«Туз ҳақи»

Шимолий Африкадаги баъзи давлатларда Ҳайит куни эрталаб ажойиб одат бор экан.
Аёл уйларни тозалаб, ҳамма нарсаларни тартибга келтириб, хушбўйликларни тутатиб, сўнг ўзига оро бериб, ҳайит намозини адо этиб уйга қайтган эрини кутиб олар экан.
Қўлида ширинликлар солинган товоқ ва бир финжон қаҳва бўлар экан.
Эр қаҳвани ичади. Аммо финжонни бўш қайтармай, ичига имкониятига қараб тилла ёки кумушдан ишланган тақинчоқ солиб қайтарар экан.
Ҳадянинг тури эрнинг имконига қараб ўзгариши мумкин. Ҳино ёки бир парча мато ёки тилла тақинчоқ бўлар экан.
Мана шу ҳадяни «Туз ҳақи» дейишади.
Бу одат аёлнинг Рамазон ойидаги сабри ва чеккан машаққатларини тақдирлаш ва эътироф этиш учун жорий бўлган.
Маълумки, уйда тайёрланадиган ҳар бир таом ортида аёл туради. Аёлнинг уй ичидаги «жанг майдони» ошхона бўлади. Рамазон ойида аёллар ўзлари рўза тутиш билан бирга рўзадор оила аъзолари учун ифторлик ва саҳарлик дастурхони ҳозирлайдилар.
Улуғ ойдаги ана шу хизматларини тақдирлаб, Ҳайит куни намоздан келган эр аёли учун Рамазон ҳайити муносабати билан ҳадя берар экан.
Бундай одат 16-асрдан бери бор экан. Усмонлилар ҳукмронлиги даврида аввал Тунис, Жазоирда, кейинчалик Мағриб давлатида ҳам жорий бўла бошлаган.
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Комментарии