ТАЪКИД

Дунёга ҳавас сўнмас, ҳаётдан кўнгил тўлмас,
Вужуд чириб борса-да, мол-дунёга ҳирс ўлмас.
Умр - оқар сув гўё, ўтар мисоли рўё
Кафаннинг чўнтаги йўқ,
қабрда дарча бўлмас.
Давлат топмоқ кўйида жабру зулм этасан,
Бу дунёнинг бири кам, тўлмас сира, нетасан?
Ўйлаб кўр ўз танангга, нима олиб кетасан
Кафаннинг чўнтаги йўқ,
қабрда дарча бўлмас.
Юз йил яшаб, боқ - умринг ярим кундай ўтибди,
Бу бебақо даҳри дун кимга вафо этибди?
Давлатига керилган Қорунни ер ютибди,
Кафаннинг чўнтаги йўқ,
қабрда дарча бўлмас!
Фитналарга тўладир бу ҳаётнинг йўллари,
Жилваланиб ақлингни олар ўнгу сўллари.
Ибрат ол, очиқ кетди Искандарнинг қўллари;
Кафаннинг чўнтаги йўқ,
қабрда дарча бўлмас.
Ғирром дунё бошингга не савдолар солади,
Гоҳ бемаъни хаёллар ҳаловатинг олади.
Бўйнингда маржон бўлиб амалларинг қолади,
Кафаннинг чўнтаги йўқ,
қабрда дарча бўлмас.
Бу жаҳонда шодликдан кўра қайғу кўпроқдир,
Аллоҳ буюрганича яшай олсанг, хўброқдир.
Аслинг-тупроқ аслида, манзилинг ҳам тупроқдир,
Кафаннинг чўнтаги йўқ,
қабрда дарча бўлмас.
Ислом - улуғ неъматдир,
иймон - буюк атодир,
Мўъминларга хусумат, кин сақламоқ - хатодир.
Дунё бор кўрки ила бир арзимас матодир,
Кафаннинг чўнтаги йўқ,
қабрда дарча бўлмас.
#Qalbim...🥀🥀🥀

Комментарии

Комментариев нет.