Оиламиз катта бўлиб моддий шароитимиз ҳам камтарона эди.

Дадам оддий хизматчи бўлсалар-да, айтган нарсамизни олиб беришга доим ҳаракат қилар эдилар. Агар биз сўраган нарсага айни вақтда пуллари етмаса: "Болажоним, ҳозир бу нарсага пулим етмас экан, иншоаллоҳ, ойлик олсам, албатта, олиб бераман”, дердилар. Улар олиб бераман деган нарсаларини ҳеч қачон эсдан чиқармасдилар. Биз фарзандларнинг дадамга айтган нарсамиз, ҳатто, эсимиздан чиқиб кетарди. Лекин дадам имконлари бўлганда икки-уч ой кейин бўлса ҳам ўша нарсани олиб берардилар. Ҳаммамизнинг "буюртма"миз дадамнинг ёдларида туришига қойил қолардик. Бунинг сирини дадам вафот этганларидан сўнг билдик. Мен дадамнинг шахсий нарсалари турадиган тортмадан бир дафтарча топиб олдим. Дадам ўша дафтарга биз олиб беринг деган нарсаларимизнинг барчасини ёзиб борар эканлар. Дафтарча биз айтган қўғирчоқлару ширинликлар, кийим-кечаклару китоб-дафтарлар номи билан тўла эди. Ҳатто айтган кунларимиз санасини ҳам қайд қилиб борар, олиб берганларини белгилаб ҳам қўяр эканлар. Барчамиз бу дафтарни йиғлаб ўқидик. Айниқса ўзим ҳақимдагиларни ўқиганимда бўғзимга нимадир тиқилиб қолди, овозим ҳам чиқмасди. Бу дафтарнинг номини "Рост ваъдалар дафтари” деса ҳам бўлади. Дадам раҳматли ростгўй, сўзида турувчи, меҳнаткаш инсон эдилар. Уларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Омин!
“Фарзанд тарбиясида 700 сабоқ” китобидан.

Комментарии

Комментариев нет.