17 дек 2019

#Эй_иймон_келтирганлар

Эй иймон келтирганлар (22): Маст ҳолда намоз ўқиш ва жунуб ҳолда масжидга кириш ҳаромлиги, узрли ҳолатда таяммум қилиш жоизлиги
“Эй иймон келтирганлар, токи айтаётган гапингизни фарқлайдиган бўлмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқинлашманг! Жунуб ҳолингизда ҳам, то ғусл қилиб покланмагунча намозга ва масжидларга яқинлашманг! Фақат, масжид ичидан ўтиб кетиш бундан мустаснодир. Агар касал ёки сафарда бўлсангиз, ё сизлардан бирингиз ҳожатхонадан чиққан бўлса, ё хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангиз-у сув топа олмасангиз, у ҳолда тоза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинг. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва мағфиратли Зотдир” (Нисо, 43).
Шарҳ:
Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо ҳар бир мусулмон билиши шарт бўлган бир неча ҳукмни ўз ичига олган.
Қуйида уларнинг ҳар бирини алоҳида баён қиламиз. Сиз аввал бу нидони ёдлаб олинг, сўнг ундаги фиқҳий масалаларни ўрганинг, амал қилинг ва бошқаларга ҳам етказинг, шунда осмонда улуғ зотлар мақомига мушарраф бўласиз. Имом Молик “Муватто”да келтирган ривоятда: “Ким ўрганса, ўрганганига амал қилса ва уни бошқаларга ўргатса, осмонда улуғ зотлар сафидан ўрин олади”, дейилган.
Маст ҳолда намоз ўқиш ҳаромлиги;
Бу ҳукм “Моида” сурасидаги маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган оят билан мансух бўлган, яъни ҳукми бекор қилинган. Энди ҳар қандай ҳолатда ҳам маст қилувчи ичимлик ичиш мумкин эмас. Масалан, бир фосиқ одам маст қилувчи ичимлик ичгани фараз қилинса, модомики маст ҳолда экан, намозга туриши мумкин эмас. Чунки унинг таҳорати бекор, ўқиган намози дуруст бўлмайди.
Жунуб, яъни ғусл вожиб бўлган ҳолатда, шунингдек аёллар ҳайз ва нифос ҳолида намоз ўқиши ҳаромлиги;
Ғусл вожиб бўлган киши ҳамда ҳайз ва нифоси тугаган аёл тўлиқ ғусл ёки таяммум қилганидан сўнг намозга туради. Шунингдек, бундай (жунуб, ҳайз ва нифос) ҳолатида бўлганлар масжидга кириши ҳам ҳаром, фақат масжид ичидан ўтиб кетаётган, масжидда ўтирмай унинг бир эшигидан кириб, бошқа эшигидан чиқиб кетаётган киши бундан мустаснодир.
Юқорида ўтган икки ҳукмга Аллоҳ таолонинг: “Эй иймон келтирганлар, токи айтаётган гапингизни фарқлай билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқинлашманг! Жунуб ҳолингизда ҳам, то ғусл қилиб покланмагунча намозга ва масжидларга яқинлашманг! Фақат, масжид ичидан ўтиб кетиш бундан мустаснодир”, сўзи далолат қилади.
Касал ё мусофир одам, катта-кичик нажосат ё ел чиқариш сабаб таҳорати синган, жимоъ ёки эҳтилом сабаб жунуб бўлган киши агар сув топа олмаса, таҳорат ва ғусл ўрнига таяммум қилади ва шу билан намоз ўқийди, масжидга ҳам кираверади. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Агар касал ёки сафарда бўлсангиз, ё сизлардан бирингиз ҳожатхонадан чиққан бўлса, ё хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангиз-у сув топа олмасангиз, у ҳолда тоза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинг”, сўзи далолат қилади.
Таяммум қандай қилинади?
Таяммум қилувчи “бисмиллаҳ” деб, икки кафтини тоза тупроққа, тупроқ топа олмаса, сунъий бўлмаган табиий тошга уради ва юзига суртади, сўнг яна бир бор икки кафтини тупроққа уриб, икки қўлига суртади. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо қўлнинг тирсагигача суртар эди, бу ҳам жоиз. Аллоҳ таолонинг: “Сув топа олмасангиз, у ҳолда тоза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинг” сўзи таяммум қандай қилинишини кўрсатади.
“Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва мағфиратли Зотдир” сўзи билан оятнинг ниҳояланиши Аллоҳнинг мўмин бандаларига нақадар меҳрибон, раҳмли, гуноҳкор бандаларини афв этувчи, кечиримли Зот эканининг изҳоридир. Зеро бу оят ароқ ҳаром қилинишидан олдин, ичиб, маст ҳолда намоз ўқиган намозхонлар ҳақида, уларга жазо бўлиб эмас, раҳмат бўлиб нозил бўлган. Аллоҳ уларнинг қасдсиз қилган бу гуноҳларини кечириб, афв этди.
Шу муносабат билан ғусл қилиш кўриниши ҳақида ҳам айтиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлса керак.
Жунуб киши “бисмиллаҳ” деб, жанобатни, яъни катта таҳоратсизликни кетказиш учун ғуслни ният қилган ҳолда кафтига сув қуяди ва олди-орқа авратларини ювади. Сўнг намозга таҳорат олгани каби таҳорат қилади: қўлини уч марта ювади, оғзини уч бор чайқайди, уч марта бурнига сув тортиб қоқади, сўнг уч марта юзини, уч марта олдин ўнг, кейин чап қўлини тирсаги билан қўшиб ювади. Сўнг бошига ва қулоғига бир марта масҳ тортади, сўнг аввал ўнг, кейин чап оёғини тўпиғи билан қўшиб уч бор ювади. Мана шу таҳоратдир, яхши билиб олинг.
Сўнг сочларини тахлил қилади, яъни бармоқлари билан тарайди ва бошининг ҳаммасини уч бор ювади, шунда қулоқларининг ич-ташини ҳам ювади, сўнг бошининг ўнг тарафидан то ўнг оёғининг қадамигача ювади, сўнг чап тарафини ҳам айни шаклда ювади. Ювганда ҳам баданининг бирон ерини қолдирмай сув еткизади.
Шу билан таҳорат ва ғусл қандай қилинишини билиб олдингиз.
Энди жунубнинг маъноси нима экани ҳақида ҳам бир оғиз сўз айтсак.
Эр-хотин жинсий яқинлик қилса ёки эҳтилом бўлиб маний чиқса, киши жунуб-нопок деб эътибор қилинади ва ғусл вожиб бўлади.
Хожатхонадан чиқса дегандан катта ва кичик нажосат чиқариш англанади, бунда ғусл вожиб бўлмайди, таҳорат қилса етарлидир.
Хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангиз дегандан мурод жинсий алоқа қилишдир.
Таҳоратни вожиб қиладиган ишларга келсак: икки авратдан чиқадиган сийдик, ахлат, ел каби нарсалар ҳамда аёлни шаҳват билан ушлаш, жинсий аъзони ушлаш, ухлаш – буларнинг бари таҳоратни синдиради ва булардан кейин таҳорат қилиш вожиб бўлади.
Ким сув топа олмай ёки касаллик сабабли таяммум қиладиган бўлса, ҳар намозга алоҳида таяммум қилади, шу қилган таяммум билан фарз намозидан олдинги ва кейинги суннат ҳамда нафл намозларни ўқийверади. Буларни яхши билиб олинг, Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин!

Комментарии

Комментариев нет.