Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...

(барча эркаклар тааллуқли)
Бу беш кунлик дунё ўзи бевафодир,
Баъзан чўкиб кетманг сира хаёлларга.
Бир камини кўриб никоҳ кундан кейин,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Ҳар ишидан айб қидирманг безиб қолар,
Сиздан қочиб ҳовли ўзра кезиб қолар,
Кўп қийнаманг ниятингиз сезиб қолар,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Тўйдан олдин кўзим қайда экан деманг,
Бизлар ётган ёстиғимиз тикан деманг,
Унга қараб асли дунё бир кам деманг,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Ўзгаларнинг номаҳрами қиз кўринса,
Кўча-куйда жувон ойли юз кўринса,
Нафс балонгиз сабр этмай қарс бўлинса,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Солиштириб кўриб нуқсон топаверманг,
Зарда қилиб эшикни қарс ёпаверманг,
Арзимаган нарсага ҳам қопаверманг,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Сиз оппоқми, фариштами, ноз қиласиз,
Кўзгу олинг, кейин нозни оз қиласиз,
Ўзингиздан айбни ювинг, соз қиласиз,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Сизни дея ота уйдан кетган йиғлаб,
Келганда ҳам юрманг қалбин тилиб-тиғлаб,
Кетар бир кун дилингизни роса чўғлаб,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Аёл метин, сабри етук, ёрлаши, бор,
Ёз кунда ҳам совув бўлиб қорлаши бор,
Сиз қувонманг, бир кун келиб портлаши бор,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Аёл сабри синса билинг ёмон бўлар,
Бунда охир эркак ранги сомон бўлар,
Айрилиқдан, хиёнатдан тамом бўлар,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Яхши-ёмон, болангизнинг онаси у,
Никоҳ уйин меҳвар дарҳи хонаси у,
У ҳам иффат, ибосининг донаси у,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
У ҳам сизга зор-зор бўлиб теккан эмас,
Тўй бўлмасдан бошини ҳам эккан эмас,
У турмушдан олдин ғамлар чеккан эмас,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Сизга совчи қўймаган у, сиз қўйгансиз,
Ёки жондан суймаган у, сиз суйгансиз,
Энди эса барин ёшликка йўйгансиз
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Ширин сўзланг, у муштипар девонадир,
Ҳаётим денг, минг айланиб қувонадир,
Қаҳр қилманг, кўп қийнамнг, бегонадир,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Ерни тупроқ, осмонни гар уст билсангиз,
Борлиғимиз нуқсон каму кўст билсангиз,
Алижонни агар бир бор дўст билсангиз,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
...Бир камини кўриб никоҳ кундан кейин,
Кўнгилсизман деманг асло аёлларга...
Алижон Сафаров ижодидан...
19/11/2015
#АлижонАдмин

Комментарии