқ эмасмиз. Ўн дақиқада келасиз. Сизга овқат буюртма қилиб турамиз.
- Бораман унда. Бўпти, - Лазокат ўрнидан турди.
💞 💞 💞
Даврон кўчада турибди. Хурсанд. Кайфияти аъло.
- Қайсар Лазокатни бу кетишда эритиб оламан-ов! – ўзига ўзи илжайди. - Ярашиб кетмасам, эди.
💞 💞 💞
Али, Камрон, Лазокат кафеда ўтирибди. Овқатланишяпти.
- Келин жуда рашкчи экан-да, - деди Лазокат Камроннинг гапларини эшитиб.
- Жаҳлим чиқди. Аламимдан ростдан кимлар биландир гаплашиб, ростмана хиёнат заҳрини тоттиргим келиб кетди. Ўғлимга эса раҳмим келди.
- Тўғри ўйлабсиз, шунақа қилиб кўзини очинг.
- Мен ким биландир гаплашишинг тарафдори эмасман. Ростмана бошинг айланиб қолса, оиланг йўқ бўлади, - эътироз қилди Али.
- Менам ростмана бегона аёл билан гаплашсин, демаяпман, - деди Лазокат кулиб. -Масалан, мендан фойланинг, Камрон. Келин мени танимайди-ку. Гўёки, менинг бошимни айлантирган бўласиз. Келиннинг ёнида пайтингиз бир-икки марта нозланиб телефон қилиб қўяман.
196-қисм
- Бормайман энди ёнига. Сабр косам тўлди. Келса келиб яшасин, ана. Келмаса ҳам ишим йўқ.
- Ёнига бормасангиз, мен билан гаплашаётганингизни қаёқдан билади?
- Телеграмимга, инстрагамимга сиз билан тушган расмимни қўйсам, кифоя, - кулди Камрон.
- Унда осон экан-ку, - деди Лазокат.
Камрон телефонини қўлга олиб, Лазокат билан бирга сельфи қилди.
- Али, кафеда ўтирганимиз билинсин, бизни бирга расмга ол, - деди Камрон Лазокатнинг маслаҳатига амал қилиб.
Али Камрон ва Лазокатни расмга олди. Камрон расмга қараб кулди:
- Лазокат, ростдан ҳам учрашувга чиққан қиздек ўтирибсиз.
- Айтдим-ку, рол ўйнаб бераман деб, - деди Лазокат. - Шу билан аёлингизнинг кўзи очилиб, оилангиз тинчиб кетса бўлгани.
- Ё чикка, ё пукка, - Камрон алам билан деди. - Унга айтиб чиқдим. Қизлар билан гаплашишни энди кўрасан, дедим. Ҳозироқ профилимга қўйиб қўяй, “ҳиёнат”ни бошлаганимни билсин.
Камрон Лазокат билан тушган расмини телеграм профилига жойлади.
- Бугун тўйга қай бирингиз билан бораман? – сўради Лазокат.
- Камрон боради, - деди Али.
Камрон Алига қаради:
- Ўзинг-чи? Ўзинг бормайсанми?
- Гули шифохонадан чиқиб олсин, - маслаҳат бера бошлади Али: - Лекин Камрон шу ишниям ташлама. Кўргандирсан, фойдасини?! Сардор ўзи тўй топиб беради.
- Сардор ҳам айтди. Давом эттирмоқчиман.
- Унда, тўйдан қайтишда, машина ичида ҳам битта сельфи қиламиз, шуям келинга етиб ортади, - кулди Лазокат.
- Ишонса-да... – кулди Али ҳам.
- Ишонади, - ишонч билан деди Камрон. - Чунки тўйга чиқаётганимни билмайди. Лазокатни танимайди. Тунда нима қилиб юрибди, деб ўйлайди. Гумондан инфарк бўлмаса бўлгани...
- Фойда берса, бўлгани де...
💞 💞 💞
Зебо буткул бошқа қиёфада қимматбаҳо машина, қимматбаҳо кийимларда кетяпти. Катта икки қаватли уйнинг олдига келиб тўхтади. Машинадан тушганида телефони жиринглади.
- Ало, ҳа жиян? – деди Зебо.
Ўша ҳамтовоғининг овози эшитилди:
- Яхшимисиз, опа? Тинчмисиз? Ишхонангиз тинчми?
- Тинч.
- Бўшайсизми, у ердан?
- Йў-ў-ў, бўшамоқчимасман, - деди Зебо. - Чунки Нигора мендан умуман шубҳалангани йўқ.
197-қисм
- Йўғ-е! – деди Зебонинг ҳамтовоғи.
- Ҳа, “Жиянингизга олиб боришга улгурмадим, фирибгарлар ечиб олиб қўйди”, деб ўтирибди.
- Шикоят қилмоқчимасми?
- Ҳозирча хаёлига келаётгани йўқ, қариндошларга пулни қандай қайтараман, деб ўтирибди.
- Тинч бўлсангиз, бўлди. Бошқа йўқми, “товуқлардан”?
- Бор. Сен кутиб туравер, мен донлатавераман... - деди Зебо.
- Бўлди, опа...
Зебо икки қаватли ҳашаматли уйнинг дарвозасини калити билан очиб, кириб кетди.
💞 💞 💞
Жамшид хонасида ўтириб, рейтингни кўрди. Рейтинг у эфир олиб борган пайтида жуда кўтарилган. Жамшиднинг чеҳраси очилди. Рейтингни группага ташлаб, ўзига ўзи деди:
- Мана, ўз кучим билан кўтардим, рейтингни. Бугунги рейтингга Алининг умуман даҳли йўқ. Эфир вақтини энди Алига бермайман. “Алининг соати”, деган гапни “Жамшиднинг соати”га алмаштираман. Нимага қодирлигимни кўрсатиб қўяман.
💞 💞 💞
Малика бир кишилик каравотда Имронни қучоқлаб ётибди. Ухлатяпти. Имронни ухлатиб, Малика телефонини қўлига олди. Чароснинг профилига кирди. Ҳеч ўзгариш йўқ. Кейин Камроннинг профилига қаради. Камроннинг профилида унинг Лазокат билан кафеда ўтирган расмини кўрди. Авзойи бузилиб, қўлидаги телефонини пастга улоқтириб, йиғлаб юборди.
💞 💞 💞
Али Гулининг ёнига кирди. Гулининг чеҳраси очиқ. Али ҳам унга қараб табассум қилди. Қўлидан ушлаб деди:
- Қаро кўзим, зерикмадингми? Мен Камрон ва Лазо билан тушлик қилиб келдим. Тўйга чиқишга Камронни ҳам қўшиб олдик. Унга илгари ҳам “чиқ” десам чиқмасди. Мен қамоқдалигимда ўрнимга чиқишга мажбур бўлиб, анча ўрганибди. Энди чиқаман, деяпти. - Али Гулининг кўзларига тикилди. - Озибсан, Гули. Сенга зерикмаслигинг учун ҳамма янгиликларни айтиб бераман. Маликаи Камрон ҳалиям онасиникида. Рашк ўти уйига қайтгани қўймаяпти. Лазокат уни уйига қайтариш учун Камроннинг севгилиси ролини ўйнаяпти. Бугун кечгача иссиғинг чиқмаса, эртага эрталаб жавоб беради. Сени уйга қўйиб, ишга бораман.
Али Гулининг пешанасига қўлини қўйди. Кейин томоғига ҳам бармоғини босиб кўрди.
- Худога шукр, иссиғинг йўқ. Уйга кетиш эҳтимолимиз юқори. Балки, бугун қайтармиз Гулим. Қайтворамизми, уйга Қаро кўзим. Карим акага кетамиз десам, жавоб бериши мумкин. Лекин сени ўйлайди. Иссиғи чиқмаслигига ишонч ҳосил қилай, дейди, - Али Гулининг кўзларига тикилиб гапида давом этди. - Карим ака иссиғинг чиқиши сабабини нима деганини айтмадими, сенга? Мени соғиниб, ичикиб, иссиғинг чиқиб кетибди. Шу ростми?
Гули энса қотиргандек нигоҳларини осмонга қаратди. Али кулиб юборди:
- Нима тан олмоқчи эмасмисан?
Гули жилмайди.
- Шумсан...
198-қисм
Гули кулди.
- Сен кулсанг олам кулади, - хурсанд бўлди Али.
Гули жўртага қовоқ осди.
- Қовоқ осма. Сенга ярашмайди. Мени бир кун қовоқ осиб хуноб қилганинг эсингдами?
Гули кулди.
- Мен сени рашк қилдим. Кимдир телефон қилганди. Адашиб тушган экан. Эсингдами?
Ўшанда Гули нонушта учун қуймоқ пишираётганди. Али кофе ичиб ўтирганди.
- Бугун якшанба кеч турасиз, деб қуймоқни бемалол пишираётгандим, туриб олганингизни қаранг, - деди Гули Алига қараб.
- Негадир, уйқуга тўйиб уйғондим.
Шу пайт Алининг олдида, столда турган Гулининг телефони жиринглади.
- Рақамнинг ўзи чиқяпти, - деди Али қараб.
- Олинг...
Али телефонни кўтарди ва овоз кучайтиргични босади. Гули газнинг олдида туриб бақирди:
- Ало?
- Овозингдан! - эркак кишининг овози эшитилди. - Муҳаббатим бормисан?
Гулининг қоши чимирилди. Алининг кўзлари косасидан чиққудек бўлди.
- Ким бу? Кимга телефон қиляпсиз? – деди Гули.
- Сенга муҳаббатим.
- Адашдингиз... Муҳаббатингиз ким?
Эркак овози жим бўлиб қолди ва сал ўтиб, узр сўради:
- Кечирасиз, адашибман...
Алоқа узилди. Гули қуймоқ пиширишда давом этди. Алининг қовоқ-тумшуғи осилиб, жимиб қолди. Охири ёрилди.
- Адашганга ўхшамади-да, - деди у шубҳа ичида. - Икки марта овозингни эшитди. Шундаям адашдим демади, “муҳаббатим” деди.
Гули қуймоқ билан андармон.
- Мен узоқдан гапирдим, овозимни ўхшатгандир, муҳаббатига.
Шу пайт смс келди. Ўша рақамдан:
- “Гулим айт, севгимиз ҳазон бўлдими?”
Али тутақиб кетди.
- Қара, адашган одам хабар юборди.
Гули телефони олдига келиб қарайди. Ҳайрон бўлди.
- Жинними, бу?
Сал ўтмай иккиси ғижжилашиб қолди. Гули ҳам, Али ҳам асабий. Гули тушунтиришга уриняпти:
- Яна рақамга қарамай хабар юборгандир? Ёки кимдир ҳазиллашяпти. Қариндошлардан бири янги сим-карта олган бўлса...
- Гапни айлантирма. Ким бу?
- Адашдим, деди-ку...
- Одам бир марта адашади. Бу телефон қилди. Сен довдирадинг, икки марта гапирдинг, овозинг эшитганда адашдим демади. Кейин мана смс ёзди. Смсни қара.
Али смсни ўқиди:
- “Гулим айт, севгимиз ҳазон бўлдими?” Адашиб тушган одам исмингни қаердан билади?
- Бу машҳур мисралар-ку. Ҳамма билади, - деди куйиниб Гули.
- Айнан сенга “Гулим” деб ёзгани, сенинг исминг Гули эканлиги-чи?
- Тасодиф!
- Хўш, бу тасодиф экан, биринчи телефон қилган пайтида сен нега довдирадинг?
- Қўрқиб кетдим, сизнинг қарашингиздан!
- Мен нима қилиб қарабман? – тутақиб деди Али.
199-қисм
- Еб қўйгудек бўлиб қарадингиз, ўзингизга билинмайди-да... – деди Гули йиғлагудек бўлиб.
- Айт, ким у? - Али қўлидани чашкани столга “тақ” этказиб қўйди.
- Ўлай агар танимайман, шу одамни. Ҳозир телефон қиламан. Агар... адашгани маълум бўлса... Ўзингиздан ўпкаланг.
Гули шартта газни ўчирди ва ғазаб билан ўша рақамга телефон қилиб, овоз кучайтиргични ёқди.
- Ассалому алайкум, сиз ҳозир кимга қўнғироқ қилдингиз, кимга смс ёздингиз?
- Воооо..лайкум... Сиз кимсиз? – довдиради эркак.
- Ўзингиз кимсиз?
- Сиз телефон қиляпсиз-ку, кимга қилаётганингизни биларсиз...
- Билмайман. Эрталабдан телефон қилдингиз менга, смс ёздингиз... Оилам бузилай деб турибди.
- И-и-и... Тўхтанг... – ҳалиги эркак бироз жим қолди. - Мен... Мен... Э-э-э, мен хато ёзибманми дейман.
- Кимга телефон қилгандингиз?
- Хотинимга... Опа, кечирасиз... Хотиним аразлаб кетганди. Мени телефон қилмасин, деб сим-картасини ўзгартирибди. Бугун зўрға топувдим. Шунга... хато ёзиб олганга ўхшайман.
Али ўзини тўхтата олмади:
- Нега смсда “Гулим, айт севгимиз ҳазон бўлдими?” деб ёздингиз...
- Севишиб турмуш қурганмиз. Аразлаб мен билан гаплашмаяпти. Шунга қўшиқдаги гапни ёзувдим-да, кечирасиз ака. Рақамни хато ёзганга ўхшайман.
- Қаерликсиз? – сўради Али.
- Сурхондарёлик... Деновданман ака...
- Ярашинг, келин билан тезда, - деди чеҳраси очилиб Али. - Бахтли бўлинг...
- Раҳмат ака, узр.
Алоқа узилди. Гули Алига ёмон қаради. Пичинг қилди:
- Деновда хушторим бор... Қалай?
Али кулди:
- Биласан-ку, рашкимни...
- Бу рашк эмас, ишончсизлик. Менга ишонмадингиз. Шу аламимни келтирди, - Гулининг кўзига ёш тўлди.
Тарелкадаги қуймоқни Алининг олдига “тўқ” этказиб қўйди-ю, фартугини ечиб, қовоқ осиб чиқиб кетди. Шу билан қовоғини очилмади. Ҳар хил вазият бўлди уйда. Барибир Гули Алига гапирмай, тумтайиб юраверди.
Гули уйни пилесос қилаётганида аАли жўмрак тузаётганди. Али бақирди:
- Гул-и-и-и, бу ёққа қара. Мана буни ушлаб тур. Гули-и-и-и!
Гули қовоғини осиб, пилесос қилишда давом этаверди. Али хўрсинди.
Кейин Гули тушлик тайёрлади. Алининг олдига овқат, салат қўйди. Чой дамлади. Сўнг индамай ўтириб, овқатини ея бошлади.
- Овқат енг, деб табассум билан айтмасанг, емайман овқатингни, - деди Али.
Гули жим. Ўзининг овқатини ейишда давом этди. Қовоғи очилмади. Али хўрсинганча, овқатга термулди. Аммо емади. Кейин Гулига жимжилоғини тутди:
- Кел, ярашамиз.
Гули қиё боқиб ҳам қўймади.
Ундан кейина Гули кийимларни дазмол қилаётганида ҳам, китоб ўқиётганида ҳам Али ёнига келди:
- Кел, ярашайлик. Мендан ўтди. Беҳуда рашк қилдим. Кел, жимжилоғингни бер... Ярашамиз...
Гули индамади.
200-қисм
- Нонушта емадим, тушлик емадим. Очдан ўламан. Кел, ярашайлик. Қора кўзим....
Али яна жимжилоғини тутди. Гули унга жилмайиб қаради. Кейин Алининг жимилоғини жимжилоғи билан ушлади. Али қийқириб юборди.
Бу ажойиб хотира Гулининг ҳам, Али ҳам ҳам юзига табассум ёйди
- Мана, гапираман десанг ҳам гапиролмай қоларкансан, - деди Али кулиб. - Ўша пайтда гапириб-гапириб хумордан чиқиб олмайсанми? Бир умр мени овозингга маҳтал қилиб ўтасанми, дейман.
Гули маюслашди.
- Нега қовоқ осяпсан? Ҳааа! Э-э, гапирасан ҳали? Нега хафа бўляпсан? Мен... ҳалиги шунчаки айтдим.
Гулининг кўзи ёшга тўлди. Унга қараб Алининг ҳам кўзи ёшланди.
- Йиғлама, Гулим... Гапирасан дедим-ку... Бугун уйга кетамизми, эртагами?
Гули индамай қараб тураверди.
- Ўзинг савол бер Али, ўзинг жавоб бер... – деди хўрсиниб.
Гули яна жилмайди. Али таажжубга тушди. Кўзлари катта бўлди:
- Тушунмадим, бир йиғлайсан, бир куласан. Мени аҳмоқ қилиб, алдаб ўтирган бўлма! Сен гапирасан ҳам шекилли.
Гулининг ҳам кўзлари катта-катта бўлди.
- Қанийди, шундай бўлса... - деди Али. - Мени алдаб гапирмай ўтирган, ҳазиллашатган бўлсанг, қани эди...
Гули ҳам маҳзун бўлди. Али эса Гулига қараб жилмайди.
- Ҳа, шундай кун ҳам келади... Гапира бошласанг, мени гапирмай алдашинг аниқ...
Гули жилмайди.
💞 💞 💞
Малика бир қўлида пакет, бир қўли билан Имронни етаклаб супермаркетдан чиқяпти. Пакетни билагига ўтказиб, телефонига қаради. Телеграмга кирди. Аввал Чароснинг, кейин Камроннинг профилига қаради. Қошлари чимирилди. Камроннинг профилида Лазокат билан тушган расми ҳалиям турибди. Маликанинг жаҳли чиқди. Имронни силталаб, уйи томон тез юрди. Жаҳл қилиб уйга кираркан, болани яна силтади. Саодат хола Маликанинг болани силталаганини кўриб жаҳли чиқди:
- Нега болани силталайсан? Унинг нима айби бор?
- Аралашманг, сиз ойи. Доим мени қораладингиз, ўша куёвингизнинг ёнини олдингиз. Мана кўриб қўйинг.
Малика Камрон ва Лазокатнинг расмни Саодат холага кўрсатди. Саодат хола расмга қараб кўзлари катта-катта бўлиб, оғзини кафтини билан ёпди.
- Сизнингча куёвингиз фаришта эди. Кўриб қўйинг, кафеда ўтирибди, жанонлар билан.
- Шунга ким мажбур қилди, уни? – ғазаб билан деди Саодат хола. - Сенми? Юрмаган одамга, юрсан-юрасан дейвердинг. Мана, охири юрди...
- Юряптими, энди... – қўрқиб кетиб овози титраб сўради Малика.
Давоми бор
#ҚАРОКЎЗИМгрдил

ҚАРО КЎЗИМ - 952400364582

Комментарии

Комментариев нет.