ЯХШИЛИК

Бир куни пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобалари билан ўтирган эдилар. Саҳобалар, у Зотдан:
---- Нима учун ҳазрати Алийни кўпроқ яхши кўрасиз? --деб сўрадилар.
Ҳазрати Алий у мажлисда йўқ эдилар. У Зот (с.а.в.) Ҳазрати Алийни чақириб келишни буюрдилар.
Кейин у Зот саҳобаларга савол бердилар:
--- Сиз бир кишига яхшилик қилсангиз, у эса сизга ёмонлик қилса, сиз нима қиласиз?
--- Яхшилик қиламиз.
--- У яна ёмонлик қилса-чи?
--- Яхшилик қиламиз.
--- Яна ёмонлик қилса-чи?
--- ...
Қалблари билан тиллари доим бир бўлган у саҳобалар, бошларини пастга эгдилар. Бир оздан сўнг мажлисга Ҳазрати Алий (р.а.) кириб келдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Ҳазрати Алийдан сўрадилар:
--- Эй Алий, сиз бир кишига яхшилик қилсангизу, у киши сизга ёмонлик қилса, сиз нима қиласиз?
--- Яхшилик қиламан.
--- У яна ёмонлик қилсачи?
--- Яхшилик қиламан.
--- Яна шундай қилсачи?
--- Яхшилик қиламан...
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалом, бу саволни етти марта сўрадилар. Ҳазрати Алий (к.в.) ҳар гал бир хил жавоб бердилар.
Саҳобалар ҳайратланиб:
--- Нима учун Алийни яхши кўришингизни англадик, -- дедилар.
Розияллоҳу анҳум!....

Комментарии