...

ҚЎРҚУВ....
(ўқинг сизга илиндим жуда ҳам ибратли.)
Таҳмина Содиқнинг ишдан келиб, чой ичишга ўтиришини кутиб турди. Эрига овқатини узатгач гап бошлади:
- Содиқ ака, индинга дугоналарим билан "гап"имиз бор.
- Яхши.
- Дадаси, индинга мени ўтиришим бўлади, деяпман.
- Хўп, шунга мен нима қилишим керак?
- Сиз менга янги кўйлакка пул беришингиз, мен эса уни сотиб олишим керак.
- Таҳмина, ўтган ойда ҳам янги кўйлак олгандинку, ўшани кийсанг бўлмайдими?
- Ие, нималар деяпсиз? У ерга ҳамма ўртоқларим янги кўйлакларда борса, мен улар кўрган эски кийимда бораманми?
- Онаси, мениям тушун. Ойлигим ҳали чиқмади. Бунинг устига бошимизда бир талай қарзлар бор.
Таҳмина эрининг гапларини чўрт кесди.
- Мени ишим йўқ. Қаердан бўлса-да пул топиб, янги кўйлак олиб берасиз.
Таҳмина ўрнидан туриб, эрига кўзларини бироз қисиб, зарда аралаш гапирди.
- Камбағалнинг боласи барибир камбағал бўларкан-да?!
У хонадан чиқиб кетди, лекин Таҳминанинг сўнгги гапларидан Содиқнинг кўксида бир нарса "чирт" узилгандек бўлди.
Таҳмина ўғли Шавкатнинг ёнига кириб, ёнига ётди.
Ярим тун... Таҳминанинг бирдан астмаси хуруж қилиб, нафаси қисиб, юраги санчий бошлади. Ёнида ётган Шавкатни пайпаслаб, топа олмас, ўғли негадир жойида йўқ эди.
У уёқ-буёққа тулғонар, ҳаво етмаганидан қийналарди.
Бир пайт ўнг ёнига қаттиқ ағдарилганидан пастга йиқилиб тушди. Кўзлари тиниб, ахволи оғирлашди.
Охири қўлларини эшик томонга чўзганча хушидан кетди...
Тонгда Содиқ Таҳминанинг исмини айтиб, чақирди.
У кўзини очиб, пастда эканини англади. Ўрнидан туриб, ётоқхона томон ўгирилди. Ўгирилди-ю, кўз олдидаги манзарадан ҳанг-манг бўлиб қолди.
Таҳминанинг жонсиз танаси ўғлининг диванида ётар, кўзлари очиқ эди. Содиқ титраган лаблари ила унинг исмини айтиб, қаттиқ-қаттиқ силтарди.
Аввалига Таҳмина ҳеч нарсани тушунмади, фаҳмламади.
Бироз вақт ўтгач, яъни хонага шифокор кириб келганида ҳаммаси аён бўлди.
- Бандалик экан, ука, бардам бўлинг.
Содиқ шифокорнинг сўзларини эшитиб жим туриб қолди.
Таҳминанинг юзлари аянчли тус олди.
Бир неча соатда уйга қариндошлар йиғилишди. Таҳмина уларнинг барчасини кўрар, эшитар, бироқ биров уни борлигини англамасди.
Таҳмина хонага йиғилган маҳалладош аёлларнинг гапларини тинглай бошлади.
- Ёши нечада эди?
- Энди 27 га кирган экан.
- Вой тавба. Ўзи қанақа аёл бўлган, раҳматли?
- Билмаймиз, у унчалик маҳаллага қўшилмасди.
Аммо қўшни Хуррамхоннинг айтишича, эри билан кунда бўлар-бўлмасга жанжал чиқариб, уришарар экан. Эри ўзи жуда яхши одам, маҳаллага, қўшниларга кўп ёрдами теккан.
- Бечора Содиқжонга қийин бўлдида.
Таҳмина ташқарида Содиқни ҳали нима бўлганини тушуниб етмаган ўғлига тўн ва дўппи кийдираётганини кўриб, уларнинг олдига борди. Шавкатнинг жажжи қўлларидан тутгиси, лўппи юзларидан ўпгиси келар, бироқ, бунинг иложи йўқ эди.
Сўнгра Таҳмина эътиборини эрига қаратди.
Унинг мунг тўла кўзларига назар ташлаб, ўзининг-да йиғлагиси келар, аммо негадир кўзларидан ёш чиқмасди.
У Содиқнинг эгнидаги кўйлагини бироз уриниб қолганини кўриб, ғалати бўлиб кетди. Ҳаётлигида ҳадеб ўзи учун янги кийим олаверибди-ку, эрини сира ўйламабди.
Содиқжон ўғлини кийинтириб бўлиши ҳамоноқ, қотмадан келган, бўйлари узун бир йигит уни чақирди. Таҳмина улардан узоқда бўлса ҳам, нима ҳақида суҳбатлашаётганини эшитиб турарди.
- Содиқ ака, келнойимни қаерга кўмамиз?
Содиқ бироз ўйлангандан сўнг жавоб берди.
- Ўз ота-онасининг ёнига.
Бу гапдан Таҳмина чўчиб тушди. Наҳотки, у бугун ота-онасиниг ёнига дафн этилса.
- Укажон, ўзингиз бу ёғига қарашиб юборасиз, илтимос.
Таҳмина бу гаплардан бехабар қолди, чунки у аллақачон ўз хонасига кириб олганди.
У ним қоронғу хонада атрофни кўздан кечирар, буюмларга қараб чуқур ўйга толарди.
Кийим жавонида атиги бир мартагина кийган, ҳозирда эса эгасиз бўлган кўйлаклар, китоб жавонида фақат чанг артганида тегинадиган, бошқа пайт эътибор бермайдиган Қуръон, стулда эригина фойдаланадиган, ўзи кир ювганда ушлайдиган жойнамоз турарди.
Таҳмина кўпчилик сингари намозни қариганда ўқимоқчи, рўмолни ҳам ўшанда ўрамоқчи эди. Бироқ... Улгурмади...
У кийимларига қараб, қанчалар латта-путтага кўнгил қўйганини тушунди. Содиқнинг эса кийимлари одми, содда эди. Баъзи кўйлакларига бир неча йил бўлган бўлса-да ҳали янгидек турарди.
Таҳмина ташқарига чиқиб, айвонда тумонат эркак йиғилганини кўрди, аммо улар қандай килиб тез пайдо бўлиб қолганига тушунмасди.
Эркаклар рўпарасида анбар турарди.
- Иним, Аллоҳ сизга ва оилангизга сабр берсин. Банда дунёга келар экан, унинг кетмоқлиги тайин... Сиз завжаи ҳалолингиздан розимисиз?
Таҳмина эрининг юзларига илтижоли термулди. Эри аста гапирди.
- Розиман.
Таҳмина Содиқнинг сўзидан хурсанд бўлди. Унинг қулоқларига аёлларнинг пичир-пичири чалинди.
- Розиман деди.
- Ҳа, лекин юзларидан бундайга ўхшамайди-ку. Ишқилиб Содиқжон бу сўзларни чин юракдан айтган бўлсин. Йўқса, Таҳмина у дунёда жуда қийналади.
- Қийин бўлади, шўрликка.
Таҳминанинг кўз олди қоронғулашиб, куни худди тундек тус олди.
Жаноза намозидан кейин барча эркаклар анбарни кўтариб, қабристон томон юриша бошлади.
Олдинда Содиқ ўғли Шавкатни кўтариб ўйчан бир ҳолатда юриб борарди.
Негадир қабристонга яқинлашганлари сайин Таҳминанинг қўрқуви ошар, буни тўхташини чин дилдан хоҳларди.
Қабристон эшигидан кириб боришлари билан Таҳмина турли хил овозлар, чинқириқлар, ох-вохларни эшитар, бу кўнглига баттар ғулғула соларди.
Ана, ота-онасининг қабри.
Таҳмина ёнма-ён бўлган қабрларга термулди.
Бирдан қаердандир онасининг овозини эшитди. Ҳа, аниқ эшитди.
"Эҳ, қизим, сени бундай ҳолатда олдимизга келишингни кутмагандик". Таҳмина тинмай "Ойи, ойи" дер, аммо онаси буни эшитмагандай гапида давом этди.
"Турмушга чиқишингдан олдин сенга эрингнинг айтганини бажар, буюрган ишларини гап қайтармай қил демабмидим. Сен эса бундай қилмадинг ва оқибатда бугун эр ризолигисиз қолдинг.
Агар эрингнинг сўзларига итоат этганингда сен энг тақводор, энг сабрли ва жаннати аёл бўлардинг. Мана бу инсонлар нега қичқираётганини биласанми? Уларнинг кўпи азоб чекканидан ох тортса, баъзилари сендай бенамозни қўшни бўлаётганидан нола қилишаяпти.
Сени Аллоҳ кечирсин, лекин кечирармикан?"
Онасининг сирли овози тиниши билан у анбар ичида пайдо бўлди.
Бу вақтда гўрковлар лаҳадни ҳам ковлаб очишди.
Таҳмина ўзи кўмиладиган жойга назар ташлаб, ҳайратдан донг қотди. Унинг қабридан илонлар бош кўтарар, тагидан эса олов ёниб турарди.
Эркаклар бу ҳолатни кўрмагандай анбарни қабрга яқинлаштиришди.
Таҳмина эрининг бир қарашда маъно уқиб бўлмас юзларига сўнгги бор термулди ва кўзларига энди ёш келди.
У Тангрига ёлвора бошлади.
"Ё Роббим! Мен гунохкор бандангни авф эт, менга яна бир имкон бер.
Энг яхши аёл, тақводор инсон бўлишимга, эримнинг розилигини олишимга рухсат бер. Мени ҳаёти дунёга қайтар".
Энди кеч.
Таҳминани ўз укаси ичкарига қўйди ва биринчи тупроқни ташлади. Таҳмина қичқирди, ёлворди, кечирим сўради, аммо ҳеч ким уни тингламасди.
У ҳозир барчасини бошидан бошлашни истар, Содиқнинг ёнида бўлишни, ўғлини суйиб, эркалашни хоҳларди.
Ҳар тупроқ ташланганда қабр ичи қизиб, торайиб борарди.
Охирги тупроқ ташланганда қабр шу даражада қизиб кетдики, бунга у чидай олмай қолди ва бор кучини йиғиб бақирди...
Таҳмина қўрқиб кўзларини очди.
У жиққа терга ботган, оғир-оғир нафас оларди.
Атрофни кўздан кечириб, ёнида ўғли Шавкат пишшиллаганча ухлаб ётганини кўрди-ю, буларнинг бари тушида бўлганини тушуниб етди.
Юраги қувончдан хапқирганча, ўғлини қучди.
Юзларидан ўпиб, эркалади.
Сўнг ўрнидан туриб, дераза ёнига борди.
Кўчага қараб, бомдод вақти бўлиб қолганини сезди.
Таҳмина ошхонага кириб илк бор эрининг таҳорати учун сув ҳозирлашга киришди. Содиқ ётоқхонадан чиқиб, хотинини бемаҳалда ошхонада қуймаланиб юрганини кўриб, бир ажабланган бўлса, унга меҳр билан қараганини сезиб хайрати чандон ошди.
- Тинчликми, саҳарлаб туриб олибсан?
- Ўзим, сизга сув ҳозирлай дедимда.
- Менгами?
- Нима, мени сиздан бошка хўжайиним борми?
Содиқ яна гапирса уруш чикишидан безиллаб индамади.
Лекин, ундай бўлмас, Таҳмина энди ўзгарганди.
Иккиси олдинма-кетин туриб, намоз ўқишди. Таҳмина жуда узоқ дуо қилди. Хатто кўзларига ёш олди.
Таҳмина суритокда хаёл суриб ўтирган эрини кўриб, ёнига борди.
- Ҳа дадаси, нима ҳақида ўй сураяпсиз?
- Шунчаки, ишларни режалаяпман.
- Содиқ ака, эртага "гап"им бор эди-ку...
- Кел, ҳозир жанжал қилмагин.
- Йўқ, аввал эшитинг... Шу гапимга бормоқчи эмасман.
- Нега?
- Боргим келмаяпти, ундан кўра бугун бозорга бориб, сизга янги кийимлар оламиз.
- Мени кийимларим бор-ку.
- Бўлса ҳам оламиз.
- Сенга-чи, сенга кўйлак керакмасми?
- Йўқ, керакмас.
Содиқ жавобдан лол қолди.
- Ахир сенга янги кўйлаклар кийиш ёқарди шекилли?
- Адашдингиз, менга буюм эмас, сиз билан ўғлимиз қадрлисиз.
Таҳмина шундай деб, эрига яқинроқ ўтириб, елкасига бошини қўйди.
- Дадаси, кечаги гапим учун мени кечиринг.
- Қайси гап?
- Кеча кечқурунги...
- Мен кечириш тугул, у гапингни унутиб ҳам юбордим.
- Энди ҳеч кўнглингизни оғритувчи гап айтмайман.
- Ростан-а? Сен негадир ўзгариб қолибсанми?
Таҳмина индамай, жилмайиб қўя қолди.
У ҳали ҳамон эрининг елкасидан бошини олмаган, кўзларини юмганча турар, у шу ҳолида ўзини тинч ва бахтиёр ҳис этарди.

Комментарии

Комментариев нет.