21 апр 2021

— Эй Билол, нима қилмоқни истаяпсиз?

— деб сўради Абу Бакр (р.а.).
— Мен то вафот этгунимга қадар ўзимни Аллоҳ йўлига бахшида этмоқликни истайман.
— (Сиз кетсангиз) ким биз учун азон айтади?
Билол (розияллоҳу анҳу) кўзлари тўла жиққа ёш билан:
— Мен Росулуллоҳдан сўнг бошқа ҳеч кимга азон айта олмайман...
— Эй Билол, қолинг ва биз учун азон айтинг...
— Агар мени ўзингиз учун озод қилган бўлсангиз, айтганингизча бўла қолсин. Агар мени Аллоҳ учун озод этган бўлсангиз, мени қўйиб юборинг.
— Сизни Аллоҳ учун озод қилганман, эй Билол.
Билол (розияллоҳу анҳу) “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг, энди Мадинада қола олмайман” деб, Шом диёрига сафарга отландилар.
Қачонки Билол азон айтишни истаб, «Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ»га етганларида нафас ололмай тўхтаб қолар, йиғлаб юборар эдилар.
Орадан икки йил ўтгач Билол (розияллоҳу анҳу) тушларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига «Бу қандай жафо бўлди эй Билол? Бизни зиёрат қиладиган вақтингиз келмадимикан?», деб айтганларини кўрадилар.
Билол (розияллоҳу анҳу) маҳзун ҳолатда уйғонгач, Мадинага отланадилар. Расулуллоҳнинг қабрларини зиёрат қилар эканлар, ерга ётиб олиб йиғладилар. Сўнгра Ҳасан ва Ҳусайн билан кўришиб, уларни маҳкам бағирларига босиб, ўпдилар.
Ҳасан ва Ҳусайн Билол (розияллоҳу анҳу)га:
— Саҳарда азон айтишингизни хоҳлар эдик, — дедилар.
Дарҳақиқат, Билол масжид сатҳида туриб “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деганларида бутун Мадинани титроқ босди.
“Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ” деганларида эса титроқ зўрайиб кетди. “Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ” деганларида эса аёллар ҳам хоналаридан отилиб чиқа бошладилар. Пайғамбар алайҳиссалом вафотларини кўрган саҳобалар Билолнинг азонидан ларзага келдилар.

Комментарии