#Ортга____сурманг

ОРТГА СУРМАНГ!

Солиҳ салафлардан бири ортга суришдан огоҳлантириб шундай деган экан: “Мен сизларни ноўрин холда “кейин” деган сўздан огоҳлантираман. Чунки ушбу сўз қанчадан-қанча яхшиликлардан маҳрум қилган ва кўплаб эзгу ишларни ортга сурдиргандир”.

“Ҳикматлар чашмаси”дан

ЯХШИЛИК КЕЧИКТИРИЛМАЙДИ🌱🌺

Зино энг катта ёмонлик бўлса, унинг зидди бўлмиш никоҳ энг катта яхшиликдир!
"Қизи борни нози бор" ёхуд "Қиз болани нози бор", дейишади. Тўғри, лекин "Яхшилик кечиктирилмайди", "Темирни қизиғида бос", деган гаплар ҳам бор. Йигитнинг муҳаббати совиб қолмасидан ёки куёв томон айниб қолмасидан отни қамчилаб қолиш ҳам керак бўлади баъзан. Унинг устига, ҳозир яхши йигитни тезда илиб кетувчилар ҳам кўп. Дини ва хулқи рози қиладиган жойдан совчи чиққанда, дарров рози бўлиш керак. "Тенги чиқса – текин бер!" – дейди доно халқимиз. Куёвни (ёки келинни) суриштириб, яқинлар билан маслаҳатлашиб ва истихора намозини ўқигандан кейин, албатта. Эътибор беринг, “Дини ва хулқи рози қиладиган”, дейилди. Шу икки нарса жудаям муҳим. Агар куёвнинг дини (илми, эътиқоди) яхши бўлса-ю, хулқи ёмон бўлса, келиннинг бу дунёсини хароб қилади. Агар хулқи яхши бўлиб дини (илми, эътиқоди) ноқис бўлса, келиннинг охиратини расво қилади. Шунинг учун шу икки унсур – дини ва хулқи сизни қониқтирадиган даражада бўлсин.
Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Агарда ҳузурингизга ўз хулқи ва дини билан сизни қониқтирадиган киши келса, унга қизингизни (синглингизни) узатаверинг, акс ҳолда ер юзида фитна ва катта бузғунчилик келиб чиқади”.

ҚИЗ ТОМОННИНГ ТАШАББУСИ

Қиз томон совчи қўйишининг айби йўқ. Зеро, машҳур саҳобалардан бўлмиш Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам шундай қилганлар. Бу мавзуда ривоятлар кўп ва кўпчилик буни яхши билади. Шунинг учун бу бобда сўзни қисқа қилдик. Ҳа, айтганча, "баъзилар қизимизни айтиб берсак кейин юзимизга солишади", дейишади. Бу унчалик қўрқинчли нарса эмас, энг ёмони – қизингиз бахтсиз бўлиб қолишидир. Қизингизни бахтли бўлиши учун 2-3 та ортиқча гапларга сабр қилишингизни тавсия қилган бўлардим. Агар юзингизга солишса, олдиндан тайёрлаб қўйилган чиройли сўзларни айтинг. Масалан, "Сизни яхши деб ўзимиз совчи қўйгандик, афсусланмаймиз, ўйлаганимиздан ҳам яхши экансиз!" Ва ҳоказо...

ТЎЙГА ҲАММА КЕЛИШИ ШАРТ ЭМАС

Баъзилар моддий сабабларга кўра турмуш қуришни кечиктириб юборишади. Бу унчалик тўғри эмас! Бу каби баҳоналар ўзингизни қийнашга ёки яхшиликни кечиктиришга узр бўлолмайди. Умр – қисқа! Келинг, энг бой саҳобанинг уйланишига эътибор берамиз:
Абдураҳмон ибн Афв розияллоҳу анҳу Маккадан Мадинага келганларидан кейин тижоратни бошлаб юбордилар. У зот ҳалол савдо қилар, тушган фойдадан уйланиш учун маҳрга пул ажратар эди. Кўп ўтмай уйландилар ва ҳамма ёққа хушбўй атир ҳидини таратиб, Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига келдилар.
– Нима бўлди, эй Абдураҳмон? – Расули акрам таажжубланиб сўрадилар.
– Уйландим…– дедилар ийманибгина.
– Хотинингнинг маҳрига нима бердинг? – сўрадилар Фахри коинот саллоллоҳу алайҳи васаллам.
– Данакча келадиган олтин.
– У ҳолда бир қўй сўйиб, тўй қил, – дедилар у Зот ва ортидан «Аллоҳ молингни баракали этсин», деб дуо қилдилар. (Иқтибос тугади.)

Эътибор беринг, энг бой саҳобалардан бири уйланишига Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни айтмадилар. Пайғамбар ҳам баъзи замондошларимизга ўхшаб: "Тўйга бизни айтмабсиз-да?! Оқибат қурсин!" – демадилар.
Менимча, батафсил изоҳлашга ҳожат йўқ. Ҳамма ўзи учун хулоса чиқаришига ишонамиз.

ЖА ШОШИЛМАНГ, ҲОВЛИҚВОРМАНГ

Айрим ота-оналар қизлари ҳақида қаттиқ қайғуриб юборишади. Гўёки, қизлари ўтириб қолармиш. Тўғри, қиз боланинг ёшига эътибор берувчилар ҳам бор. Аммо улар жуда кўпчилик эмас ва борган сари озайиб боришмоқда, назаримда. Аксинча, қиз боланинг илми, одоби ва эътиқодига эътибор берувчилар кам эмас. Айниқса, қўли гул ҳунарманд ёки бирор соҳада мутахассис бўлган қизларимизни ҳавас қилувчилар кўп. Ота-оналарга айтарим: Қизларингиз ёшига эмас, тарбиясига кўпроқ эътибор беринг. Беҳбудий айтганларидек: «Ўқумоқ, ўқутмоқ керакдур. Болаларга оталардан илми диний ва илми замоний мерос қолсун».

ТУШКУНЛИККА ТУШМАНГ, НОУМИД БЎЛМАНГ

Турмуш қуриш ҳам, бола-чақали бўлиш ҳам ризқ ҳисобланади. Ризқ тақсимловчи эса ягона Аллоҳ! Баъзида Аллоҳнинг Ўзигагина аён бўлган ҳикматларга кўра ризқ кечикиши мумкин. Мўмин банда бундай пайтларда асло тушкунликка тушмаслиги ва ноумид бўлмаслиги даркор. Холис дуо, тўғри ҳаракат ва келгусидаги муваффақиятлар сизга ҳамроҳ бўлсин!

Абу Оиша .

Комментарии

  • 5 окт 2017 18:29
    demak ortga surmay ertaroq uylanish kk ekanda
  • 6 окт 2017 07:16
    Ха .  Албатта  !
    Тушунганиз  учун  рахмат .
  • 6 окт 2017 08:48
    Allohdan dunyodaham ohiratdaham yaxshi hayotni soraymiz
  • 27 июн 2018 21:11
    Ассаломалекум менга хужжати билан диндан саволимга жавоб керак Админ
  • 27 июн 2018 21:11
    Мен ёзолмадим тема килиб шу учун шуерга ёзяпан
  • 27 июн 2018 21:13
    Аввало узр шундай савол бераётганим учун "узрли аёлга никох укилиши мумкинми ? Ёки у аёл у кунлари куръон укиши мумкинмасидек намоз укищи мумкинмасидек руза тутиши мумкинмасидек никох укитиши хам мумкинмасми менга шу саволимга далилий жавоб берсанглар илтимос
  • Комментарий удалён.
  • 29 июн 2018 08:32
    Валайкумассалом.

    Узрли  аёлга хам никох укилиши  бемалол  мумкин.

    ЛЕКИН  ,  ИДДА САКЛАЁТГАН АЁЛНИ ИДДАСИ ЧИКМАГУНЧА МУМКИН ЭМАС .




    ВОЛЛОХУ АЪЛАМ .
  • 29 июн 2018 10:07
    Ха рахмат
  • Комментарий удалён.
  • 22 янв 2019 20:10
    Ҳакимлардан бири:

    #Шошилиш шайтондандир, фақат
    беш нарсада ундай эмас.
    Қиз болани турмушга узатиш,
    меҳмонга овқат тортиқ қилиш,
    қарзни узиш, гуноҳдан тавба қилиш
    ва маййитни дафн
    қилишда", деб айтди.
  • 23 янв 2019 06:29
    "Унинг оятларидан (яна бири) — У Зот сизлар сокин бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда севги ва меҳр пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир". (Рум сураси, 21 оят).
    #Оила қуриш, Набий алайҳиссаломнинг суннатлари.
    – Оила қуриш, нафс хотиржамлиги ва сукунатни юзага келтиради.
    – Оила қуриш, иш фаолияти ва илмий кашфиётларни юзага келтиради.
    – Оила қуриш, жамият жипслиги ва ҳамжиҳатлигини юзага келтиради.
    – Оила қуриш, ҳиссий тўйинишни тортиқ қилади.
    – Оила қуриш, саратон (рак) касалидан сақлайди.
    – Оила қуриш, даромад ва барака ошишини таъминлайди.
    – Оила қуриш, диннинг қолган ярмини тўлдиради.
    – Оила қуриш, фарзандларни туҳфа қилади.
    – Оила қуриш, танада соғлик ва офиятни таъминлайди.
    – Оила қуриш, севги ҳамда меҳр-муҳаббат деганидир.
  • 30 мар 2019 13:24
    Имом Ибн ал-Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтади:
    "Шайхул Ислом ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ жума намозига кетар чоғида уйида топган нон ва бошқа нарсаларни олиб чиқиб, йӯлда яширинча садақа қилаётганига гувоҳ бўлар эдим".

    Зодул маъод (1-муж,395-б)
    Мифтаҳ дар ас-саъадаҳ (2-муж, 33-б)

    https://t.me/Ilm_media